Олмос ва зумрадли бир жуфт ноёб кўзойнак сотилади. У Бобурийлардан қолган бўлиши мумкин - Ўзбекистон ва дунё Hindiston dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, SOTHEBY'S
Кўзойнакдаги олмос ва зумрадлар шоҳу шаҳзодаларнинг хазинасидан олингани тахмин қилинади. Улар миллионларга баҳоланмоқда.
Хабарларга кўра, қимматбаҳо бир жуфт кўзойнак шу ой охирида Лондонда сотилади. Кимошди савдосига қўйилади.
Sotheby кимошди савдо уйининг маълум қилишича, кўзойнакларнинг гардиши Бобурийлар даврида ясалган.
Линзалари эса, 1890 йилда ўрнатилган.
Кўзойнаклар ҳар бирининг дастлабки баҳоси $2-$3 миллион долларга баҳоланмоқда.
Сотилишидан аввал улар Гонгконг ва Лондонда кўргазмага қўйилган.
Sotheby дагиларга кўра, ҳам тошларининг сайқалланиши ва ҳам гардишининг ясалиши назарда тутилганда, бу кўзойнакларнинг "тенги йўқ".
Бу кўзойнакларни ким ясаттиргани маълум эмас.
Аммо уларнинг 16 ва 17-асрларда Ҳиндистонни бошқарган Бобурийларга тегишли экани тахмин этилаётир.
Айнан Бобурийлар сулоласи ўзининг санъат ва меъморчилик соҳаларида эришган ютуқлари билан жаҳонга танилган.

Сурат манбаси, SOTHEBY'S
Sotheby баёнотида айтилишича, ҳар икки кўзойнак ҳам олмос ва зумраддан ясалган.
Кимошди савдо уйидагилар айнан кўзойнакка ўрнатилган қимматбаҳо тошларнинг тозалиги ва катталиги уларнинг шоҳ хазинасидан эканига далолат қилишини айтишмоқда.
Маълум бўлишича, кўзойнакларнинг линзалари Ҳиндистон жанубидаги Голконда конларидан топилган битта табиий олмосдан ясалган.
Кўз ёши шаклида ясалиб, кўзойнакка ўрнатилган зумрадлар эса, Колумбияники экан.
Улар ҳам битта табиий зумрад тошини майдалаб, ишланган.
Sotheby вакилига кўра, "оддий линзаралар кўриш қобилиятини яхшиласа, қимматбаҳо тошдан ясалгани руҳни поклаши, ёвузликни ҳайдаши" ишонилган.
Кимошди уйи маълумотларига кўра, бунга ўхшаш ноёб кўзойнаклар ҳақида ҳатто Плинийнинг "Табиий тарих" китобида сўз борган.
Унда қадимги Рим императори Нероннинг гладиаторлар жангини қимматбаҳо яшил тош орқали кузатгани айтилган.
Бу энг қадимги кўзойнаклардан бири бўлгани ишонилади.
Нероннинг устози Сенека эса, нурнинг синиши, кўзгу ва оптика бўйича мутахассис бўлган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












