Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 07 Март, 2007 - Published 15:28 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
'Тожмаҳал - абадийлик юзидаги кўз ёш'

Ишқ рамзи

Тожмаҳал
Тожмаҳал бутун дунёда ишқ рамзига айланган
Дунёнинг энг гўзал ва энг машҳур меъморчилик обидаларидан бири - Тожмаҳал мақбарасида азон ўқилмоқда. Йўлбошловчилар гумбаз ичидаги акустика таъсирини сайёҳларга намойиш этиш ниятида бундай усуллардан фойдаланишади.

Бобурийлар салтанатининг пойтахти бўлган Агра шахри яқинида, Жамна дарёси бўйида жойлашган Тожмаҳал мажмуаси ишқ рамзига айланган.

Шоҳ Бобур невараси Шоҳ Жаҳоннинг суюкли аёли Мумтозмаҳал ўн тўртинчи фарзандига кўзи ёришаётган чоғида вафот этади. Шоҳ Жаҳон суюкли рафиқаси васиятини бажо келтириб, Тожмаҳал мақбарасини барпо этади.

Мақбара оқ мармардан, унинг атрофидаги бинолар эса қизил тошдан қурилган. Мажмуа хиёбонлар ва катта боғ билан қуршалган. Атрофда эса ястанган далалар. Жамна дарёси бир маромда, сокинлик билан оқади. Сукунатни фақат қушларнинг чуғурлаши бузади, холос.

"Абадийлик юзидаги кўз ёш"

Тожмаҳал
Шоҳ Жаҳон Тожмаҳални қуриш учун 23 йил умрини сарфлади

Интизом ва танассуқ (симметрия). Бобурийлар салтанатининг бутун тизими - санъату маданияти, маъмуриятию ҳаёт тарзи мана шу икки қоидага асосланганди.

Тожмаҳал мақбараси - танассуқнинг амалдаги энг мукаммал намунаси.

Мақбара шу қадар мукаммалки, унга қай тарафдан қараманг, бир хил кўринади.

Бино қурилишига Эрон ва Турон меъморлари ҳисса қўшганлар. Ҳар бир меъмор исми деворларга битилган.

Ёруғликни акс эттирган тошлар билан безатиш услуби инсонни ҳайратда қолдиради. Тожмаҳал офтоб нурларида турлича ялтирайди. Ундан кўзинг қамашади.

Бино тонгда кумуш рангида жилоланади. Қуёш ботаётган пайтда эса, тилло рангини олади. Шунинг учун йўлбошловчилар сайёҳларга мақбарани тонгда ёда оқшом пайти бориб кўришни тавсия қилишади.

Мақбара деворлари қимматбаҳо рангли тошлар билан безатилган. Усталар оқ мармарда қимматбаҳо тошлар учун кичик тешикчалар қолдирганлар. Тешикчаларга гулсимон ақиқ, марварид, садаф, зумрад ва ёқут каби қимматбаҳо тошлар билан оро берилган. Улар кўзга ташланмайди. Шунинг учун кундузи бутун бино оппоқ кўринади.

Шоҳ Жаҳон Тожмаҳални барпо этиш билан ўз шуҳратини оламга ёймоқчи эмасди. У ўз суюклисига бўлган чуқур муҳаббатини, айрилиқ дардини изҳор этмоқчи эди, холос.

Буюк ҳинд мутафаккири Робиндранат Тагор Тожмаҳалга: "абадийлик юзидаги кўз ёш,” - дея таъриф берганди.

"Қизил Қалъа" маҳбуси

"Қизил Қалъа"
Ҳиндистонликларга кўра, "Қизил Қалъа" маҳбусига Тожмаҳалга қараш ман этилганди
Тарихчиларнинг айтишича, Шоҳ Жаҳон Тожмаҳал рўпарасида, Жамну дарёсининг қарши соҳилига қора мармардан ўзи учун ҳам мақбара қурмоқчи бўлган. Ҳозир ҳам ушбу битмаган иморатнинг пойдевори сақланиб қолган.

Жамну дарёси қирғоғида Бобурийлар салтанатининг энг йирик меъморчилик мажмуаси "Лол Қила", яъни "Қизил Қалъа" жойлашган.

"Қизил Қалъа" Шоҳ Бобурнинг невараси Акбар Шоҳ даврида барпо этилган сарою девонлар, боғу гулзорларни ўз ичига олади. Айни қалъада Акбар Шоҳнинг невараси Шоҳ Жаҳон умрининг сўнгги саккиз йилини бандиликда ўтказган қамоқхона ҳам бор.

Маҳаллий халқ орасида юрадиган афсоналарга кўра, ўз отасини банди этган Аврангзеб Шоҳ Жаҳонга Тожмаҳал томонга қарашни ҳам рад этган экан. Ушбу афсоналар сайёҳлар йўлбошчилари томонидан турли хил талқин этилади. Уларга ишонмасангиз ҳам, қандайдир армон ҳисси сизни чулғаб олади.

Фотиҳпур

Салим Чиштий мақбараси
Акбар Шоҳ Фотиҳпур қалъасини Салим Чиштий мақбараси атрофида қурган
Аградан ўттиз чақиримча узоқликда Акбар Шоҳ барпо этган Фотиҳпур шаҳри жойлашган.

Қайси динда бўлишларидан қатъи назар ҳиндистонликларнинг аксари Акбар Шоҳнинг буюк раҳбар бўлганини таъкидлашади.

Акбар Шоҳ барпо этган давлат бағрикенглик асосига қурилганди. Халқлар аро қирғинбарот урушлар учига чиққан бир паллада, масалан, Англияда Қиролича Елизавета ўз синглисини қатл этаётган бир пайтда, бу ерда бағрикенглик ва тоқатлилик ғояларини илгари сурган инсон ҳукмронлик қиларди. Акбар Шоҳ Ҳиндистонда барча дин вакиллари ҳамжиҳатликда яшашлари учун замина яратишга бел боғлаганди!" - дейди Ҳиндистонлик тарихчи Балжик Малик.

Акбар Шоҳнинг уч хотини ва юзлаб жориялари бўлган. Аммо, вориси бўлмаган. Тарихий манбаларда айтилишича, фарзанд кўриш умидида Акбар Шоҳ Чиштия тариқатининг пешвоси, шайх Салим Чиштий олдига бориб, унинг дуосини олади. Кўп вақт ўтмай, Акбар Шоҳ ўзининг ҳинду аёли Жотабайдан ўғил кўради. Акбар ўғлига ҳаққига дуо қилган сўфийнинг исми - Салим номини беради. Бироқ, бу фарзанд тарихда Жаҳонгир номи билан машҳур.

Акбар Шоҳ Фотиҳпур қалъасини Салим Чиштий мақбараси атрофида қурган. Бутунлай қизил тошдан қурилган қалъага элллик метрдан баландроқ "Баланд Дарвоза" дан кирилади.

"Боғи Гул Афшон"
"Боғи Гул Афшон" сувининг қуриганига бир неча юз йил бўлди
Оқ мармардан бунёд этилган Салим Чиштий мақбараси қалъа марказида жойлашган.
Мақбара панжара билан ўраб олинган. Ўз орзу ва ниятлари ушалишини истаб келган зиёратчилар қизил ва сариқ ипларни панжарага боғлаб қўядилар.

Насроний зиёратчилар

- Сиз қаердан келгансиз?
- Аллоҳободдан!
- Мусулмонмисиз?
- Йўқ, насроний!
- Нима учун бу ерга келгансиз?
- Биз ҳам, бошқалар қатори, бу гўзал ва улуғ қадамжоларни зиёрат қилгани келдик. Дуоларимизни ҳам шу ерда ўқимоқчимиз.

Бобур ва боғлар

Аграда Шоҳ Бобур яратган "Боғи Гул Афшон" ёки Ромбоғ ҳали ҳам сақланиб қолган.

Ушбу жойни Бобур Самарқанд боғларидан қолган хотираларига асосланиб барпо этган.

Ромбоғ "чорбоғ" тизимига асосланган. Чорбоғ майдонини узунаси ва кўндалангига марказий йўлак ва йўлакчалар кесиб ўтади. Шу тарзда тўрт бурчакли майдончалар ҳосил қилиниб, йўлаклар бўйлаб йил фаслига қараб, мева дарахтлари ўтқазилган.

Бобур Ромбоғидаги шийпон
Бобурнинг ўзи қурдирган боғ шийпонлари сақланиб қолган
Ромбоғдаги тўртта боғ майдончаси суғориш каналлари билан бўлинган. Ҳовузчалардан сув кичик шаршаралар орқали пиллапоясимон бўлиб ариқларга оқиб тушарди. Ариқ ва шаршалар тагига турли рангдаги сирланган сопол ғиштлар ётқизилган...

Жамна дарёсидан шабада шаршарага уриларди...

Бобур барпо этган боғдаги шийпонларда мушоиралар уюштирилган.

Бугун эса ўша боғдан фақат қуриган ариқлару-ҳовузлар, шийпонлар сақланиб қолган.

Боғбоннинг айтишича, боғнинг ўша пайтдаги мева дарахтлари ҳам сақланиб қолмаган.

Ҳижрон ўти жонимға балолиқ бўлди,
Не ишники айладим хатолиқ бўлди.
Ўз юртни қўйиб ҳинд сори юзландим,
Ё Раб, нетай, бу не юз қаролиқ бўлди.

Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
ИЧКИ САҲИФАЛАР
Ҳиндистон кундаликлари
05 Март, 2007 | Bosh Sahifa
Ҳиндистонга фотосаёҳат
06 Март, 2007 | Bosh Sahifa
Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy