Эрга тегдингми, унинг уйида ўласан ёки ўғирланган келинлар ҳаёти Rossiya dunyo zo'ravonlik yangiliklar

Сурат манбаси, DAPTAR.RU
- Author, Амалия Затари
- Role, Би-би-си
Қозон шаҳридаги "Оналар уйи" инқироз марказидан яқинда Доғистондан келган, ўз хоҳишига қарши турмушга берилган икки қиз ўғирлаб кетилган. Улар душанба куни кечқурун марказга келишганди, лекин тушдан кейин қариндошлари уларнинг қаердалигини билиб қолгани маълум бўлди. Ўша куни кечқурун қизларни форма кийган одамлар инқироз марказидан олиб кетган. Татаристон Ички ишлар вазирлиги полиция ходимларининг бунга алоқаси йўқлигини айтмоқда.
21 ёшли Фотима ва Ойшат болалигидан дўст бўлган, дастлаб улар ота-оналари билан яшаган, кейин эса, ўзларининг сўзларига кўра, мажбуран турмушга берилиб, эрларининг уйига кўчган. Биринчи марта улар бир йил олдин, Доғистондаги аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган ҳуқуқбон Светлана Анохина билан боғланиб, ўзларини эвакуация қилишни сўрашган.
Эвакуация
"Мен бошида бу ишга аралашишни хоҳламагандим, қизлар ўзлари мустақил эмасликлари ишни жуда қийинлаштирадигандек туюлганди, улар аввал ота-онасининг уйида улғайган, кейин эрининг уйига кўчирилган. Менга уларни таниш муҳитидан чиқариб олиш, мустақил яшашлари, ишлашлари керак бўлган жойга жойлаштириш жуда қийиндек туюлди. Улар шунчаки вақтинчалик кайфият таъсирида қочишга қарор қилишган бўлса керак, бу шунчаки инжиқлик, деб ўйладим", дейди Анохина Би-би-сига.
Унинг сўзларига кўра, қизлардан бирининг телефони бўлмаган, фақат биттасиникидан фойдаланишган. Бундан ташқари, қизлар турли жойларда яшаганлар: Фотима - Хасавюртда ва Ойшат - тоғли Кикуни қишлоғида. "Ва унинг отаси жуда машҳур исломий воиз. Яъни, биз уларни қидиришларини билардик", деб қўшимча қилади Анохина.
"Уларни эвакуация қилишнинг мураккаблиги шундаки, қизларни бирга олиб чиқиш керак эди - агар бирининг йўқолганини пайқаб қолишса, иккинчисини дарҳол назоратга олишар эди", дейди ҳуқуқ ҳимоячиси вазиятни тушунтириб.
Аммо бир йил олдинги биринчи мурожаатдан сўнг, қизлар Анохинага яна тўрт марта, охирги марта сентябрь ойида мурожаат қилишган. "Тўртинчи мартасида мен таслим бўлдим. Чунки қизлар қочишни шунчалар истаётган экан, демак уларга ҳақиқатан ҳам ёрдам керак", дейди Анохина.
16 октябрь, шанба куни қизлар таксида Хасавюртдан Волгоградга кетишди. Уларга Шимолий Кавказда оилавий зўравонлик қурбонлари бўлган аёлларга ёрдам берадиган, Анохина томонидан асос солинган "Марем лойиҳаси"нинг бир кўнгиллиси ҳамроҳлик қилди. Волгоградда қизларни бошқа кўнгилли кутиб олди. Ҳуқуқ ҳимоячилари шаҳарда қизлар учун квартира ҳам ижарага олган ва улар ўша ерда тунаб қолишган.
"Икки йиллик никоҳ ва даҳшатда"
17 октябрь куни қизлар кўнгилли ҳамроҳлигида Қозонга жўнаб кетишди. 18 октябрь куни эрта тонгда улар оилавий зўравонликдан қочган ёки қийин ҳаётий вазиятга тушиб қолган болали оналарга бошпана берадиган Қозон инқироз марказига - "Оналар уйи"га келишди.
Қизлардан бирининг икки яшарли фарзанди ҳам бор эди, дейди Би-би-сига "Эзгу ишлар" жамғармаси раҳбари Алия Байназарова. "Эрталаб улар аризага имзо чекиш, шартнома ва индивидуал ривожланиш режасини имзолаш учун келишди. Биз болани болалар боғчасига жойлаштиришга ёрдам берамиз, поликлиникага бириктирамиз, иш билан таъминлаймиз, дедик. Келажакда оналар ўзларини боқишлари учун биз ҳозир тикувчилик цехини очяпмиз. Қизлардан бири болалигида тикувчилик қилган экан, бу таклиф унга ёқди", дейди Байназарова.
Қизлардан бири ўз аризасида (Би-би-сида бор - таҳр.) шундай деб ёзган: "Мени 17 ёшимда ўз хоҳишимга зид ўлароқ турмушга беришган. Мен бу ёшда ҳеч қачон оилавий ҳаётни хоҳламаганман. Ҳеч қандай жисмоний зўравонлик бўлмаган, аммо руҳан бошқа кўтаролмайман. Мен у билан бўла олмаслигимни ва уйга қайтишни исташимни айтганимда, улар менга: қаерга узатган бўлсак, ўша ерда ўласан, дедилар".

Сурат манбаси, EYEEM
Қизнинг маълумоти йўқ, чунки у "ҳеч қаерда ўқимаганман", дейилади аризада. "Менинг фикрим муҳим эмас - ота-онамда ҳам шундай бўлган, эрим билан ҳам шундай. Мен қизим учун бундай ҳаётни хоҳламайман", деб ёзади қиз.
"Мени 18 ёшимда турмушга беришди, икки йиллик никоҳ ва даҳшатда яшадим, менда бошқа илож йўқ эди, - деб ёзади унинг дугонаси. - Никоҳдан кейин на иш, на ўқиш бор эди. Эрим ҳар куни нимадандир норози, шунга ҳар куни жанжал. Менга камдан-кам ҳолларда ота-онам олдига боришга рухсат берар ва рухсат бермасликка ҳақи борлигини айтарди. Стресс ва доимий асабийлик туфайли болам тушди. Шундан сўнг мен кетиш яхшироқ деб ўйладим".
Анохинанинг сўзларига кўра, қизлардан бирининг эри ундан олти ёш катта; иккинчисининг эри ҳақида ҳеч нарса маълум эмас. "Бири кўкарган жойлари суратларини юборди, иккинчиси уни одам ўрнида кўрмасликларидан шикоят қилди", дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.
"Қизларнинг айтишича, уларда эркин ҳаракатланиш имкони йўқ, ўқишга рухсат йўқ, ишлашга рухсат йўқ, улар фақат эрларига хизмат қилган, истакларига қарши жинсий зўрланган. Улар оталарига ажрашмоқчиликларини айтишган, лекин қаерга узатган бўлсак, ўша ерда ўласан деган жавобни олишган", дейди Байназарова.
Ўғирлаш
Душанба оқшомида қизларнинг қариндошлари уларнинг қаердалигини билиб олишгани маълум бўлди. Анохинанинг сўзларига кўра, Доғистондан қизларни олиб кетган такси ҳайдовчиси унга қўнғироқ қилиб, унга Хасавюрт полицияси мурожаат қилгани ва машинани ким буюртма қилганини сўраганини айтган. Анохина унга қўнғироқ қилувчиларга ўз рақамини беришни айтди.
"Лекин мен "WhatsApp" рақамимни бердим, Туркия рақами", деб тушунтирди ҳуқуқ ҳимоячиси. Ўтган йили Анохина таҳдидлар туфайли вақтинча Туркияга кетишга мажбур бўлган эди. "Шунинг учун полиция қизларни Туркияда миясини айнитиб, кейин уларни Сурияга юборишади деб хулоса қилган", деб тахмин қилади у.
"Шундан сўнг, менга Хасавюрт РОВДдан қўнғироқ қилишди", деб давом этди Анохина. Мен унга айтдимки, қизлар йўқолмаган, балки ўз хоҳиш-иродаси билан уйдан чиқиб кетган, унга видео юбордим, у ерда қизлар уларни федерал қидирувга берилмаслигини сўрашганди, аризаларини юбордим."
Ҳуқуқ ҳимоячисининг сўзларига кўра, унга полиция, шунингдек, Ойшатнинг отаси бир неча марта қўнғироқ қилган. Суҳбат давомида ота ҳақиқатан ҳам қизига ажрашгани қўймагани ва хато қилганини тан олади. Ва у ажрашиш аллақачон расмийлаштирилганини айтди, дейди Анохина.
Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, полиция ходимлари Анохинанинг қизининг уйига келган: "Сурияга ёлланиш ҳақида қизим билан бўлган суҳбатда айтишган. Ота-оналар қизлари қочиб кетмаслиги учун шунақа гапларни айтишади. Сен Сурияга кетаяпсан деб уларни қўрқитиб, сени "Э" маркази қидиради дейишади.
Душанба куни кечқурун қизлар инқироз марказида ёлғиз бўлган. "Бизнинг инқироз марказимиз ҳозир тўлиқ ишламаяпти. 22:00 да администратор уларнинг олдига келиши керак эди, 19:00 да қизлар чиқмади, кейин СМС юборишди: улар бизни топдилар, полициячилар бизни олиб кетишди", деди Байназарова.
Унинг айтишича, бир неча соат ўтиб, қизлар инқироз маркази ходимларига видео юборган, улар камерада барча муаммоларни ҳал қилишганини ва энди ёрдамга муҳтож эмаслигини айтишган.
Қизлар тасвирга олинган квартирада кўп сонли эркаклар пойабзали кўриниб турганига Байназарова эътибор қаратди.

Сурат манбаси, Getty Images
"Ҳеч ким уларни ушлаб турмайди"
19 октябрь куни РБК нашри Фотиманинг отаси билан боғланди, унинг айтишича, иккала қиз ҳам Махачқалъадаги уйларида. Унинг сўзларига кўра, Анохина "қизларнинг бошини айлантириб, олиб кетган".
Эркакнинг сўзларига кўра, Қозонда қизлар алданганликларини тушунишган ва уйларига қайтишга қарор қилишган. Шунингдек, у полиция ходимларининг бунга алоқаси йўқлигини айтди.
"Уларнинг олдига ҳеч ким бормаган, улар таксига қўнғироқ қилиб, ўзлари кетишган. Улар алданганларини тушунишди", дейди у.
Фотиманинг отаси қизларни турмушга чиқишга мажбурламасликларини қўшимча қилди: "Агар улар эрлари билан бўлишни хоҳламасалар, уларни ҳеч ким ушлаб турмайди".
Аввалроқ, Татаристон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати, РБКга айтишича, қизларнинг ўғирланиши ҳақидаги хабарлардан сўнг полиция терговни бошлаганини билдирган. Вазирлик, шунингдек, "улар барча полиция бўлимлари текширилгани, аммо ҳеч ким бундай иш қилмагани"ни билдиришди. "Тўғри тушунинг, ҳар ким форма кийиши мумкин", дейилади изоҳда (кейинчалик РБК бу изоҳни ўчириб ташлаган).
Байназарованинг Би-би-си га айтишича, қизлар кимнинг жамғармаси билан шартнома тузган бўлса, 19 октябрь куни жамғарма ходимлари қизларни ўғирлаб кетишгани ҳақида полицияга шикоят келиб тушган: "Аммо оператив чоралар ўрнига, участка нозири ҳозиргина олдимизга келиб, тушунтириш хати олди. Бўлгани шу.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












