Коронавирус: Карантиндан қачон ва қандай чиқамиз? - O'zbekiston

Сурат манбаси, Qalampir.uz
Уйда ўтириш инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолади, аммо айни пайтда миллионлаб одамлар даромадидан айрилмоқда, бизнеслар тўхтаб қолган.
Карантин яна қанча давом этади, деган савол бугун дунёда энг кўп берилаётган савол. Унга осон жавоб йўқ.
Ҳозирча коронавируснинг давоси ҳам, вакцинаси ҳам йўқ. Вакцина энг тез келаси йил ўрталарида чиқиши мумкин.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Ҳукуматлар ва олимлар қандай қилиб касаллик оммавий юқишининг олдини олган ҳолда одатий ҳаётга тезроқ қайтиш мумкин, деган савол устида бош қотиришмоқда.
Ечимлардан биттаси рақамли кузатув, яъни мобил телефон сигналлари орқали контактларни рақамли кузатиб бориш.
Бу махсус илова ёки мобил операторлар орқали амалга оширилади.
Covid-19нинг олдинги вируслардан фарқи шундаки, кўпчиликда у симптомсиз ўтади ва вирусга чалинганларни карантин қилишнинг ўзи касаллик тарқалишини тўхтатиш учун кифоя эмас.
Кўпгина одамлар вирус ташувчилар эканликларини билмайдилар ҳам.
Дунёда коронавирусга чалинганларнинг қарийб ярми айнан симптомсиз одамлардан юқтиришган.
Худди шунинг учун ҳам олимлар рақамли кузатувга умид қилишмоқда.
Оксфорд университети олимларига кўра, бу каби кузатув натижа бериши учун аҳолининг камида олтмиш фоизининг мобил телефонларида ана шу иловалар ўрнатилган бўлиши керак.

Бу эса ёппасига кузатув дегани. Яъни ҳукуматлар аксарият аҳолининг мобил телефонларидаги геолокацияга имконли бўлишлари керак бўлади
Худди шу ҳолатда ҳозирги қаттиқ карантин тартибини рақамли карантин билан алмаштириш мумкин бўлади.
Сингапур, Жанубий Корея ва Тайландда айнан шу йўл билан вирусни юқтирганлар билан алоқага киришганлар тезда топилиб, изоляция қилинган.
Натижа маълум - касаллик тарқаши тезда жиловланган, ўлим ҳолатлари кам.
Аммо масалан, Ўзбекистонда вирусга чалинган бир одам уни ўнлаб инсонларга юқтиргани, расмийларга эса уларнинг контактларини аниқлаш учун камида бир ҳафта вақт кетгани маълум.
Ҳукумат бутун кучни карантинга сафарбар қилган, аммо вирус ҳали чўққига чиққани йўқ, ҳануз тарқалишда давом этмоқда.
Карантиннинг эса қачон тугаши номаълум.
Бутун дунёдаги трендга қараладиган бўлса, Ўзбекистон ҳам қаттиқ карантин чораларини узоқ муддат ушлаб туриши имконсиз.
Аммо улардан воз кечиш эпидемиологик вазиятни назоратдан чиқариб юбориши мумкин. Хўш, бу чораларни рақамли технологиялар билан алмаштириш мумкинми?
Соғлиқни сақлаш расмийлари эса ҳозирга қадар карантинга муқобил бирон бир чора ҳақида гапирганларича йўқ.
Рақамли карантининг бошқа бир жиҳати бор. Бу унинг шахсий эркинликларни чеклашидир.
Экспертлар ва фаоллар коронавирус инқирози барҳам топганидан кейин ҳам ҳукуматлар аҳолини кузатишдан воз кечмаслиги мумкин, деган хавотирларни билдиришмоқда.
Айниқса, авторитар давлатларда.
Ўзбекистон ҳукумати ҳам коронавирус пандемияси боис қатъий чораларга қўл уришга мажбур бўлган.
Карантин сабаб охирги уч йилда бир қадар камайган ички ишлар идораларининг роли ортмоқда.
Аҳолининг катта қисми бу чораларни тушуниш билан қарши оларкан, "Риштонда картошка йўқ" деб хабар тарқатган йигитнинг 15 суткага қамалиши блогер ва фаоллар орасида хавотирларга ҳам сабаб бўлган.
Журналист ва инсон ҳуқуқлари фаоли Баҳодир Элибоев Фэйсбукдаги саҳифасида ўз хавотирларини баён қилди.
"Мирзиёевдан аввалги Ўзбекистон ўзининг қаттиққўл ҳуқуқ тартибот идоралари билан танилганди. Коронавирус барҳам топганидан сўнг мамлакатнинг ислоҳотлардан олдинги нуқтага яна қайтмаслиги муҳим", деб ёзмоқда The Diplomat нашри.
Унга кўра, пандемия даврида янги ваколатларни қўлга киритган ички ишлар идоралари уларни сақлаб қолишга интилишлари эҳтимоли катта.
Бунинг мисоли Ички ишлар вазирлигининг шу кунларда норматив ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталида жойлаштирилган вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик профилактикасига доир янги қонун лойиҳаси бўлиши мумкин.
Ундаги "ватанпарвар блогерлар виртуал гуруҳи"ни ташкил этиш ғояси Ўзбекистондаги блогерлар томонидан троллар фабрикасини расмийлаштириш уриниши сифатида танқид қилинди.
Ёшлар Иттифоқи бу ташаббусга алоқаси йўқлигини айтиб чиқди, Ички ишлар вазирлиги эса ҳужжат лойиҳаси қайта кўриб чиқилишини маълум қилди.















