Ғазо Рамазон Ҳайитини қандай байрам қилди ва Айя-Софияда яна Ҳайит намози ўқилди - фоторепортаж Falastin Isroil Ramazon dunyo yangiliklar

Ғазо Бўлгаси бу йилги Рамазон Ҳайитини зўравонликлар ичида қарши олди. Ҳайит намози ҳам Исроилнинг ҳаво ҳужумлари тинмаган бир пайтга тўғри келди. Президенти Эрдўған Шарқий Қуддусдаги вазиятдан "жиддий хавотир"да бўлган Туркияда яна масжидга айлантирилган Айя-Софияда илк бор Ҳайит намози ўқилди. Мусулмон оламидаги Ҳайит шукуҳига бир назар.

Ғазо Бўлгаси

Сурат манбаси, MAJDI FATHI / GETTY IMAGES

Сурат тагсўзи, Ғазо бўлгасининг шимолий қисмида жойлашган Байт-Лаҳияда Фаластин мусулмонлари бу йилги Рамазон Ҳайити намозини Исроилнинг ҳаво ҳужумлари натижасида вайрон қилинган бинолар орасида ўқишди
Ғазо Бўлгаси

Сурат манбаси, MAJDI FATHI / GETTY IMAGES

Сурат тагсўзи, Бу йилги Рамазон Ҳайити Исроил ва Ғазо ўртасидаги ҳужумлар "тўлқаонли урушга айланиб кетиши" хавфини пайдо қилган бир пайтга тўғри келди
Қуддуснинг Эски шаҳар қисми

Сурат манбаси, AHMAD GHARABLI / AFP

Сурат тагсўзи, Фаластинлик ёш йигитча Қуддуснинг Эски шаҳридаги Дамашқ дарвозаси олдида трюк қилмоқда. Шарқий Қуддус бу йилги Рамазон ойида кескин танглик ва тўқнашувларга саҳна бўлган. Улар Исроил ва Ҳамас ўртасидаги қуролли низоларга айланиб кетган
Айя-София

Сурат манбаси, Ahmet Bolat / Getty Images

Сурат тагсўзи, Қайта масжидга айлантирилишидан йил ўтар-ўтмас, Туркиянинг Айя-Софиясида илк бор Рамазон Ҳайити намози ўқилди. Бу қадим ибодатхонанинг музейдан яна масжидга айлантирилиши халқаро миқёсда озмунча акс-садоларга сабаб бўлмаганди
Фотиҳ масжиди

Сурат манбаси, Muhammed Enes Yildirim / Getty Images

Сурат тагсўзи, Бу йилги Рамазон Ҳайити Туркияда коронавирус билан боғлиқ вазият жиддий ёмонлашган бир пайтга тўғри келган. Мавжуд вазият сабаб, худди шу ойда Ўзбекистон ҳам Туркия билан парвозларни вақтинчалик чеклаган. Аммо, кўрилишича, одамлар Ҳайит намозини жамоат бўлиб ўқишга имконли бўлишган. Туркия Шарқий Қуддусдаги сўнгги вазиятдан жиддий хавотирларини изҳор этиб чиққан саноқли давлатлардан бири бўлади. Яқин Шарқдаги ўйинчи мамлакатлардан бири саналади
Чамлижа масжиди

Сурат манбаси, SERHAT CAGDAS / GETTY IMAGES

Сурат тагсўзи, Туркиядаги энг йирик Жомеъ масжидларидан бири бўлган Чамлижада намозхонлар Ҳайит намозини ичкарида адо этишган. Аммо уларнинг санитар қоидаларга қатъий риоя этишгани кўрилган
Ал-Азҳар масжиди

Сурат манбаси, Khaled Desouki / AFP

Сурат тагсўзи, Қоҳирадаги Ислом оламидаги энг машҳурларидан бири бўлган Ал-Азҳар масжиди. Исроил-Фаластин можароси ечимида яна бир муҳим ўйинчи сифатида эътироф этилувчи Мисрда ҳам бу йилги Рамазон Ҳайити 13 майда ўқилган. Сельфи олаётган йигитча эса, зўравонликлар қайта кучайиб бораётган Афғонистондан бўлади
Покистоннинг Пешаварида Ҳайит байрами

Сурат манбаси, Arshad Arbab / EPA

Сурат тагсўзи, Даҳшатли коронавирус инқирози ичида бўлган Ҳиндистонга бевосита чегарадош Покистонда ҳам Ҳайит байрами касалланишлар жиддий ортаётган бир пайтга тўғри келган. Аммо бу болаларнинг қувончига таъсир эта олмаган
Покистон Карачи

Сурат манбаси, Asif Hassan / AFP

Сурат тагсўзи, Покистоннинг йирик шаҳарларидан бири бўлган Карачида одамлар, ҳатто, Ҳайитни бемалол кўчаларда байрам қилишган
Дубайда Рамазон Ҳайити

Сурат манбаси, Karim Sahib / AFP

Сурат тагсўзи, Дубайда ҳам бу йилги Рамазон Ҳайити жамоат бўлиб ўқилган, аммо бу ерда ҳам намозхонларнинг эҳтиёт чораларига қатъий риоя этишгани кўрилган. Дубай сўнгги ойларда ўзбекистонликлар энг кўп сонда саёҳат илинжида бораётган саноқли шаҳарлардан бири бўлади
Дубай

Сурат манбаси, Karim Sahib / AFP

Сурат тагсўзи, Дубайликлар Рамазон Ҳайити намозини ўқиш учун масжидларга ҳам юз ниқобларида боришган
Ироқ пойтахти Бағдоддаги масжид

Сурат манбаси, Murtadha Al-Sudani / Getty Images

Сурат тагсўзи, Ироқ пойтахти Бағдоддаги Абу Ҳанифа ан-Нўъмон масжиди. Масжид ичкарисида Ҳайит намозини адо этаётган намозхонлар бу ерда ҳам юз ниқобларида акс этишган
Индонезия

Сурат манбаси, Rizqullah Hamiid / Getty Images

Сурат тагсўзи, Дунёнинг энг йирик мусулмон давлати бўлган Индонезияда Рамазон Ҳайити намозини ўқишга ҳам ана шундай ҳозирлик кўрилган

Барча фотосуратлар муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek