Навальнийнинг "Новичок" билан заҳарланиши Ғарб учун синовдир - Россия, Путин, O'zbekiston

    • Author, Фрэнк Гарднер
    • Role, Би-би-сининг Хавфсизлик масалалари бўйича мухбири

Навальнийнинг "Новичок" билан заҳарланиши Ғарб учун синовдир - гарчи Навальний НАТОга аъзо давлат ҳудудида эмас, Россия тупроғида заҳарланган бўлса да, "Россия ҳукумати жавоб бера оладиган ва жавоб бериши ҳам шарт бўлган жиддий саволлар ўртага чиқди," дейди Германия канцлери Ангела Меркель.

Германия ҳукумати Россия мухолифат етакчиси Алексей Навальнийнинг асабни фалажловчи кучли "Новичок" моддаси билан заҳарлангани маълум қилди. Бу маълумот вазиятни Ғарб учун аввалгидан кўра анча жиддийлаштирди.

Энг муҳими, Россия ҳукумати бот бот рад этиб келаётган бўлса-да, у Навальнийнинг заҳарланиши ортида тургани ҳақидаги шубҳаларни орттиради.

"Новичок" Совет Иттифоқи 1991 йили парчаланмасдан бурун Ўзбекистондаги лабораторияда яратилган, асаб тизимига кучли таъсир қилувчи синтетик моддалар гуруҳини англатади.

Ғарб жосуслик хизматлари ишонишича, "Новичок" ўшандан буён мукаммаллаштирилиб, Россия ҳарбий жосуслик бошқармаси (ГРУ) томонидан ишлатилиб келган, аниқлаш ниҳоятда мураккаб яширин ўлим қуролидир. Уни шунчаки эшик тутқичига суртиб қўйишнинг ўзи етарли бўлади.

"Новичок"ни суюқ ҳолатда ҳам, қаттиқ ҳолатда ҳам қўллаш мумкин.

Россиядан чиқиб кетган собиқ рус жосуси Сергей Скрипал ва унинг қизи 2018 йили Солсберида "Новичок" билан заҳарлангани ишонилади. Уилтширда яшовчи Дон Стержесс ушбу моддани яшириш учун фойдаланилган ташлаб юборилган атир идишни ушлаб, заҳарланиб ўлган эди.

Ғарб ҳукуматлари Британия ҳудудида қилинган бу омадсиз суиқасд уринишига кескин муносабат билдирди.

Уларнинг биргаликдаги ҳаракатлари билан 20 давлатдан юздан ортиқ рус дипломатлари ва жосуслари чиқариб юборилган, Москванинг Ғарбдаги жосуслик маълумотлари тўплаш тармоғига қаттиқ зарба етган эди.

Ҳаттоки, Москва Британиянинг жосуслик хизмати MI5 сезмаган. деб ўйлаган, ўта махфий агентлари ҳам аниқланиб, мамлакатдан чиқариб юборилган эди.

Британ ҳукуматининг бу реакцияси унинг 2006 йили собиқ КГБ офицери, қочқин Александр Литвиненконинг заҳарланишига бўлган юмшоқ муносабатидан - ўшанда бу муносабат қаттиқ танқид қилинганди - кескин фарқ қилади.

Кремль хоин, деб атаган бу собиқ полковник радиоактив полоний моддаси билан заҳарланиб, Лондондаги касалхонада вафот этгач, терговлар нақ тўрт йил давом этган бу вақтда гумонланган икки россиялик Россиянинг ўзида бўлган эди.

Танқидчиларнинг ишонишича, Ғарбнинг ўша воқеага юмшоқ муносабати Кремлнинг ўзи хоин ҳисоблаган одамларни заҳарлаб ўлдириш амалиётига эрк бериб юборган.

Бугун Александр Навальнийнинг душмани оз эмас. Коррупцияга қарши ашаддий курашчи сифатида танилган Навальний миллионлаб ёшларни ўзига эргаштирган, аммо, айни чоғда, унинг видеолари сабабли қинғир қилмиши фош бўлганидан ғазабланган одамларнинг нафратига ҳам дучор бўлган. Ҳукумат ва бизнес доираларида уни саҳнадан олиб ташлашни истайдиганлар етарлича топилади.

"Новичок" қишлоқларда топиладиган табиий маҳсулотлардан тайёрланадиган заҳар эмас, уни ҳаваскорлар тайёрлай олмайди. У ҳарбий мақсадларда қўлланувчи кимёвий қурол бўлиб, Навальнийнинг у билан заҳарланиши Россия ҳукуматини шубҳа нишонига айлантиради.

Гарчи Навальний НАТОга аъзо давлат ҳудудида эмас, Россия тупроғида заҳарланган бўлса да, "Россия ҳукумати жавоб бера оладиган ва жавоб бериши ҳам шарт бўлган жиддий саволлар ўртага чиқди," дейди Германия канцлери Ангела Меркель.

Буюк Британия ташқи ишлар вазири Доминик Рааб Меркелнинг гапларини тасдиқлаб, Россия ҳукумати Навальний юзасидан саволларга жавоб бериши керак бўлган шароит етилганини таъкидлаган.

Унинг айтишича, Британия Германия ва бошқа иттифоқчи давлатлар билан биргаликда тақиқланган кимёвий қуролдан фойдаланиш оқибатлари қандай бўлишини кўрсатиш учун ҳаракат қилади.

Вашингтонда Оқ Уй Миллий хавфсизлик кенгаши баёнот бериб, Россиядаги бу ишга алоқаси бўлганлар жавобгарликка тортилиши учун иттифоқчилар билан биргаликда ҳаракат қилиниши билдирилди.

Британия армиясининг собиқ офицери ва кимёвий қуроллар бўйича мутахассис Ҳамиш де Бреттон Гордон Суриядаги Башар ал Асад режимининг исёнчилар ва оддий фуқароларга қарши кимёвий қуролларни бетизгин ишлатиши жиддий хавфли сигнал эканини такрорлаб келади.

Ҳукуматларнинг жамоат арбобига қарши "Новичок" асабни зарарловчи моддаси ишлатилганига қандай муносабат қилиши Кимёвий қуроллар тарқалишининг олдини олиш ташкилотининг хулосаларига боғлиқ бўлади.

Британия Парламенти Мудофаа қўмитаси раиси Тобиас Элвуд "Twitter"да шундай ёзди: "Яна Россия/Новичок. Ғарбнинг қанчалик бирдам бўлиб бунга жавоб бера олиши синовдан ўтади."

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek