You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Қандай қилиб 11 сентябр ҳужумлари лойиҳачисини қўлимдан чиқариб қўйдим?
- Author, Гордон Корера ва Стив Свон
- Role, BBC News
20 йил аввал йўловчи самолётларини гаровга олиб, уларни АҚШнинг рамзи ҳисобланган обьектларига учириб бориб уриш режасини тузган одам ҳамон қамоқда судини кутиб ётибди. Уни ўша вақтда тўхтатиб қолиш мумкинмиди?
"У менинг одамим эди."
Фрэнк Пеллегрино телевизорда эгизак биноларга самолётлар бориб урилгани кадрларини кўрганида Малайзиядаги меҳмонхонада ўтирган эди. Унинг хаёлидан "Э Худо, бу Холид Шайх Муҳаммад бўлиши керак" деган ўй лип этиб ўтди.
Нишонлар ва амбициялар мос келганди, Пеллегрино эса буни биларди.
АҚШ Федерал Қидирув Бюроси(ФҚБ)нинг собиқ агенти Фрэнк Пеллегрино Муҳаммадни қарийб ўттиз йил таъқиб этган, аммо 11 сентябр ҳужумларининг ташкилотчиси ҳамон судланмаган.
Муҳаммаднинг адвокати Би-би-сига айтишича, ишни якунига етказиш учун яна 20 йил керак бўлиши мумкин.
"Ал Қоида"нинг ўша вақтдаги раҳбари Усома бин Лодин 11 сентябр ҳужумлари ортида турган шахсдир. Аммо ҳужумларни ўрганган комиссияга кўра, Муҳаммад ёки Холид Шайх Муҳаммад бош ҳарфлари асосида ҳужжатларда ХШМ деб келтирилган шахс ҳужумларнинг "бош лойиҳачиси" бўлган. Айнан у шу ғоя билан "Ал-Қоида"га мурожаат қилган.
Муҳаммад Қувайтда туғилган, 1980 йилларда Афғонистондаги урушда қатнашишдан аввал Америкада ўқиган. 11 сентябр ҳужумларидан бир неча йиллар олдин ФҚБ агенти Фрэнк Пеллегрино бу жиҳодчининг изига тушган эди.
Пеллегринога ФҚБ 1993 йили Жаҳон Савдо Марказига қилинган ҳужумни текширишни топширганди. Ана шу пайтда АҚШ расмийларининг назари Муҳаммадга тушади, чунки у ўша ҳужумда қатнашганлардан бирига пул ўтказган эди. ФҚБ агенти 1995 йили Муҳаммад Тинч океанда бир неча халқаро самолётларни портлатиш режасига алоқадорлигини билганида унинг амбициялари не чоғли катта эканини пайқаган. 1990 йиллар ўрталарида Пеллегрино бу одамни кузатиб, Қатарга боради.
У ва унинг жамоаси Уммонга бориб, ўша ердан Қатарга ўтиб, Муҳаммадни ҳибсга олмоқчи эди. Учоқ гумонланувчини олиб келишга тайёр эди. Аммо ўша ердаги АҚШ дипломатлари қаршилик қилди. Пеллегрино Қатарга бориб, у ерда элчихонада дипломатлар билан учрашади ва уларга Муҳаммад самолётларни портлатиш режасига аралашгани учун унга қарши айблов борлигини айтади. Аммо, унинг айтишича, дипломатлар бу мамлакатда муаммо чиқишидан хавотирда бўлганлар.
"Менимча, улар бу иш қайиқни чайқатиб юборади деб ўйлашган", деб хотирлайди Пеллегрино.
Ниҳоят элчи Пеллегринога Қатар расмийлари Муҳаммадни йўқотиб қўйганини даъво қилаётганлари хабарини беради. "Қўрқув, ғазаб ва ҳафсала совуши, - дейди у. - Ўшанда имконият бой берилганини билардик."
Аммо у 1990 йиллар ўрталарида Муҳаммад эътибордаги муҳим нишон бўлмаганини тан олади. Пеллегрино уни ҳатто Американинг қидирилаётган энг хавфли 10 одами рўйхатига ҳам қўштира олмаган. "Менга шундоғам террорчилар жуда кўп дейишди."
Муҳаммад афтидан америкаликлар қизиқиб қолганини сезган у, Қатардан жуфтакни ростлаган ва Афғонистонга борган.
Кейинги бир неча йил давомида ХШМ номи дунё бўйлаб ҳибсга олинган террорчиликда гумонланувчиларнинг телефон дафтарчаларида тез-тез учрайдиган бўлди ва бу унинг алоқалари қалинлигини кўрсатарди. Айни шу вақтда у Бин Лодин билан учрашиб, унга учувчиларни тайёрлаш ва самолёт ўғирлаб, уни АҚШдаги бинога олиб бориб уриш режасини айтади.
Сўнг 11 сентябр ҳужумлари рўй берди. Пеллегринонинг ХШМ бўйича шубҳалари "Ал-Қоида"нинг бу аъзоси қамоқда уни танигандаёқ тасдиқланди. "Ҳамма бу ишни Фрэнк қидирган одам қилганини тушунди, - деб эслайди Пеллегрино. - Бу ўша эканини билганимизда, мендан ҳам кўпроқ ғам чеккан одам йўқ эди."
2003 йили Холид Шайх Муҳаммаднинг кетига тушишди ва у Покистонда қўлга олинди. Пеллегрино у ўз қилмиши учун судланади деб умид қилганди. Аммо у ғойиб бўлди. Марказий разведка бошқармаси (МРБ) уни олиб кетиб, "қаттиқ тергов усуллари" қўлланадиган жойга яширди.
"У нималарни билишини мен билишни истайман, буни тезда билишим керак", деган эди МРБнинг бош расмийси.
Муҳаммад камида 183 марта сувга бўктирилган. Бунда одам ўзини чўкаётгандек ҳис қилади. Уни ректал регидрация қилишган, уйқудан қолдиришган, мажбурий яланғоч қолдирилган, болаларини ўлдириш билан қўрқитишган.
У бир неча режаларини айтиб берган. Аммо Сенат ҳисоботида разведка хизмати ундан олган маълумотлар тўқима экани айтилди.
МРБнинг тергов дастури ҳақида тафсилотлар ошкор бўлгач, Муҳаммад каби "юқори аҳамиятли маҳбуслар" 2006 йили Гуантанамога кўчирилди. Ниҳоят ФБР бу маҳбуслар билан гаплаша оладиган бўлди.
2007 йил январида Фрэнк Пеллегрино ўзи шунча вақт таъқиб қилган одам билан юзма-юз келди.
Улар бир столнинг икки тарафида ўтиришди.
"Мен унга 90 йиллардаги унга қарши айбловга алоқам борлигини айтмоқчи эдим", - дейди у. Мақсади 11 сентябр ҳужумлари бўйича кўпроқ маълумот чиқариб олиш эди.
ФҚБнинг собиқ ходими ўшанда у нималар гапиргани ҳақида барча тафсилотларни айтмади, аммо "хоҳ ишонинг, хоҳ йўқ, у жуда ҳазилкаш одам экан," деди.
ХШМ Гуантаномадаги тингловларда "виқор билан" турарди ва Пеллегринонинг тасвирлашича, дунёнинг энг машҳур террорда гумонланаётганларидан бири ҳамманинг эътиборидаги "Кардашиан"дек бўлган, аммо пушаймонлик асари йўқ эди унда.
У тан олмоқчими ёки суддан кўпроқ нарса чиқариб олмоқчими? "У ўз қилмишидан мамнун, унга ҳозир шунчаки томоша керак", дейди Пеллегрино.
Олти кунлик терговдан сўнг Муҳаммад ниҳоят бўлди етар деган. "Бари шу", деб эслайди Пеллегрино.
11 сентябр ҳодисалари учун уни судлашга кейинги уринишлар самара бермади. Нью-Йоркда судлаш уринишлари ҳам жамоатчилик ва сиёсий қаршиликлар боис амалга ошмади. "Ҳамма бу одамни томорқамда кўришни истамайман, Гуантанамода сақлангалар, деб бақирарди", дейди Пеллегрино. Унинг ўзи ҳам нью-йорклик.
Кейин Гуантанамода ҳарбий трибунал бўлди. Аммо процедуравий кечикишлар, Ковид пандемияси сабабли базанинг ёпилиши ишни яна чўзди. Бу ҳафта ҳам тингловлар бўлди, аммо ишнинг охири кўринмайди.
Муҳаммаднинг адвокати айтишича, охирги тингловлар ҳам 11 сентябр ҳужумларининг 20 йиллигида бир нималар бўлаётганини ОАВга кўрсатиш учун шу вақтга мўлжаллаб ўтказиляпти. Адвокат Дэвид Невиннинг Би-би-сиа айтишича, у жараённи якунлаш учун 20 йилликда тайинли иш қилинишини кутмоқда.
Жиноят ишида ҳимоячи бўлмиш юрист 2008 йилдан буён шу иш ичида. Аввал бошда судни дарров бошлаш режаланганди. Аммо бунга яқин ҳам келгани йўқ, дейди у, ҳозиргача қандай санашингизга қараб "саккиз ёки тўққизта судья тайинлангани"ни таъкидлар экан.
Судья аввалги суриштирувлар ёзилган 35000 саҳифа атрофидаги ҳужжатлар билан танишиб чиқиши керак. Невин бу ишни "АҚШ тарихидаги энг катта жиноят иши тергови" деб таърифлайди.
Ва бу иш энг баҳслиси.
Чунки беш айбланувчи МРБнинг қаттиқ тергов усуллларидан ўтган. Ва бу ҳолат далилларни заифлаштиради.
АҚШ "бу одамларни қийноққа солиш учун аниқ дастурни ишлаб чиқиб, ижро этган", дейди Невин. Бу усуллар ўн йиллар давомида қўйилган айбловларга қарши апелляция бериш имкониятини кенгайтиради.
Невин дунёнинг энг машҳур айбланувчиларидан бирининг адвокати бўлишдан нимани ҳис қилаётганини айтмоқчи эмас. Унинг айтишича, унинг мижози аввалига ўзини америкалик одам ҳимоя қилишига нисбатан "чуқур шубҳа" билан қараган. Шунинг учун улар бир-бирларини билиб олишлари учун вақт керак бўлган.
Муҳаммадни базадаги энг махфий жойда сақлашган вақтда адвокатларни ойнаси ёпиқ фургонда олиб боришган ва уларни чалғитиш учун нақ 45 дақиқа машинани айлантириб юришган. Аммо ҳозир унинг мижози махфийлиги камроқ бўлган 5 лагерда сақланади.
Ҳуқуқшунослар гуруҳи 11 сентябр ҳужумлари қурбонларининг туйғуларига тегиб қўймаслик учун ниҳоятда эҳтиёт бўлишади. Айрим оилаларнинг вакиллари Невин каби ҳуқуқшунослар уни ҳимоя қилишини савол остига олса, бошқалари жараён қандай кетаётганини сўрайди.
"Биз уларнинг йилларча чеккан азоб уқубатларини оғирлаштирмаслик учун имкон қадар ҳаракат қиляпмиз", дейди Невин.
Трибуналнинг бундай ортга сурилаётгани сабаби ишнинг ўлим жазоси билан боғлиқлиги, бу эса эҳтиёткорликни оширади, деб ишонади у. "Агар ҳукумат бу одамларни қатл қилишни истамаганида, иш аллақачон тугаган бўларди."
Пеллегрино Муҳаммаднинг Гуантанамодаги ҳарбий трибунали тугалланиши умидида ФҚБдан нафақага чиқишини уч йилга кечиктирди. "Кўкрагингда нишонинг билан бу жараёнларни кузатиб туриш жуда ёқимли", дейди у.
Аммо ветеран махсус агент нафақа ёшига етди ва яқинда бюрони тарк этди.
Муҳаммадни таъқиб қилиб, дунё кезгач, у ҳозир муваффақиятсизлик туйғусидан азият чекмоқда. 1990 йилларда уни қўлга туширганида 11 сентябр ҳужумларининг олди олинган бўлармиди?!
"Унинг исми ҳар куни хаёлимга келади ва бу унчалик ёқимли эмас", дейди у.
"Вақт малҳам бўлади. Аммо бўлар иш бўлган."
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek