Қизиқ: Шоҳруҳ Хонни нима учун севасиз? Дунё ва Ўзбекистон

Сурат манбаси, Reuters
- Author, Апарна Аллюри
- Role, BBC News, Деҳли
"Шоҳруҳ Хонни нега севасиз?"
Мен яқинда бир нечта дўстимга Болливуд супер юлдузи ҳақида савол бердим. Ҳайрон бўлишди - бу савол уларнинг хаёлига ҳам келмаган экан. Мен ҳам аввал ўйламаганман, лекин "Desperately Seeking Shah Rukh" номли янги китоб мени ўйлантириб қўйди.
Улар уни қаҳрамон сифатида "мафтункор" ва "масъулиятли", интервьюларда "кулгили", "заҳарханда" ва "дангалчи" эканлигини, шон-шуҳрат ва пулга интилишда "муросасиз" деб таърифлашди. Мен кўпроқ савол бергач, улар у ўйнаган роллар ҳақида атрофлича ўйлай бошлашди, унинг ҳеч қачон "мачо" қаҳрамон бўлмаганини, таъсирчан ва ўзи севган аёлларга нисбатан садоқатли қиёфада кўринганини айтишди.
"Тўғри, биз уни аёлларга бўлган севгиси учун яхши кўрамиз!" деди дўстларимдан бири гапидан ўзи ҳайратланиб.
Китоб муаллифи Шраяна Бҳаттачаря ҳам ўнлаб аёлларга - Шоҳруҳ Хоннинг мухлисаларига худди шу саволни бериб, айни шу жавобни олган эди.
Аммо ҳайратланарлиси шундаки, унинг аёл мухлисаларининг гаплари, аслида, иқтисодий тенгсизлик ҳақидаги ҳикоядир.
"Менга улар қачон, қандай қилиб ва нима учун Шоҳруҳ Хонга мухлис бўлганликлари ҳақида гапирганларида, улар қачон, қандай ва нима учун дунёдан хафа бўлганликларини айтаётган бўладилар", деб ёзади Бҳаттачаря хоним.
Бу шошилинч ўтказилган сўров эмас. Бу Ҳиндистон шимолидаги ёлғиз, турмуш қурган ёки ўртадаги аёллар билан қарийб 20 йил давомидаги учрашувлар, суҳбатлар ва дўстлашишлар асносида ўтказилган. Булар ҳиндулар, мусулмонлар ва насронийлар, бахтли ва бахтсиз уй бекалари, мамнун ва руҳан тушкун, нафақадаги ва тиним билмай ишлаётган аёллардир. Уларни фақат мухлислик бирлаштиради.
Шоҳруҳ Хон 1990 йилларда "Coca-Cola" ва кабель телевидениеси билан ҳаётимизга кириб келди, бу кўплаб иқтисодий ислоҳотлар Ҳиндистонни дунёга очган янги даврнинг тасдиғи эди - биз буни либерализация деб атаймиз.
"Мен ўша "либераллашувдан кейинги" аёлларнинг ҳикоясини айтиб бермоқчи эдим, Шоҳруҳ Хон бу борада менга ёрдамчи бўлди", дейди Бҳаттачаря хоним.

Сурат манбаси, Getty Images
Мавзуга алоқадор:
SУ 2006 йилда Ҳиндистоннинг ғарбий қисмидаги қашшоқ маҳаллада тутатқи таёқчалари тайёрловчилар ҳаётини ўрганганда, улар иш ҳақи ҳақидаги одатий саволлардан зерикканини пайқади. Шундай қилиб, танаффус пайтида у улар билан суҳбатлаша бошлади, улардан ўзларининг севимли Болливуд қаҳрамонлари ҳақида сўради.
"Улар ўзларига ёқадиган нарса ҳақида гапиришни исташарди, Шоҳруҳ Хон уларга ёқарди."
Бу кейинги тадқиқотларга йўл очди ва тез орада Бҳаттачаря хоним бу аёлларни нафақат Шоҳруҳхон, балки "нотенг меҳнат бозори ва уйдаги қийинчиликлар" ҳам бирлаштиришини аниқлади. У ўрта синф ёки бадавлат аёллар билан гаплашганда ҳам бу ўзгармади.
Нега кўпроқ йигитлар ва эркаклар экранда Шоҳруҳ Хондек бўла олмайди, деб кўп гапиришарди. "Улар Шоҳруҳ Хонни яратдилар - уни ўзларининг ҳақиқатлари ва интилишларига мослаб яратдилар", дейди Бҳаттачаря хоним.
Хоннинг қаҳрамон аёлга чексиз садоқати аёлни диққат билан тинглайдиган эркакка ишора эди. Унинг кўплаб ролларига хос хусусият - унинг тақдир зарбаларига дош бериши уни ҳаёти камдан-кам ҳолларда ўз қўлида бўлган аёллар учун идеалга айлантирди. Унинг заифлиги шуки, Шоҳруҳ Хон Болливуд эркакларида кам учрайдиган даражада йиғлоқи бўлган, у ўз ҳис-туйғуларини кўрсатишдан тортинмасди.
"У "Кабҳи Куши Кабҳи Жам"даги Кажолга қилгани каби муносабатни кимдир менга ҳам қилса эди! Аммо бунақаси ҳеч қачон бўлмайди. Эримнинг кайфияти ҳам, қўллари ҳам жуда қўпол", дейди ёш бир тикувчи аёл.
Собиқ қироллик оиласига мансуб бой, бахтсиз турмуш қурган қиз ўғилларини "яхши инсонлар" қилиб тарбияламоқчи эканлигини айтди. Унинг таърифи: улар "йиғлай олишсин ва улар ўз хотинларини худди Шоҳруҳ Хон ўз севганини хавфсиз ва севилганини ҳис қилдиргандек ҳис қилдира олсин".
Улар Хоннинг янада муаммоли ролларини, жумладан, таъқиб ва зўравонлик кўрсатилган ролларини кўрмайдиган мухлисалар эмас.
Аксинча, уларнинг қарашлари танқидий. Улар бу фильмларни маъқулламайдилар.
Уларнинг ёдида жозиба ёки драма эмас - гарчи бу уларга жуда ёққан бўлса да - сезилмасдек туюлган лаҳзалар қолди.
"Дилвале Дулҳания Ле Жаенге" Шоҳруҳ Хоннинг энг катта ҳитларидан бири ва, эҳтимол, Болливуднинг энг муваффақиятли ва севимли фильми бўлди, лекин мухлиса қизнинг онаси фильмдаги мен ҳеч қачон сезмаган нарсадан таъсирланган: "Мен фильмларда бош қаҳрамоннинг сабзи тозалаб, уй бекалари билан кўпроқ вақт ўтказганини биринчи марта кўришим".

Сурат манбаси, Yash Raj Films
Бу унинг учун ниҳоятда романтик эди. Бу аёллар ўзлари кутган шаҳват ёки жинсий эҳтирос ҳақида эмас, балки кўпроқ нарсани назарда тутишарди.
Шоҳруҳ Хон турмуш ташвишларидан чалғитар ёки ғам андуҳ ва кундалик адолатсизликдан дам олдирар эди. У Болливуд юлдузи бўлгани учун эмас, балки эътиборли бўлгани учун улар турмушга чиқишни истаган эркак эди. Эътиборли одам эса ишлашингизга, пулингизни тежашга ёки, ҳеч бўлмаганда, орзуларингизни рўёбга чиқаришга имкон беради - ҳатто бунинг ҳаммаси сизни Шоҳруҳхоннинг навбатдаги ролини томоша қилиш учун кинотеатрга олиб бориш бўлса ҳам.
Шоҳруҳ Хоннинг фильмини томоша қилиш учун ўсмирлик чоғида кинога тушганида онаси юзига шапалоқ урган мухлисалари; унинг сўнгги фильмини катта экранда кўриш учун акаларига машаққат билан топган пулларини пора беришга мажбур бўлган ёш тикувчи қиз; унинг фильмларини телевизорда томоша қилиш учун кетма-кет тўрт якшанба черковга бормаслик учун руҳонийга ёлғон гапирган хизматкор аёллар - уларнинг бари учун кино ўғирлаб олинган эркинликдир.
Дарҳақиқат, унинг кўплаб камбағал мухлисалари унинг фильмларини анча улғайгунгача кўра олишмаган, балки ўзларининг эҳтиёжланини унинг қўшиқлари билан қондирганлар.
"Аёллар учун шунчаки завқланиш - қўшиқ тинглаш ёки актёрга қараш билан чекланиш жуда қийин, - дейди Бҳаттачаря хоним. - Аёл актёрни ёқтиришини айтса, у эркакнинг ташқи кўринишини ёқтиришини билдиради, шунинг учун ҳам буни бошқалар маъқулламайди."
Бҳаттачаря хонимнинг ёзишича, бу аёллар радикал бўлмаслиги мумкин, аммо улар оддий хоҳишларига эрк бериб, гўё исён кўтарадилар. Улар актёрнинг суратларини каравот остига яширадилар, қўшиқларини тинглайдилар, рақсга тушадилар, фильмларини томоша қиладилар, ана шу исёнлари билан улар ҳаётдан нимани хоҳлашларини тушунадилар.
Масалан, бир аёл ўз йўлини топишга қарор қилди, чунки у бошқа ҳеч қачон Шоҳруҳ Хоннинг фильмини томоша қилиш учун рухсат сўрамоқчи эмас. Бир мухлисани Шоҳруҳ Хонга мухлис бўлмаган ва буни маъқулламайдиган одамга эрга беришмоқчи бўлганларида уйидан қочиб кетди. (Ўшандан кейин у стюардесса бўлиб ишлади ва Шоҳруҳ Хон каби "ҳис-туйғуларини кўрсатадиган" одамга турмушга чиқди.)

Сурат манбаси, Getty Images
Эркинлиги кўпроқ мен ва дўстларим учун Шоҳруҳ Хон унчалик ёқимли умид ёки тақиқланган туш эмас эди. Мен бу китобни ўқигунимга қадар деярли ҳар жума тунги томоша учун кинога борадиган онам ва аммамнинг сокин исёнини тушунмасдим.
Аммо бу бизнинг болалигимизни бир-бирига боғлаб турадиган умумий риштадир. Аёллардан бири Шоҳруҳ Хон унга ўз интервьюлари орқали инглиз тилини яхшироқ ўргатганини айтади. Менга эса у ҳинд тилини ўргатди.
Бҳаттачаря хонимнинг айтишича, Шоҳруҳ Хон унинг даври учун ҳам тимсол бўлган, аммо у Болливудга кириб келганидан бери кўп нарса ўзгарди.
"Ёш аёллар Хонга турмушга чиқишни хоҳламайдилар, улар у бўлишни хоҳлашади - улар унинг эркинлиги ва муваффақиятини хоҳлашади".
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













