Эрдан ажрашиб, дунёнинг энг бой аёлига айланиш мумкинми? Video dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Билл Гейтс дунёнинг тўртта бой одамидан биттаси бўлади. Бойлиги $124 миллиард АҚШ доллари миқдорида, деб кўрилади. Гейтс ва аёли энди ажрашишмоқчи. Вашингтон штати қонунлари бўйича оила ажрашадиган бўлса, оилавий мулк теппа-тенг бўлиниши керак.
27 йиллик турмуши ортидан Билл ва Мелинда Гейтслар ажрашишга қарор қилганлари ҳақида эълон бердилар. Энди уларнинг хайрия ташкилотига нима бўлади, деган хавотир ўртага чиққан.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Microsoft компанияси асосчиси Билл Гейтс дунёга машҳур инсон.
У энг бой инсонлар рўйхатида тўртинчи ўринда туради.
Билл Гейтс бойлиги 124 миллиард АҚШ доллари миқдорида, деб кўрилади.
Унинг рафиқаси Мелинда Френч Гейтс ҳам глобал саломатлик масалаларига хайриялари билан кўпчиликнинг эътиборига тушган ҳурматга сазовор инсон.

Сурат манбаси, Getty Images
"Келгуси ҳаётимизда жуфтлик сифатида бирга бўлолмаслигимизга ишонгимиз келмаяпти", дейилади иккиси номидан эълон қилинган баёнотда.
1964 йили туғилган Мелинда Френч Техас штатининг Далласида вояга етган.
Duke университетида компютер фани ва экономика бўйича ўқиган.
1987 йили Microsoft ширкатига ишга кирган Мелинда Билл билан танишади.
Улар 1994 йили оила қуришди, уч фарзанди бор.
Билл Гейтс Microsoftни технология гигантига айлантирди, Мелинда эса уйда болаларини парваришлади.
2000 йили улар Билл & Мелинда Гейтс жамғармасини ташкил этишган.

Сурат манбаси, Getty Images
Жамғармада Мелинда раисдош ва бошқарув кенгаши аъзоси.
Улар бу жамғармани ташкил этишларига газетада чиққан мақола сабаб бўлганини айтишган.
Бу мақолада олдини олиш, даволаш мумкин бўлган хасталиклардан ҳар йили дунёда жуда кўп бола вафот этаётгани ҳақида ёзилганди.
Бу жамғарма маблағи 50 миллиард доллар атрофида деб кўрилади, бу дунёдаги анча мамлакатларнинг ялпи ички маҳсулотидан кўп маблағдир.
Дунёнинг энг бой одамларидан бири Уорен Баффет бу жамғармага умри давомида 30 миллиард доллар хайрия қилишга ваъда берган.
Шу йиллар орасида жамғарма тиббиёт ва маориф ишларига, жумладан, Ковид-19 га қарши курашга $50 млрд доллардан зиёд маблағ сарфлаганлар.
Ўтган йили Gavi лойиҳасига коронавирус вакцинаси учун 4 миллиард доллар ажратишди.
Камбағал мамлакатлардан чиққан талабаларнинг ўқиш харажатларини жамғарма бўйнига олган.
2015 йили Мелинда Пивотал Вентчес ширкатига асос солди.
Бу компания аёллар ва оила масалаларига сармоя киритади.

Сурат манбаси, Getty Images
"Ниҳоят дунё шу факт билан уйғондики, биримизнинг ортимиздан ушлаб туришса, иккимиз ҳам олдинга силжий олмаймиз", деб ёзди Мелинда Френч Гейтс.
2019 йили Мелинда "Кўтарилиш лаҳзаси" деган мемуар китобини нашр этган.
Китоб аёлнинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини кенгайтириш йўлидаги муаммоларига бағишланган.
Гейтс жамғармаси эълон қилишича, улар бирга ишлашда давом этишади.
Inside Philanthropy веб-сайти асосчиси ва муҳаррири Дэвид Каллаханнинг BBC's World Serviceга айтишича, хайрия жамғармаси аввалгидек фаолиятини давом эттиради.
"Бу оила бузилгани учун бузилиб кетадиган кичик оилавий жамғарма эмас, у йирик, профессионал институт. Улар бу жамғармани пойдеворидан бошлаб қуриб, 20 йилнинг ичида баланд кўтаришди. Иккалалари ҳам унинг ишини давом эттириш керак, деган фикрда қатъийлар, икковидан бирортаси ҳам бу ишлар тўхтаб қолганини кўришдан хурсанд бўлмайдилар", деди Дэвид Каллахан.
Билл Гейтс 65 ёшда, Мелинда эса 56 да.
Вашингтон штати қонунлари бўйича оила ажрашадиган бўлса, оилавий мулк теппа-тенг бўлиниши керак.
Ҳозир Гейтсларнинг умумий давлати 130 миллиард доллари атрофида деб кўрилади.
Шу пайтгача Амазон компанияси асосчиси Жефф Безоснинг собиқ рафиқаси Маккензи Скот ажрашишдан кейин дунёнинг энг бой аёлига айланган - унинг бойлиги 60 миллиард долларини ташкил этиши айтилади.
Маккензи Скот ҳозир хайрияга энг кўп пул сарфлаётган аёл бўлаётир.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek


















