Замира Ҳажиева иши: Энди кўп пул билан Лондонга қочиб бўлмайди Zamira Hajiyeva Ozarbayjon

Сурат манбаси, PA Media
Британияда бир кунда 150 минг фунт стерлингга заргарлик буюмлари харид қилгани билан омма эътиборига тушган асли озарбайжонлик Замира Ҳажиева судда ютқазди.
Замира Ҳажиева (баъзан Ҳожиева, Хаджиева, Гаджиева ёзилмоқда - таҳр.) Озарбайжондаги банкир рафиқаси бўлиб, Лондонда истиқомат қилади.
2018 йили Лондондаги маҳкама Ҳажиевага боғлиқ "пул ювиш" ишини кўриб чиққан, топган маблағи манбасини исботлаб беролмагани учун мол-мулкини мусодара қилиш ҳақида қарор чиқарган эди.
Суд қарорига қарши Ҳажиеванинг даъво аризасини кўриб чиққан Британия Юқори Суди ҳукмни ўз кучида қолдирган.
Британияда манбаси ноаниқ капиталга қарши кураш қонуни 2018 йил февралида қабул қилинган, ушбу қонун доирасида иши кўриб чиқилган илк чет эллик Замира Ҳажиева бўлди.
У Лондондаги энг қиммат дўкон Harrodsда бир кунда 150 минг фунт стерлингга баҳоланадиган заргарлик буюмлари сотиб олган.
Британияни анча йиллардан буён ўзининг мамлакатида ноқонуний йўллар билан пул топган инсонларга бошпана беришда айблаб келишади ва бу нарса Британиянинг ўзида ҳам норозиликларга сабаб бўлди.
Британия халқаро коррупционерлар бемалол қочиб келиб, шубҳали пулларига ялло қилиб яшашга изн берадиган мамлакат деган номдан қутулиш мақсадида махсус қонун қабул қилишга қарор қилди.

Сурат манбаси, Getty Images
Ҳажиеванинг турмуш ўртоғи Жаҳонгир Ҳажиев Озарбайжондаги Халқаро Банк раҳбари бўлиб ишлаган. 2016 йили Бокудаги маҳкама Жаҳонгир Ҳажиевни ўғирлик, растрата ва қаллоблик бандларида айбдор деб топиб 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этган.
Замира Ҳажиеванинг ўзи ҳеч қаерда ишламаган, аммо биргина Лондондаги Harrods дўконида 16 млн фунт стерлинг($20.7 млн)га харид қилган. Бундан ташқари, Британиянинг Жиноятчиликка қарши кураш бўйича Миллий агентлиги (NCA) Лондоннинг энг обрўли ва қиммат жойида сотиб олган 22 миллион фунт стерлинглик кўчмас мулки ва Беркшир графлигидаги гольф-клубини қайси пулларга сотиб олгани манбасини Хажиевадан талаб қилган.
Ҳажиева жавоблари NCAни қониқтирмаган, 2018 йил ноябрида унинг ўзи ҳибсга олиниб, бор мол-мулки, шу жумладан, заргарлик буюмларига ҳам арест қўйилган.

Сурат манбаси, Getty Images
2019 йили Озарбайжон ҳукумати Замира Ҳажиевани топширишни талаб қилган.
Бироқ Британия суди экстрадиция сўровини қондирмасликка қарор қилган, Замира Ҳажиева иши Озарбайжонда адолатли кўриб чиқилмаслиги мумкинлиги айтилган.
Замира Ҳажиева адвокатлари Британия Юқори Судига аппелляция аризаси билан мурожаат қилишар экан, NCAнинг Замира Ҳажиевани нишонга олишига Озарбайжон ҳукуматининг сиёсий босимидан бошқа нарса бўлмаган, дея исботлашга интилишган.
Британия Юқори Суди қарори якуний қарор бўлиб, энди Ҳажиева оиласининг бор мол-мулки конфискация қилинади.
Британияда прецедент
Британия Юқори Суди қарори озарбайжонлик банкир рафиқасининг иши устидан сўнгги нуқтани қўйди, бу билан прецедент пайдо бўлди.
Бундан кейин Британия ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг янги воситадан фойдаланишлари осон бўлади.
Бу восита - 50 минг фунт стерлингдан зиёд суммага кўчмас мулк сотиб олган одамдан ўз маблағи ҳалол йўл билан топилганини исботлаб бериш ордери.
Британия янги қонунида "асоссиз бойлик" деган атама билан аталган бойлик эгаларидан бу бойлик тортиб олиниши мумкин. Аммо манбаси номаълум кўчмас мулк эгаси гуноҳкор ҳисобланмайди.
Лекин бу борада ордер олганидан кейин масъул идорани алдашга уринган кўчмас мулк ёки бошқа бойлик соҳиби устидан жиноят иши қўзғатиш ҳақида қарор чиқарилиши мумкин.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













