Хитойда Ковид 19: Давлат медиаси ва цензура коронавирус билан қандай курашди - Koronavirus

Сурат манбаси, China News Service
Йил бошида Хитой ҳукумати икки катта муаммо қаршисида қолди. Бир томондан, аҳоли орасида номаълум касаллик тарқалаётган эди, бошқа томондан, интернетда бутун дунёга мамлакатда нималар бўлаётгани ҳақида гапира бошладилар.
2020 йил охиригача Хитой давлат оммавий ахборот воситалари ҳар иккиси назорат остида эканини кўрсатиб келди.
Би би сидан Керри Аллен ва Чжаоин Фэн салбий ахборотни бўғиш учун ҳар доимгидан кўпроқ ҳаракат қилган ҳукуматнинг интернет цензорларию интернет тўсиқларни бузиб ўта олган фуқароларга, пропаганда машинаси қандай қилиб тасаввурларни қайта шакллантирганига назар ташлади.
Интернетдаги мисли кўрилмаган норозиликлар учун айбдор топиш

Сурат манбаси, Sina Weibo
Йил бошида қандайдир ғайриодатий нимадир рўй бераётгани аниқ эди. Хитой ижтимоий тармоқларида одамларнинг ғазабини ифодаловчи, Сарсга ўхшаш бошқа бир вирусни маҳаллий ҳокимиятлар яширяптими қабилидаги минглаб хабарлар пайдо бўлди.
Ҳукумат цензорлари мунтазам равишда аксил ҳукумат характердаги хабарларни "Sina Weibo" каби платформалардан ўчирса ҳам, уларнинг сони шу қадар кўп бўлганки, айримлари ҳаммага кўриниб тураверган.
Бунинг сабаби шуки, Хитой ҳукумати бирор катта фожеага йўлиқса, зудлик билан жавоб қайтаришга уринади, цензорлар эса улгурмай қолади. Январь ва февраль ойларида бир қанча ОАВлар журналистик суриштирувларни эълон қилди, улар ижтимоий медиага кенг тарқалди.
Кейинроқ Пекин ўз тарғибот стратегиясини ишлаб чиққач, бу хабарларни бўғиш бошланди.
Айблов барча томонга йўналтирилди. Январь ўрталарида Хитой президенти Си Цзиньпин бирдан Хитой медиасида кўринмай қолди. Одамлар орасига ҳам чиқмади, унинг суратлари ҳукуматнинг "Халқ рўзномаси" каби анъанавий газеталари бош саҳифаларидан ҳам кўринмай қолди. У айбланишдан қочяпти деган фаразлар пайдо бўлди.

Сурат манбаси, People's Daily
Аммо бир ҳафта ичида ҳаммаси кескин ўзгарди. Марказий раҳбарият маҳаллий ҳукуматларни агар улар ўз ҳудудларидаги ҳолат ҳақидаги ахборотни яширса тарихий шармандалик устунига михланишлари ҳақида огоҳлантира бошлади.
Хитой медиаси ва ижтимоий тармоқларида айбловлар Уҳан етакчиларига қаратилди. "Пекин янгиликлари" каби газеталар ўз одатини бузиб, танқидий оҳангдаги "Нега Уҳан одамларни тезда хабардор қилмади" каби сарлавҳали муносабатларни эълон қилди.
Жаноб Си февраль бошларида Хитойнинг тикланишида ишонч ва қудрат устуни сифатида яна пайдо бўлди

Сурат манбаси, Beijing News
Шифокор атрофидаги цензура

Сурат манбаси, Sina Weibo
Саросима ичида бир одамнинг овози керак бўлмаган вақтда ўчирилгани маълум бўлиб қолди.
Аҳволни фош қилувчи сифатида халқаро миқёсда номи чиққан шифокор Ли Вэньлян ўз ҳамкасбларини Сарсга ўхшаш вирус хавфидан огоҳлантирган эди. Ли "ёлғон изоҳлар ёзиш" орқали "ижтимоий тартибсизлик қўзғагани учун" сўроқ қилингач, 7 февраль куни вафот этди.
Унинг вафотидан сўнг миллионлаб фойдаланувчилар уни қуллаб қувватлаб унинг "Sina Weibo"даги профили лентасида хабар қолдира бошлади. Бу лентани "йиғи девори" деб аташди. Аммо постлар вақти вақти билан ўчирилиб турди.
Одамлар интернетда унинг хотирасини сақлаб қолиш учун эможилар, Морзе коди ва қадимий Хитой иероглифларидан фойдаланиб, креатив йўлларни ўйлаб топди.

Сурат манбаси, Facebook
Кўпчилик интернетда ёза олмайдиган гапларини ниқобларига ёза бошлади. Лининг ўлимига жавобан "WeChat" мобил мессенжери фойдаланувчилари ниқобларига "Мен буни тушуна олмаяпман" деган сўзларни ёзиши трендга айланди.
Журналистлар "ғойиб бўлди", аммо Хитойдан ташқарида пайдо бўлди
Расмийлар шифокор Ли Вэньлянни "шаҳид" деб тан олган бир пайтда, бир неча фаоллар мамлакатнинг Ковид 19 тарихидан ўчирилди.

Сурат манбаси, Youtube/Screenshot
Уҳандаги эпидемия вақтида бир неча фуқаро журналистлар интернет тўсиқларини айланиб ўтиб, дунёга шаҳардаги аҳвол ҳақида хабар бериб, халқаро таъсирга эга ишлар қилди.
Улар орасида Чэнь Цюши, Фанг Бинь ва Чжан Чжань ҳам бор эди. Уларнинг, ўзларининг айтишича, Уҳанда нималар бўлаётганини кўрсатувчи видеороликларини "YouTube"да юз минглаб одам кўрди.
Шунга қарамай, бунинг бадали ҳам тўланди. Журналистларни ҳимоялаш қўмитаси (ЖҲҚ) билдиришича, расмийлар Пекиннинг расмий талқинини бузувчи видеолари учун бир неча журналистни ҳибсга олди. ЖҲҚнинг айтишича, улардан учтаси ҳамон қамоқда. Хитойда "YouTube" блокланганини ҳисобга олсак, мамлакатда жуда оз одам улар қилган ишдан хабардор.
Йўқолиб, қайта пайдо бўлган журналист хориждаги тарғибот кампаниясининг бир қисми бўлмаганмикан, деган саволлар ҳам ўртага чиқди.

Сурат манбаси, Li Zehua/YouTube
Ли Цзэхуа февралда "YouTube"га видео пост қўйиб, ўзини полиция таъқиб қилаётганини айтгандан сўнг ғойиб бўлди.
Икки ой ундан дарак бўлмади, сўнг расмийлар билан ҳамкорлик қилаётгани, шу пайтгача карантинда бўлгани ҳақида ведео пост қилди.
У ўшандан буён бошқа бундай чиқиш қилмади, кўпчиликнинг тахминича, уни ўшанда видео пост қилишга мажбурлашган.
Ёшлар қийналяпти, аммо ўз сўзларини айтиш йўлини топяпти

Сурат манбаси, Sina Weibo
Мартдан буён Хитой ўзининг коронавирус устидан қозонган ғалабасини нишонлашни истайди, маълум бўлишича, цензорлар ҳамон ёшлар орасидаги норозиликни кўрсатувчи далилларни йўқотиш пайида.
Хитой яна бир Уҳандагига ўхшаш карантинни истамаслигини таъкидлаб келади. Аммо "South China Morning Post" билдиришича, кўплаб университетлар кампус карантинларини давом эттирмоқда.
Августда аксар талабалар биринчи марта офлайн синфхоналарга қайтди. Аммо бутун мамлакат бўйлаб кампусларда интернетдан фойдаланиш ва душда чўмилиш вақтига чеклов қўйгани учун университетлардан норозиликлар бошланди. Шунингдек, университет ошхоналари ўша ерда тайёрланган таомларнигина ва қимматроқ нархда сотаётганидан шикоятлар кўпайди. Булар ҳақидаги гап сўзлар ҳам цензура қилинди.
Хитойлик ёшларнинг ғазаби ва норозилиги уларни ўз сўзларини айтиш учун анъанавий ижтимоий тармоқ платформаларидан унча машҳур бўлмаган платформаларга ўтишга мажбур қилди.

Сурат манбаси, Sina Weibo
"Sixth Tone" янгиликлар сайти "Netease Cloud Music" мусиқа узатиш сайтида "NetEmo" роса оммалашгани, унда хитойлик ёшларнинг "имтиҳондан йиқилишлар, бузилган муносабатлар ва вайрон бўлган умидлар" ҳақидаги изоҳлар ҳам кўпайгани ҳақида ёзди.
Сайтда айтилишича, платформа бу "трендни тўхтатиш"га уринган ва сохта юзерларнинг изоҳларига қарши кураш бошлаган.
Тарих янги китобларда қайта ёзилади, ТВ шоулар
Хитой ўта оптимистик руҳдаги манзарани чизишга уриниб келди. "Тож" фильми Британия қироллик оиласи тарихини бузиб кўрсатгани ҳақида қанчалик одам ташвишланган бўлса, Хитойда Ковиддан сўнг китоблар ва ТВ дастурларда Уҳанда аслида нима бўлгани бузиб кўрсатилишидан шунчалик хавотирлар бор.

Сурат манбаси, Getty Images
Хитойлик ёзувчи Фан Фан ўзининг Уҳандаги ҳаёти ҳақида ёзиб, уҳанликларнинг қўрқув ва умидларига бир боқиш қилгани учун шу йил бошларида роса олқишланган эди.
Аммо у ўзининг интернетдаги кундалиги сабабли Хитой миллатчилари нишонига айланди, уни Хитойга лой чаплашга уриниш ва "охир замон ҳақидаги ҳикоялар"ни тарғиб қилишда айблашди.
Давлат медиаси бошқа китобларни, жумладан, ҳукумат коронавирусга қарши қанчалик самарали курашаётгани ҳақидаги некбин тасаввурни бериш учун хорижда яшовчи хитойликлар китобларини тарғиб қилишга уринди.
Баъзи вазиятларда давлат медиаси Уҳандаги эпидемия қандай бартараф қилингани ҳақидаги ҳикояни такрорлаш билан қарши курашди.
Касалликка қарши курашда олд қаторда бўлганлар ҳақида "реал воқеликка асосланган" "Оқимга қарши борган гўзаллар" фильми аёлларнинг касалликка қарши курашда ўйнаган роли камайтириб кўрсатилгани учун танқид қилинди.

Сурат манбаси, CCTV
Кучли бўлиб чиққан Хитой "пароканда ва нобарқарор Ғарб"га қарши
Хитой 2020 йилни кўтаринки кайфиятда якунлашни истайди, албатта.
У ўз фуқароларига Ковид 19 устидан ғалаба қилганини айтишдан ташқари, буни бутун дунёга етказишни ҳам истайди.
Аммо Хитой ўзининг коронавирус билан илк алоқасидан эътиборни чалғитиб, диққатни ўзининг Ковид 19 устидан ғалабаси Хитойнинг сиёсий модели Ғарбникидан яхшироқлигини кўрсатади деган ғояга қаратишга уриняпти.
Айни мақолада X томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз X ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири X пост
У Хитой медиасининг ўзи илк босқичларда қўллаган "Уҳан коронавируси" каби ибораларни бошқа ишлатмасликка чақириш билан бирга, коронавирус аслида Ғарбда пайдо бўлган деган тахминларни илгари суришни бошлади.
Хитой медиаси йил давомида АҚШ ва маълум даражада Британия вирусни жиловлай олмагани ва бу аҳволни оғирлаштирганини бўрттириб кўрсатиш учун ҳар қандай имкониятдан фойдаланди.
Бу шу даражага етдики, хитойлик интернет фойдаланувчилар Ковид 19ни "Америка вируси" ёки "Трамп вируси" дейдиган бўлди.
Хитой газетелари ва телерадио компаниялари АҚШ медиаси бир бирига қарши бўлаётгани, сиёсатчилар соғлиқни сақлашдан кўра сайлов кампаниясига кўпроқ маблағ ажратаётгани, доимий сайловлар ва сайлов тарғиботлари сиёсий қутбланишга сабаб бўлаётгани ҳақида бонг уришни яхши кўради.
Хитой 2021 йилга ўзи билан олиб кетадиган ишонч битта - мамлакат бутун йилни баҳамжиҳат ва фаровон ўтказди, бошқа давлатлар эса келгусидаги парокандалик ва нобарқарорликдан бошқасини кўра олмайди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















