Саудия, коронавирус: Ҳаж йўқ, иш ҳам, пул ҳам Haj Koronavirus Saudiya

Сурат манбаси, Sajjad Malik
- Author, Фария Маъсуд
- Role, BBC World Service Бизнес репортёр
Бошини қўллари орасига сиқиб олган Сажжод Маликнинг кайфияти тушкун. У Макка шаҳридаги такси ширкати раҳбари, ҳозир шундоқ Масжидул-Ҳаром ёнидаги такси буюртма берадиган идораси бўшаб қолган. "Иш ҳам йўқ, маош ҳам. Ҳеч нарса", дейди у.
"Одатда Ҳаждан олдинги икки-уч ой мобайнида мен ва ширкатим такси ҳайдовчилари бир йилга етадиган пул ишлаб олар эдик. Бу йил даромадсиз қолдик".
Бу ширкат Саудия Арабистонидаги хорижий ишчиларни ёллайдиган энг йирик ширкатлардан бири ҳисобланади. Такси ҳайдовчиларидан бири Самиур Раҳмон Макканинг машҳур соатли минораси атрофидаги йўллардаги вазият қандай экани ҳақидаги хабарни раҳбари Сажжод Маликка юборади. Кўчалар олдинги йиллардагига ўхшамайди: кўчани тўлдирган эҳромга ўралган инсонлар оқими кўринмайди. Ҳар йили Ҳаж зиёрати кунлари бу жойлар оқ либосга бурканган, бошини жазирамадан соябон билан бекитган зиёратчилар билан тўла бўлар эди.
Таксилар бўм-бўш турипти. Шаҳар ҳувиллаб қолган. Сажжод ҳайдовчилари унга бўшаб ётган кўчада юрган каптарларнинг видеоларини юборадилар.

Сурат манбаси, Samiur Rahman
"Ҳайдовчиларимнинг ейишга овқатлари қолмаган. Аввал икки киши ижарага олган хонада ҳозир тўрт-беш киши ётиб юрибди", дейди Сажжод.
Мен Сажжоддан Саудия ҳукумати қандай ёрдам бераётгани ҳақида сўрайман. "Йўқ, ҳеч қандай ёрдам йўқ. Менинг йиғиб қўйган жамғармам бор, шундан ишлатаяпмиз. Лекин одамларим сони кўп - қўл остимда 50 дан ортиқ одам бор. Уларга қийин бўлаяпти".
"Кеча бир дўстим қўнғироқ қилди. Илтимос, менга бирор иш топиб бер. Қанча маош берсанг ҳам розиман, дейди. Ишонинг, одамлар жуда оғир аҳволга тушиб қолганлар".
Бу йилги Ҳаж зиёрати учун кескин чекловлар жорий этилди. Саудия Арабистони Яқин Шарқда коронавирус энг кўп тарқалган мамлакатга айланди. Шу боис ҳар йили мамлакатга келадиган икки миллион зиёратчи келишини тўхтатди, шу йил билан Covid-19 тарқалишини чеклаш ниятида эканини эълон қилди.
2020 йилги Ҳаж зиёратини адо этишга фақат Саудия Арабистонининг ўзида яшайдиган мусулмонларгагига рухсат этилди. Бу йилги ҳожилар сони 10000 га ҳам етмайди.

Сурат манбаси, Getty Images
Зиёратчилар муқаддас Замзам булоғининг ўзидан сув ичолмайдилар, муқаддас сув ҳар бир кишига алоҳида идишга солиб берилади. Мино водийсидаги Жамаротда шайтонга тош отишда фойдаланиладиган ҳар бир тош стерилланади.
Саудия Арабистонидан ташқарида эса чанқоқ зиёратчилар эҳтиёжи Кения сингари мамлакатлардан жониворларнинг сердаромад импортига етаклайди. Ҳар доим Саудияга қорамол сотишдан фойда кўрадиган чорвадорлар молини сотолмай ўтиришипти.
"Кенияда чорвачилиги йирик соҳа. Ҳаж мамлакатдаги кўплаб хонадонлар, чорвадор фермерлар учун асосий даромад манбаи бўлади", дейди Кения Чорвадорлар ассоциациясидан Патрик Кимани.

Сурат манбаси, Patrick Kimani
Ҳаж мавсумида Кения Чорвадорлар ассоциациясининг аъзолари ўртача 5000 қорамол экспорт қилишади. "Энди эса фермерлар музхона ва маҳаллий бозорлардан харидор изламоқдалар", дейди Патрик Кимани.
"Хавотиримиз шуки, маҳаллий харидорларнинг қорамолни тез сотиш истаклари мол нархи кескин арзонлашиб кетишига олиб келиши мумкин".
Ҳаж мавсуми Пайғамбар Муҳаммад(С.А.В) раҳбарлигида бошланган 1400 йил олдингидагидек адо этилади, бироқ тарихда бу йилгидек Ҳаж зиёрати чекланиши камдан-кам бўлган.

Ҳаж нима?
Ҳаж Исломнинг беш устунларидан бири бўлиб, саломатлиги изн берадиган ва адо этишга имкони бор мусулмон ҳаётида камида бир марта Ҳаж зиёратини адо этиши талаб қилинади.
Зиёратчилар Маккаи Мукаррама шаҳридаги Каъба ёки Байтуллоҳда Аллоҳни улуғлайдилар.
Ҳаж зиёрати бошқа амалларни ҳам ўз ичига олади.


Ҳаж зиёрати асрларки кўплаб инсонларга даромад манбаи бўлиб келган, ўзининг даромад манбаидан тўсатдан айрилиб қолган сайёҳлик компаниялари ҳам мушкул вазиятга тушиб қолдилар.
Мисол учун ўтган йили Ҳаж зиёратига Саудияга энг кўп зиёратчи юборган мамлакат Покистон бўлган эди. Лекин бугун Карочидаги "Арзон Ҳаж ва Умра" ширкатини юритадиган Шаҳзод Тож касодга учраш остонасига келиб қолганликларини айтади.

Сурат манбаси, Shahzad Tajj
"Бизнес нолга тушиб қолган. Саёҳатга алоқадор айрим бизнеслар юриб турипти - парвозлар, логистика ва етказиб бериш хизматлари. Аммо улар ҳам олди-сотди эмас. Биз бундай вазиятга тайёр эмас эдик".
"Ходимларимизнинг сонини энг озига туширдик. Вақт бизни автомобилларимиз, айрим биноларимизни сотишга мажбур этди. Айрим ходимларимизга ўта шошилинч пул билан ёрдам бердим. Бошқа нарса қўлимдан келмайди", дейди Шаҳзод Тож.
Чекловлар боис Макка ва Мадина шаҳарлари бюджетларида улкан камомад юзага келган. Чунки ҳожилар сафари билан боғлиқ бизнеслардан бюджетга миллиардлаб доллар тушар эди.
"Саудия ҳукуматининг бу йилги Ҳаж мавсумига мўлжаллаган маблағининг аксар қисми тежаб қолинади. Аммо Макка ва Мадина бизнесларининг $9 млрд -$12 млрдини йўқотади", дейди пойтахт Ар-Риёддаги Al-Rajhi Capital молиявий хизматлар ширкатидан Мазен ал-Судайрий.

Сурат манбаси, EPA

Сурат манбаси, Getty Images
Мазен ал-Судайрий сўзларига кўра, ҳукумат бизнесларга ёрдамлашишга бел боғлаган. "Балки кичик ва ўрта бизнеслар қийналаётгандирлар. Аммо Саудий марказий банки бизнесларни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилаяпти, олган қарзларини қайтариш муддатини икки ёки уч ойга узайтираяпти".
"Ишончимиз комил, биз оёққа туриш вақтига келдик - энг ёмони ортда қолди".
Саудия Арабистони миллий даромадининг 80% дан кўпи нефтдан тушади. Лекин жаҳон бозорида нефт нархи ҳам қулаган, Саудия ҳукуматини диверсификацияга ундаган. Moody мустақил риск гуруҳидан Александр Пержесси айтишича, ҳали бу йўналишдаги ишлар ўзининг самарасини берганича йўқ.
"2020 йил мартида ҳукумат турли тўловларни, хусусан, қўшилган қийман солиғи йиғимини ҳам уч ойга тўхтатиши ҳақида эълон қилди. Аммо бу нефтга боғлиқ бўлмаган соҳалардаги иқтисодий пасайиш олдини ололмайди. Бизнинг прогнозларимизга кўра, бу пасайиш 4 фоизни ташкил этади", дейди Александр Пержесси.

Сурат манбаси, Getty Images
Маккадаги офиси ҳувиллаб турганига қарамасдан, Сажжод Малик ўзи туғилиб ўсган Покистонга қайтмоқчи эмас.
Узоқ йиллар давомида Саудия Арабистони ён-атрофидаги мамлакатлардаги кун кўришга қийналган одамлар жонига оро кириб келган.
"Саудиядаги саккиз йиллик ишим болаларим ва оиламга ўз уйига эга бўлиш имкониятини берди. Ҳозир бизнинг бепул тиббий имтиёзларимиз бор. Ҳали яна Ҳаж мавсуми бошланганидан кейин кўп пул топса бўлади", дейди Сажжод.
"Оддий ишчилар ҳозир қийналаяпти. Лекин бу мамлакат менинг учун биринчи ўриндаги мамлакат, Алҳамдулиллаҳ", дейди у.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















