Бутилкага ўтириш видеосидан сўнг Чеченистонда нималар бўлди?

14 сентябрдан кейин камида беш аҳоли маскани, шу жумладан, Қодиров ва Делимхоновларнинг қишлоғида халқ йиғинлари деб аталган йиғинлар бўлиб ўтган (Грозный ТВ кадри)

Сурат манбаси, Grozny TV

Сурат тагсўзи, 14 сентябрдан кейин камида беш аҳоли маскани, шу жумладан, Қодиров ва Делимхоновларнинг қишлоғида халқ йиғинлари деб аталган йиғинлар бўлиб ўтган (Грозный ТВ кадри)
    • Author, Марина Катаева
    • Role, Би-би-си Рус хизмати

Деярли икки ҳафта ўтибдики бутилкага ўтқазилган чечен йигит Салмон Тепсуркаев тақдири номаълум қолмоқда. Чеченистондан эркакларнинг йўқолиб қолиши ҳақидаги хабарлар келиб туриши ноодатий ҳол бўлмаса ҳам, аммо бу охирги роликни Европада истиқомат қилувчи чечен диаспорасининг катта қисми қоралади. Чеченлар юзларини ёпмасдан ошкора мурожаат билан чиқа бошлади. Аввал маълум бўлганидек, йўқолган йигит аввалроқ Давлат Думаси депутати Адам Делимхановнинг оиласини ҳақорат қилувчи шеърни ўқиб, видеога олган экан. Айни шу воқеа унга бўлган босим сабаби экани эҳтимоли бор.

Тепсуркаевга нима бўлди?

Чеченлар орасида ўткир реакцияга сабаб бўлган видео 7 сентябрь куни ижтимоий тармоқларда тарқалди. Унда йигит ўзини 1ADAT мухолиф телеграм канали админи эканини, чечен аёлларини ҳақорат қилганини ва бунинг учун жазога лойиқ эканини айтади. Шундан кейин бутилкага ўтиради.

1ADAT канали шу йилнинг апрелида пайдо бўлган. Унинг админлари ўзларини "диктатурага қарши курашувчи оддий одамлар" деб таништиради. Каналда Чеченистондаги инсон ҳуқуқлари поймол қилинишига доир хабарлар эълон қилинади, хабарларни сиздирувчилар номи айтилмайди. Нашр муаллифлари чечен ҳукуматини кескин танқид қилади, логотип сифатида эса Ичкерия чечен республикасининг (1999 йили тугатилган) рамзларидан фойдаланади. Каналнинг биринчи постида "Бизга мурожаат қилинг, биз ахборотни ишончли журналист ва ҳуқуқ фаолларига етказамиз", деб ёзилган эди.

7 сентябрь куни 1ADAT Тепсуркаев каналда админ бўлмаганини, аммо айрим ишларда қатнашгани, баъзида модераторлик қилгани, бунинг устига, келишмовчилик сабабли у билан ҳамкорлик тўхтатилгани ҳақида баёнот берди.

1ADAT 10 сентябрь куни, уларнинг назарида, Тепсуркаевнинг жазоланишига сабаб бўлган видеонинг тўлиқ версиясини эълон қилди. У шундай сўзлар билан бошланади: "Шеър "Делимхановлар оиласи" деб аталади ва унинг онаси ва бу аёлнинг ўғилларига бағишланади". Шеър ўқувчининг ўзи кадрда йўқ, фақат овоз эшитилади, Тепсуркаевникига ўхшайди. Шеърдаги ҳақорат депутат, унинг онаси ва ака-укаларига қаратилган.

1ADAT таъкидлашича, шеър айнан Делимханов ва унинг оиласига бағишланган ва Тепсуркаев шунинг учун зўравонликка учраган.

Чечен ҳукумати видеоёзувга изоҳ берар экан, аёлларнинг ҳақорат қилинишини қабул қилиб бўлмаслигини урғулаган.

Республика раҳбари Рамзан Қодиров телекўрсатувларнинг бирида "оналаримиз, аёл ва опа-сингилларимизни ҳақорат қилишга ҳеч кимга йўл бермаймиз" деган. Чечен аёллари ҳақорат қилинишига йўл қўйилмаслиги ҳақида чечен парламенти спикери Магомед Даудов ва Давлат Думаси депутати Адам Делимханов ҳам гапирган.

На Делимханов, на Даудов ва на Қодиров ўз чиқишида ҳақорат аниқ бир аёлга қаратилганини гапирган. Чечен аёллари ҳақорат қилинган ҳеч қандай бошқа гапни Тепсуркаевнинг ўзи ҳам, чечен ҳукумати ҳам келтирмаган.

Бутилка видеоси эълон қилингач, "Instagram"даги жонли эфирда Делимханов Тепсуркаевни аблаҳ деб атади: "Ҳар бир одам мана шундай ўч олади. Бу аблаҳ аъзо бўлган гуруҳ одамларни ҳақоратлаган. Уларнинг қариндошларидан бири, акаси ёки амакиваччаси уни тутиб олган. Бу Қодировнинг кўрсатмаси билан тайёрлаб, тарқатилмаган".

У бу каби ҳақоратлар учун ҳар бир одам жавоб беришини айтиб таҳдид қилди.

13 сентябрь куни Делимханов туғилиб ўсган Жалка қишлоғига депутатнинг укаси - Россия гвардиясининг Чеченистон бошқармаси бошлиғи келди. Қишлоқ аҳли олдида гапириб, Шарип Делимханов ижтимоий тармоқларда ҳақоратли видеони тарқатган европалик чеченларни ва уларнинг постларига лайк босганларни қоралади.

Делимханов уларни оиласи воз кечган шизофрениклар, гиёҳвандлар ва ўғрилар деб атади.

Кўрсатилган зўравонликни чечен ҳукумати қандай оқлади?

Видеода Салмон Тепсуркаев ўз айбини англаб, бутилкага ўтиришга ўзи қарор қилганини гапирган. Чечен ҳукумати ва уни қўллаб-қувватловчи мусулмонлар диний идораси вакиллари Тепсуркаевни бошқа кимдир бутилкага ўтқазганини таъкидлаб, аммо бу ишни қилганларни оқлаш мумкинлигини айтган.

Чеченистон парламенти депутатлари олдида гапирган Рамзан Қодиров роликка 10 дақиқадан ортиқ изоҳ берган. Унинг гаплари умумлаштирилса маъноси шундай: Тепсуркаевга бу ишни қилганлар тўғри йўл тутган, аммо видеони тарқатмаслик керак эди.

Ўз видеомурожаатида Адам Делимханов ҳам муносабат билдирган: "Бу аблаҳни тутиб шу ишни қилишибди... Буни кўрсатиш керак эди демоқчимасман. Раҳбаримиз ҳам буни таъкидлади. Аммо жавоб бериши керак. Бунга шубҳа йўқ". Чечен парламенти спикери Магомед Даудов ҳам сафдошларининг гапларини маъқуллади, жазони оқлаб, видеони эса тарқатмаслик керак эди деди.

Чеченистон муфтийси, мусулмонлар диний идораси раҳбари Салоҳ Межиев "чечен аёлларини ҳақоратлаган бир ифлос" қўлга тушганини гапириб, "уни керагича шарманда қилишди. Ким шу ишни қилган бўлса, оналар, опа-сингиллар, аёллар учун қасд олди", деди. Чеченлар бунақасини ҳеч қачон кечирмаган, агар кечиришганда эди, ор-номусли одам бўлмасдилар, деган муфтий. Муфтий бу гапларни республиканинг бош масжидида имомлар олдида ҳам айтган.

Тепсуркаевга нисбатан зўравонликни Чеченистон ички ишлар вазири Руслан Алханов ҳам оқлаган: "Оналаримиз, опаларимиз шаънига бундай мумкин бўлмаган гапларни айтиб, шеър ёзган одамни қандай жазоламаслик мумкин?"

Глава Чечни Рамзан Кадыров

Сурат манбаси, Taisiya Borshigova/TASS

Сурат тагсўзи, Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров гапларидан шундай маъно келиб чиқади: Тепсуркаевга нисбатан бу ишни қилганлар тўғри йўл тутган, аммо видеони тарқатмаслик керак эди.

"Бизда ўз раҳбаримиз бор. Америкада, Европада, барча чеченларда битта етакчи бор. Рамзан бизнинг умумий раҳбаримиз. Бундан норозилар тушуниши керак, уларга савол бўлади ва улар жавоб беришлари шарт. Бизга туҳмат қилганларни шундай қўймаганмиз, қўймаймиз ҳам," деб қўшимча қилган ҳукумат вице-премьери Абузайд Висмурадов.

Европадан жавоб

18 йилдан бери Буюк Британияда яшаётган собиқ чечен дала қўмондони Аҳмад Закаев ижтимоий тармоқларда тарқалган зўравонлик акс этган видео бўйича полемика билан муносабат билдирди.

"Бунақа телеграм канал ҳақида кеча билдим. Бугун сизга айтишим мумкинки, мен бу каналнинг модераториман. Мен унинг админиман. Ўзини чечен ҳисоблаган ҳар ким бу гуруҳнинг аъзосидир," деган Закаев 9 сентябр кунги видеомурожаатида.

Чеченистон парламенти спикери унга дарҳол жавоб қайтарди: "Яхши, биз 1ADAT телеграм канали модераторини топдик. Сен ўзингни канал модераториман дединг. Бундан буён бу каналда аёллар, опа-сингиллар, оналар ҳақида чиқадиган шармандали ҳамма нарса учун сен жавоб берасан, сендан талаб қилинади."

Эртаси куни, 10 сентябрда Аҳмад Закаев Би-би-сига унинг қариндошларини ҳукумат расмийлари Грознийга олиб кетгани ҳақида гапирди. Би-би-си манбаларига кўра, худди шу куни Закаевнинг ака-укаларини қўйиб юборишган. "Уларни парламентга, Магомед Даудов олдига олиб боришган. У улар билан гаплашган, сўнг қўйиб юборишган," дейди суҳбатдош Би-би-сига исмини айтмаслик шарти билан.

Кейинроқ чечен ОАВда Аҳмад Закаевнинг акаси Али Закаев билан телефон сўзлашуви эълон қилинган. "Би-би-си Рус хизмати укангиздан изоҳ олди. Сиз бу ҳақда нима дея оласиз?" деб сўрайди журналист. "Гап нимадалигини тушунмадим. Ҳаммамиз уйдамиз," деб жавоб берган Али Закаев. Икки кун ўтиб, "Грозный информ" агентлиги сайтида Закаевлар уруғининг улуғлари уни лаънатлагани видеоси эълон қилинди. "Мен Аҳмад Закаевнинг акасиман. Шуни айтаманки, у ҳам, унинг ортида турганлар ҳам эркак эмас," дейди роликда Али Закаев.

10 сентябрдан бошлаб, "Грозный" чечен телерадиокомпанияси сайтида Аҳмад Закаев ва бутилка видеоси ҳақида лавҳалар чиқа бошлади.

Парламентнинг кузги сессияси очилишида Рамзан Қодиров тўғридан-тўғри унга мурожаат қилади: "Энг оғир кунларда, даволашга дори, ейишга ҳеч вақо йўқ бўлиб турган пайтда сен энг яхши мамлакатлардан бирига қочдинг ва Лондонда яшаяпсан. Кел, кураш. Ичкерияни Лондонда қандай қурасан? Кел, шу ерда қур." Адам Делимханов Аҳмад Закаевни жавобгарликка тортишга ваъда берган.

14 сентябрдан республиканинг камида беш аҳоли яшаш пунктида, шу жумладан, Қодиров ва Делимханов қишлоқларида фуқаролар йиғини деб номланган мажлислар ўтказилган. Бунга қўшимча, диний идоранинг қурултойи ва Матбуот вазирлигининг конференцияси ўтган.

Бу йиғинларнинг барида Аҳмад Закаев лаънатланган ва уни қўллаётганларга таҳдид қилинган, уларни "евроичкериячилар" деб аташган.

Ахмед Закаев

Сурат манбаси, John Stillwell/ТАСС

Сурат тагсўзи, Тепсуркаев видеоси эълон қилинганидан икки кун ўтиб Аҳмад Закаев ўспиринни ҳимоя қилиб чиққан

Тепсуркаев қаерда?

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи "Қийноқларга қарши қўмита" маълумотига кўра, Салмон Тепсуркаев 6 сентябрь куни ўзи ишлайдиган Геленжикдаги меҳмонхонада тутиб кетилган. 11 сентябрь куни ташкилот ташқи кузатув камерасига тушиб қолган видеони эълон қилди. Унда қора кийимдаги бир одам бинога кириб кетади, бир неча дақиқа ўтгач, қизил футболкадаги Тепсуркаев ва яна бир эркак билан чиқиб келади. Уч киши муюлишдан қайрилиб, кўздан ғойиб бўлади. Қора кийимдаги бошқа яна бир одам ўша томонга қараб югуриб кетади.

"Қийноқларга қарши қўмита"нинг гувоҳлардан олган ахборотига кўра, Тепсуркаев аввалига қочишга уринган, аммо бунинг имкони йўқлигини тушунгач, фойедаги устунни ушлаб олиб, админстратордан полиция чақиришини сўрайди. "Меҳмонхона хизматчилари қўриқчиларни чақириш учун қўнғироқни босишади. Уни тутиб кетган эркаклардан бири Салмоннинг қўлини қайириб, устунга ёпиштиради. Салмон бунда қаршилик кўрсатмайди," дейилади ташкилот сайтида.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг маълумотига кўра, Тепсуркаевнинг жойи бир кунгача номаълум бўлади. 7 сентябрь куни унинг телефони ёқилади ва қариндошлари унинг жойини аниқлайди - Грознийдаги Аҳмат Қодиров номидаги патрул-пост полиция хизмати полки.

Бутилка видеоси чиққандан кейин Тепсуркаев яна бир неча роликни ёзади. Уларнинг бирида ўша шеър ёзилган роликдан парча қўйилиб, кетидан ўзи билан бўлган ишни оқлайди. Иккинчисида эса у аёлларни ҳақорат қилгани ва уни Чеченистондан бўлган эркаклар тутиб, жазолаганини ҳикоя қилади. У ўз-ўзини жазолаганини, шуни керак деб ҳисоблаганини айтади. Учинчи видеода эса Тепсуркаев айни шу иши учун махсус хизматларга топширилганини гапиради. Ҳамма видеоларда Тепсуркаев 1ADAT канали админларини, республика ҳукуматини танқид қилаётган блогерларни ҳақоратлайди. Йигит роликларнинг бирортасида ҳам ўзини ким ушлаб тургани, қаердалиги ҳақида гапирмайди.

12 сентяборь куни ўзини Салмон Тепсуркаевнинг отаси деб таништирган эркак ахборот агентлигига изоҳ беради. Унинг айтишича, унинг ўғли Салмон 2-3 йил муқаддам уйдан чиқиб кетган, катталарнинг гапига қулоқ солмаган ва улар Салмон учун жавоб бера олмайди. "Биз буни ким қилгани ва нима учун қилганини билдик. Бунинг учун ҳукумат бизга ёрдам берди. Бу ерда ҳукумат ҳам, одамлар ҳам қиладиган ҳеч нарса йўқ," дейди у видеода. У, шунингдек, унинг сўзларича, "пиарни яхши кўрадиган" Европада яшовчи чеченларга мурожаат қилиб, улардан оилавий ишларига аралашмасликни сўрайди.

Шундан бир кун аввал "Қийноққа қарши қўмита" юристлари Тепсуркаевнинг Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича Конвенция 3 ва 5 моддаларида назарда тутилган ҳуқуқи бузилгани бўйича Европа судига шикоят қилди.

Қўмита сайтида берилган ахборотга кўра, Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Россия ҳукуматига Салмоннинг ўғирлангани, қийноққа тутилгани, бу ва видео бўйича бирор расмий суриштирув ўтказилган ёки йўқлиги, Салмон қаерда ўзини-ўзи қийнагани, у ҳозир қаердалиги, расман ушлаб турилибдими, агар ушлаб турилган бўлса, қанча муддатга, у қариндошлари ва адвокат билан кўриша оляптими каби саволлар берган.

"Зўрликнинг қайтар оқибати"

Тепсуркаевнинг видеоси ижтимоий тармоқларда тарқалиши билан Европада яшовчи чеченлар оммавий равишда қийноқни қоралай бошладилар. Уларнинг аксариси ўз исмини ва юзини яширмади.

"Агар қайсидир рус чеченга бирор гап айтса, бирор ёмон иш қилса, биз тўпланамиз, бориб унинг жазосини берамиз. "Ҳеч қачон чеченлар томонга бундай қарама", деймиз. Агар бирор гиёҳванд чеченни урса, биз минглаб йиғиламиз ва қасд олгани борамиз. Қаердамиз ҳозир? Чечен оналарининг фарзандлари бўлган чеченларни бутилкага ўтқазишни бошлашди. Аллоҳга қасамки, бундан баттар шармандалик йўқ," дейди бир чечен йигит 1ADAT эълон қилган видеода.

Францияда яшовчи чечен муллаларидан Саид Аҳмад Усмонов Тепсуркаев қилмишига яраша олди деган Чеченистон муфтийси Салоҳ Мажиевга дарҳол жавоб берди. Муқаддас китобларимизнинг бирортасида инсонга бунақа жазо белгилангани ҳақида кўрмадим, дейди у. Балки шундай жойи борлигини кўрмагандирман, аммо кўришни истардим, деб урғулайди у. "Мен буни у йигитнинг қилмишини оқлаш учун айтмаяпман. Қайси динда бўлмасин, ҳеч бир аёлни ҳақорат қилиш тўғри эмас," дейди у.

Тўқнашувларни таҳлил қилиш ва олдини олиш маркази раҳбари Екатерина Сокирянская Тепсуркаевнинг иши шу пайтгача кўздан пана тутилган зўрлик ва қийноқ каби "оддий қийноқ"дан фарқ қилади дейди: "Бу шунчаки зўрлик эмас, балки исталган жамиятда оғир қабул қилинадиган жинсий характердаги зўрликдир."

Ҳуқуқ фаолининг фикрича, бу ўша ишни содир этганларга нисбатан жирканиш, шок, даҳшат ҳиссини уйғотади. "Бу террор акти. Инсонга нисбатан бундай иш қилиш орқали сиз юз минглаб одамларда шу иш билан ҳиссий боғлиқлик уйғотасиз," дейди Сокирянская. Тепсуркаев билан бўлган иш бу - бир чегара, шундан кейин зўрлик қайтар оқибатга эга бўлади. Натижада видео қийноққа ошкора қарши чиқаётганларга "куч ва қатъият беради", дейди у.

Чиқишлари анча оммалашган чечен блогерларидан бири Тумсо Абдураҳмонов Тепсуркаев билан бўлган иш Чеченистонда инсон ҳақлари бузилиши билан боғлиқ бошқа хабарлардан шуниси билан фарқ қиладики, буни одамлар ўз кўзлари билан кўришди, дейди: "Агар бу ҳақда кимдир бирор газетада ёзганида, бунчалик акс-садо қўзғамасди, албатта. Одамлар бундай томошани кўришга тайёр эмасди. Ана шунинг учун улар қўзғалди ва гапира бошлади." Абдураҳмоновнинг ҳисоблашича, Чеченистонда ҳукумат бундай натижа бўлишини кутмаган ва қарши реакцияни ҳам кўрди.

Тепсуркаев видеоси пайдо бўлмасидан аввал 1ADAT телеграм каналида обуначилар сони тахминан 5 мингтача эди. Бир ҳафтада улар сони уч бараварга кўпайди. Ҳозир каналнинг аватарида Салмон Тепсуркаевнинг жилмайиб турган сурати турибди. Сурат тагида эса "Душманлар ҳар қанча уринмасин, биз учун сен йиқилганинг йўқ, ука" деб ёзиб қўйилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek