You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Россия ва Украина можароси: Вазият ҳозир жуда хатарлими? Video NATO Rossiya Ukraina Qrim
Россия ва Украина можароси: Вазият жуда хатарлими? Россия ва Европа Иттифоқи ўртасида танглик кучаймоқда. Иттифоқ Россиянинг Украина билан чегараси ва Қримдаги ҳарбий ҳозирлигидан жиддий хавотирда. Вазиятнинг оловланиб кетиши учун биттагина "учқуннинг ўзи кифоя" эканини айтмоқда.
Мавзу кеча, душанба куни Европа Иттифоқига аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирларининг кун тартибига чиқди, муҳокама этилди.
Иттифоқ ташқи сиёсат бўйича раиси ҳозир энг хавфли воқеълик Россиянинг Украина билан чегара яқинидаги кенг кўламли ҳарбий ҳозирлиги эканини айтган.
Жозеп Боррелнинг таъкидлашича, бунақаси шу пайтгача кузатилмаган.
"Бунча катта сондаги ҳарбийнинг сафарбар этилиши, албатта, хавотирга молик. У ёки бу ерда учқун чиқиб кетиши мумкин", - деб айтган Европа Иттифоқи юқори мартабали мутасаддиси.
Ассошиэйтед пресснинг ёзишича, Жозеп Боррель ўз чиқишида Украина чегаралари ва Қримдаги Россия ҳарбийлари сонининг 100 мингдан ошишини айтган, аммо манбасини очиқламаган.
"Нима бўлганда ҳам, вазиятнинг кескинлашиши аниқ" эканини таъкидлаган.
Агентлик хабаридан маълум бўлишича, улар Россияга дипломатик йўлда кўпроқ босим ўтказишмоқчи.
"Москва провакациядан ҳамкорликка ўтиши керак", - деб айтган, жумладан, Германия Ташқи ишлар вазири.
Жозеп Боррель эса, "биз" деяркан, барчалари номидан "Россияни ўз қўшинларини олиб чиқиб кетишга чақириб қолган".
Бундан аввал Россиянинг 40 минг қўшини Россия-Украина чегарасига, яна 40 минг аскар Қримда тўплангани хабар берилган.
Россия Украина билан урушадими, деган саволлар пайдо бўлган, орада НАТО қўшинлар жамланишини қоралаб ҳам чиққан.
АҚШ ҳарбий кемалари Қора денгизга йўл солгани, Россия Ташқи ишлар вазирлиги эса, "ўзларининг фойдаларига" эканини айтиб, уларни аллақачон огоҳлантиришга ҳам улгурганига оид хабарлар чиққан.
Мавжуд вазият манзарасида Украина президенти янада кучлироқ халқаро қўлловга кўз тиккан.
Қримнинг 2014 йилги аннексияси ва Украина шарқидаги катта ҳудудларнинг россияпараст кучлар томонидан босиб олиниши ортидан, Россия ва Украина муносабатлар жиддий издан чиққан, муаммовий тус олган.
2015 йилда оташкесинга эришилган, аммо вазият ўта ҳассослигича қолмоқда.
Би-би-си мухбири Жона Фишер Украина шарқидаги Маринка яқинига бориб, бугунги ҳолатга яқиндан назар ташлашга муваффақ бўлган.
Украина шарқида уйқуда бўлган уруш қайта уйғонмоқда, дейди мухбиримиз ўз кузатувлари билан ўртоқлашаркан.
Унинг айтишича, Украина ҳарбийларининг Маринкадаги хандақлари Россия дастагига эга кучлар жойлашган ҳудуддан 100 метргина узоқда қазилган.
Сўнгги олти йил ичида Шарқий Украина жабҳа чизиғида вазият қарийб бир хил эди.
Аммо кейинги бир неча ҳафта ичида кайфият мисли кўрилмаган даражада ўзгарди.
Бунга сабаб, чегаранинг Россия тарафида катта сонда аскарлар ва ҳарбий ускуналар жойлаштирилганидир, - дейди мухбиримиз.
Қўшинлар ҳаракатига оид янгилик эса, жойлардаги вазиятнинг ёмонлашган пайтига тўғри келган.
Мухбиримиз у ердаги аскарлар Россиянинг тўлиқ кўламли босқин бошлаши эҳтимолини қанчалар жиддий қабул қилишлари билан ҳам қизиққан.
Украиналик ҳарбийлардан бирининг унга айтишича, "нима бўлмасин, ўз ишларини қилишади. Охиригача шу ерда туриб беришади".
"Урушда сиз доим жиддий бўласиз. Вазият таранглашишини кутасизми-йўқми, фарқи йўқ", - деб айтган у.
Мухбиримизга кўра, хандақда эканликлари чоғида бу ерда аҳвол қанчалар оғирлашиши мумкинлигини англаб етишган.
Украин ҳарбийси уларни "душманнинг дрони - учувчисиз учоғи билан" ҳам огоҳлантирган.
У бу каби дронларнинг, одатда, вайрон қилувчи мослама ёки бомбали бўлишини назарда тутиб, шу ерда туришлари маъқуллигини айтган.
Украина аскарлари ўт очишади, аммо дронга тегмайди. Ва бу оташкесимнинг яна бир бор бузилишидир, дея давом этади мухбиримиз.
Жабҳа ҳудудларидан қочадиганлар қочиб бўлган.
72 ёшли бева Налиянинг эса, қолишдан бошқа чораси йўқ.
У ҳар куни кичик нафақасини ўтинга сарфласамми, озиқ-овқатгами, дея ўйлайди.
Налия етти йил олдинги қақшатқич жангларни яхши эслайди.
"Қишлоғимизда шунча кўп одам ўлдирилди. Ёш-ёш жувонлар ва болалар уйларида отиб кетилди. Урушлар маънисизликдан бошқа нарса эмас", - дейди у.
Мухбиримизнинг айтишича, йўлларда Украина жангга ҳозирланаётгани белгиларини кўришган.
Россия эса, барча тайёргарликни урушиш эмас, шунчаки мушаклари, ҳарбий куч-қудратини бир кўрсатиб қўйиш учун қилаётган бўлсин, деган умидлар ҳам бор.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek