Қизиқ: Олти миллион йиллик одам изи – биз ўзи қаердан ва кимдан тарқалганмиз? Dunyo odamlar yangiliklar

"Трахилос" излари

Сурат манбаси, Per Ahlberg

Сурат тагсўзи, Янги тадқиқотлар бу излар инсон аждодларига даҳлдор маълум бўлган энг қадимий далил эканини кўрсатмоқда
    • Author, Фернандо Дуарте
    • Role, Би-би-си Жаҳон хизмати

Грецияда топилган дунёдаги энг қадимий излар илмий мунозарани қайта алангалатди.

Грециянинг Крит оролида тасодифан топилган оёқ излари инсониятнинг пайдо бўлиши юзасидан қизиқ саволлар ва қизғин баҳсларни келтириб чиқарди.

"Трахилос" номи билан танилган бу излар 2002 йили польяк палеонтологи томонидан топилган бўлиб, янги тадқиқотлар бу излар инсон аждодларига даҳлдор маълум бўлган энг қадимий далил эканини кўрсатмоқда.

11 октябрь куни "Scientific Reports" журналида халқаро олимлар жамоаси чоп қилган тадқиқот гомининларнинг аввало Африкада эволюция бўлгани ҳақидаги кенг қабул қилинган назарияни савол остига олади.

Гомининлар замонавий одамлар, қирилиб кетган одам турлари ва барчамизнинг умумий аждодларимизни қамраб оладиган гуруҳдир.

Алоқадор мавзулар:

Африкадан чиқиш

Аксар палеонтологлар Африканинг "инсоният бешиги" деб тасдиқловчи гипотезани қабул қилади.

Ушбу гипотезага кўра, инсоният аввало Африкада эволюция бўлиб, сўнг 2 миллион йил муқаддам бошқа қитъаларга тарқалган.

Аммо швед антропологи Пер Альберг етакчилигидаги тадқиқотчилар гуруҳи бу хронологияни савол остига олмоқда: улар Трахилос излари 6 миллион йил демоқда.

Лаэтоли излари

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, 1976 йилда Танзанияда топилган Лаэтоли излари шу пайтгача энг қадимийси сифатида кўриб келинган

Бу эса излар энг қадимий деб кўрилган инсонникига ўхшаш излар - 1976 йилда Танзанияда топилган Лаэтоли изларидан 2.5 миллион йил қадимийроқлигини англатади.

Африкадаги кашфиётлар бизнинг "оилавий шажарамиз"ни аниқлашда муҳим роль ўйнаган.

Оёқ изларидан ташқари Африкада охирги бир аср давомида инсонгача бўлган тошга айланган суяклар - фоссиллар топилган. Улар орасида маълум бўлган энг қадимий ҳоминин - саккиз миллион йил аввал яшагани ҳисобланган Саҳелантроп бош суяги ҳам бор.

Африкага қиёслаганда Европадан бу каби фоссиллар жуда оз топилган.

Критда оёқ изини ким қолдирган?

Профессор Пер Альберг Трахилос излари ҳақида илк марта 2017 йилда мақола чоп қилган гуруҳ таркибида бўлган.

Музейдаги инсон бошқ чаноқлари коллекцияси

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Сўнгги бир аср ичида оёқ изларидан ташқари Африкада инсонгача бўлган тошга айланган суяклар - фоссиллар топилган

2021 йил октябридаги тадқиқот изларнинг геологик таҳлили бўлиб, уларнинг ёшини аниқлаштирди, аввалги белгиланган 5.7 млн йил эмас, 6.05 млн йил.

Илк мақолада Альберг ва унинг жамоаси излар ҳомининникига ўхшашлигини хулоса қилган эди, айникса оёқнинг бош бармоғи, горилла ва шимпанзеларникидан фарқли ўлароқ, бошқа бармоқларга яқин жойлашган эди.

"Инсон бўлмаган маймунлар оёқ излари жуда бошқача кўринади; уларнинг оёғи тузилиши худди инсоннинг қўлига ўхшайди, бош бармоқ пастроқда жойлашган бўлади ва бир томонга чиқиб туради", дейди у Би-би-сига.

"Примат қариндошларимизга қиёслаганда, бизнинг оёқ бош бармоғимиз бошқа бармоқлар билан параллел жойлашган - улар бир томонга чиқиб турмайди."

Аммо охирги кашфиётга айрим палеонтологлар шубҳа билан қарамоқда.

Танқидчилар изларни ўрганишда қўлланган методларни савол остига олмоқда ва айримлари ҳатто уларнинг ҳақиқатда оёқ изи эканига ҳам шубҳа қилмоқда.

"Трахилос" излари

Сурат манбаси, Per Ahlberg

Сурат тагсўзи, Грециянинг Крит оролида бу изларни ким қолдирган?

Британиядаги Борнмут университетидан оёқ излари бўйича етакчи эксперт профессор Мэтью Беннетт Грециядаги изларни ўрганган гуруҳ таркибида бўлган, аммо у ҳам ўз баҳолашларида эҳтиёткор.

"Улар жуда ғалати фоссил излар, эҳтимол бирор икки оёқда юрувчи ҳайвондан, бирор тур маймундан қолган", дейди проф. Беннет Би-би-сига.

"Агар бу излар инсонга тегишли бўлса, бу энди бошқа масала бўлади."

Беннеттнинг иккиланиши сабабини тушуниш учун Европада ҳоминин фоссиллар топилмаганини эсга олишимиз керак.

Шунингдек, инсон эволюцияси хронологияси содда масала эмас.

Палеонтологларнинг ишонишича, катта маймунлар - органгутанлар, гориллалар, шимпанзелар ва одамлар миоцен даврида - тахминан 23 миллиондан 5 миллионгача йиллар оралиғида пайдо бўлган ва турланган.

Аммо одам бошқа маймунлардан айнан қачон ажралгани борасида олимлар орасида консенсус кучли эмас.

Олимлар Европада инсон бўлмаган катта маймунлар яшагани далилларини топишган ва улардан бири Критдаги изларни қолдирган бўлиши мумкин, деб изоҳлайди Робин Кромптон. У Британиядаги Ливерпул университетида биологик антрополия бўйича эксперт.

"Бу излар аниқ ҳоминин бўлиши ҳам мумкин ва бу жуда ҳаяжонли кашфиёт бўларди. Аммо жуда катта сўроқ белгиси борки, фақат келгусидаги тадқиқот ва кашфиётлар ечим бериши мумкин", дейди Кромптон Би-би-сига.

Бошқача айтганда, биз Европада кўпроқ суяк ва оёқ изларини топишимиз керак.

Трахилос излари қанчалик аҳамиятли?

Альбергнинг айтишича, бизнинг тур - Homo sapiens бундан 300000 йил илгари Африкада пайдо бўлганига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Унинг ҳозирги тадқиқоти эволюциямизнинг анча илгариги даврига тегишлидир.

Грекопитекнинг қуйи жағи

Сурат манбаси, University of Tubingen

Сурат тагсўзи, Боме ва тадқиқотчилар гуруҳи ҳозирда инсоннинг тик юрувчи илк аждоди деб ишониладиган Саҳелантропдан аввалроқ, Грекопитек деб аталган жонзот Болқонда бундан 7.18-7.25 млн йил аввал яшаганини даъво қилди

"Бу (Homo sapiens'нинг Африкада пайдо бўлгани) керагича далилланган", дейди у.

"Бу ердаги масала шуки, агар илгарироққа кетсак, бутун инсон эволюцияси Африкада пайдо бўлганми?"

"Эҳтимол ундай бўлмаган, бизнинг тадқиқотимиз кўрсатганидек, энг қадимий инсон аждодлари жанубий Европа ва шарқий Африкада яшаган", деб қўшимча қилади у.

"Африкадан чиқиш" гипотезасини шунчаки инкор қилиш ўрнига Альберг аждодларимиз Европага биз ўйлагандан кўра эртароқ тарқалгани эҳтимолини аниқлаштирмоқчи.

"Биз айтяпмизки, илк ҳомининлар тарқалган ареал одамлар ўйлаганларидан кўра анча кенг бўлган бўлиши мумкин."

Трахилос излари ҳақидаги илк мақола чиққан 2017 йилда Тюбинген университетидан палеонтолог Мадлин Боме ўз кашфиёти билан бош саҳифаларга чиқди.

У шимпанзе ва инсоннинг охирги муштарак аждоди Африкада эмас, Европада топилгани тўғрисида эълон қилди.

Боме ва тадқиқотчилар гуруҳи ҳозирда инсоннинг тик юрувчи илк аждоди деб ишониладиган Саҳелантропдан аввалроқ, Грекопитек деб аталган жонзот Болқонда бундан 7.18-7.25 млн йил аввал яшаганини даъво қилди.

Ҳозиргача Грекотропнинг қолдиғи битта тиш ва жағ суяги холос, кейингиси Критдан 250 км наридан, Грециядан топилган.

"Бизнинг тадқиқотимиз бундан беш миллион йил илгаридан кейинги инсон эволюциясини савол остига олмайди, балки ундан аввал нима бўлгани ҳақида хулоса беради", деб таъкидлайби Боме.

Скептицизм ва фан

Трахилос излари сабабли юзага келган баҳслар олимлар мавжуд гипотеза билан қандай ишлаши кераклиги борасида ҳам саволларни қалқитди.

Шимпанзе

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Инсон эволюцияси тарихида очилмаган сирлар ҳануз жуда кўп

Трахилос излари билан боғлиқ эҳтиёткорликларга қарамай, Робин Кромптон ҳамкасбларининг бу кашфиётни писанд қилмаётгани инсониятнинг келиб чиқишига доир тадқиқотларга фойдаси тегмайди дейди.

"Улар ўрганилиши керак, шунчаки ҳисобдан чиқариб қўйиш эмас. Олимлар янги ғояга очиқ бўлиши керак", дейди у.

Мадлен Боме инсониятнинг келиб чиқиши борасидаги назарияларда сейсмик ўзгаришлар бўляпти дейди.

Африка гипотезаси, масалан, то 1924 йили Жанубий Африкада 2.8 млн йил илгари яшагани Таунг бола номи билан аталган фоссил топилмагунча кенг қабул қилинмаган эди.

"Шунақа вақтлар бўлдики, инсоният Африкадан кўра Ер юзининг исталган бошқа чеккасида пайдо бўлган бўлиши мумкин деб ишониларди", дейди у.

"Скептикликсиз фан яхши фан эмас, аммо одамлар аргументларга очиқ бўлишлари керак. Ҳа, бизга кўпроқ тадқиқотлар ва кашфиётлар керак, аммо ҳамкасбларимизнинг бу топилмаларга беписанд қараши мутлақо бошқа масала."

Таунг боланинг чаноғи

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, 1924 йили Жанубий Африкада топилган 2.8 миллион йиллик фоссил одамзоднинг Африкада пайдо бўлганига оид назарияни янада мустаҳкамлади

Пер Альберг ҳамкасбларининг унинг жамоаси илгари сурган ғоя фавқулодда даъво экани ҳақидаги гапларидан ачиқланганини айтади.

"Одамлар "Африкадан чиқиш" ғоясига қаттиқ ёпишиб олган, шунинг учун уларга бизнинг ғоямиз фавқулодда бўлиб кўриняпти", дейди у.

"Шу маънода ҳозир палеонтологлар нима дейиши мени ҳавотирга солмайди. Биз далилни кўрсатдик ва ўз позициямизни билдирдик."

"Очиғи, одамларнинг ишонмаслиги билан курашиш унчалик қизиқ эмас", деб қўшимча қилади у.

Оёқ изи ўғрилари

Трахилос изларига фақат олимларнигина қизиқмаган экан.

2017 йили излар кашф қилингани ҳақидаги эълондан бир неча ҳафта ўтиб, изларнинг саккизтаси ўйиб олиб кетилган.

Маҳаллий мактаб ўқитувчиси кейинчалик грек полицияси томонидан қамоққа олинди, фоссиллар қайтиб олинди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek