You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Инсонийлик ва бошқаларга эътибор умрингизни узайтириши мумкин
- Author, Лорен Тернер
- Role, Би-би-си, Вашингтон
Бошқа одамларга нисбатан яхши муносабатда бўлиш шахсан сизга нима бериши мумкин? Қалбда илиқликни ҳис қилиш, маънан қониқиш? Буларнинг бари ҳақиқатдан ҳам тўғри, аммо янги тадқиқот марказининг олимлари меҳрибонлик бунданда кучли таъсирга эга, дейдилар: у сизнинг ҳаётингизни узайтириши мумкин.
Лос-Анжелосдаги Калифорния университети (UCLA) қошидаги Бедарий меҳрибонлик институти ходимлари ўз ишлари ҳақидаги ҳазилларга тайёрлар.
"Биз масаланинг илмий томонини кўриб чиқаяпмиз. Биз доира бўлиб қўл ушлашиб ўтира олмаймиз. Руҳиятшунослик, биология ва ижтимоий ўзаро муносабатларнинг ижобий усуллари ҳақида гапирмоқдамиз", - дейди институт директори Дэниел Фесслер.
"Яхшилик" тушунчаси янгиликларнинг сарлавҳаларида яқинда пайдо бўлди.
АҚШнинг собиқ президенти Барак Обама октябрь ойида вафот этган Демократик партия фахрийси Элайжи Каммингс учун таъзия нутқини яхшиликка асослади:
"Кучли эркак бўлиш яхши бўлиш ҳам демакдир. Яхшилик ва раҳмдилликда заиф нарса йўқ", - деди Обама. "Бошқаларга ғамхўрлик қилишда кучсиз нарса йўқ. Сиз қатъиятли ва бошқаларга хурмат билан муносабатда бўлсангиз, у ҳолда латта эмассиз".
Обама билан бир қаторда, АҚШнинг таниқли кишиларидан бири - Эллен ДеДженерес ҳам яхшиликка чорлади. У яқинда кичик Жордж Буш билан дўстлиги учун қораланган либерал интернет-жамиятининг очиқ лесбиянкалик ва ўз чат-шоусининг бошловчисидир.
"Бир-бирингизга яхши муносабатда бўлинг" деганимда, мен фақат сизнинг нуқтаи назарингиз фарқ қиладиган одамларни назарда тутмайман. Мен ҳаммага меҳрибон бўлишни кўзда тутаман. Бу ерда қарашлар муҳим эмас", - деди ДеДженерес.
Яхшилик масаласини экспертлар ўрганишмоқда ва бунга ўта жиддий тарзда киришганлар.
Охир-оқибатда гап айнан ҳаёт ва мамот масаласида бормоқда, дейишади улар.
Дэниел Фесслернинг АҚШдаги Бедарий меҳрибонлик институтидаги тадқиқоти инсонлар бошқаларнинг эзгу ҳатти-ҳаракатини кузата туриб, уни ўзлари ҳам амалга оширишни истай бошлашига бағишланган. Фесслер қайси тоифа инсонлар учун яхшилик "юқумли" бўлиши мумкинлигини аниқлашга ҳаракат қилди.
"Ўйлайманки, адолатга тўлиқ асосланиб, меҳрсиз асрда яшаяпмиз деб айтиш мумкин, - дейди у. - ва шу ерда, Америкада, ва бутун дунёда турли сиёсий қарашларга ва диний эътиқодларига эга инсонлар орасида низолар қандай кучайиб бораётганини кўраяпмиз".
Яхшилик, - тушунтиради олим, - бу ўзгаларга фойда келтирувчи ҳиссиёт ва қарорнинг ҳаракатга йўғрилган фикрлардир. Шу билан бирга ўзгаларга фойда аниқ бир натижага маҳсулидир, бирор нарсага эришиш учун восита эмас.
Ўз навбатида, меҳр-шавқатнинг йўқлиги, сиз бошқаларга нисбатан муросасиз эканлигингизни англатади ва уларнинг кайфияти сиз учун қадрли ва муҳим бўлиб кўринмайди.
Бу муносабат барча ижтимоий тармоқларда таҳқир қурбонларига яхши маълум.
Шавқатсизлик, шубҳасиз, кеча кашф этилмаган, аммо ҳозир, Фесслернинг таъкидлашича, одамлар анонимликни қанчалик кўп ишлатса, шунча кўп тажовузга мойил бўлиб, бошқаларнинг ҳис-туйғулари ёки хотиржамлиги ҳақида кам ўйлашади.
Яхшилик камайиб бормоқда
Меҳрибонлик Институти Женнифер и Мэттью Харрис томонидан асос солинган Бедарий фонди пулига очилган эди, унинг иш бошлашига 20 млн доллар ҳайрия қилишган.
Институт Лос-Анджелес университетининг социология факультетида жойлашган ва унинг мақсади халқ билан қандай ишлаш, раҳбарларни илҳомлантиришдир.
Харриснинг сўзларига кўра, нима учун замонавий дунёда яхшилик тобора камайиб бораётганини англашга ҳаракат қилишда, илм ва ички дунё орасида кўприк қуришда катта эҳтиёж борлигини кўради.
Институт шуғулланаётган бир неча лойиҳалар қуйидагилар:
- Антропологлар инсонлар орасида яхшилик қандай тарқалишини ўртганишмоқда;
- Социологлар шавқатсиз инсонларни меҳрибон бўлишга қандай кўндиришни таҳлил қилишмоқда;
- Психологлар яхшилик кайфиятни яхшилаши ва асаб зўриқиши белгиларини камайтириши мумкинлигини тадқиқ қилишмоқда.
Фесслернинг таъкидлашича, ҳаммага маълумки, қачонки сиз оғир вазиятга ҳеч қандай таъсир ўтказа олмасангиз - бу "ёмон" стресс. У альпинизм сингари қийин, аммо қониқиш олиб келадиган машғулот билан шуғулланишга ўхшаш "яхши" стрессдан кўра анча зарарли.
"Сизга бефарқ муносабатда бўладиган инсонлар билан яшаш нисбатан яхши ҳолат, аммо очиқ душманлик билан муносабатда бўладиган инсонлар билан яшаш энг ёмони, соғлик учун зарарли. Бу умрингизни том маънода қисқартиради", - дейди у.
"Кейин бошқалардан қандай қилиб меҳр олиш ва уни ўзингизга бериш - бу аввалги заҳарли вазиятга мутлақо қарама-қарши. Бу нарсалар соғлик учун фойдалидир", - давом этади олим.
Ҳатто бошқа одамлар билан муносабатнинг аҳамиятсиз лаҳзалари - масалан, қаҳвахонадаги хоима сизга қараб жилмайиб, ишларингиз қалай, деб сўраса, ўзингизни яхши ҳис қилишингиз мумкин.
"Агар яхшилик борасидаги бирон бир нарсада иштирок этсангиз, бошқаларга меҳрибонлигингизни қандай намоён қилишни ўйлайсиз - бу каби нарсалар босимни пасайтиради. У даволаш таъсирига эга, - таъкидлайди олим. - Бу руҳий зўриқишлар ва хавотирни даволашда ёрдам беради".
"Муҳим хулоса"
Колумбия университети психиатри Келли Хардинг ўзининг яқиндаги "Қуён эффекти" (The Rabbit Effect) номли китобида яхшиликнинг таъсири ҳақида мушоҳада юритди.
"У иммун тизими, қон босими учун фойдали, инсонларга узоқ ва яхши яшашга ёрдам беради. Яхшилик заҳираси битмас-туганмаслигини ҳисобга олсак, бу ажойиб ҳақиқат. Шу билан бирга унга тўйиб қолишнинг ҳам иложи йўқ. У бепул ва ҳамма учун бемалол имконли".
Хардинг ўз китобининг номини изоҳлар экан, шундай дейди: "Мен 1970-йилларда қуёнлар ҳатти-ҳаракати борасидаги тадқиқотларни эшитганман. Бир гуруҳда натижалар бошқаларидан кўра аъло бўлган, олимлар эса нима рўй бераётганини билишни исташарди. Маълум бўлишича, яхши натижаларга эришган қуёнлар устида жуда меҳрибон олим ишлаб, уларга меҳр билан қараган экан.
"Шифокор сифатида, мен бутунлай ҳайратда қолдим. Бу фавқулодда муҳим хулоса деган қарорга келдим", - хотирлайди Хардинг.
Яхшилик, таъкидлайди Хардинг, инсонларга кўп нарсани ўзгартириши ва одамларга ўз дунёларида яхшироқ йўлкўрсатувчига эга бўлишида ёрдам бериши мумкин. Аммо кўпинча, бошқаларга меҳр билан муносабатда бўлиш, инсоннинг ўзига меҳрибон бўлишидан кўра, анча осон, дейди олим.
"Ишда, мактабда ва уйда ҳайрихоҳликни намойиш этиш яхши натижаларга олиб келади. Дейлик, тиббиётда технология яхшиланмоқда, аммо улар ҳеч қачон меҳрибон ходимнинг ўрнини боса олмайди. Руҳий саломатлик билан жисмоний соғликнинг орасидаги алоқа ниҳоятда муҳим".
Қандай қилиб меҳрибон бўлиб яшаш керак
Яхшилик бўйича мутахассис Габриэлла Ван Риждан "Яхши маслаҳатлар"
1.Бошқаларни ҳақиқатдан ҳам эшитишни бошланг (жавобни дарров бошингизда шакллантиришни ўрнига).
2.Қўполликка ҳам меҳр билан жавоб беринг (масалан, кимдир сиз билан жаҳл билан гаплаша бошласа, дўстона оҳангда: "Бугун оғир кун бўлаяптими?, деб сўранг).
3.Жамоада ва ёки бирон бир ишда кимдир четда турган бўлса, унга бошқаларнинг эътиборини қаратишга ҳаракат қилинг. Бу инсонга ўзига баҳосини оширишига ёрдам беради. Ҳаётда кўплаб инсонларни ҳеч ким пайқамайди ва ҳеч қаерга таклиф қилишмайди ва бу инсонни одамгарчиликдан чиқаради.
4.Ҳаракат/муносабат. Ўзингиздаги қаттиққўлликни пайқашни ўрганинг ва сизнинг бу хафақон ҳиссиётингиз асосийси эмаслигини англанг. Нимадир ғашингизга тегса, чуқур нафас олинг, бир қадам ортга қадам ташланг ва вазиятга соғлом нигоҳ билан янгича назар ташланг.
UCLA социология факультетининг Дарнелл Хантнинг сўзларига кўра, у Яхшилик институти бугунги жаҳон сиёсати, қаттиққўллик ва адоватнинг жиддий илмий ишларга асосланган заҳарга қарши малҳами бўлишини истайди.
"Биз шундай замонда яшаяпмизки, шунчаки бир қадам ортга қадам ташлашимиз ва бизни инсон қилиб турган нарсаларни тадқиқ қилишимиз керак. Бу ҳақиқатда жамиятимизни янада инсонпарвар қилиши мумкин", - дейди у.
"Биз АҚШ ва дунёнинг бошқа мамлакатларидаги сиёсий қутбланиш даврида яшаяпмиз, шунингдек тобора кучайиб бораяётган урбанизация одамларни тўғридан-тўғри мулоқот қилиш имкониятини камайишига олиб бормоқда, - давом этади олим. - Одамлар кимнингдир яхши ишларига гувоҳ бўлишганида, уларни такрорлашга илҳомлантиради. Аммо биз барибир яхшилик механизмининг қандай ишлашини тушунишга ҳаракат қилмоқдамиз.
Биз тадқиқотларимизни академик шаклдан ҳаммага қулай ва ҳаётда қўллаш мумкин бўлган ҳолатга ўтказмоқчимиз. Ва ҳозир буни амалга ошириш учун тўғри тарихий вақтдир, - хотима қилади Хант.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek