Афғонистон: Толибон ҳамон ололмаган сўнгги минтақа - Панжшер қандай водий? Video Afg'oniston dunyo yangiliklar (видео)

    • Author, Люсия Бласко
    • Role, BBC News Mundo
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Тоғлар ва тепаликлар билан ўралган Панжшерни унинг ҳимоячилари ва Толибонга қаршиликни давом эттираётганлар "озодликнинг сўнгги макони", деб таърифлашади.

Афғонистон пойтахти Кобулдан 150 километр шимолий-шарқдаги ҳудуд Толибон бошқарувига қаршилик ҳаракатининг марказига айланган.

Бу тизма тоғлар водийси ўтган 40 йил давомида турли босқинчи кучлардан ўзини ҳимоя қилиб келган.

Панжшер водийси 1980-йиллардаги (1979-1989) Совет босқинига қаршилик қилиб, улар ва иттифоқчиси афғон ҳукумати кучлари ҳужумларини муваффақиятли тўхтата олган.

Бу ҳудуд, шунингдек, 1990-йилларда (1996-2001) Толибонга қарши туриб, исломчи гуруҳга қарши муҳим мустаҳкам истеҳкомлардан бирига айланган.

"Охирги 20 йилда бу водий Афғонистондаги энг хавфсиз вилоятлардан бири эди", дейди Би-би-си Афғон хизмати журналисти Марям Омон.

Афғонистон: Панжшерда Толибонга қарши уришиш учун минглаб одамлар йиғилмоқдами?

Бугун эса, Панжшер Афғонистоннинг 34 та вилояти орасида Толибонга бўйин эгмаган ягона ҳудуддир.

Исломчилар уни эгаллаш учун ўз кучларини сафарбар қилганини айтмоқда.

"Биз иккинчи марта ҳам Толибонга қарши туришга тайёрмиз", деди шу ҳафта Панжшер Иқтисодиёт департаменти раҳбари Абдул Раҳмон.

Ундан сўнг ўтган ҳафта толиблар қувиб солган президент Ашраф Ғани ҳукуматидаги биринчи вице-президент Амруллоҳ Солиҳ ҳам баёнот берди.

У сешанба куни, президент Ашраф Ғани қочиб кетгач, ўзини "Афғонистоннинг қонуний муваққат президенти", деб эълон қилди.

Солиҳ Афғонистон махфий хизматларининг собиқ раҳбари бўлиб, у афғон халқини панжшерликларга қўшилишга чорлади ва водийликларни бутун мамлакат учун намуна қилиб кўрсатди.

"Мен Толибон билан бир том остида ҳеч қачон бўлмайман, ҲЕЧ ҚАЧОН", деб ёзди у "Twitter"да.

"Толибонга қарши айтилган бу пайғом аксар афғонларни қизиқтиради", дейди Марям.

Солиҳ Панжшерда Аҳмад Масъуд билан бирга экани ишонилади. Аҳмаднинг отаси афсонавий "Панжшер шери" бўлиб, 1990-йилларда Шимолий Альянс етакчиси сифатида Толибонга қарши курашган.

Масъуд водийдаги аксил-Толибон коалиция асосчисидир. Бу коалиция ўзини Афғонистон Миллий Қаршилик Фронти деб атайди (МҚФ).

Ўтган ҳафта Масъуд "Washington Post"га гапириб, Панжшерни "Афғонистоннинг сўнгги озодлик макони сифатида ҳимоя қилишга" ваъда берди ва Ғарб давлатларини "озодлик йўлида ёрдам" беришга чақирди.

Панжшер ва унинг мудофаа кучлари ҳақида нималар маълум?

Табиий истеҳком

МҚФнинг хорижий алоқалар бўйича раҳбари Али Назарийнинг Би-би-сига айтишича, гарчи қаршилик ҳаракати тинчлик ва номарказлашган ҳукумат тузиш тарафдори бўлса ҳам, улар Панжшерни минглаб жангчилар ёрдамида ҳимоя қилади.

Али Назарийга кўра, водийда тайёргарликдан ўтган маҳаллий кучлардан ташқари, уларга собиқ афғон ҳарбийлари ва бутун мамлакатдан аксил-Толибон кучлар келиб қўшилган.

Жойлашув тўқнашувларда мудофаачиларнинг устунлигини таъминлайди.

Панжшернинг баланд қоялари ва тепаликлари ҳудудни улкан қалъага айлантирган. У ерга тоғлар орасидаги тор йўлакдан кириб борилади.

Панжшер дарёси кесиб ўтган водий Афғонистон ва шимоли-ғарбий Покистон ўртасидаги Ҳиндукуш тоғига жуда яқин жойлашган.

Бу водий македониялик Александр, Амир Темур ва Марказий Осиёнинг кўчманчи босқинчилари учун муҳим ўтиш йўлаги бўлган.

Ҳудудда зумрад конлари, гидроэлектр тўғонлари ва шамол станциялари каби муҳим ресурслар бор. АҚШ бу ерда йўллар ва пойтахтдан сигнал қабул қиладиган радиотўлқин қабул қилиш минораси қурилишига ёрдам берган.

Шунга қарамай, иқтисодий жиҳатдан, бу ер мамлакатнинг энг муҳим ҳудудларидан бири эмас.

"Бу ер партизанлик уруши учун жуда боп жой бўлиб, аммо стратегик жиҳатдан аҳамиятли эмас", дейди журналист Хорун Шафиқий Би-би-си Жаҳон хизматига.

"У бирорта ҳам муҳим портга яқин эмас, бирорта саноат йўқ, мамлакат Ялпи Ички Маҳсулотига ҳисса қўшмайди."

Водийда 150-200 минг нафарча аҳоли яшайди, уларнинг деярли барчаси форсий ва келиб чиқиши тожиклар.

Тожиклар Афғонистоннинг 38 миллионлик аҳолисининг қарийб чорак қисмини ташкил қилади.

Водий аҳолиси тарихан аксил-Толибон кайфиятдадир.

"Қаршилик рамзи"

Панжшер қаршилик ҳаракатининг муҳим аксил-Толибон сиймоси Аҳмад Шоҳ Масъуд бўлиб, у 2001 йил 11 сентябрь воқеасидан икки кун олдин "ал-Қоида" худкуш ҳужумчиси томонидан ўлдирилган.

Машҳур мужоҳид етакчиларидан бири ва 1980-йилларда вилоятга автономия берилишини талаб қилиб, Советларга қарши курашга бошчилик қилган.

"Панжшер шери" (панжшер - беш шер) лақаби билан машҳур бўлган Аҳмад Шоҳ Масъуднинг суратини Афғонистон пойтахтидаги йирик монументлардан тортиб, билбордларгача, дўконлар ойналарида ва бутун Панжшер вилоятида учратиш мумкин.

"Панжшер Афғон-Совет урушида (1980-йиллар) Аҳмад Шоҳ Масъуднинг қароргоҳи бўлган", дейди Марям.

Унинг айтишича, бу водий 1990-йилларда ва то 2001 йилгача мужоҳид гуруҳлари ўртасидаги ва Толибон билан бўлган урушда муҳим роль ўйнаган.

"Масъуднинг 2001 йилдаги ўлимидан бери ҳудуд Толибонга қаршилик ҳаракатини давом эттирди", дейди у.

Аҳмад Шоҳ масъуд кўплаб афғонлар учун мўътабар шахс ҳисобланади.

Президент Ҳомид Карзай уни миллий қаҳрамон, деб эълон қилган ва 2012 йилдан бери ҳар йили 9 сентябрь Шаҳидлар ва Аҳмад Шоҳ Масъуд куни сифатида нишонланади.

Вице-президент Амруллоҳ Солиҳ унга ўзининг садоқатини шундай ифодалайди:

"Мен ҳеч қачон қаҳрамоним, қўмондон, афсона ва раҳнамо Аҳмад Шоҳ Масъуд руҳи ва меросига ҳиёнат қилмайман, - деб ёзди у яқинда "Twitter"да. - Мен ҳеч қачон ва ҳеч бир шароитда Толибон террорчиларига итоат қилмайман."

Асли панжшерлик, келиб чиқиши тожик бўлган Солиҳнинг ўзи ҳам 1990-йилларда Шимолий Альянс аъзоси бўлган.

Мужоҳидлар етакчисини уруш жиноятларида айблайдиганлар ҳам бор.

"Human Rights Watch"нинг 2005 йилги суриштирувига кўра, Аҳмад Шоҳ Масъуднинг Афғонистондаги урушда унинг жангчилари йўл қўйган "суиистеъмолларга алоқаси бор".

"Шу кун келишини билардик"

Ҳозир водийдаги қаршилик ҳаракатини бошқараётган киши унинг ўғли, 32 ёшли Аҳмад Масъуддир.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган айрим суратларда Солиҳ 16 август куни Масъуд билан суратга тушгани тасвирланган бўлиб, бу улар ўртасида иттифоқ борлигини кўрсатади.

Пайшанба куни "Washington Post"да эълон қилинган мулоҳазасида Масъуд унинг жангчиларига афғон армияси ва махсус кучлари аъзолари кўмак беришини айтди.

"Бизда отам давридан бери қурол-аслаҳа жамлаб келдик, чунки биз шу кун келишини билардик", дея қўшимча қилади у.

Аммо у яна ёрдам ҳам сўраган.

"Толибонга қарши мужоҳидлар қаршилиги энди бошланди, аммо бизга ёрдам керак", деб ёзди Масъуд.

"Агар Толибон ҳужум бошласа, улар шубҳасиз бизнинг қаттиқ қаршилигимизга учрайди... Аммо биз ҳарбий кучларимиз ва логистикамиз етарли эмаслигини ҳам биламиз.

Агар Ғарбдаги дўстларимиз кечиктирмай бизга ёрдам бермаса, улар тугаб қолиши мумкин, дейди кичик Масъуд.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek