Автомат ва бассейндаги кўнгилхушлик: ИШИДчининг телефонидан нима чиқди? O‘zbekiston Afg‘oniston dunyo yangiliklar

Сурияга кетган британиялик йигитлардан бири

Сурат манбаси, BBC/MENTORN MEDIA

    • Author, Мубин Азҳар
    • Role, Sunday Times

Журналист Мобин Азҳар Сурияга урушга кетган уч британиялик йигитнинг смартфони орқали уларнинг ижтимоий тармоқлардаги аккаунтига кирди. У бу одамларнинг ИШИД гуруҳига қўшилишига нима сабаб бўлганини ўрганаётган эди.

Тахминан 900 одам Британиядан ИШИД ва у каби гуруҳларга қўшилиш учун кетган.

Ўзини ИШИД, деб атовчи гуруҳ 14 000 атрофидаги одамни ўлдиргани айтилади.

Бугун эса ИШИДнинг кўплаб британ жангарилари дараксиз кетган.

ИШИДнинг Суриядаги урушидан сўнг, Sunday Times га ишловчи суриялик ҳамкор смартфондан олинган файллар бўлган хард дискни қўлга киритди.

Журналист Мубин Азҳар

Сурат манбаси, BBC/MENTORN MEDIA

Сурат тагсўзи, Журналист Мубин Азҳар

Би-би-сининг янги ҳужжатли фильмида кўриш мумкин бўлган кадрлар, видеотасвирлар ва скриншотлар ўз уйини ташлаб, ўзга юртга уруш учун кетган британиялик йигитлар ҳаётини кўрсатади.

Оммага кўрсатиш учун мўлжалланмаган бу тасвирлар ИШИДнинг британ аъзоси бўлиш қандайлигини очиқча намойиш қилади.

"Улар ҳозирги авлодга бутун видео ўйинлару оммабоб триллерлар орқали гапирган"

Чукри Эллехлифи Лондоннинг Эдгвер Роуд туманида ўсган ва ИШИДга қўшилмасидан олдин шафқатсиз жиноятга аралашиб қолган. 22 ёшида ҳаёти Сурияда поёнига етди.

Смартфондаги тасвирлардан Чукрининг Сурия шимолидаги ҳаёти, ёшлик шўхликлари, бассейнга сальто отишларини кўриш мумкин.

Тасвирни кўриб, бирор йигитнинг Магалуфдаги ҳордиқ они дейиш мумкин эди, аммо бу ерда Чукри бассейндаги кўнгилхушликни тўхтатиб, автомат билан суратга тушади.

Кейинроқ Чукри қафасдаги тасқара қуш олдида туриб, Дэвид Аттенборога тақлид қилиб, қуш ҳақида гапиргани видеотасвири олинган.

У ҳали дунё кўрмаган жуда содда ва қизиқувчан йигитдек кўринади.

Кейинроқ у қуролдан отиш машғулотларида қатнашади, майдонга граната улоқтиради. Ёнидагилар унга қараб "афсонавий", деганда юзи ёришиб кетади.

ИШИДнинг онлайн пропаганда видеолари жуда оҳанжамали, худди кинофильмга ўхшайди.

ИШИДнинг 1500дан зиёд тарғибот видеоларини ўрганган мутахассис Хавьер Лесакининг айтишича, улар ҳатто оммавий маданият, дейлик, Мортал Комбат каби видео ўйинлар, "Арра" фильм франшизасига тақлид ҳам қилишган.

"Улар ҳозирги авлодга бутун видео ўйинлару оммабоб триллерлар орқали гапирган", дейди Хавьер.

Аммо бу смартфон материали ўзини халифалик деб атайдиган гуруҳдаги ҳаётнинг бошқача маназарасини кўрсатади.

"Бу одамлар акс садо камерасига тушиб қолган"

Сурияга кетган британиялик йигитлардан бири

Сурат манбаси, BBC/MENTORN MEDIA

Меҳди Ҳасан смартфондаги скриншотларда кўзга ташланадиган бошқа бир британ йигит.

Аммо, Чукридан фарқли, у ИШИДга қўшилишдан олдин жиноятга аралашиб қолмаган.

Меҳди Портсмутдаги ҳаётини Суриядаги бевақт ўлимга алмаштирган. Бўлган воқеадан куйиб кул бўлган онаси Меҳди "меҳнаткаш, ўртаҳол оиланинг бир қисми" бўлганини айтади. Меҳди имтиҳонларда аъло баҳо олганидан бир йил ўтиб, онаси ундаги ўзгаришларни пайқайди.

Меҳди Католик хусусий мактабда ўқиган, яхши натижаларга эришган ва фақат аъло баҳо истаган.

Онасининг айтишича, у имтиҳонларни аълога топширгач, Меҳдининг дунёқараши ўзгара бошлаган.

Буни Меҳдининг ижтимоий тармоқлардаги фаолиятидан ҳам кўриш мумкин. Аввалига унинг постлари бошқаларникидан фарқ қилмаган: майкасиз тушган сельфилар, коалани яхши кўриши ва ҳк.

У экстремист мафкурадан жаҳли чиқарди: "Мен британиялик мусулмонман ва бу каби ахлатларга қаршиман."

Кейинроқ ҳатто Лондон метросида одамлар ўзига гўё "уларни портлатиб юборади ё шунга ўхшаш иш қилади", дегандек қараганидан хафа бўлиб ҳам ёзади.

Аммо у ошкора диндорлаша бошлайди, ўзининг аввалги "гуноҳ ҳаёти" ҳақида ёзади.

Бир неча ҳафта ўтиб, у ўз обуначиларига Қуръон курслари, халқаро сиёсат ҳақидаги фикрларини гапира бошлайди, афтидан, у ўз имижини шакллантиришга ҳаракат қила бошлаган. У исмини Меҳди Ҳасандан Абу Дужанага ўзгартиради, келиб чиқиши бангладешлик британ йигит бўлса ҳам, анъанавий араб кийимида суратга тушади.

Яна бир неча ой ўтиб, у Сурияга йўл олганида аэропортдаги кузатув камераларига тушади.

Иллюстратив тасвир

Сурат манбаси, BBC/MENTORN MEDIA

У Сурияда туриб, пост қўйишни давом эттиради, ўзига эргашганларга маслаҳатлар беради. Натижада, у гуруҳга одам ёлловчига айланади.

Шафқатсиз экстремистларнинг миясини ўрганган нейролог доктор Нафис Ҳамиднинг ишонишича, тенгқурларнинг бирор фикрингизни танқид қилиши радикаллашув олдини олишда муҳимдир.

"Бу одамлар акс садо камерасига тушиб қолган, - дейди у. - Ва улар ана шу камера ичидагина ахборот олади. Экстремист гуруҳлар қиладиган иш сизни бошқалардан узиб қўйиш. Агар сиз эски дўстларингиз, оила аъзоларингиз билан гаплашсангиз, уларга нисбатан туйғунгиз сақланади, бу эса сизни ўзгартиришини экстремистлар билади."

Суриядаги вақти давомида Меҳди Портсмутдаги яқинлари билан алоқани сақлаган.

Сурияга келганидан олти ой ўтиб, у кимдир Университет ва Коллежларга Қабул Хизматига (UCAS) мурожаат қилиш паролини биладими, деб пост қўяди. Бу университетга кириш учун керак эди. Бундан унинг ИШИД билан ўтказган вақти поёнига етаётгани ҳақида тахминлар кўпаяди.

Меҳдининг исми айтилишини истамаган болалик дўстининг изоҳлашича, "У адвокат таниши борларни қидираётганди. У бир гал Facebook орқали ёзиб, севишини айтди. Унга қандай жавоб қайтаришни билмадим. Мен ҳам уни севишимни билишини истардим."

Меҳди уйига қайтмади. У Суриянинг Туркия чегарасига яқин жойида ўлди. Бу жой у ИШИД сафидан кетишга тайёрланаётган бўлганини кўрсатади.

Смартфонда тасвирлари бўлганларнинг барчаси ўлган, деб ишонилади. Уларга ўхшаган яна кўплаб одамлар дараксиз кетган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek