|
Ҳиндистон кундаликлари | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Биз Буюк ипак йўлини қайта тиклаш лойиҳасининг тадқиқотчиси, таниқли олим Назир Резо Хон билан худди ана шу кўҳна мақбара олдида учрашдик. Унинг айтишича, дуохонлик маросими уч юз йилдан буён давом этиб келади. "Бу ерда сиз Ҳиндистоннинг қурама маданиятини кўришингиз мумкин, - дейди олим. - Ўйламанг, буларнинг ҳаммаси мусулмон, деб... Бу ерга келган зиёратчиларнинг ҳаммаси ҳам Исломга эътиқод қилмайдилар, уларнинг аксари ҳиндулар, бироқ улар ҳам тиловат қилишади". "Лекин бу жуда ҳам ажабланарли ҳол эмасми? Нима учун ҳиндулар марказий осиёлик сўфийларнинг мақбараларига келиб, зиёрат қилишади?,"- сўрайман ундан. "Ислом Ҳиндистонга араб ерларидан келмаган, Ислом динини марказий осиёлик сўфий пирзодалару дарвишлар олиб келишган, - дея сўзида давом этади суҳбатдошим. Исломнинг кенг тарқалиши сабаблардан бири - динни подшоҳлар ўрнатмаган, сўфийлар ўз таълимотлари орқали тарқатганлар. Сўфийларнинг энг яхши томони шу бўлганки, улар маҳаллий маданиятни ўзларига сингдирганлар. Яъни Ислом тоқатлилик йўлида ҳиндулар орасида тарқалган. Масалан, бу даргоҳ ҳамма учун очиқ, зиёратчилар ўз ниятлари билан келиб, бу ерда ибодат қилишади. Ва бу Марказий Осиёнинг ўзига хос урф-одатларидан биридир." Туркий мерос Биз Назир Резо Хон билан Низомиддин авлиё мақбараси ва ушбу даргоҳнинг бошқа қисмида бўлган пирзоданинг руҳий издоши ва буюк шоирлардан Амир Хусрав Деҳлавийнинг қабрини зиёрат қилдик.
Назир Резо Хоннинг тушунтиришича, одамлар, Марказий Осиё ҳақида, жумладан, Ҳиндистонни уч аср давомида бошқарган Бобурийларнинг келиб чиқишини яхши биладилар. Аммо тарихда Туркий мўғул назарияси ҳукм сургани учун уларни "мўғуллар" деб аташар экан. Масалан, Амир Темур, бир тарафдан турк бўлган, иккинчи тарафдан эса мўғул оиласидан уйланган. Шу сабабли, у кўпроқ мўғул, деб аталади. Айтишларича, Бобурийлардан аввал Ғазнавийлар бу ерда салтанат ўрнатишган ва Деҳли атрофини девор билан ўраб олганлар. Ўша деворлардан ҳозирги кунда фақат тўрттаси сақланиб қолган экан. Шулардан бири Туркман дарвозадир. Гавжум Асаф Али хиёбонида жойлашган Туркман дарвозаси ўтмишда Шоҳжаҳонобод деб аталган Деҳлининг кўҳна туманларининг ёдгорликларидан бири. Дарвозанинг номи Марказий Осиёдан келган Ҳазрат Шоҳ Туркман Бейбоний мақбарасидан келиб чиқади. Аммо ўзини "Ғазнавийлар авлоди" деб биладиганлар Ҳиндистонда талайгина. Шулардан бири, Жавоҳарлаъл Неру университетининг тадқиқотчиси Ҳафиз Раҳмон бизга ўзининг туркий мероси хақида гапириб берди.
Ҳафиз Раҳмонинг айтишича, пойтахт Деҳли, Лакнау, Ҳайдаробод ва Азимобод каби йирик шаҳар ва марказларда Марказий Осиёдан келган туркий, мўғул ва чингизий маданиятнинг белгиларини кўриш мумкин. Бу маданият белгилари, айниқса, меъморчиликда, таомлар ва ҳаёт тарзида яққол кўзга ташланади. Бу минтақаларнинг одамлари ҳам ўқимишли ва маданиятли экан.
Биз Деҳлида эскидан қолган кичик бир меҳмонхона эгаси ва тарихчи Балжик Маликни учратдик. У билан ҳам суҳбатимиз айланиб, қадимги савдо-сотиқ алоқаларига тақалади. Жаноб Малик Ҳиндистон ва Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар оддий халқ даражасида фақат Болливуд, яъни ҳинд филмлари даражасидагина мавжудлигидан афсусланади. Унинг айтишича, Болливуд филмлари Ҳиндистонни тўлақонли намоён этмайди. "Ҳинд филмлари Ҳиндистонни бузиб кўрсатади. Филмларда Ҳиндистон халқи ҳамиша бахтли, хамиша ўйин-кулги билан банд, ҳамма рақсга тушган қилиб кўрсатилади, ялтир- юлтур воқеълик намойиш этилади. Бу асл Ҳиндистон эмас! Бу - миллиардлик аҳолининг чорак қисмдан ҳам камроқ қатлами ҳаётини акс эттиради, холос" , - дейди суҳбатдошим. Унинг ишонишича, қадимий Ипак Йўли чорраҳасида жойлашган Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида ҳар томонлама алоқалар, жумладан, маданий ва тижорий борди-келдиларни кучайтириш вақти келган. Бу фикрни Ҳиндистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири ва ҳозирда парламент аъзоси бўлган Жасвант Сингх ҳам қўллаб-қувватлайди.
"Ипак йўли тарихан муҳим алоқалардан бўлиб, айниқса денгиз йўллари очилмаган даврда катта рол ўйнаган, - дейди ҳиндистонлик арбоб биз билан суҳбатда. - Ўтмишда қадимги Ҳиндистон таммадуни Рим ва Византия тамаддунлари билан алоқаларни денгиз орқали ривожлантирганди. Лекин ҳозирги кунда савдо-сотиқ кўпроқ ёнилғи маҳсулотлари соҳасида ўсиб борар экан, баъзи савдо йўллари денгиз орқали эмас, балки қайтадан ерга кўчмоқда. Ва борган сайин ишонишимча, Буюк Ипак йўли номи билан машҳур бўлган алоқалар яна равнақ топади". Жаноб Сингхнинг айтишича, иқтисоди шиддат билан ривожланиб бораётган Ҳиндистон ёқилғи манбаъларига бой бўлган Марказий Осиёга катта қизиқиш билан қарайди. Ҳиндистонда қадимий Ипак йўли ғоясининг қайтадан жонланаётгани сабабини ҳам бир маънода ана шу қизиқиш билан изоҳлаш мумкин.
"Бугун биз Ипак йўли ҳақида гапирганимизда биз бунга рамзий маънода қараймиз, - дейди биз билан суҳбатда жаноб Сингх. - Яъни чегараларимизни очиш, бозорларимизга йўл очиб бериш, халқларимиз бир-бирини тушунишлари учун имкон яратиб беришнинг рамзи сифатида. Шахсан мен бу жуда ҳам муҳим, деб ўйлайман. Албатта бунинг амалий жиҳатлари ҳам бор. Масалан, тоғларни кесиб ўтувчи янги магистрал йўлларини ҳам қуришимиз мумкин. Лекин амалий ҳаракатлар сиёсатчиларнинг холис ниятларидан келиб чиқади". Баъзи суҳбатдошларим Ипак йўли ҳақида гапиришаркан, ҳатто виза тартиби бекор қилинган "Ипак йўли ҳамдўстлиги"ни вужудга келтириш ғоясини ҳам илгари суришарди. Ҳиндистонга сафарим асносида турфа миллат ва дин вакилларида Марказий Осиё билан яқин алоқада бўлиш истагининг кучли эканини сездим. | ИЧКИ САҲИФАЛАР "Тожмаҳал - абадийлик юзидаги кўз ёш"07 Март, 2007 | Bosh Sahifa Ҳиндистонга фотосаёҳат06 Март, 2007 | Bosh Sahifa | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||