Келишилган никоҳ: ким қарши, ким тарафдор?

Шу кеча-кундузда Ҳиндистонда келишилган никоҳ мавзуси атрофидаги баҳс қизиган.
Бу баҳс Netflix тармоғида "Ҳинд совчилиги" шоуси намойиш этилганидан кейин бошланди.
Кўрсатувни танқид қилганлар кўп бўлди.
Айримларнинг фикрича, бу шоу Ҳиндистондаги келишилган никоҳдек ўткир муаммоларга бой мавзуни "рангдор, бежаб" кўрсатган.
Бошқа бировларнинг фикрича, кўрсатув табақаланишни ижобий тақдим этган.
Социал медиа тармоқларида мавзу муҳокама этиларкан, ҳаётдаги жуфти-ҳалолини топишга интилган аёллар ўз бошларидан кечганларини ҳам ҳикоя қилдилар.
Аммо келишилган никоҳ фақат Ҳиндистондагина учрамайди.
Дунёнинг кўп халқларида, хусусан, яҳудийларда ҳам совчилик ҳам мавжуд, бунинг ортида ота-онанинг ўз фарзанди учун истиқболли келажак барпо этиш истаги ётади.
Осиёдаги кўп халқларда келишилган никоҳ бугунги замонга мослашган ҳолда давом этаётганини кўриш мумкин.
Келишилган никоҳ асосида бахтли оила қурган ёшлар ҳам кам эмас.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Шундайлардан бири Комал Наранг.
У ўзларининг оилалари анъанадорлигини, оила қуришни эри ҳам, ўзи ҳам ота-оналарига қўйиб берганини айтади.
"Иккимиз ҳам очиқ ва эркинлик тарафдори эканимиз икковимизга ҳам маъқул бўлди. Ҳар биримиз ўзимизча қолдик ва бу муносабатимиздан бахтлимиз", дейди Комал.
Руҳшунос Анжҳула Мия Сингх Баис ушбу мавзуда дунёнинг кўплаб минтақаларида истиқомат қиладиган ёш аёллар билан муҳокама қилишини айтади.
Доктор Сингх Баис айтишича, оила қуришга мажбурлаш қизларнинг руҳий саломатлигига ҳам салбий таъсир кўрсатади, ўзларини ўзлари ёмон кўриб қолишларига ҳам сабаб бўлади.
"Мен Сингапур, Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш ва малайзиялик аёллар билан ҳар ҳафта гаплашаман. Суҳбатимизда ҳаммаси бир гапни айтади: "Мен ўзимни ёмон кўраман. Хунукман, шунинг учун тенгимни тополмайман". Улар ота-онасини яхши кўрадилар. Келишилган никоҳга рози бўлмаслик "ота-онам мендан воз кечади" деган фикрга етаклйди ва бу кўпроқ босим дегани. Бу ерда қиз учун молиявий мустақиллик масаласи ҳам бор - ота истагига қарши бориш пулсиз қолиш ва келажакда ота-она дастагидан маҳрум бўлишни ҳам англатиши мумкин. Келишилган никоҳ моҳиятига қарасангиз, у патриархал экани ва эркак устун қўйилганини кўрасиз", дейди руҳшунос.
Сиз келишилган никоҳ ҳақида қандай фикрдасиз?
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














