Путин Беларусь президентини ағдармоқчими ёки буни мухолифат уддалайдими? Rossiya, Belarus

Сурат манбаси, EPA
Беларусь президентлик сайловларида муддатидан аввал овоз бериш бошлаб юборилди. Сайловнинг ўзи келгуси якшанбага белгиланган. Мустақил Беларусь тарихида биринчи марта, бу сайловлар натижаси қандай бўлишини башорат қилиш қийин бўляпти.
Бу галги сайловлар ҳам, одатдагидек, номзодларни рўйхатга олмаслик ва қамоққа ташлаш, ҳамда ғайриоддий тарзда, Россия жангариларининг қўлга тушиши ва Кремль аралашувига ишоралар манзарасида ўтмоқда.
Беларусда президентлик сайловлари яқинлашар экан, мамлакатни 1994-йилдан бери бошқариб келаётган ва бир вақтлар Европанинг охирги диктатори дея тамғаланган Александр Лукашенко президентлик курсисини бериб қўйиш ниятида эмас - у олтинчи марта ўз номзодини қўймоқда.
Энг кучли рақиб
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Умуман эса, президентлик сайловида беш номзод қатнашади ва Лукашенконинг энг жиддий рақиби, кутилмаганда, Светлана Тихановская бўлмоқда. Буни Тихановскаянинг ўзи ҳам кутмаган. Аввалига унинг эри - коррупция ва ноҳақликлар ҳақидаги видеолари билан машҳур блогер Сергей Тихановский президентликка ўз номзодини қўймоқчи эди, аммо зўравонликка чақириқларда айбланиб ҳибсга олинди.
Буни ҳукуматнинг сиёсий ўйини деб кўрган минглаб беларуслар унинг аёлини қўллаб қувватлай бошлади. 38 яшар Тихановская ўзининг мутлақо сиёсатчи эмаслиги, балки эрига муҳаббати туфайли номзодини қўйганини айтса-да, уни бошқа мухолифатчилар ҳам қўллаб чиқишди.
Бабарико ва «Кремль қўли»
Ундан аввал Лукашенкога энг жиддий рақиб дея Виктор Бабарико кўрилганди. Аммо, унинг ҳам номзодлигини Марказий сайлов комиссияси қабул қилмади ва у ҳибсга олинди. Расмий сабаб дея, Бабариконинг ўз даромадини очиқламагани айтилди. Айнан Бабарико шахси атрофида «Кремлнинг қўли» ҳақида гапирила бошланди. Қизиғи, ҳар сафар Беларусдаги сайловда Мухолифат Кремлни Лукашенкони дастаклашда айблаган бўлса, бу гал Лукашенко Кремль қўғирчоқлари дея мухолифатдан гумонсирамоқда.

Сурат манбаси, Screenshot/Echo.msk.ru
Гап шундаки, Бабарико яқин-яқингача бошқарган Белгазпромбанкка Газпром деярли 100 фоиз эгалик қилади. 2018 йил охирида Лукашенко ва Владимир Путин газ нархи устида қаттиқ урушиб қолишган ва алоқалар совуқлигича қолмоқда. Беларуснинг Газпромдан қарзи ошгандан ошиб боряпти.
«Вагнер» хусусий ҳарбий гуруҳи
Июль охирида пойтахт Минск яқинидаги санаторийда 32 киши, Беларусь жанубида яна бир киши қўлга олинди. Уларнинг бари - Россия фуқаролари. Матбуотда айтилишича, улар «Вагнер» жангарилар гуруҳи аъзоларидир. Расмий Минск 200дан ошиқ жангари сайловолди кампанияни издан чиқариш учун мамлакатга ташланганини айтмоқда. Сешанба куни ҳукумат ва халққа қилган мурожаатида Лукашенко буни яна қайтарди.
Вагнер гуруҳи шу пайтгача Украина ва Суриядаги жангларда қатнашгани кўпларга маълум бўлса-да, уларнинг аъзолари ҳеч қаерда рўйхатда турмайди. Россиянинг The Bell нашрига кўра, бу аскарларни аслида Россия Мудофаа вазирлиги, ва аниқроғи Кремль бошқаради. Беларусь Ташқи ишлар вазирлиги эс аллақачон уларнинг исмларини Украинага топширди, чунки улар орасида Донбассда жанг қилганлари бўлиши мумкин. Украина 33 кишидан 28тасини унга топширишни сўраяпти.
Россия аввалига бирон расмий баёнот беришга шошилмади ва буни ҳатто Беларусь ички ишларига аралашмаслик истаги билан изоҳлади. Аммо, эндиликда бу жангарилар негадир Туркияга Беларусь орқали учишаётган бўлганини айтишмоқда, ҳамда бу атиги Лукашенко сайловолди кампаниясининг бир масхарабозлиги дея қўл силтагандек кўринишмоқда.
«Бугун жанубга яна бир отряд ташлангани ҳақида маълумот олинди. Биз уларни қувлаб, ўрмонларда овлаймиз. Барини тутамиз», - деди Лукашенко.
«Бари ёлғон. Истанбулга, Венесуэла, Африка ва Ливияга юборилгани. Бу одамлар ўзлари кўрсатма бериб атайлаб Беларусга юборилганларини айтишди. Уларга кутиш буйруғи берилган», - дея қўшимча қилди у.
Қандай бўлмасин, сайлов натижаларини кўриш қизиқ бўлади. Тихановская балки Лукашенкони тахтдан ағдаролмас, лекин кўп беларусларга кўра, нимадир ўзгарган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















