Дин ва дунё: ИШИД болаларини яширин ўқитган аёл

Сурат манбаси, Elisabeth Tikka
- Author, Жошуа Невет
- Role, BBC News
Ҳар куни соат 09:00 да Илона Таймела ўз шогирдлари билан саломлашар ва уларга дарс берарди.
Унинг бу кун тартиби 2020 йил май ойидан бошлаб тахминан бир йил давом этди. Бошқа кўплаб ўқитувчилар сингари у ҳам масофадан туриб ишлади.
Фарқи шуки, Таймела хонимнинг унинг ўқувчилари Финдяндиядаги иш жойидан анча олисда, Сурия шимоли-шарқидаги жойлашган қамоқ лагерида эди.
"WhatsApp" орқали у фин ва инглиз тилларида математикадан географияга қадар турли фанлардан дарс берган.
Унинг шогирдлари "Исломий давлат" (ИД ёки ИШИД) гуруҳига алоқадор одамлар учун чодирлар тикилган улкан шаҳар Ал-Ҳол лагерида яшовчи 23 нафар асли финляндиялик болалар эди. Бу ерда 60 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади, уларнинг аксарияти ўнлаб мамлакатлардан, шу жумладан, Европадан келган аёллар ва болалардир.

Бу болаларнинг баъзилари Таймела шогирдлари эди.
"Болалар ким бўлишидан қатъи назар, улар таълим олиш ҳуқуқига эга", дейди у Би-би- сига.
Таймела хонимнинг дарсларидан олдин улар фақат хайрия ташкилотлари бошқарадиган муваққат мактабларда норасмий таълим олиши мумкин эди. 2019 йил бошида ИШИД Сурияда ҳудудий мағлубиятга учрагач, лагерь уларнинг зиндонига, АҚШ қўллаб-қувватлаган курд кучлари эса уларнинг зиндонбонига айланди.
Турли миллатга мансуб болалар йиллар давомида у ерда ушлаб турилди, чунки бу вақтда уларнинг мамлакатлари экстремистик мафкура тутқунлигида қолиши эҳтимоли бўлган оналарини ватанига қайтариш хавфсизлигини баҳоларди.
Айни пайтда болалар оғир шароитда ўсмоқда, ҳуқуқ ҳимоячилари эса бу шароитни ғайриинсоний дея қораламоқда.
2019 йил охирида Финляндиянинг марказ сўл коалиция ҳукумати 30 нафар финляндиялик болани лагердан ватанга олиб келиш ғоясини илгари сурди.
Бу баҳсли тадбир сиёсий жиҳатдан нозик эди ва болаларни оналаридан ажратиш билан боғлиқ ҳуқуқий тортишувларга йўл очиб берди. Ушбу дилеммани ҳал қилиш учун ҳукумат лагерни бошқараётган курд ҳукумати билан музокаралар олиб боришга Юсси Таннерни махсус вакил сифатида тайинлади.

Сурат манбаси, Getty Images
Жараён қийин эди. Ҳафталар ойларга уланар экан, жаноб Таннер Финляндия қонунчилигига мувофиқ бу болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун вақтинчалик чоралар кўришни бошлади.
2020 йил март ойида Ковид-19 пандемияси мактабларни ёпишга мажбур қилганида, жаноб Таннернинг миясига уриб қолди: агар Финляндияда талабалар масофадан ўқитилаётган бўлса, ал-Ҳолдаги фин болалари билан ҳам худди шундай қилиш мумкин эмасми?
Финляндия ҳукумати бу ғояни қўллаб-қувватлади ва "Умрбод таълим" жамғармасига масофавий таълим дастурини ишлаб чиқиш вазифасини топширди.
Турли миллатларга таълим беришда тажрибага эга бўлган Таймела хоним фонд учун идеал номзод эди.
У билан жамғарманинг масофавий таълим мактаби раҳбари Туйя Таммеландер боғланди.
Бир неча ҳафта давомида Таймела хоним ва бошқа бир ўқитувчи махсус ўқув дастурини ишлаб чиқди. Болаларга ҳар куни дарслар жўнатиш орқали, у асосий фанлар бўйича уларнинг билимларини ошириш ва Финляндияда ҳаётга тайёрлашни кўзлаган эди.
Ажабо, "WhatsApp" унинг талабалар билан ягона алоқа воситасига айланди.
"Биз илгари ҳеч қачон бундай иш қилмаганмиз", дейди Таммеландер хоним ва бу дастур ўзига хос биринчи дастур бўлиши мумкинлигини айтади.
Талабалар фақат оналарининг розилиги билан иштирок этишлари мумкин эди. Улар билан жаноб Таннер гаплашган.
Биринчи хабарлар ўтган йилнинг май ойида, 23 нафар болага уларнинг оналари ҳозирлигида юборилган эди.
"Хайрли тонг! Бугун 2020 йил 7 (еттинчи) май, пайшанба. Масофавий мактабда биринчи кун!" деб ўқилади биринчи хабар.
Унинг профилида қора кўзойнак, бошида рўмол билан табассум қилиб тушган сурати қўйилган эди. У шахсини ҳимоя қилиш учун тахаллус билан ўзини Саара деб таништирди.
Унинг хабарларининг аксарияти фин тилида ёзилган ва баъзи дарс вазифалари учун маълумотларга бой тасвирлар ўрнига эможилар ишлатилган.
Фин тили ва математика унинг ўқув дастурининг асосини ташкил этган бўлиб, унда ҳар бир боланинг ёши ва қобилиятига қараб топшириқлар берилган.
Таймела хоним вақт ўтиши билан яхшиланишларни кўрганини айтади. Зеро, олти ёшли битта бола фин тилида тўлиқ ҳикояларни ўқий олган, каттароқ ўқувчилар эса тилнинг мураккаброқ элементларини ўзлаштира олган.
Болаларнинг ўсиши юзлаб матнли ва овозли хабарлар ёрдамидаги ўзаро алоқалар натижасидир. Оналарга мобил телефонга эга бўлиш тақиқланганлиги сабабли, бу хабарлар курд ҳукумати ва Финляндия жамоатчилигидан сир сақланиши керак эди.
Бироқ Таймела қўриқчилар уларни ўқиётганидан шубҳаланарди. Баъзида оналар бир неча ҳафта давомида саволларга жавоб бермас, бу уларнинг хавфсизлиги ҳақида ташвиш уйғотарди.
Шу йилнинг баҳорига келиб, Таймеланинг кўпчилик оилалар билан алоқаси узилиб қолди. Уларнинг кўпчилиги ватанига қайтарилган ёки яқин атрофдаги Ар-Рож лагерига кўчирилган, у ерда кузатув кучайтирилгани сабабли, дарслар қолдирилди.

Жаноб Таннернинг айтишича, 23 нафар бола ва етти нафар катталар ватанига қайтарилган, 15 га яқин фин эса Сурияда қолган.
Финляндияда репатриация сиёсий жиҳатдан зиддиятли эди. Финляндия миллатчилар партияси миллий хавфсизликка таҳдид солиши мумкин деб, бу сиёсатни кескин танқид қилди.
Ўқув дастури ҳақида сўралганда, мухолифат партияси етакчиси Риикка Пурра ҳукумат "финлар хавфсизлигини таъминлашдан бирдек манфаатдор бўлишини" исташини айтди.

Сурат манбаси, Ilona Taimela

Сурат манбаси, Ilona Taimela
ИШИД жангариларининг фарзандлари "албатта бегуноҳдир", деди у Би би сига. Аммо у Финляндия давлати ИШИД жангарилари оилаларининг "эҳтиёжларини қондириш учун қанча маблағ сарфлаганидан" ҳайрон бўлганини айтди.
Жаноб Таннернинг таъкидлашича, репатриацияга қаршилик "анча босилган" ва ўқув дастурига муносабат асосан ижобий бўлган.






Айни дамда Таймела хонимнинг мактаби ҳали танаффусда. Уларнинг барчаси ватанига қайтарилган тақдирда ҳам, шогирдларининг аксарияти яширин ўқитувчиси учун бегона бўлиб қолади.
Ҳозиргача у Финляндиядаги қабулхонада оналаридан бири ва баъзи шогирдлари билан учрашган.


Сурат манбаси, Getty Images
Бу сафар "WhatsApp"га эҳтиёж қолмади.
"Улар мени овозимдан билишарди, - дейди у. - Аввалига улар жуда уятчан эдилар, лекин аста секин ўрганишди. Биз телефон орқали кўришардик, дарс қилардик".
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














