Одамлар ва дунё: Қизлар “пластик жарроҳлик” баҳонасида хатна қилиняпти - qizlar dunyo yangiliklar

Она уч боласини орқасида яшириб тураркан, тўртинчиси рамзий устарага яқинлашади

Сурат манбаси, Jilla Dastmalchi

    • Author, Сарож Патирана
    • Role, BBC World Service

Қизларни хатна қилиш Мисрда 2008 йилда тақиқланган. Олтита шу каби ҳолат билан шуғулланган адвокатнинг айтишича, бу амалиёт ҳамон "пластик жарроҳлик" баҳонаси билан давом этмоқда. Би-би-си ўзлари ҳам хатна қилинган, аммо ҳозир қизларини бундай қилдирмаслик учун курашаётган уч аёл билан суҳбатлашди.

"Улар мени пастга босиб туриб, танамнинг шу жойини қирқишди, нима учун шундай қилишганини билмайман. Бу ҳаётимдаги биринчи жароҳат бўлди, бу қари одамлар устимга чиқиб, менга азоб бериш учун оёғимни ушлаб туришига арзийдиган қадар нима ёмонлик қилганимни билмайман, уларни яхши кўрардим. Бу руҳий жиҳатдан жуда кучли зарба бўлган эди."

Лайло (исми ўзгартирилди) хатна қилинганда 11 ёки 12 ёшда эди.

Мисрдаги консерватив мусулмон жамоаларида, айниқса, қишлоқ жойларда қизлар хатна қилинмаган бўлса, "нотоза" ва "турмушга чиқишга тайёр эмас", деб ҳисоблайдилар.

Мамлакатда бу амалиёт 2008 йили тақиқланган, бу ишни қилган докторлар етти йилгача, бу ишни қилишни сўраганлар эса уч йилга қамалади.

Қизлар хатнаси бўйича Миср дунёда энг етакчи давлатлардан бири. Бу кўпинча "пластик жарроҳлик" баҳонасида амалга оширилади, дейди ҳуқуқ ҳимоячиси Реда Элданбукий. У аёлларни судларда бепул ҳимоя қиладиган марказни бошқаради.

Қоҳирада жойлашган Аёлларга йўл-йўриқ кўрсатиш ва ҳуқуққий билимини ошириш маркази шу кунгача аёллар номидан қарийб 3000 ишни судга оширган ва уларнинг 1800 тасида ютиб чиққан, уларнинг олтитаси қизлар хатнаси билан боғлиқ ишдир.

Қонун сиртдан аёллар томондадек, аммо адолатни рўёбга чиқариш осон эмас. Айбдорлар аниқ қўлга тушганда ҳам, судлар ва полиция айбдорларга қарши чора кўришга шошилмайди, дейди Элданбукий.

У Би-би-сига марказ ушбу одатга қарши қандай курашаётгани ҳақида гапириб, ўз бошидан ўтказганлари ҳақида сўзлаб беришга рози бўлган ва қизларини ҳимоя қилаётган уч аёлни таништирди.

Лайлонинг ҳикояси: "Улар мени пастга босиб туриб, қирқишди... Бу қари одамларга нима ёмонлик қилганимни билмайман".

Уч аёл қоронғи хонанинг бурчагида қўрққанидан ғужанак бўлиб олган қизнинг олдига боришади. Уларнинг соялари таҳликали кўринади

Сурат манбаси, Jilla Dastmalchi

Деярли 30 йил ўтганига қарамай, ўша кун Лайлонинг хотирасида кечагидек турибди. У эндигина мактаб имтиҳонларини топширган эди.

"Аъло баҳога ўқиганим учун мукофотлаш ўрнига оилам мени гинекологга олиб борди, ҳаммаси қора кийимда эди, бир хонага қамаб, атрофимни ўраб олишди", дейди Лайло.

Аёллар хатнаси ҳақида гапириш унинг учун шу қадар уятлидирки, 44 ёшга чиққан, тўрт боланинг онаси Лайло Мисрнинг қаерида яшашини ҳам айтишни истамади.

Унинг бувиси ва икки қўшни хотин ўша куни уни ўраб олган аёллар орасида эди (қўшни аёллар одатда бу ишларни ташкиллаштиради, биргаликда бир кунни белгилаб, болани гинеколог олдига олиб боришади).

"Қишлоқда яшаб, бошқалар қатори биз ҳам уйда товуқ боқардик. Бу аёл танамнинг шу қисмини қирқиб олиб, товуқларга ташлади, улар ҳам ёпирилиб келди", эслайди Лайло.

Ўша кундан бери Лайло товуқ гўшти ея олмайди, уйида ҳам товуқ боқмайди.

"Ҳали бола эдим, байрам вақти эди. Ўйнашни, эркинликни истардим, аммо шу икки томон очилган оёқларим билан ҳам юра олмасдим", дейди у.

Лайло ўшанда нима бўлганини тушуниши учун анча керак бўлди, у улғайиб, турмушга чиққанда хатна қилинмаслик оқибати аслида нима бўлишини тушуниб етди.

"Қишлоқ аҳли учун хатна қилинмаган аёл гуноҳкор аёлдир, хатна қилингани эса яхши. Бунинг маъноси нима? Бунинг яхши хулқ-атворга нима алоқаси бор? Улар ўзлари ҳам тушунмайдиган анъаналарни давом эттиришарди", дейди Лайло.

У биринчи қизини дунёга келтирганда Лайло боласи ҳам ўша оғриқларни бошдан кечиришини истамади, аммо эрини қароридан қайтара олмади. Эр ўз оиласини шод қилишни истарди.

Лайлонинг бошқа қизлари ҳам хатна қилиниши керак бўлганда, бу амалиёт мамлакатда тақиқланди ва Лайло бу борадаги онлайн маърузалар ва Аёлларга йўл-йўриқ кўрсатиш ва ҳуқуққий билимини ошириш маркази тайёрлаган ижтимоий рекламаларни кўрди.

Лайло Элданбукийнинг маърузаларига қатнашди ва бу унинг иккинчи қизини ҳимоя қилишда қатъиятини оширди.

У ҳамқишлоқларидан бўлган ва хатнанинг оқибатида қон кетиши сабабли вафот этган қизларни биларди.

"Нега мен қизларимни бунақа хавфга қўйишим керак? Мана шу жоҳилона одат дебми?".

"Мен бунинг нотўғри иш эканини доим билардим, аммо бошқаларни ишонтиришга далилим йўқ эди. Мен нафақат эримни, балки унинг қариндошлари ва ўз яқинларимни ҳам ишонтиришим керак эди. Уларнинг бари буни бошидан ўтказган ва тўғри деб ҳисоблайди, ҳаммаси "кимсанки, дунёни ўзгартирасан", деб айтишарди."

У эрига шарт қўйди: қолган қизларни хатна қилдирмайсан ёки ажрашамиз.

"Тўртта боламиз бор. У эса улардан айрилишни истамайди", дейди Лайло.

"Аммо юрагим ҳамон катта қизим учун эзилади. У кўп қон йўқотган, мен эса уни ҳимоя қила олмадим. Мен ўша пайтда ҳатто унинг ёнида эмасдим."

Шарифанинг ҳикояси: "Қон тўхтамади, кейин касалхонага элтишди".

Касалхона тўшагидаги қиз бошқа бир ерда бемор ётган онаси томон талпинади

Сурат манбаси, Jilla Dastmalchi

Шарифа (исми ўзгартирилган) отаси уни хатна қилдиришга қарор қилганида 10 ёшда эди.

"Онам хатна қилинишимга қарши эди, аммо онаси ва опа-сингиллари кўнглига қарайдиган, оилада бош эканини амалда кўрсатиши керак бўлган отам буни истади ва онамга айтмай мени шифокорга олиб борди."

Шарифанинг ўйлашича, шифокор маҳаллий оғриқ қолдирувчи дори қўллаган, аммо Би- би-си олган гувоҳликларга кўра, оғриқ қолдирувчи воситалар ишлатилмайди.

"Мен йиғлар эдим, отам нега менга бундай қилишларини истаганини тушунмаётган эдим. Нима бўлаётганини англаёлмадим, аммо танамнинг ўша қисмини шифокорга очишганидан жуда асабий эдим, нимадир нотўғри бўлаётган эди."

"У игнага ўхшаш бир нарсани ишлатди, нимадир чаққандек бўлди. Мендан қон кетди. Тезликда касалхонага элтишди, - деб эслайди Шарифа. - Отам қўрқиб кетди, онамга ҳам бу ҳақда айтиши керак эди. У менга бўлган ишда ўзини айбдор ҳис қилаётган эди."

"Онамнинг юраги заиф, қон босими ҳам кўтарилиб кетар эди. Воқеадан хабар топиб, ранги ўчиб кетди, - деб эслайди у. - Уни мен ётган касалхонага олиб боришди ва ўша ерда вафот этди, ҳозир она томондан бувим билан яшайман."

Шарифанинг онаси вафотидан сўнг отаси бошқа турмуш қилиб кетди.

"У менга пул юбориб туради. Ўзимнинг ва онамнинг бошига тушганлар боис, мен ҳуқуқшуносликни ўрганишга қарор қилдим."

Дугоналари билан бирга Шарифа ҳам аёллар хатнаси бўйича Элданбукий ўтказаётган маърузаларда қатнашган.

"Мен қизлар хатнасига қарши маълумотлилик даражасини оширишга ихтисослашмоқчиман", дейди Шарифа.

Элданбукий ҳали жуда кўп иш қилинишини айтмоқда.

2013 йили бир шифокор 13 яшар қизни хатна қилгани учун уч ойга қамалди. Элданбукий қизнинг онаси ва ўша шифокор билан учрашди.

"Одамлар у шифокорга ишонади. У $2 долларга жарроҳлик амалиёти қилади. У бу ишларни Худо розилиги йўлида қиляпман деб ҳисоблайди", дейди Элданбукий.

"Шифокор бу жиноят эмас дейди. Унинг айтишича, оёқлари орасида ўсимта бўлган, ўшани пластик жарроҳлик билан олиб ташлаган, хатна қилмаган."

Адвокатнинг айтишича, қиз хатна сабабли ўлгандан кейин ҳам, онаси нотўғри иш қилмадим деб такрорлайверган.

"Биз онасидан бориб сўрадик: "Агар қизингиз тирик бўлганда, уни яна хатна қилдирармидингиз?"

У жавоб берди: "Ҳа, шундай қилсангизгина, у турмушга чиқишга тайёр бўлади."

Жамиланинг ҳикояси: "Хатнадан кейин гинекологдан қўрқиб қолдим. Худди у менга яна шу ишни қиладигандек".

Онаси хатнага қарши китобни ўқиб бераркан, қизи катта қалам билан устарани йўқ қилаётгани рамзий маънода акс эттирилган

Сурат манбаси, Jilla Dastmalchi

Жамила (исми ўзгартирилган) ҳозир 39 ёшда, тўққиз яшарлигида хатна қилинган.

"Ёзги таътил вақти эди, онам бир гинеколог ва икки қўшни аёлни уйимизга бошлаб келди. У ҳамма нарсани тайёрлади ва мени аёллар билан қолдириб кетди", деб эслайди Жамила.

"Улар ичкари олиб кириб, иштонимни ечишди ва ҳар бири оёқларимни босиб турди. Гинекологнинг қўлида кичкина пичоқ бор эди, - дейди у. - Онам ёнимда эмасди, чунки бўлаётган ишларни кўришдан қўрқиб, чиқиб кетганди."

Жарроҳлик сабабли қўзғалган кучли оғриқ ва ундан қолган руҳий чандиқ, Жамиланинг айтишича, уни ўзгартириб юборган.

У мактабда шаддод, жасур ва ақлли қиз бўлган, аммо жарроҳликдан кейин бари ўзгарган. Катта ёшдаги аёллардан қочадиган бўлиб қолган.

"Афсуски, бу гинекологни мен бошланғич мактабга қатнаётганимда йўлда кўп кўрар эдим. Ўшандан кейин йўлимни ўзгартириб, бошқа ёқдан кетадиган бўлдим. У худди яна шу ишни қиладигандек туюлаверар эди."

Жамила ҳамон эри билан яқинлик қилганда оғриқ ҳис қилади.

"Ҳаёт аллақачон етарлича стрессли, жинсий алоқа эса юкка ўхшайди. Эҳтимол, агар у менга ёққанда, бу бироз бўлса-да мушкулимни осон қиларди. Ҳозир эса ҳаммаси ноқулайлик."

Жамила қизи ҳам ўша кўйга тушмаслиги учун қатъий қарор қилди. Аёлларга йўл-йўриқ кўрсатиш ва ҳуқуқий билимини ошириш марказининг бир неча семинарларига қатнашгач, ўз уйида Элданбукийнинг маърузаларини ташкиллаштирди.

"Менимча, у сабабли мен қизимга ҳам шу одатни қўллашдан тийила олдим. Эрим ҳам биз билан бу семинарларга қатнашган. Унинг оиласи ҳам ёш қизларига бундай қилишни тўхтатди."

Айни чоғда, Элбукийнинг айтишича, у бу каби одатларга қарши курашда жиддий тўсиқларга, таъқибларга учрамоқда.

"Биз қизларни хатна қилишга қарши семинарлар ўтказаётганимизда, бир киши келиб, юзимга тупуриб, "сен қизларимизни Америкадаги каби фоҳишага айлантирмоқчимисан" деди."

Аммо ўзгаришлар бўляпти, дейди Жамила.

"Қизларига шундай қилаётган одамлар сони камайиб бораётганини кўряпман. 9 синфда ўқийдиган қизимга бу ҳақда гапириб бердим. Уни ҳатто бу мавзуда мактабда иншо ёзишга ундадим."

Жамила Би-би-сига гапираётганда қизи у билан ёнма-ён ўтирган эди.

БМТ болалар агентлиги ЮНИСЕФга кўра, Мисрда 15-49 ёшлардаги хотин-қизларнинг 87 фоизи бу амалиётни бошдан ўтказган, 50 фоиз мисрлик буни "диний мажбурият" деб билади.

Мақола ББС Араб хизматида ишловчи Рем Фаттелбаб ёрдамида ёзилган. Суратларни Жилла Дастмалчи ишлаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek