Бугуннинг саволи: “Ҳиндистонча штамм” шунчалик даҳшатлими? Koronavirus dunyo yangiliklar

Ҳиндистондаги крематорийлардан бири

Сурат манбаси, EPA

"Ҳиндистонча штамм" шунчалик даҳшатлими? Бошқа давлатлар учун хавфи қандай? Бугун кўпчиликни худди шу савол қизиқтирган. Ҳиндистонда бир ҳафтанинг ўзида икки миллиондан ортиқ киши коронавирус юқтирган. Ўлим ҳоллари кунига уч мингдан ошган. Касалларга жой йўқ, касалхоналар беморларга тўлиб-тошган, жасадлар эса, туну кун ёқилмоқда.

Ҳиндистонда ҳозирга келиб жами коронавирус ҳоллари 18 миллионга яқинлашган. Уларнинг 200 мингдан ортиғи ҳаётдан кўз юмган.

Ҳиндистон жорий пайтда АҚШ билан бирга дунёнинг коронавирус энг кўп тарқалган иккита, энг кўп ўлим ҳолати қайд этилган тўртта давлатидан биттаси бўлиб турибди.

Аммо бу давлатларнинг бирортаси ҳозир Ҳиндистонда кузатилаётганидек аҳволга тушмаган.

Соутик Бисвас

Би-би-си, Ҳиндистон

"Ҳиндистонча штамм"

Ҳиндистонда топилган штаммни ҳозир бутун дунё олимлари ўрганишмоқда.

Бироқ унинг қанчалик кенг тарқалиб кетгани ёки ҳалокатли иккинчи тўлқинни фақат Ҳиндистоннинг ўзида чақирганми-йўқлиги ҳалича маълум эмас.

Вируслар доимо мутацияга учрайди, янгидан янги шаклларини пайдо қилади.

Бу мутацияларнинг аксарияти аҳамиятсиз - айримлари эса, ҳатто вируснинг кучини анча қирқади ҳам.

Аммо бошқалари вирусни янада юқумлироқ қилади. Унинг вакциналарга чидамлилигини орттиради.

Расман B.1.617 номи билан маълум бўлган бу штамм Ҳиндистонда ўтган йилнинг октябрь ойида топилган.

У қанчалик кенг тарқалган?

Ҳиндистон бўйлаб намуналарни текшириш ишлари етарлича йўлга қўйилмаган.

Худди шу боис ҳам, "ҳиндистонча штамм"нинг қанчалик кенг ва тез тарқалганини аниқлаш қийин.

Аммо сўнгги уч ой ичида ғарбий Маҳараштра штатида олинган 360 та намунанинг 220 тасида худди шу штамм аниқланган.

Айни пайтда, GISAID қайдларига таянилса, "ҳиндистонча штамм" дунёнинг камида 21 давлатига кириб борган.

Жумладан, Британияда шу йилнинг февраль ойидан буён 103 та ҳолат аниқланган.

Ҳозир ҳиндистонлик аксарият йўловчиларнинг мамлакатга келишлари тақиқланган.

Коронавирусга намуна олиш жараёни

Сурат манбаси, Getty Images

"Ҳиндистонча" штаммнинг қанчалик юқумли ёки вакцинага чидамли эканини олимлар ҳалича билишмайди.

Луизиана штати университети вирусологи Жереми Камилнинг айтишича, унинг мутацияларидан бири коронавируснинг Жанубий Африка ва Бразилияда топилган штаммларига ўхшайди.

Унга кўра, бу мутация вирусга одам иммун тизимидаги аввалги касалланиш ёки вакцинадан қолган аксилтаналардан қочишга ёрдам бериши мумкин.

Олимларнинг айтишларича, жорий пайтда коронавируснинг "ҳиндистонча штамм"и ҳақида муфассал маълумотлар йўқ.

Худди шу боис ҳам, у ҳақда кўп нарса маълум эмас, ҳам Ҳиндистон ичкариси ва ҳам ташқарисида оз, бор-йўғи бир неча юз сондаги намунаси улашилган, дейишади улар.

Доктор Камилнинг айтишича, Ҳиндистонда биринчи қайд қилинган ҳолатлардан сўнг, дунёда жами 400 га яқин "ҳиндистонча штамм" аниқланган.

Ҳиндистондаги ҳалокатли иккинчи тўлқинга-чи, худди шу штамм сабаб бўлганми?

Одамлар навбати

Сурат манбаси, EPA

Мамлакатда 15 апрелдан бошлаб кундалик кўрсаткичлар 200 мингга чиқа бошлаган.

Коронавирусдан ўлаётганлар сони ҳам ортиб бормоқда.

"Ҳиндистонда аҳоли сони кўп ва одамлар зич яшайди. Худди шу нарса турфаланиши учун вирусга яхши инкубатор вазифасини ўтаб бермоқда", - дейди Кембриж университетининг клиник микробиология бўйича профессори Рави Гупта.

Аммо Ҳиндистондаги бугунги аҳволга оммавий йиғинлар, ниқобда юриш ва ижтимоий масофа сақлаш каби оддийгина эҳтиёт чораларига амал қилинмагани ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Олимларнинг фикрича, гап оғир касалланишнинг олдини олиш ҳақида кетганда, ҳозир мавжуд бўлган вакциналар бу штаммни ҳам назорат қилишга қодир.

Ҳиндистон касалхоналаридан биридаги она ва бола

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Ҳиндистонда ҳозир кунига юз минглаб коронавирус ҳоллари аниқланмоқда

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek