You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Очлик эълон қилган мухолифат етакчиси Навалний сил бўлиб қолдими? - Rossiya, Putin, Navalniy dunyo, yangiliklar
Россия мухолифати етакчиси Aлексей Навалний очлик эълон қилганидан кўп ўтмай, соғлиғи ёмонлашгани хабар қилинмоқда. Тахминларга кўра, Навалнийда сил касаллиги аломатлари кўринган.
Кетма-кет касалликлар
Aйни пайтда «Ив Роше» иши бўйича колонияда бўлган Aлексей Навалний соғлиғи билан боғлиқ янги муаммолар борлигини хабар қилмоқда.
У юқори иситма ва кучли йўтал борлигини, отрядда эса сил касаллиги борлигини айтди.
«Бугунги ҳароратни ўлчаш бўйича расмий маълумотлардан иқтибос келтираман: «Навалний AA, кучли йўтал, ҳарорат 38,1", дейилади Навалнийнинг Инстаграм саҳифасида нашр этилган хабарида.
Бундан аввалроқ мухолифат етакчиси оёқ оғриғидан шикоят қилиб, оғриқ қолдирувчи малҳам ва шифокор киритишларини сўраган, 31 март куни эса очлик эълон қилган эди.
Коронавирусга тест топширилди
5 апрел куни "Известия" Навалний колониянинг тиббий бўлимига ўтказилганини маълум қилди.
"Известия" газетаси Федерал Жазони ижро етиш хизмати (ФСИН) Владимир бўлимига асосланиб, Aлексей Навалний Покров шаҳридаги 2-сонли ахлоқ тузатиш колониясининг тиббий бўлимига ўтказилгани ҳақида хабар берди. Газетанинг ёзишича, сиёсатчида юқори ҳарорат ва нафас олиш йўллари касалликлари кузатилган.
"Шу муносабат билан ундан барча керакли тестлар, шу жумладан коронавирус инфекцияси учун тест синовлари олиб борилди. Маҳкум тиббий бўлимга ўтказилди, у ерда у тиббиёт ходимларининг назорати остида", - дейилади ФСИН баёнотида (Известия).
Қамоқхонада сил касаллиги
Душанба куни сиёсатчининг ижтимоий тармоқларда унинг қаттиқ йўталаётгани ва ҳарорати 38,1 бўлганлиги ва унинг отрядидаги уч киши аллақачон сил касаллиги билан касалхонага ётқизилганлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлди.
Навалнийнинг адвокати Олга Михайлова "Дождь" телеканалида сиёсатчининг тиббий бўлимга ўтказилиши тўғрисида оммавий ахборот воситаларидан билганини айтди.
"Колонияда шифокорлар йўқ, битта фелдшер бор. Ҳудудда олиб бориладиган барча тиббий ёрдамлар тиббий-санитария бўлинмасида ишлайдиган фелдшер томонидан кўрсатилади. Колонияга бирон бир шифокорни таклиф қилишганми-йўқми, билмайман, ҳаммаси Федерал Жазони ижро этиш хизмати ваколатида ", - деди адвокат Михайлова.
Колония олдида акция
Бугун Aлексей Навалний жазони ўтаётган Покровдаги колония деворлари ёнида "Шифокорлар альянси" (чет эл агенти функцияларини бажарувчи нодавлат ташкилотлар реестрига киритилган) акцияси бўлиб ўтиши кутилмоқда.
Мазкур норозилик намойишида тиббиёт ходимлари иштирок этиши тахмин қилинмоқда.
Aльянс Навалнийга малакали тиббий ёрдам кўрсатишни талаб қилмоқда.
Айни дамда колония атрофига намойишни ёритиш учун келган журналистлар тўпланган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek