Афғонистон шимолида Толибоннинг борлиги Россия, Ўзбекистон, Марказий Осиё учун яхшими? Афғонистон ва Толибон O‘zbekiston Afg‘oniston dunyo yangiliklar

Толибон жангариси

Сурат манбаси, AFP/GETTY

Россия президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили бугунги Толибон факторига ўзининг баҳосини берди. Толибон сўнгги юришларини айнан Афғонистон шимолидан бошлаган. Шимолни деярли тўлиғича қўлга киритган.

Замир Кабуловнинг баён қилишича, толибларнинг Афғонистон шимолида эканлиги Россия ва Марказий Осиёнинг хавфсизлиги учун яхши.

Унга кўра, толиблар минтақадаги бошқа экстремистик гуруҳларни жиловлаб туришади.

Ўзбекистон Афғонистон билан биргина шимолий Балх вилояти орқали чегарадош.

Толибон сўнгги ҳафталарда бу вилоятнинг ҳам Ўзбекистонга бевосита чегарадошлари дохил деряли барча туманини босиб олган ва ҳануз ўз назорати остида тутиб турибди.

Ўтган ой вилоят маркази Мозори Шарифни ҳам олишга уриниб кўрган.

Аммо афғон хавфсизлик кучлари маҳаллий қуроллилар билан бирга уларни шаҳар дарвозасига етмаслариданоқ ортга қайтаришга муваффақ бўлишган.

Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқидаги кескинлашаётган вазият аксарият Марказий Осиё давлатларининг бирдек хавотирларига сабаб воқеълик экани кўрилади.

Россия президенти Афғонистон бўйича махсус вакилининг бу сўзлари айрим етакчи Ғарб ахборот агентликларининг эътиборини ҳам ўзига тортган.

Худди шу манзарада Россиянинг келаси ой Тожикистон ва Ўзбекистон билан чегара яқинида қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказиши ҳам маълум бўлган.

Россиянинг ўзида Толибон ИШИД каби "террорчи ташкилот", деб эълон қилинган, фаолияти расман тақиқланган.

"Валдай"даги мунозара

Замир Кабулов

Сурат манбаси, RIA NOVOSTI

Хабарларга кўра, Россия президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили бу ҳақда "Валдай" мунозаралар клубида қилган чиқишида баён қилган.

"Толиблар туманлар назоратини қўлга олишаётганининг ўзи ижобий таъсирга эга. Нега? Чунки бу гуруҳларнинг аксарияти ўз эътиборларини Афғонистоннинг ички ишларига эмас, Марказий Осиё, Покистон ёки Эронга қаратишган", - деб айтган Замир Кабулов.

Махсус вакилга кўра, "улар шимолда Афғонистон чегараси бўйлаб тўпланишган" ҳам.

Замир Кабуловнинг сўзларидан хулоса қилинса, бу туманларни босиб олаётган толиблар афғон ҳукумати ва хорижий иттифоқ қўшинларидан фарқли тарзда улар билан уришишади ва яксон этишади.

Марказий Осиёдаги ҳамкорлари иттифоқчилари хавфсизлиги назарда тутилганда, ҳеч бўлмаганда худди шу маънида ижобий воқеълик сифатида намоён бўлишади.

Россия президенти Афғонистон бўйича махсус вакилининг сўзларидан бу иқтибосларни ўзининг хабарида Интерфакс ахборот агентлиги келтириб ўтган.

Россия, Афғонистон ва таҳдид

Афғонистон шимолида толиблар билан жанглар

Сурат манбаси, Getty Images

Замир Кабулов сиёсий жараёнлар боши берк кўчага кириб қолса, бу истиқболда толибларнинг Афғонистонда қудратни куч билан эгаллашларига олиб келиши эҳтимолини ҳам назардан соқит этмаган.

Аммо, унга кўра, ҳозирча бунга Толибоннинг қўли калталик қилади.

Махсус вакил, ўз ўрнида, Россия шу пайтгача Толибон бўлинмаларининг Тожикистон ёки Ўзбекистон чегарасини бузиб ўтишгани ёки бунга уринишганига оид бирор бир ҳолатни қайд этмаганини ҳам алоҳида қайд этган.

Унинг таъкидлашича, Тожикистон билан чегарага чекинаётган афғон ҳукумат кучлари толибларнинг Афғонистондаги мавқеъларини ўққа тутишган. Толиблар Москвада экан, ўзларидан "бунга жавоб қайтаришлари керакми ёки йўқлиги" ҳақида сўрашган. Ўзларининг юқори раҳбариятларидан эса, жавоб бермаслик ҳақида буйруқ олишган.

Замир Кабулов Афғонистонда ҳарбий танлов асосийсига айланиб, танглик ортадиган бўлса, бу Афғонистоннинг қулаши, "ҳамманинг бир-бирига қарши қурол кўтариши" ва террорчи гуруҳларнинг кучайишига олиб келишига ишончи комил эканини ҳам айтган.

Ўтган ой амалий ташриф билан Москвада экан, Толибон сиёсий қаноти юқори мартабали ҳайъати Россия томонини Марказий Осиё давлатлари чегараларини бузиш ниятлари йўқлиги, ИШИДга қарши ўз курашларини давом эттириш аҳдида қатъий эканликларига ишонтирган.

Толибон ҳайъати билан ўшанда музокараларни айнан Замир Кабуловнинг ўзи олиб борган.

Толиблар билан мулоқот чоғида Россия томони Афғонистон шимолида кескинлик кучайиб бораётганидан хавотир билдириб, унинг мамлакат ташқарисига ёйилишига йўл қўймасликка чақиргани маълум бўлган.

Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлигининг ўзи расман хабар берганди.

Россия ва Толибон

Москвадаги музокаралар

Сурат манбаси, REUTERS/ARXIV

Россия афғон можаросига тинч йўл билан ечим топишга қаратилган ва толибларни ҳам ўз ичига олувчи афғонлараро мулоқотларга мезбонлик қилиб келаётган дунёнинг саноқли давлатларидан бири бўлади.

Сўнгги йилларда Ғарб Россияни Толибон билан яқинлашишга уринишда ҳам расман ва ошкора айблагани кўрилган.

Россия толибларга "қурол-яроғ етказиб бераётгани"га оид даъволар ҳам бўй кўрсатган.

Аммо расмий Москва буларнинг барчасини изчил равишда рад этиб келган.

Фақат ИШИДга қарши курашда Толибон билан манфаатлари "бир хил" эканини айтган.

Аммо АҚШнинг жанубий чегаралари яқинидаги узоқ йиллик ҳозирлиги қанчалик жиғига тегишини аввалбошдан яширмай келган.

Россия АҚШ ва Хитой билан бирга минтақадаги энг йирик геосиёсий ўйинчи ва ядровий қудратдан биттаси бўлади.

Россия ва ИШИД таҳдиди

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати

Сурат манбаси, videograb

Россия сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатларини ИШИД хавфи билан энг кўп огоҳлантириб келаётган давлат бўлади.

Бу каби ҳолат аксарият таҳлилчилар орасида ИШИД Марказий Осиёни қўрқитиш, Россиянинг сиёсий орбитасига тортиш учун "яна бир олабўжи"ми ёки ростмана таҳдид эканига оид саволларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.

Жангари гуруҳлар фаолиятидан бохабар айрим етакчи минтақавий экспертлар Марказий Осиё давлатлари минтақадаги ИШИД таҳдиди даражасини яхши англашлари, бу хавфни баҳолашда ўз мавқеъ, сиёсат ва йўлларига эга экани, Россия ўзининг бу каби чиқишлари билан уларни "қўрқита олмасликлари"ни ҳам айтишган.

Россия томонининг ИШИДга оид баёнотларини "расмий Кремлнинг геосиёсий амбициялари ижросидаги навбатдаги восита" сифатида ҳам баҳолашганди.

Илдизлари Ўзбекистонга бориб тақалувчи, сўнгги икки ўн йилликда Афғонистон ва Покистонда фаолият юритиб келган, ўз вақтида минтақадаги энг йирик ўзбек жангари гуруҳи сифатида кўрилган Ўзбекистон Исломий ҳаракати 2015 йилда Толибондан юз ўгириб, Яқин Шарқдаги ИШИД жангари гуруҳига тўлиғича байъат келтирганини эълон қилган.

Аммо бунинг ортидан ҳаракат парчалангани, сафларидан яна толибларга мойил ва ўзини қайта Ўзбекистон Исломий ҳаракати, деб номлаган ўзаги ажралиб чиққани хабар берилган.

Орада ИШИДга байъат келтирганларининг Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқига кириб боришгани, Туркманистонга бевосита чегарадош Жаузжон вилоятининг Дарзоб туманида ўзларининг таянч нуқталарини яратишгани ҳам хабар берилган.

Аммо 2019 йилда толиблар билан кечган устма-уст қақшатқич жанглар ортидан, ИШИДнинг минтақадаги қўмондони ўлдирилгани ва жангариларининг деярли тор-мор этилгани айтилган.

Афғонистонлик айрим экспертлар Би-би-си Ўзбек хизмати билан суҳбатда ҳаракат аъзоларининг кўпчилиги ўлдирилгани, яна катта сондагиси афғон ҳукумат кучларига таслим бўлишгани ва омон қолганларининг "жон сақлаш" мавқеида эканини билдиришган.

ИШИДга байъат келтирган Ўзбекистон Исломий ҳаракати сўнгги лидери Усмон Ғозийнинг тақдири номаълумлигича қолган.

Ҳозирги кунда ИШИД аъзоларининг асосан Афғонистон жануби-шарқи ва шарқида нисбатан фаол эканликлари айтиб келинади.

Аммо Афғонистон Ташқи ишлар вазири шу ой бошида Толибон аъзоларининг чорак фоизини чет эллик жангарилар ташкил қилишини айтган.

Ҳаниф Атмар уларни "ал-Қоида" тармоғи ва ИШИд аъзоларига нисбат берган.

Аммо уларнинг қай бир давлат фуқаролари эканликларини очиқламаганди.

Худди шу манзарада Толибонга қарши жанг қилган Афғонистон шимолидаги айрим маҳаллий қўмондонлар ўзлари тутишга муваффақ бўлган рация орқали сўзлашувларини назарда тутиб, уларнинг сафларида ўзбекистонлик жангарилар борлигини ҳам иддао қилишганди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek