Секс ва ёшлар: Эронда никоҳсиз туғилган болаларни нима кутади? Dunyo ayollar musulmonlar

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Сарбас Назарий
- Role, BBC News
"Мен туғилмаган боламиздан қутулишим керак эди. Бу ҳаётимдаги энг оғир қарор бўлди", дейди жуфти билан Теҳронда яшовчи 27 ёшли интерьер дизайнер Митра.
Митра ва 32 ёшли шифокор Муҳсин "оқ никоҳ" деб номланувчи келишувга кўра бирга яшайди - Эроннинг қаттиқ исломий қонунларига кўра, бу шаклда бирга яшаш никоҳдан олдинги жинсий алоқа каби эркак ва аёлнинг ноқонуний бирга яшаш шаклидир.
"Муҳсин ва мен муаммолар бўлишини олдиндан билардик, аввалига биз [бола кўришни] режалаштирмаган эдик", деб қўшимча қилади Митра.
Охир-оқибат, улар ўз фикрларини ўзгартирдилар ва туғилмаган фарзандларининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасини олиш учун қонуний лабиринтдан ўтишга умид қилишди. Ҳарчанд уринишмасин, уларни аборт қилдиришга мажбур қилишди.
Эрон Фуқаролик Кодексининг 1167-моддасида "зинодан туғилган бола зинокорга тегишли бўлмаслиги керак" дейилган, турмуш қурмаган ота-оналар эр-хотин сифатида васийлик ҳуқуқига эга эмас ва фақат она боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасида ўз исмини ёзишни талаб қилиши мумкин.
Расмийлар бундай шароитларда туғилган бола ҳақида маълумотни махфий сақлайди - бу маълумотлар келажакда боланинг муайян ишлар билан шуғулланишига тўсқинлик қилиши мумкин.
Оқ никоҳлар ҳақида расмий маълумот йўқ бўлса да, улар тобора кўпайиб бормоқда ва муросасиз режим ичидаги тиканга айланган.
Уларни камайтира олмаган амалдорлар энди биргаликда яшовчи жуфтларнинг фарзандларини нима қилиш кераклиги ҳақидаги бош қотирмоқда.
"Охир-оқибат, бу болалар мактабларга ўқишга киришдан олдин туғилганлик тўғрисида гувоҳномани олишлари керак бўлади", дейди Ёшлар ишлари вазири ўринбосари Муҳаммад Меҳди Тондгуян яқинда "Илна" ахборот агентлигига гапириб, муаммони ҳал қилмаслик оқибатлари ҳалокатли бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирар экан.
"Биз таслим бўлмаймиз"
Оқ никоҳда туғилган болалар масаласидан хабардор бўлишса да, Эрон элитасининг бир неча вакилларигина бу ҳақда очиқ гапирган.
Ислоҳотчи собиқ депутат Парване Салаҳшури ўтган йилнинг сентябрида никоҳсиз бирга яшовчи, ҳомиладор бўлиб қолган аёл учун аборт қилиш ягона йўл эканлиги ҳақида огоҳлантирган эди.
Аммо Салаҳшури хоним ўзининг "асоссиз даъволари" сабабли ўта консерватив "Фарс" ахборот агентлигининг қаттиқ танқидига учради.
Эрон ҳукумати таъкидлашича, иқтисодий муаммолар ва тўйдан олдинги мураккаб маросимлар бўйдоқ эронликларни анъанавий, диний маъқулланган никоҳлардан узоқлаштиради.
Ҳукумат ёшларга ҳаражатларни қоплаш учун фоизсиз кредитлар таклиф қилиб, бор кучини сарфлади.

Сурат манбаси, BORNA NEWS
"Бу шунчаки оғриқ босувчи восита", дейди ғарбий Ҳамадон шаҳридан 31 ёшли Шина.
"Ақл бовар қилмас даражадаги ижара нархлари ҳақида нима дейсиз?" дейди у сўнгги бир неча йил ичида нархи осмонга ўрлаган уй-жой бозорига ишора қилиб.
Шина жуфти Содиқ билан ўн йилдан бери бирга яшайди ва у бирга яшашни Ислом Республикасидаги ҳукуматга қарши исён рамзи деб билади.
"Биз бундай мажбурловчи келишувга (никоҳ) бўйсунмаймиз, - дейди у. - Қандай қилиб бир нечта ваъдаларни алмашишдан бош тортиш бизнинг муносабатимизни ноқонуний қилиб қўяди?"
Эроннинг анча фаол ижтимоий медиа платформаларида биргаликда яшаш анча оммалашганини яққол кўриш мумкин, бу эса бирга яшашдан уялиш ҳисси йўқолиб бораётгани белгисидир.
"Telegram"даги кўплаб каналлар бўйдоқ эронликлар учун ўз жуфтларини излаши мумкин бўлган жой бўлиб хизмат қилмоқда. Битта каналда 45000 дан ортиқ обуначи бор. Улар бу каналда ўзларининг шахсий маълумотларини ўз тенгиларини топиш илинжида баҳам кўради.
Шунга қарамай, Эроннинг муросасиз қатлами қаршилиги боис бундай виртуал гуруҳлар муаллақ туриб қолган.

Сурат манбаси, Getty Images
Бу йил мамлакат президенти сифатида ўта консерватив мулла Иброҳим Раиси сайланиши муросасизларнинг қудратини анча оширди.
Икки ҳафта олдин президент Эроннинг интернетни назорат қилувчи бош идорасига кибермаконни "соғлом ва хавфсиз" қилишни устувор мақсадга айлантиришга буйруқ берди. Бу эса келажакда назорат янада қаттиқлашишига ишора қилади.
"Умидларимиз ўлди"
Шина ва Содиқ учун жорий чекловлар қимматга тушди.
Шина 2016 йили ҳомиладор бўлганида улар ва фарзандлари дуч келадиган ҳуқуқий қийинчиликларни билиб, Германия визасини олиш учун мурожаат қилишган. Бироқ виза сўрови рад қилинди.
"Орзуларимиз ўлди ва аборт қилиш [ягона] танлов эди", деб эслайди Шина.
Эронда ҳомиладорлик аёлнинг ҳаётига хавф туғдирмаса ёки ҳомилада жиддий жисмоний нуқсон бўлмаса, аборт қилиш тақиқланади. Ушбу чекловлар туфайли, аборт таблеткалари бозорда мавжуд эмас ва кўплаб аёллар ҳомиладорликни ноқонуний равишда тўхтатишга мажбур бўлишади, бу эса хавфсиз бўлмаслиги мумкин.

Сурат манбаси, Getty Images
Хавфсизлик нуқтаи назаридан исми сир қолишини сўраган 36 ёшли, доялардан бири Теҳрон ғарбидаги хусусий клиникасида биргаликда яшовчи жуфтликлар учун учта ноқонуний аборт қилганини айтади.
Имконияти бор жуфтлар учун Эронни тарк этиш йўли бор.
Пари ва унинг жуфти Ёсин иккаласи ҳам 35 ёшда, бутун жамғармаларини Туркиянинг Истанбул шаҳрида квартира сотиб олишга сарфлаган, бу шаҳар ўз мамлакатларидаги иқтисодий инқироз ва бўғиқ ижтимоий ва сиёсий муҳитдан ҳафсаласи пир бўлган кўплаб эронликлар учун асосий манзилга айланган.
Олдинги ҳомиладорликдан сўнг аборт қилган Пари: "Мен биринчи марта тонгги токсикозни ҳис қилганимда, бу сафар нима бўлса ҳам болани сақлаб қолишга қарор қилдим", дейди.
"Ватанимизни тарк этиш ҳеч қачон осон бўлмаган. Аммо биз ўз севгимиздан туғилган болани тарбиялаб катта қиламиз ва бу асосий мақсад", дейди у ғурур билан.
"Бироқ мен фарзанд кўришни жуда хоҳлайдиган, аммо имконияти йўқ дўстларим ҳақида кўп ўйлайман."
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














