Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 09 Март, 2007 - Published 14:07 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Бобурийлар авлоди ҳузурида

Покиза Бегим
Покиза Султон Бегим асли насли тўғридан-тўғри Баҳодур Шоҳга етиб боришидан фахрланишини айтади
Деҳлига сафар қилишимдан аввал ҳиндистонлик касбдошим менга меҳмонхонани олдиндан банд қилиб қўйишни маслаҳат берди.

Сайёҳлар фасли энг қизиган палла бўлгани учун меҳмонхоналарнинг бирортасидан ҳам жой топа олмадим. Хафсалам пир бўлиб, охири сўнгги илинжда, шахсий қўноқхоналардан бирига сим қоқдим.

Қўноқхона соҳиби Балжик Малик исмли шахс экан. Мен унга сафаримдан мақсад Бобурийлардан қолган меросни ўрганиш, унинг авлодларини топиш эканини айтдим.

Жавобан у менга: - "Уйимда жой йўқ, лекин сиз билан учрашиб, бу масалада ёрдам бера олишим мумкин," - дея жавоб қайтарди. Уйига бир пиёла чойга таклиф қилди. Кейин билсам, жаноб Балжик Маликнинг ўзи тарихчи экан. Бобурийлар ҳақида жуда кўп нарсаларни билар экан.

Деҳлида кўришган пайтимиз, у мен учун Бобурийлар авлоди ҳақида қисқа бўлса ҳам маълумот йиғиб, рўйхат тайёрлаб қўйганини айтди. Аввалига Булбули Хона маҳалласидаги бир мактаб мудираси ўзини Бобурийлар авлодидан бўлганини айтди.

Яна Жангалзор мавзесида яшаётган бир оила борлигини тилга олди. Балжик Маликнинг айтишича, бу оила ҳам ўзини Буюк Мўғулларнинг сўнгги авлоди деб билар экан.

Ғарб тарихшунослиги ва Ҳиндистоннинг ўзида ҳам Бобурийларни Буюк Мўғуллар деб билишади.

Мен уларни қидиришга киришдим. Деҳлининг у ёғидан бу ёғига машинада кезиб чиқдим, лекин ҳаттоки бирон белгини ҳам кўрмадим. Ҳайдовчимизнинг ҳам сабр косаси тўлаётгани билиниб турарди.

Шунда Балжик Малик Буюк Мўғуллар ҳақида кўп китобларни нашр қилган ва ҳозирда Деҳлида яшаётган Британиялик ёзувчи Уилям Далримпл исмини тилга олганини эсладим. Ёзувчига телефон қилдим. Рафиқаси Уилямнинг ҳозир бошқа шаҳарда эканини айтди.
Унинг қўл телефонини берди.

Уилямга ўзимни таништириб, Дилором, Би-би-си, Бобурийлар деб гап бошлаганимда, у телефон дафтарчаси Деҳлида қолиб кетганини айтди. Менга уч-тўрт кун кутиб туришни сўради. Мен эса яна: - "Йўқ, вақтим жуда кам, дарвоқе эртага Аграга кетишим керак. Менга, ҳеч бўлмаса, ўша сиз билган Бобурийнинг исми ва манзилгоҳини беринг," - деб илтимос қилдим. Уилям менга ўзини Бобурийларнинг тўғридан-тўғри авлоди деб билувчи инсоннинг манзилини берди.

Покиза Султон Бегим уйида

Покиза Бегим уйи
Покиза Бегим Деҳли шимолидаги Нойда шаҳарчасидаги ҳашаматли уйлардан бирида истиқомат қилади
Биз Покиза Султон Бегим уйида ўтирибмиз.

67-ёшли Покиза Бегим Алигарх университетида таълим олгани, Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги қошидаги маданият бўлимида кўп йиллар ишлагани, 1995 йилда эса нафақага чиққанини айтди.

Фарзанди йўқ, жиянининг ўғлини ўзига фарзанд қилиб олган экан.

"Оиласиз одам ўзини жуда ёлғиз сезади," - дейди Покиза Бегим.

Суҳбат эса бизни қизиқтирган мавзудан - Бобурийлардан бошланади. Покиза Бегим ўзининг Баҳодур Шоҳнинг тўғридан-тўғри авлоди эканини айтади:

- Ҳиндистонда шажараси Баҳодур Шоҳга бориб тақаладиган меросхўрлардан ягона менман. Мен ўша оиланинг авлоди бўлиб, сўнгги Мўғул императори ва тахт ворисининг чевараси бўламан.

- Баҳодур Шоҳнинг бевосита авлодиман, деб айтаяпсиз. Сиз бу шажарани бошидан гапириб бера оласизми?

- 1857 йили Британия ҳукмронлигига қарши сипоҳийлар исёни шафқатсиз бостирилган. Баҳодур Шоҳнинг аксар ўғилларини британияликлар қатл этишган... Баҳодур Шоҳ ўғиллари ўлдирилгач, сарой мотамга ботади, Шоҳ оила аъзолари чуқур ғамга чўмадилар. Менинг катта бобом, яъни Баҳодур Шоҳнинг кичик ўғилларидан бири, ўша пайтда тўрт-беш ёшда бўлган. Унинг энагаси, яъни катта бобом Она деб чақирган аёл, на онасига ва на бошқаларга бирон сўз айтмай, ўғилчани Қизил Қалъадан махфий равишда ўрмонга олиб қочади. Энага уни яширинча саройдан олиб чиқиб, чангалзорда сақлайди. Шунинг учун у тирик қолган. Бола ва энага у ерда тахминан беш йил яшашган. Энага Баҳодур Шоҳ ўғилчасининг кимлигини ҳеч кимга айтмасдан, вояга етказган.

 Ҳиндистонда атиги тўрт йил яшаганига қарамай, Бобур бу заминда буюк давлатга асос солишга мувафақ бўлди
Покиза Султон Бегим

- Боланинг онаси ҳам билмаганми?

- Ҳеч ким билмаган, унинг омон қолганидан ҳамма бехабар бўлган. Қотилликлар тўхтагач, бола ҳаётига хавф йўқлигига ишонган энага уни ўрмондан қалъага қайта олиб келади ва болани онасига кўрсатади. Онаси, алббата, хурсанд бўлади. Лекин энага шунчалик эҳтиёткор бўлганки, у бирон марта ҳам болани онаси билан ёлғиз қолдирмаган. Ҳамиша бола ёнида бўлган. Чунки боланинг онаси Баҳодур Шоҳнинг хотини бўлган эса-да, британияликларга хайрихоҳ амалдорнинг жияни ҳам бўлган. Амалдорнинг исми Мирза Иллаҳи Бахш бўлган. Гўдакнинг онаси ўша пайтда унинг оиласида яшаган. Боланинг энагаси уни бу оилага ишонмаган. Энага ҳамиша улар болани ўлдиришади, деб ўйлаган.
Шундай қилиб, бола Мирза Иллаҳи Бахшнинг уйида улғаяди.

- Мирза Иллаҳи Бахш ўзи ким бўлган?

- Британияликларга яқин бўлган. Мирза Иллаҳи Бахш хайрихоҳлиги туфайли британияликлар унга кўп илтифот кўрсатишган.

- Британияликларчи? Улар Баҳодур Шоҳнинг ўғли тирик қолганидан хабардор бўлишмаганми?

- Боланинг тирик қолгани ҳақидаги хабар Англияга етиб боргач, инглизлар боланинг мақомига яраша муносиб тарбия бериш мақсадида уни Британияга олиб кетмоқчи бўладилар. Лекин, Мирза Иллаҳи Бахш бунга қарши чиқади. У ушбу режа ортида қандайдир бир фитна бўлиши мумкин, деб ўйлаган. Шунинг учун у британияликларга: - "Йўқ. Мен бу болани жуда яхши кўраман, уни беролмайман, хоҳласангиз, ўз ўғилларимдан бирини олиб кетинглар," - деган. Яъни, Мирза Иллаҳи Бахш британияликлар томонидан таклиф этилган катта бобом ҳуқуқини тортиб олган.

- Бобонгиз бутун умрини Ҳиндистонда ўтказганми?

Баҳодур Шоҳ
Баҳодур Шоҳ Ҳиндистонни уч асрга яқин идора қилган Бобурий императорларнинг сўнггиси эди

- Ҳа, у Деҳлида, фақат Деҳлида яшаган. Британияликлардан нафақа олиб турган. Ушбу нафақа авлоддан авлодга ўтган. Масалан, менинг онам, амакиларим ҳаммаси Британия ҳукуматидан нафақа оларди. Бироқ, мустақилликдан кейин Британия ва Ҳиндистоннинг янги ҳукуматлари бу молиявий маблағ фақатгина бир инсон умри давомида берилиши керак, деган қарорга келган. Шундай қилиб, онам ва амакиларим оламдан ўтганларидан сўнг, бизда бундай имтиёз қолмади, деб айтишим мумкин.

- Янги Ҳиндистон ҳукуматининг оилангизга бўлган муносабати қандай эди?

- Ҳиндистон хукуматининг оиламга бўлган муносабати адоватли эмас, деб айтсак бўлади.... Улар оиламизни жуда ҳурмат қилишади. Лекин ҳукумат билан бундан ортиқча яқин алоқамиз йўқ.

- Қисқа сафарим чоғида шуни сездимки, расмий китобларда, айниқса, сайёҳларга мўлжалланган китобларда, Бобурийларнинг сўнгги авлоди ҳақида ҳеч нарса дейилмайди, худди улар бутунлай қирилиб кетган, деган тасаввур пайдо бўлади...

- Ҳозирда китоблар бошқа маъно ва услубда ёзилаяпти. Улар Бобурийлар меросини эмас, балки ўз меросларини кўтариб чиқаётирлар. Ҳиндулардан қолган мерос ҳам Ҳиндистон тарихининг ажралмас қисми эканлигини тан олиш керак, албатта. Бироқ ҳукуматнинг бизнинг меросимизни тарғиб қилишга хоҳиши йўқ...

- Бобурийлар меросини кўрганингизда сизда қандай ҳиссиёт пайдо бўлади ва умуман ҳиндистонликлар бобурийлар қаердан келганларини билишадими?

- Мен бундай оилага мансублигимдан жуда фахрланаман. Деҳли ва унинг атрофида ҳамда Аграга борганимда ёдгорликларни кўриб, ифтихорланаман. Тарихдан бохабар бўлганлар бизнинг қаердан келганимизни билишади.

Покиза Бегим ва Дилором Иброҳим
Покиза Бегим Ўзбекистонга ҳали бирор марта ҳам бормаганини айтади

- Сиз аждодларингиздан кимни кўпроқ ҳурмат қиласиз?

- Мен ҳаммаларини чуқур ҳурмат қиламан. Лекин, тарихга кўра ва ҳиндистонликларнинг фикрларига биноан, Акбар Шоҳ энг буюк император бўлган. У давлатни шундай бошқарганки, Ҳиндистон давлатининг ҳар бир фуқароси, нафақат мусулмонлар, унинг ҳоким эканлигини ҳис қилган. У ҳеч кимни мажбуран Ислом динига ўтказмаган. Албатта, Мўғул императорларининг барчаси шундай бўлган. Лекин Акбар ҳаммадан энг либерали эди…

- Ҳиндистонда буюк давлатга асос солган Бобурнинг ўзи ҳақида нима дея оласиз?

- Сўзсиз Бобур асосчи эди. Лекин унинг ҳаёти, афсуски, қисқа бўлган. Ҳиндистонда атиги тўрт йил яшаганига қарамай, Бобур бу заминда буюк давлатга асос солишга мувафақ бўлди. Ҳиндистон жуда йирик мамлакат. Бу ерда яшаётган халқларни, уларнинг маданиятини, яшаш тарзини тушуниш учун вақт керак. Бобур бундай вақтга эга бўлмаган.

- Сиз Бобурнинг туғилган жойи - Ўзбекистоннинг Андижон шаҳрини бориб кўрганмисиз?

- Йўқ ҳали бормаганман… Мен Ўзбекистонга сафар қилмаганман. Гап шундаки, Бобурийлар тадқиқотлари билан шуғулланаётган олимлар жуда кўп келарди олдимга. Баъзи ҳужжат, суратларни ва қўлёзмаларни ҳам олиб кетишган. Ҳар гал келишганида биз сизни албатта таклиф қиламиз, деб ваъда бериб кетишади… Лекин бирон марта ҳам мени таклиф қилишмаган…

Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
ИЧКИ САҲИФАЛАР
Ҳиндистонга фотосаёҳат
06 Март, 2007 | Bosh Sahifa
Ҳиндистон кундаликлари
05 Март, 2007 | Bosh Sahifa
Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy