Робот қотилларни тўхтатишни ким истамаяпти? - Видео Dunyo Yangiliklar

Ўқилиш вақти: 2 дақ

Дипломатлар шу ҳафтада Женевада тўпланиб ҳалокатли автоном қуроллар тизими ёки қотил роботлар деб ҳам аталаётган қуролларни тақиқлаш масаласини муҳокама этдилар.

Женевага БМТга аъзо бўлган барча мамлакатлар таклиф этилди.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ноҳукумат ташкилотлар бундай қуролларни тўла тақиқлашга чақириб келадилар, лекин уларни аллақачон тирик инсонларга қарши қўллаб келаётган мамлакатларнинг ҳозирча бу чақириққа қулоқ тутгилари йўқ.

Одамни ўлдирадиган автоном қуроллар тизими деган умумий ном инсон назоратисиз ишлайдиган дронлар, кўриниши одам ёки танкка ўхшаб кетадиган автомат қуролларни ўз ичига олган.

Улар ўқ отадиган тепкини босишда юзни таниб олиш технологияси ёки алгоритмдан фойдаланадилар.

Бу турдаги қуролларга қаршилик қилаётганлар масаланинг ахлоқий тарафига алоҳида эътибор қаратадилар.

"Савол шуки, ўлдириш ёки тирик қолдириш масаласини сенсор, алгоритм ва машиналарга қолдириб бўладими? Қизил Хоч ва бошқа кўп ташкилотлар "бу тўғри эмас", дея хавотир билдиришади", дейди Халқаро Қизил Хоч қўмитасидан Нейл Дэвисон.

Фаоллар ушбу масала саккиз йилдан буён муҳокама этилаётганига қарамасдан, бу борада ҳатто бир битимга келиш имкони ҳам бўлмаганидан афсус билдирадилар.

Худди миналарни тақиқлаш халқаро конвенциясига ўхшаган бир битимга келиш учун аксар аъзо давлатларнинг розилиги талаб қилинади, бунинг учун эса халқаро ҳужжат матни тайёр бўлиши керак.

"5 йиллик музокаралардан кейин ҳам аниқ таъриф йўқ. Яъни, ҳалокатли автоном қуроллар тизими дегани нима? Аниқ таъриф бўлмаса сиз қонуний чеклайдиган битим матнини ҳам ёзолмайсиз," деди Буюк Британиянинг Женевадаги Қуролсизланиш бўйича конференциясидаги элчиси Айдан Лидл.

"Киллер роботлар" деб номланаётган бу турдаги қуролларнинг хатоликка йўл қўйиши ёки ўз-ўзидан ишлаб кетиши хатари борасида ҳам хавотирлар ўртага чиққан.

2021 йил мартида БМТда Ливияда рўй берган ҳодиса муҳокама қилинди, ўшанда дрон тўсатдан инсонларга ўқ отишни бошлаган.

Декабрь ойи ўртасида БМТга аъзо мамлакатлар вакиллари қотил роботлар масаласини муҳокама этишга киришар эканлар, БМТ Бош Котиби Антониу Гетерриш анжуман иштирокчиларига мурожаат билан чиқди.

"Мен Кўриб чиқиш конференциясини муайян турдаги автоном қуролларни ишлатишда чекловни ўрнатиш бўйича узоққа мўлжалланган режани маъқуллашга чақираман", деди БМТ бош котиби.

Австриядек мамлакатлар бу турдаги қуролларни тўла тақиқлашни таклиф қилмоқда.

Агар бу турдаги қуролларни тақиқлаш мақсадидаги шартнома кучга кирса, бундай шартномага қўшилишга 30 тача мамлакат розилик билдирган.

Бироқ АҚШдек ҳарбий қудратли мамлакатлардан айримлари, бундай қуролларнинг одамга нисбатан хатоликка йўл қўйиши кам бўлади, деса, Россиядек давлатлар эса тўла тақиқланишига қаршилик кўрсатган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek