Коронавирус: Дунё бўйлаб энг антиқа чекловлар ёки сауна, ҳоккей ва ароқ вирусга қарши иш берадими?

Коронавирус тарқалишига қарши дунё давлатлари турлича чекловларни жорий этишмоқда. Баъзи чекловлар ростакамига "антиқа" деган таърифга жо бўлади. Айримлари эса мисли кўрилмаган чоралардир.

1) Панама

Марказий Америкадаги бу давлатда 1000 га яқин киши коронавирусга чалинган. Ҳукумат вирус тарқалишини олдини олиш учун эркак ва аёлларни ажратишга қарор қилди.

Чоршанба кунидан бошлаб эркаклар ва аёллар ўз уйларидан фақат икки соатга чиқишлари мумкин. Бу ҳам бир вақтда эмас. Эркаклар ва аёллар учун алоҳида ташқарига чиқиш соатлари белгиланган.

Якшанба куни эса ҳеч ким кўчага чиқмайди.

2) Колумбия

Айрим Колумбия шаҳарларида одамлар ташқарига миллий ID ҳужжатларининг сўнгги рақамларига қараб чиқишади.

Масалан, Barrancabermeja шаҳрида яшайдиганлар ID ҳужжатлари 0, 7 ёки 4 билан тугаса, улар уйдан ташқарига душанба кунлари чиқишади.

1, 8 ё 5 рақамлилар эса сешанба куни уйни тарк этишларига рухсат берилган.

3) Сербия

Сербия ҳукумати одамларни итлари билан сайр қилишлари учун кечги соат 8 дан 9 гача вақт белгилади.

Аммо ит эгалари норозилик билдиришди.

Қарор бекор қилинди.

4)Белорус

Белорус президенти Александр Лукашенконинг коронавирус тарқашига мунсабати аксариятни лол қолдирди.

Белорус вирус тарқашига қарши курашиши керак деган маслаҳатларга президент кулгили деб ўйлади шекилли, "мен вирус бу атрофда учиб юрганини кўрмаяпман" дея жавоб қилди.

Телевизион мухбир билан суҳбатда у ҳоккей ўйинини томоша қилаётганларга вирус юқмаслигини айтди.

Президентга кўра, стадиондаги совуқ ҳаво вирус тарқашига йўл қўймайди.

Аммо президентнинг ҳар иккала даъвоси ҳам асоссиз.

Вирус учиб юришини кўриш имконсиз ва унинг совуқ ҳавода тарқамаслиги ҳам тўғри эмас.

Белорус Европада спорт ўйинларини бекор қилмаган ягона давлатдир.

Лукашенкога кўра, ароқ ичиш ва саунага бориб туриш ҳам вирусни яқинлаштирмайди.

Бу икки даъво ҳам мутлақо асоссиздир.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek