Исроил Қуддусда яна нима қилмоқчи, Россия Украинадан шикоятда ва мусулмонларни қирғин қилган генерал қамоқда қолади - Isroil Falastin Rossiya dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Исроил ва Ҳамас ўртасида янги уруш хавфи. Қрим яна можаро марказида ва умрбод қамоқ жазоси ўзгартирилмади - халқаро дайжест.
Қуддуси Шарифда янги хавотирлар
Диний миллатчилар Қуддусдаги Мусулмонлар мавзесида маршга чиқишмоқчи.
Исроилнинг ўз ваколатини топшираётган ҳукумати рухсат берди.
Байроқлар маршининг аслида эртага, пайшанба куни бўлиб ўтиши кутилган.
Аммо полиция маршнинг кўзда тутилган йўналишини маъқулламаганди.
Энди маршни келаси сешанба куни ўтказиш режаланмоқда.
Ғазо Бўлгасини назорат этувчи Ҳамас қуролли гуруҳи аллақачон огоҳлантириб чиққан.
Агар, марш ўтса, тангликнинг қайта кучайиши билан таҳдид қилган.
Ўтган ойги Исроил-Ғазо урушига ҳам айнан Қуддусдаги тангликлар сабаб бўлган.
11 кунлик уруш ҳар икки томондан камида 254 кишининг умрига зомин бўлган.
Энг кўп қурбонларни Ғазо берган.
Уруш Исроил ва Ҳамаснинг ўт очишни тўхтатишга оид келишуви билан якунланган.
21 май куни икки томон ўртасида оташкесин битими кучга кирганди.
Шарқий Қуддусдаги танглик Ўзбекистонни ҳам бефарқ қолдирмаган.
Вазиятга шахсан президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзи эътибор қаратган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва мамлакат Мусулмонлари идораси кетма-кет расмий баёнотлар билан чиқишган.
Томонларни зўравонликка чек қўйишга чақиришаркан, уларни вазиятни беқарорлаштиришдан сақланишга ундашган.
"Ал-Ақсо масжиди ва Қуддусдаги бошқа муқаддас қадамжоларнинг дахлсизлигини - статус-ковга риоя этилишини таъминлаш зарур, деб ҳисоблашлари"ни баён қилганди.
"Босния қассоби" аризаси қондирилмади

Сурат манбаси, Reuters
БМТ маҳкамаси генерал-полковник Ратко Младичнинг шикоят аризасини қондирмади.
Унга берилган умрбод қамоқ жазоси ҳукмини ўз кучида қолдирди.
Ратко Младич Босния серблари Армияси собиқ қўмондони бўлади.
У 1995 йилда Сребреницада 8 мингга яқин босниялик мусулмоннинг ўлдирилишидаги роли учун умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
БМТ ҳимояси остида бўлиши керак бўлган анклавдаги қирғин Иккинчи Жаҳон урушидан кейин Европада юз берган "энг даҳшатли ваҳшийлик"ка қиёс берилган.
Генерал-полковникка қарши ҳукм 2017 йилда чиқарилган.
Ратко Младич геноцид, уруш ва инсониятга қарши жиноятларда айбланганди.
Гарчи раислик қилаётган судья деярли барча бандлар бўйича ўз эътирозини билдирган эса-да, Гаагадаги беш кишилик апелляция маҳкамаси дастлабки ҳукмни ўз кучида қолдирган.
Ҳукмни бекор қилиш даражасида далиллар йўқ, деган хулосага келган.
Собиқ қўмондон қамоқ жазосининг қолган қисмини қаерда ўташи ҳозирча маълум эмас.
16 йил қочиб юрган Ратко Младич 2011 йилда қўлга олинганди.
Қрим "можароси"

Сурат манбаси, AFP
Россия Украинанинг устидан расман УЕФАга шикоят қилди.
Шикоят аризаси Украина миллий терма жамоасининг футбол бўйича 2020 йилги Европа чемпионати учун танлаган спорт кийими билан боғлиқ.
Россия томони спорт кийими "сиёсийлаштирилган", деган шикоятда.
Украина ўзининг спорт кийимида давлати харитасини акслантирган.
Унга Россия томонидан аннексия қилинган Қримни ҳам қўшган.
Футболкада Қримнинг Украинанинг бир қисми этиб кўрсатилиши расмий Москванинг ғазабини қўзитган.
Украина Футбол Ассоциацияси раҳбари терма жамоанинг спорт кийимини шу якшанба куни, Европа чемпионати арафасида ўзининг Facebook даги саҳифасида эълон қилган.
Футболканинг орқасига "Украинага шон-шарафлар", "Қаҳрамонларга шон-шарафлар", деган шиорлар ҳам битилган.
Бу ҳозир Украина ҳарбийлари расман бир-бирларини олқишловчи олқиш ҳам бўлади.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот воизи "фашистларнинг митингларида янграгани"га ўхшатиб, бу шиорлар миллатчиликка асосланганини иддао қилган.
Россиялик айрим депутатлар ҳам спорт кийимининг "мутлақ нолойиқ" эканини айтиб, УЕФАни бунга қарши чора кўришга чақиришган.
Европа Футбол Уюшмаси эса Би-би-сига Украина миллий терма жамоасининг либоси "мавжуд тартиб-қоидаларга мувофиқ мақбул", деб топилгани, ўзлари томонидан маъқулланганини айтган.
Россия 2014 йилда референдум йўли билан Қримни ўзига қўшиб олган ва ҳозир ярим оролни ҳудудининг бир қисми, деб кўради.
Аммо халқаро ҳамжамият буни тан олмай келади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













