Дунё: 21 йил Лондон автобусларида яшаган одам

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Вениша Мензис
- Role, Журналист ва фотограф
Британия ҳукумати Саннига қочқинлик мақомини беришдан бош тортганидан сўнг у 21 йил Лондонни у бошидан бу бошига кесиб ўтадиган автобусларда яшади. Автобуснинг биринчи қаватида тунни ўтказиш қандай бўлади?
Санни (у ҳақиқий исмини айтмасликни сўради) сабр билан автобусни кутади. Қиш шамоли унинг эски курткаси тешиб кетгудек бўлади. Қўли ва оёқлари музлайди.
Ярим тунга яқинлашиб қолган, у чарчаган, лекин жойида қатъий турибди. Ниҳоят автобус дарахт шоҳларига тегиб бекатга яқинлашаркан, у жилмаяди.
Санни ҳамма йўловчиларни ўтказиб юборади, таниш бўлиб қолган автобус ҳайдовчисига салом бериб бошини ирғиб қўяди ва Oyster электрон карточкаси билан йўлкирани тўлайди.
У автобус биринчи қавати охирги қаторидаги севимли жойи бўшлигидан хурсанд. Бўш жойга ўтириб, узоқ йўлдан олдин бемалол жойлашиб олади.
Барча нарсалари жойланган сумкасини тиззасига қўйиб олган. Сумкани қучоқлаб олади, қўли ва оёқлари исиётганини ҳис қилиб, кўзларини юмади.

Сурат манбаси, Venetia Menzies
Санни на автобусга кириб келаётган қовурилган товуқ ҳиди ва на йўлдаги транспорт ҳаракатлари шовқинига эътибор беради.
Уни Нигерия қамоқхонасида қатл қилинишини кутаркан, тиз чўкиб, ибодат қилган хотиралари чулғайди. Унинг жинояти демократия учун курашгани эди.
Кутилмаганда камерага қўриқчи бостириб кирди. Бир оғиз гапирмасдан, оёқларидан ушлаб, узун ва бўш коридордан судраб кўчага олиб чиқди. У ерда уни машина кутарди.
Саннининг қариндош ва танишлари турмадагилардан тортиб, Лондонга учувчи самолёт стюардессаларига пора бериб уни қутқариб қолишди.
Автобусга ичиб олган эркаклар ғудраниб қўшиқ куйлаб кириб, юқори қаватга кўтарилганда Санни уйғониб кетади.
Соат тунги 3 ёки 4. Айнан мана шу вақтда муаммолар бошланади.
Бу вақтда йўловчиларни 3 гуруҳга бўлиш мумкинлигини Санни аллақачон тушуниб етган.
Британияга яхши ҳаёт илинжида келганлар - улар қуёш чиқиб, иш куни бошлангунга қадар офисларни супуриб, тозалашга шошилаётган одамлар.
Улар билан бир вақтда автобусга тунги клублардан қайтаётган туб британияликлар ҳам чиқади.
Баланд овозда гаплашиб, фастфуд ейишади.
Учинчи гуруҳ йўловчиларни эса -автобусдан тунда ухлаш учун фойдаланадиган, борарга уйи йўқ ва бошпанасиз одамлар ташкил қилади.
Саннини шовқинли ва ўзига тўқ британияликлар жиғига тегмайди, унга ҳатто уларнинг гуруҳи ёқади. Улар кулганда қўшилиб кулади. Агар улар жилмайса, у ҳам жилмаяди.
Бир неча қадаҳ пиво синфий фарқни йўққа чиқариши ажабланарли, ушбу британияликлар кутилмаганда у билан тенг гаплаша бошлайди.
Санни ўтмишда қачон ушбу ичиб олган одамлардек бахтли бўлганини эсидан чиқиб кетган.

Сурат манбаси, Venetia Menzies
Балки унинг сиёсий қочқинлик тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилаётган вақтлар бўлгандир. Ўшанда яшаш учун яна бир имконият пайдо бўлганидан бахтли эди. У ҳужжатли фильмлар режиссёри бўлишни орзу қилганди, курсларга ёзилди. Лойиҳаси учун Лондондаги уйсизлар ҳаёти ҳақида фильм олишга қарор қилди. Ўзи ҳам шундай аҳволга тушиб қолишини тасаввур ҳам қилмаганди.
Санни қиролича Елизавета II зоти Олиялари ҳимоясида бахтли келажакка умид қилганди. Бироқ ҳукумат унга сиёсий бошпана беришдан бош тортди.
Унинг олдида икки танлов қолганди. Ўлим жазоси ижро қилишга топширилган Нигерияга қайтиш ёки Лондон кўчаларида ғойиб бўлиш.
Танлаш қийин бўлмади.
21 йилдан бери у бир тунги автобусдан бошқасига кўчиб юради. У автобуслар иссиқ ва хавфсизроқ эканлигини дарҳол англаб етганди.

Унинг биринчи Oyster ойлик йўл карточкасини меҳрибон ва саховатли бир черков роҳибаси олиб берганди.
У йўлкира карточкасини ҳар ой олиб беришга ҳаракат қиларди, агар бирор жойга кетса, унга бу борада черковга қатновчи бошқа бири ёрдамлашарди.
Кундуз куни Санни турли черковларда кўнгилли бўлиб ишларди, кейин газеталарга кўз югуртириш ва бошлаб қўйган китобини ўқиш учун Вестминстер кутубхонасига йўл оларди.
Кейин у бирор ресторанга кирарди ва менежердан ортиқча овқати бор-йўқлигини сўрарди. Айтишича, унга камдан кам ҳолатда йўқ дейишган.

Сурат манбаси, Sunny
Санни соат кечки 9 бўлмасдан ўзининг биринчи тунги автобусига чиқарди. Бир тунда автобусларни гоҳида 3-4 марта алмаштиришга тўғри келарди.
Кейинроқ у қайси қатновлар дам олиш учун мос келишини аниқлаб олди. Трафалгал майдонидан Лондон шимолидаги Вуд-Грин мавзусига қатнайдиган N29 автобуси яхши бўлиб чиқди.
Яна 24 соат қатнайдиган 25-автобус ҳам яхши, у ухлаш учун қулай.
Агар йўлда машиналар кўп бўлса, бу автобус Лондон марказидан Эссекс графлигидаги Илфордгача икки соат юради. Агар омади чопса ҳайдовчи сўнгги бекатга етганда автобус ичида ухлашга рухсат бериши мумкин.
Аммо одатда кейинги ҳайдовчи келгунча барча уйсизларни автобусдан қувиб чиқаришади.
Саннининг айтишича, бундай автобусларда асосан кўчада ухласа жинсий зўрланишдан хавфсирайдиган британиялик ва африкалик уйсиз аёллар тунни ўтказади.
Улар ҳаёти учун зарур нарсаларни бир нечта сумкаларга солиб олади. Санни уларнинг юкларини автобусга чиқариш ва туширишда ёрдамлашганда унга миннатдорчилик билдиришади.

Сурат манбаси, Venetia Menzies
Саннинг нарсалари кўп эмас, ҳаммаси бир сумкага жой бўлади. Шунинг учун ҳам кундуз куни кўчада юрганда ҳеч ким уни уйсиз деб ўйламайди, одамлар унга яхши муносабатда бўлади.
Айрим уйсизлар тунги автобусларда бир неча ўриндиқни эгаллаб ётиб олади, лекин Санни бошқа йўловчиларга халақит беришни истамайди.
Ёзилмаган қоидаларни англаш учун унга бир қанча вақт керак бўлди. Бошида у қаерга ўтириш кераклиги ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмасди, аммо бир кун у ўтирган автобуснинг иккинчи қаватида жанжал бошланиб қолди. Икки эркак уларнинг олдида ўтирган аёлнинг сочларини ёқишга ҳаракат қилганди. У уларни автобусдан чиқариб юборди, аммо келажакда можароли ҳолатлардан узоқроқ туришга аҳд қилди.
Санни пастки қават яхши деган тўхтамга келди, у ерда асосан оилалар ва қариялар ўтиради. Яна ҳайдовчига яқин ерда тез-тез муаммо пайдо бўлади. Энг яхшиси охирги қаторга ўтириш керак - у ерда бошни суяш учун устун бор ва у ердан ҳамма нарса кўриниб туради, ўзингни тинч ҳис қилишинг мумкин.

Сурат манбаси, Sunny
Аммо сўнгги қаторларда ҳам ухлаш қийин. Автобус доим қаёқларгадир бурилади, тўхтайди, кўчалар неон чироқли кўрсатгичлар осган дўконларга тўла. Шовқинли йўловчилар ва гуруллаган мотор овози ухлашга халақит беради. Икки соатлик узлуксиз уйқу Санни учун ҳақиқий ютуқ бўлганди.
Қуёш чиқиши билан ёки қорни оч қолиб қолса "Макдоналдс"га борарди. У ҳеч қачон тиламчилик қилмаган, аммо Лестер-сквердаги тамаддихонадаги меҳрибон ходим унга доим овқат ва ҳожатхонадан фойдаланишга рухсат берарди. Гоҳида харидорлар унга емак олиб берарди.
Айрим пайтларда у автобус билан Лондон шимолидаги Ҳарингей туманида куни-тун ишлайдиган "Макдоналдс"га боради.
У ерда у ўтириб, бошини қўлига қўйиши ва бироз мизғиб олиши мумкин.
Санни бир неча маротаба Рождество байрамларида черковда тунаб қолишга уринди.

Сурат манбаси, Getty Images
Ушбу тунаб қолиш жойларини 7 та турли черков ташкиллаштиради, бироқ улар Лондон бўйлаб ёйилиб кетган ва фақатгина бир тун учун жой беради. Натижада ҳар тонгда улар бўшаб қолади ва Санни ибораси билан айтганда ўнлаб "юрувчи мурдалар" кейинги ётоқ жойи кечаси эшигини ёпмасдан олдин етиб бориш учун шаҳарни кесиб ўтади.
Санни қоронғи ерда ухлашдан кўра, автобусда ухлашни афзал билди. У ерларда ухлаш қийин эди - тамаки, алкогол ва ювинмаган таналардан чиқаётган кўланса ҳидлар билан тўлиб тошганди. Кўпларининг руҳий ҳолати яхши эмас, туни билан алаҳсираб чиқишади.
Санни автобус ойнасидан Лондон қандай ўзгараётганини кузатиб борарди. Вақт ўтган сари Лондонда оқ танлилар камайиб борди ва уйсизлар кўпайди.
Лондонда бутун дунёдан келган одамлар яшайди. Санни вақт ўтиши билан автобус ва кўчада кўрган одамларни юзи, гап оҳангидан қаердан келганини ажратиб оладиган бўлди.
У яна эҳтимолий таҳдидларни олдиндан пайқашга ўрганди. Бир нарса қилишни режалаб турган ўсмирларнинг илжайиши ва ирқчиларнинг юз ифодаси унга кўп нарсани билдиради.
Можаро келтириб чиқариши мумкин бўлган ҳолатлар бўлиб қолади, масалан, маст футбол ишқибозининг ёнида ниқоб ўраб олган аёл ўтириб қолса ёки ишдан чарчаб қайтаётган йўловчиларнинг олдида кимдир мусиқани баланд қилиб эшитса ё автобусда бир-бирига душманлик қилувчи гуруҳларнинг аъзолари бир вақтда чиқиб қолса.
Брексит бўйича референдумдан сўнг мигрантларга қарши душманона кайфият кучайди. У "уйингга кет" деган жумлани тез-тез эшитадиган бўлган.

Сурат манбаси, Venetia Menzies
Санни ўзи билан бўлган ҳолат учун Британия ҳукуматини айбламайди. Агар Нигерияда ҳаммаси яхши бўлганида, у бу ерларда юрмасди.
Ва ниҳоят, Лестер-сквердаги француз черкови Британия Ички ишлар вазирлигига Саннига яшаш ҳуқуқини берувчи ҳужжат беришни сўраб мурожаат қилди.
Британияда 20 йилдан ортиқ яшаган одамлар бундай ҳужжатни олиши мумкин.
Бироқ Лондонда яшаган 21 йил давомида Санни иммиграция хизмати топиб олмасин, деб бирор ҳужжат олмаган. У шунча йил давомида Британияда яшаганини қандай исботлайди?
"Бизга ҳар доимгидек у мамлакатда 1995 йилдан бери яшаб келаётганини исботловчи ҳужжатлар керак. Банк ҳисоби, электр хизматларидан квитанция, квартира эгаси билан тузган шартнома каби ҳужжатлар", — дейилади Ички ишлар вазирлиги мактубида.
Санни унга дўстона муносабатда бўлган автобус ҳайдовчиларидан уни бу йиллар давомида Лондонда кўришганини тасдиқлаб хат ёзиб беришларини сўради.
Улардан бири рози бўлиб, Санни тез-тез унинг автобусида тунни ўтказишини ёзиб берди.
У кўнгилли бўлиб қатнаган черков ҳам Санни бу йиллар давомида Лондонда яшаганини тасдиқлади. Ҳатто у черков ишларига ёрдам бераётган санаси кўрсатилган сурат ҳам топишди.

Ҳозир Саннининг ўзи ҳам фотографлик билан шуғулланади. У сумкасидан унга бир вақтлар ҳаётини ҳикоя қилиб бериш учун кимдир томонидан берилган фотоаппаратни чиқаради.
Бир нечта сурат учун жой қолган. Санни диққат билан ракурсни танлайди ва тугмачани босади.

Сурат манбаси, Sunny
Санни 2017 йили 55 ёшга кирганда Британияда яшаш ҳуқуқини берувчи ҳужжат олди. Бироқ ушбу ҳужжатни олишга бир йил вақт кетди. Лекин у мамнун. Энди у хона ёки квартира ижарага олиши мумкин, ишлаш ва қонуний мавжуд бўлиш ҳуқуқи бор.
У Лондон жанубидан яшашга уй топди, лекин ҳануз ҳар замонда тунни автобусда ўтказади. Автобуслар кўп йиллар унинг бошпанаси бўлгани учун уларни соғиниб туради.
Санни ўрнидан турган вақти тиззалари қисирлайди. Бу йиллар давомида у қариди ва ёшига нисбатан қарироқ кўринади. У ҳайдовчига миннатдорчилик билдириб, тротуарга тушади.
Кейин жилмайиб, ижарага олган квартираси томон кетади.













