|
Мумбай - Ҳиндистон юксалишининг рамзи | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Мен сафар қилган Ҳиндистон шаҳарлари орасида Мумбай шаҳри, сўзсиз, Ҳиндистон иқтисоди юксалишининг энг ёрқин намунаси. Араб денгизи соҳилида жойлашган Мумбай, тарихда "Ҳиндистон дарвозаси" номи билан машҳур бўлган. Шаҳар аҳолиси, атрофдаги туманлар яшовчиларини қўшиб ҳисоблаганда деярли 25 миллионга бориб қолади. Мумбай - жаҳондаги аҳоли энг зич яшайдиган шаҳарлардан бири. Айни вақтда Мумбай мамлакатнинг тижорат ва молия маркази ҳамдир. Шаҳар Ҳиндистоннинг турли бурчакларидан одамларни ўзига оҳанграбодек тортади. Бу ерга "бахт қушини" истаб келганлар сони юз минглаб... Аммо ҳамма ҳам ўзига яраша иш топиб, ошиғи олчи бўлавермайди. Лекин барибир, она қишлоқ ва ё-да туман марказига қайтишни хаёлларига ҳам келтирмайдилар.
Мумбай ўзининг осмонўпар бинолари ва чексиз, деб кўрилган имкониятлари билан саргузашт изловчиларини ўзига жалб этаверади. Иши юришганники юришган, юришмаган эса шаҳар қашшоқ қатламларининг бирига сингиб кетади. Мумбай, шунингдек, ҳинд кино ва телевидениесининг энг йирик саноат маркази ҳамдир. Болливуд юлдузлари шаҳарнинг ҳар бурчида... Биноларнинг томлари, катта шоҳкўчалар, ҳар бир устун ва девордан сизга қараб тургандек ва гўё "бу ҳаётнинг ҳақиқий корчалонлари бизмиз", деб эслатиб тургандек. Гўёки улар ҳаёт лаззатлари рамзини акс эттириб, иши юришмаганларга умид бахш этадилар... Мумбайнинг шимолида Болливуд шаҳарчаси жойлашган бўлиб, у ердаги барча студияларда доимо суратга олиш жараёнлари қизғин. Мумбайнинг Араб денгизига бориб тақаладиган Жоҳу соҳилида эса Болливуд юлдузи бўлишни орзу қилган ва ҳаваскор филмларидан бирида қатнашиш умидида санғиб юрганларини кўплаб учратиш мумкин.
Бу машҳур Жоҳу соҳилида Амитабх Баччан, Риши Капур, Шоҳруҳ Хон каби Болливуд юлдузларининг данғиллама қасрлари жойлашган. "Бобби" филмидаги севишганлар Ражу билан Бобби ўртасидаги "ишқу можаро" худди ана шу соҳилда филмга олинган. Ҳозирда эса соҳил келгуси "Ражу билан Бобби" истагида бўлган ёшларга тўла... Мен Ўзбекистонда катта шов-шувга сабаб бўлган "Алибобо ва қирқ қароқчи" филмидаги "Ҳатуба" қўшиғи билан ном қозонган киноактриса Зийнат Омон билан учрашиш ниятида ушбу соҳилга келдим. Электрон почта орқали бир қатор "илтимоснома"лардан сўнг актрисадан ана шу соҳилдаги меҳмонхоналардан бирида учрашиш ваъдасини олдим... Зийнат Омон...Алибобо...ва "Ҳатуба-а-а" Ёши эллик еттида бўлишига қарамай, Зийнат Омон ҳали ҳам ўшандай гўзал, қомати рост, жозибали аёл...
Дилором Иброҳим: Ўзбекистондаги мухлисларингиз сизни қанчалик хурмат қилишлари ва севишларини биласизми? Зийнат Омон: Йўқ, мен буни мутлақо тасаввур қилолмайман. Менинг иштирокимдаги филмларнинг экранга чиқарилганидан бери анчагина вақт ўтди. Лекин агар улар мени ҳануз эслашса, мен ғоят хурсандман... ва барча ўзбекистонлик мухлисларимга ўз миннатдорчилигимни изҳор этиб, катта саломлар айтаман. Д.И: Сиз "Алибобо ва қирқ қароқчи" филмида бош қаҳрамонлардан бири, Фотима ролини ўйнагансиз. Бу ролга нима учун айнан сизни танлашган? З.О: Филм режиссери менга мактуб йўллаб, мазкур филмда қатнашишга қизиқишингиз борми, деб сўради. Албатта менда қизиқиш бор эди. Чунки Фотима роли менга ниҳоятда ёққанди. Филмни суратга олиш мобайнида Ўзбекистонда ўтказган вақтим ҳам жуда бахтиёр онлар эди. Мен ҳалигача у ерда ишлаган одамлар, уларнинг самимиятларини яхши эслайман. Ва "Ҳатуба" саҳнасини суратга олган онларимизни ҳеч қачон унутмайман!! Д.И: "Ҳатуба" қўшиғингиз Ўзбекистонда ва умуман собиқ Иттифоқ ҳудудларида катта шов-шувга сабаб бўлган, уни кўпчилик хиргойи қилиб юрарди. Ҳалигача бу қўшиқнинг турли, ўзгартирилган шаклларини эшитса бўлади... З.О: (кулимсираб): Филм ижодкорлари бу ашула сўзларини ўзлари тўқишган, менга олиб келиб, кўрсатганларида қўшиқ менга жуда ёққан... Д.И: Айтганча, бизнинг ўзбек хизматимизда "Ҳатуба" сўзи нимани англатиши ҳақида роса баҳслашдик. Баъзилар, ҳаттоки, Ҳатуба бу "ҳей, тавба" деган маънони англатади, деган тахминни ўртага ташладилар. Сиз нима дейсиз бунга?
З.О: Биласизми, бу қўшиқнинг тарихи жуда қизиқарли. Сиз бу сўзнинг маъносини ўша қўшиқ сўзларини ёзган ижодкорлардан сўрашингиз керак. Чунки Ҳиндистонда томошабинлар биздан "Ҳатуба ўзи нима", деб сўрашганда, биз уларга "Э, бу русча ёки ўзбекча сўз", деб жавоб берардик. Ўзбекистонликлар сўрашганда эса, биз "бу ҳинд тилидаги таржима қилиб бўлмайдиган сўз", дея ҳазил қилиб, қутулардик. Шу кунга қадар ҳеч ким "ҳатуба" сўзининг маъносини билмайди!!! Д.И: Лекин сиз ўзингиз сўзларини тушунмаган қўшиқни шу қадар зўр ижро эта олгансиз... З.О: Биласизми, ҳинд филмларида актрисалар қўшиқларни ўзлари ижро этишмайди. Улар фақат фонограмма оҳангига оғизларини очиб-юмиб туришади холос, лекин шундай бўлса ҳам, ушбу саҳнани ижро этаётганимда мен жуда ҳам мазза қилдим. Д.И: Лекин рақсида ўзингиз бўлгансиз, шундайми? Ё рақсини ҳам биров ижро этганми? ... З.О: Йўқ, албатта. Рақсини мен ўзим ижро этганман. Атрофдагилар ҳам мен билан бирга рақсга тушганлар. Умуман, Ўзбекистонда ўтказган вақтим, сизга айтсам, жуда зўр бўлган. Мен нафақат "Алибобо" филмида, Ўзбекистонда суратга олинган бошқа филмларда ҳам рол ўйнаганман. Масалан "Сохни махивал" яъни "Севги афсонаси" номли филмда, қароқчи Зара ролини ҳам ўйнаганман. Шунингдек, мен етмишинчи йилларда Ўзбекистонга бир неча маротаба сафар қилганман. Д.И: Сиз таниқли ўзбек режиссери Латиф Файзиев билан ишлаш имконига эга бўлгансиз, сиз марҳумни қандай эслайсиз? З.О: Албатта эслайман ва ҳеч қачон унутмайман. У шу қадар ажойиб, истараси иссиқ ва дўстона инсон эди...У, унинг рафиқаси ва фарзандари билан уларнинг уйига борганимизда танишишга муваффақ бўлдик. Унинг турмуш ўртоғи филмни суратга тушириш жараёни ниҳоясига етганини нишонлаш учун уйда бизларга шундай дастурхон ёзганки, бизни шундай зиёфат қилишганки... Бир неча соат давомида таомлару қадаҳларнинг кети узилмаган. Д.И: "Алибобо" филмида "турмуш ўртоғингиз" Қосим ролини ўйнаган Ёқуб Аҳмедов ҳақида нима дея оласиз? З.О: О, Қосим-ми... Биласизми, мен барча ўзбекистонлик актёрларни жуда катта маҳоратга эга инсонлар сифатида эслайман. Улар ролларини олий даражада ўйнардилар, ўз ишларининг устаси фаранги эдилар... Профессионал маҳоратларидан ташқари, улар жуда ҳам истараси иссиқ, келишган одамлар эди...улар экранда жуда кўркам кўринадилар. Гўзаллик ва шўхлик тимсоли... Суҳбатимиз давомида мен Зийнат хонимга филмни кўрган ўзбекистонлик мухлислар икки гуруҳга бўлинганини айтиб бердим. Баъзилар Алибобо хотини ролини ўйнаган Ҳема Малини мухлислари бўлгани, лекин кўплар, мен ҳам улар қатори, Зийнат Омонга маҳлиё бўлганликларини айтиб бердим. Кейинчалик эса, кино мунаққидларининг шарҳлари билан танишиб чиққанимда, улар Зийнат Омонни "шаддод ва ҳинд филмларининг янги авлоди рамзи" дея баҳолаганларини эслатиб, бу борадаги фикрларини сўрадим. З.О: Тўғри, мени нимагадир шундай таърифлашади. Мен ҳинд киноактрисалардан биринчи бўлиб ҳинд аёли қаҳрамони имиджини ўзгартирганман. Чунки мен филмларда бошларига сари ташлаган, андишали, уятчан, одобли, оддий ҳинд аёли ролини ўйнамаганман. Биласизми, анъанавий ҳинд филмларида "ёмон" билан "яхши" ўртасида аниқ чизиқ ўтказилган эди ва қаҳрамонлар чизиқнинг бу ё-да у тарафида нафақат ҳаракатлари билан, балки, ташқи кўринишлари билан ҳам ажралиб туришлари шарт эди. Менинг ижромдаги асосий аёл қаҳрамонлар эса кўпроқ ҳаётий имиджларни намоён қила бошлаганлар.
Д.И: Дарҳақиқат, Болливуд филмлари таркибида ҳамиша маълум персонажлар тўплами бўлгани учун, бундай филмларни "масала филм" деб атайдиган бўлишди. Яъни филм ҳинд таомидаги массалиқлар таркиби каби, ҳамиша, севишганлар, бу севгига қарши чиққан ота-она, вафодорлик ва хиёнат ва, албатта, болалигида йўқолиб кетган оила аъзоларининг филм ниҳоясида бирлашиши каби доимий "масаллиқ"лардан таркиб топади. Ва албатта, қўшиқ ва рақс ҳар бир ҳинд филмининг ажралмас таркибий қисми... Бобурийлар хотираси отадан мерос... Зийнат Oмоннинг отаси Омонулло Ҳиндистоннинг машҳур киносценарийчиларидан бири бўлган. Олтмишинчи йилларда у катта шов-шувга сабаб бўлган ва ҳаттоки ҳозирда ҳам катта қизиқиш марказида бўлган "Муғули Азам" филми сценарийсини ёзган. Бу филм сюжети Акбаршоҳнинг ўғли Салим ва унинг гўзал маҳбубаси, оддий раққоса ҳақида. Бу филмда ҳам ота ўғлининг севгисига қарши чиқади, лекин охир-оқибат муҳаббат барча тўсиқларни енгиб ўтиб, ҳамма нарсадан кучли эканини намоён этади. Зийнат Омоннинг отаси у 13 ёшидалигида вафот этади. Аммо отасининг Бобурийлар сулоласи, ҳиндлар "Буюк муғуллар" дея атайдиган салтанат борасидаги ҳикоялари Зийнат Омоннинг хотирасида доимо сақланиб қолади: З.О: Биласизми, буюк муғулларнинг тарихи мактаб дастурига киритилгани учун, талабалар муғуллардан хабардорлар. Бироқ уларнинг мероси ҳақида гапирганимизда, менимча, меъморчилик ёдгорликларидан ташқари кам маълумотга эгамиз. Албатта, музейларда кўргазмалар ўтказиляпти, масалан, мен яқинда ўша даврдаги тангалар кўргазмасига бордим. Лекин гўзал ва ажойиб меъморчиликдан ташқари одамларда улар ҳақида тасаввур кам. Сиз Деҳлига борганингизда Ҳумоюн мақбарасини зиёрат қилгандирсиз, ёки дейлик Аграда тенги йўқ Тож Маҳални кўргандирсиз...Бу ажойиб ёдгорликлар албатта ҳаммани ҳайратда қолдиради. Бироқ, ҳозирги кунда одамлар ўз атрофларида мавжуд нарсалар қадрини билишмайди, бу тўғри... Д.И: Сиз шахсан, Бобурийлар меросидан фахрланасизми? З.О: Шахсан менми? Албатта , фахрланаман, нима учун фахрланмаслигим керак? Бу - мен учун катта ифтихор. Муғуллар мероси мамлакатимиз тарихининг ажралмас қисмидир. Мен ҳиндистонликман ва улар мамлакат тарихининг ажралмас қисмидир. Д.И: Зийнат Омоннинг икки ўғлидан бири кинематография ўқув юртида таҳсил олади. Бир неча йил олдин унинг турмуш ўртоғи оғир касаллик натижасида оламдан ўтган. Ўшандан бери Зийнат хоним ўзини бутунлай оиласига бағишлаб, филмларда камроқ чиқадиган бўлган. Ҳозирда бу ажойиб аёл кўпроқ театр ролларини иштирок этади. Зийнат Омон билан суҳбатимиздан кўп нарса олган эсам-да, барибир унинг номи билан эгизак бўлган "Ҳатуба" сўзи маъноси жумбоқлигича қолаверди. Уни кузатар эканман, аслида Зийнат Омон каби юлдузларни етиштирган ҳинд диёри бағрида бу каби қанчадан-қанча сир ва жумбоқлар яшириниб ётибди экан, деган савол ўтди хаёлимдан... | ИЧКИ САҲИФАЛАР Мумбай - констрастлар шаҳри16 Март, 2007 | Bosh Sahifa Бобурийлар авлоди ҳузурида 09 Март, 2007 | Bosh Sahifa 'Тожмаҳал - абадийлик юзидаги кўз ёш'07 Март, 2007 | Bosh Sahifa Тожмаҳал - инсоният яратган етти мўъжизанинг бири07 Март, 2007 | Bosh Sahifa Ҳиндистонга фотосаёҳат06 Март, 2007 | Bosh Sahifa Ҳиндистон кундаликлари 05 Март, 2007 | Bosh Sahifa | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||