Коронавирус: Хитой нимани яширган? Ўзбекистон кимга ишонсин?

АҚШ

Сурат манбаси, Reuters

Ўқилиш вақти: 3 дақ

АҚШ Марказий Жосуслик Бошқармаси (ЦРУ ёки МЖБ) ҳали ўтган февралдаёқ Хитойдаги коронавирусга оид ҳолат миқёси яширилганидан Оқ Уйни огоҳлантирган.

Шунингдек, бошқа давлатлар ҳам вирусга қарши курашда Хитой тажрибасига суянмаслиги керак деб айтган.

Ўзбекистон раҳбарияти коронавирусга қарши курашда Хитой ёрдами ва тажрибасига суянишини айтганди.

Европа ва Осиёдаги қатор бошқа давлатлар ҳам бугун Пекиндан кўмак олишмоқда.

Бироқ АҚШ МЖБ (ЦРУ) Хитойга бу борада қанчалик ишонишни савол остига олади. Видео:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Энди нима бўлади?

New York Times нашрига кўра, Оқ Уйнинг айрим вакиллари ҳали январь ойи охирида ҳам Хитойдан келаётган маълумотларга тўлиқ ишонимаган ва жосуслик хизматларидан аҳволни ўрганишни сўрашган.

Ўз исмини айтишни истамаган МЖБ (ЦРУ) жосусларига кўра, Хитой юборган маълумотлар ишончсизлиги ҳақида Президет Трамп маъмуриятига очиқ айтилган.

Аммо яқингача ҳам Дональд Трамп бунга катта аҳамият бермаган.

Охирги кунларда эса АҚШдаги коронавирусга оид вазият кескинлашди ва мамлакат вирус ўчоғига айланди.

Коронавирус юқтирган америкаликлар сони дунёда энг баланд: касаллар 330 мингдан ошиб кетди.

АҚШдаги бу вирусдан ўлиш ҳоллари ҳам Хитойдан қарийб уч марта кўп ва 10 мингга яқинлашиб қолган.

Энди Оқ Уй Хитойдаги вазият борасида аниқ маълумот истамоқда.

Чунки, Хитойда коронавирус юқтирган ва ундан ўлган одамлар сони, вируснинг тарқалиш тезлиги борасида ҳақиқий маълумотга эга бўлиш ҳаёт-мамот масаласига айланди.

АҚШ

Сурат манбаси, EPA

Жосуслар ахборот ололмади

Аммо АҚШ жосуслари Хитойдан аниқ маълумотларни қўлга кирита олишмаяпти.

Хитойдан келаётган маълумотлар эса ҳақиқатга зид тушмоқда.

МЖБ энди бир хулосага келди: Хитой ҳукумати ўзи ҳам офатнинг ҳақиқий миқёсини билмайди.

Жосуслар фикрича, коронавирус бошланган Ҳубей минтақаси расмийлари марказий ҳукумат жазолашидан қўрқиб, касаллар ҳамда қурбонлар ҳақидаги рақамларин камайтиришган.

Шу қаторда, илк ҳафталари Хитойда барчани текшириш ва ташхис қўйишни ягона меъёрлар асосида йўлга қўя олиш имконсиз бўлган.

Ҳатто Covid-19 касали аломатларини йиғиш ҳам узоққа чўзилган.

Илк кунлард коронавирус юқтирган кўплаб беморлар эса умуман бошқа касаллар қаторига киритилиб, коронавирус рўйхатига тушмаган.

МЖБ тахмин қилишича, биргина Ухан шаҳрида расмий рақамдан икки баравар кўпроқ одам, яъни 5 минг нафардан ортиқ одам нобуд бўлган.

Карантин иш берганми ёки...?

Хитойда касаллик тарқалиши деярли жиловлангани айтилмоқда.

Сурат манбаси, AFP

Хитойда касаллик тарқалиши деярли жиловлангани айтилмоқда.

Ҳукумат буни кескин карантин чоралари самараси, деб айтмоқда.

Лекин Хитой ҳеч қачон коронавирус сипмтоми (аломати) кўринмаган ҳолатларни ёки ўзгача симптомли беморларни ҳисобга олмаган.

АҚШдаги рақамларга биноан, коронавирус юқтирганларнинг 25% ёки ҳар тўртинчи одамда ёки бирон симптом кузатилмайди, ёки ўзгача аломатлар пайдо бўлади.

Бир неча кун олдин АҚШ президенти маслаҳатчиси Роберт О'Брайен Хитой берган расмий рақамларга ишонмаслликка асос борлигини, аммо айни пайтда, ҳақиқий манзарани чизиш ҳам имконсизлигини айтганди.

Айғоқчилар йўқолиб қолган

Ҳали 2017 йили New York Times нашри илк манбалардан бир маълумот келиб тушади:

Унда Хитойдаги АҚШ жосуслари ва айғоқчилари йўқолиб қолаётгани айтилади.

МЖБ (ЦРУ) таркибида ишлаган тўрт нафар собиқ ходим нашрга мурожаат қилишади ва 2010-2012 йиллари Хитойда иш олиб борган 20 нафарга яқин айғоқчилари ўлдирилгани ёки қамоққа ташлангани ҳақида билдирадилар.

Бу эса Американинг Хитойдаги жосуслик фаолиятига қаттиқ зарба берган.

Собиқ ходимларга кўра, 2010 йилдаёқ Хитой ҳукуматидан келиб тушадиган маълумотлар камайиб кетган.

2011 йили эса жосуслар йўқолиб қола бошлаган.

МЖБ (ЦРУ) учун бу сўнгги йилларнинг энг катта йўқотишларидан бири саналади.

Бир фаразга кўра, Хитой тарафи МЖБ мулоқот тизимини ёриб кирган ва Хитойда иш олиб бораётган жосус ҳамда айғоқчилар кимлигини билиб олган.

Бошқа тахминга кўра, 2010 йили Хитой контрразведкаси АҚШ тизими ичига "крот" кирита олган.

Айни дамда, бу икки тахминнинг ҳам ҳақиқатга яқин бўлиш эҳтимоли йўқ эмас.

koronavirus logosi

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek