Беларусь: Бу давлат ҳақида сиз билмайдиган беш нарса - Belarus, O'zbekiston, dunyo

Якшанба кунги зиддиятли сайлов ҳам ўтди. Президент Лукашенко олтинчи бор президент сайловида ютди. Бунга дастлабки натижалар далолат қилди. Беларусь намойишлар ичида қолди. Беларусь ҳақида шундан бошқа яна нимларни биласиз?

Мана, Чернобил фалокатидан тортиб, Шарқий Европа давлатининг пешқадам спорт юлдузигача, сизни қизиқтириши мумкин бўлган беш нарса:

Беларусь Иккинчи жаҳон урушида энг кўп талафот кўрган давлатдир

Нацист Германияси СССРга бостириб кирганда бу давлат 25 фоиз аҳолисидан жудо бўлган.

1.6 миллион тинч фуқаро ва 600,000 совет аскари урушда Беларусда ўлган. Деярли барча яҳудий аҳоли қирилиб кетган.

Пойтахт Минскнинг 85 фоизи авиаҳужумларда яксон қилинган ва 1950 ва 60 йилларда қайта қурилган.

Европада ўрнида энг узоқ қолаётган президент

Расмий рақамларга кўра президент Лукашенко якшанба кунги сайловда 80 фоиздан ортиқ овоз олган.

Шундай бўлса да, кузатувчилар бўлмаган, бу эса овоз натижалари сохталаштирилгани ҳақидаги хавотирларни пайдо қилади. Асосий рақиб Светлана Тихановская сайлов натижаларини тан олмаслигини айтди.

Лукашенко 1994 йили ҳокимиятга келган эди.

Унинг ҳокимиятга қаттиқ ёпишиб олганини Ғарб давлатлари танқид қилиб келади.

2005 йили АҚШ президенти Буш маъмурияти уни "чеккадаги тирания" тепасида ўтирган, "Европадаги сўнгги диктатор", деб атаган эди.

Лукашенко мухолиф намойишларга қўшилган ҳар бир одам террорчи сифатида таснифланиши билан огоҳлантирганди ва, қўшимча қилиб, "Биз уларнинг бўйнини ўрдакникидек узиб ташлаймиз" деганди.

Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари уни кенг қамровли суистеъмолларда айблаб келади.

АҚШ президенти Кеннедини отган Ли Ҳарвей Освалд Минскда яшаган

АҚШ денгиз кучларида хизмат қилган Освалд 20 ёшида СССРга келади ва ўзининг марксист эканини айтади.

КГБ унинг аризасини рад қилади. Унинг сайёҳ сифатида виза муддати тугагач, Освалд ўз томирини қирқади. Халқаро можаро бўлишини истамаган совет расмийлари унга мамлакатда қолишига изн беради.

У Минскка юборилади, ўша ерда уни радио ва телевизор ишлаб чиқарадиган заводга ишга ҳам жойлаб қўйишади. У шаҳар марказидаги бир хонали квартирада яшайди.

Освалд Минскдаги оз сонли хорижликлардан бири ва ягона америкалик эди.

У 1961 йили Марина Прусаковага уйланади. Бир йил ўтиб қиз фарзандли бўладилар. Сўнг АҚШга кўчадилар.

1963 йили 22 ноябрда у Техас штатидаги Даллас шаҳрида АҚШ президенти Жон Ф. Кеннедини отиб ўлдиради.

Чернобилдан чиққан радиоактив моддаларнинг 70 фоизи Беларусь ҳудудига тушган

1986 йил 26 апрелида Украинадаги Чернобил атом электр станциясидаги тўрт реактордан бири портлади. Бу воқеа дунёдаги энг даҳшатли ядро фалокати деб таърифланди.

Заҳарли булут Европа осмони бўйлаб кенг ҳудудга тарқалди. Беларусь бундан ҳаммадан кўра кўпроқ зарар кўрди. Зарарли зарраларнинг 70 фоизи шу давлат ҳудудига тушди.

Мамлакат қишлоқ хўжалиги ерларининг бешдан бири зарарланди, 2000 мингдан ортиқ қишлоқ ва шаҳарлар эвакуация қилинди. 1986 йилдан буён ярим миллиондан ортиқ одам яшаш жойидан кўчирилди.

"Chernobyl International" гуманитар ташкилотига кўра, тупроқ ва ҳавони зарарлаган айрим моддаларнинг ярим умри 24,400 йилни ташкил этади.

Чернобил фожеаси Беларусга мамлакат ялпи миллий маҳсулотининг 20 фоизига тенг талафот келтирди, дейди ташкилот вакили. Ҳаво ва тупроққа тушган заҳарли моддалар келтирган зарар 235 миллиард долларга тенг.

"Chernobyl International"га кўра, Беларусда 2 миллион одам ва уларнинг 500,000 нафари хавф даражаси ўта юқори ҳудудда яшайди.

Виктория Азаренка мамлакатнинг энг муваффақиятли теннисчиси

Виктория Азаренка дунёда биринчи рақамли бўлган илк беларуслик теннисчи ва Олипмиада теннисида мамлакатга медал келтирган биринчи ўйинчидир.

У 2012 йили Лондон Олимпия ўйинларида аёллар ўртасида якка тартибдаги мусобақада бронза, жуфтликлар ўртасида эса олтин медал олган. У Австрали Опен турнирида икки марта ғолиб бўлган ва АҚШ Опен тернирида икки марта финалга чиққан.

Азаренка Федерация кубогида Беларусь шарафини ҳимоя қилган.

"Менинг руҳим беларуслик, нима бўлмасин ва қаерда бўлмай, менинг илдизим доимо шу ўлкада, - дейди у Минск Ҳералдга. - Мен Беларусда улғайдим, ота онам шу ерда, қолаверса, менинг характерим ҳам шу ерда шаклланган. Мен Беларусга келсам, ўз ватанимга келаман."

Ўғли Лев дунёга келгач, у яна катта теннисга қайтди. Унинг Tennis.com'га айтишича, яқин келажакда теннисдаги фаолиятини тўхтатиш нияти йўқ.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek