Саудия Арабистони: Умра, Макка ва Мадинага келишингиз мумкин O'zbekiston, koronavirus, musulmonlar

Сурат манбаси, Reuters
Эмланган мусулмонлар энди Умра зиёратини адо эта олишади. Саудия Арабистони талаб қилган Oxford-AstraZeneca ва Moderna билан ҳозир Ўзбекистонда ҳам эмлашмоқда. Ўзбекистон Марказий Осиёнинг энг йирик мусулмон давлати бўлади.
Глобал коронавирус пандемиясига қадар Умра зиёратини минглаб ўзбекистонликлар ҳам адо этиб келишган.
Саудия Арабистони эса, энди Умра зиёрати доирасида Маккаи Мукаррама ва Мадинаи Мунаввара эшикларини ҳам очмоқчи.
Саудиялик масъуллар шу ҳафта душанба куни бошлаб мурожаатларни қабул қилишни бошлашган.
Пандемия боис, Саудия Арабистони 18 ойча бурун ўз чегараларини ёпган.
Фақат шу йил 1 августдан бошлабгина эмланган чет элликларнинг подшоҳликка киришларига изн берилган.
Аммо шунда ҳам улар бу йилги Ҳаж зиёратини ҳам адо эта олишмаган.
Бундай имкониятга фақат подшоҳликда яшовчи 60 мингга яқин мусулмонгина эга бўлишган.
Умра ва Ҳаж зиёрати

Сурат манбаси, Getty Images
Умрида камида бир марта Ҳаж зиёратини адо этиш - бунга қодир бўлган мўмин-мусулмон киши учун фарз саналади.
Ҳаж зиёрати йилнинг маълум бир вақтида бўлиб ўтади.
Дейлик, 2022 йилда Ҳаж 7 июлда бошланиб, 12 июлгача давом этиши кутилади.
Умра Макка ва Мадина зиёратини ҳам ўз ичига олади.
Аммо Умра зиёратини йилнинг исталган вақтида амалга оширса бўлади.
Пандемияга қадар Умра зиёратини миллионлаб мусулмонлар адо этиб келишган.
Саудия Арабистони Умра зиёратини босқичма-босқич тўлиқ йўлга қўймоқчи.
Аввалига ҳар ой 60000 мусулмонга бунинг учун изн бермоқчи.
Кейинчалик уларнинг сонини 2 миллионгача етказмоқчи.
Подшоҳликда ҳозирча фақат тўртта вакцина тан олинади.
Улар Pfizer/BioNTech, Oxford-AstraZeneca, Moderna ва Johnson & Johnson вакциналаридир.
Хорижликлар Саудия Арабистонига киришдан аввал, агар лозим бўлса, карантинда ўтиришга ҳам рози бўлишлари керак бўлади.
Подшоҳликда коронавирусга чалинганлар сони ҳозирга келиб жами ярим миллион кишидан ортган.
8 мингдан ортиқ ўлим ҳолати қайд қилинган.
Саудия Арабистони коронавирусдан ўлган тиббиёт ходимлари оилаларига товон пули тўлашни ҳам бошлаган.
Ўтган йили уларнинг ҳар бири 500000 риёл( $133,000)дан олишлари айтилган.
Ўзбекистон, минтақа ва коронавирус

Сурат манбаси, Muslim.uz
Ўзбекистон эса, минтақанинг энг йирик мусулмон давлати бўлади.
Аҳолисининг сони расман 35 миллионга яқин, деб кўрилади.
Марказий Осиёдан Ҳажга энг кўп зиёратчи айнан Ўзбекистондан боради.
Саудия Арабистонида 2017 йилда Ўзбекистонга бераётган квоталарини қарийб 40 фоизга оширган.
Бу билан ҳар йили Ҳаж зиёратига бораётган ўзбекистонликлар сони расман 7 минг кишидан ортган.
Ўзбекистондан ҳам ҳар йили минглаб зиёратчилар Умра зиёратини адо этиб келишган.
Орада мамлакатда коронавирус ва ундан ўлим ҳолати Умра зиёратидан қайтиб келганлар орасида ҳам қайд этилган.
Қирғизистондан ҳам Умра зиёратидан қайтганлар карантин остига олингани, илк коронавирус ҳоллари айнан зиёратчиларда аниқланганига оид хабарлар олинган.
Улар зиёратдан қайтгач, уюштирган зиёфатлари билан коронавирус манбаси бўлишда масъуллар томонидан танқидларга ҳам тутилишган.

Сурат манбаси, official
9 август ҳолатига кўра, Ўзбекистонда жами коронавирус ҳоллари 138 мингдан ортган.
Пневмонияга чалинганларнинг умумий ҳисоби эса, 15400 тага яқинлашган.
Бу - минтақа давлатлари орасидан Қозоғистон ва Қирғизистондан кейин учинчи йирик кўрсаткич бўлади.
Мустақил экспертлар ва маҳаллий кузатувчилар ҳақиқий рақамлар расмийсидан кўп бўлиши эҳтимолини назардан соқит этишмайди.
Умра зиёрати билан боғлиқ сўнгги янгилик минтақада коронавирус билан боғлиқ вазият жиддий ёмонлашаётган, аммо аҳолини коронавирусга қарши оммавий эмлаш ишлари давом этаётган бир пайтга тўғри келган.
Ўзбекистонда жами эмланганлар сони ҳозирга келиб расман 1 миллион 360 минг кишидан ошгани айтилади.
Сўнгги янгиликка ҳозирча Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг муносабати кўзга ташланмайди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














