Ўзбекистон, тақдирлар: Олти яшар Бахтиёр нима учун улғайганида болалар шифокори бўлишни истайди?

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
- Author, Абдужалил Абдурасулов, BBC News
- Role, Александр Ем, камера
- Ўқилиш вақти: 2 дақ
Бахтиёр Синдоров Ўзбекистондаги қишлоқлардан бирида таваллуд топган.
Аммо ҳали бир ёшга тўлмай, бешикдалигидаёқ ёнғин ичида қолади.
Унинг онасига кўра, бу мудҳиш ёнғин 2013 йилда содир бўлган.
"Гўдагимни уч йил Самарқандда даволадик", дейди Бахтиёрнинг онаси.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Ёнғинда бешикда қолган Бахтиёрнинг боши қаттиқ куяди.
Юзи, бурни ва кўзлари эриб кетади.
Кўзлари ва оғзи юмилмайдиган бўлиб қолади.
Чандиқлар туфайли юз териси чўзилмайди, ўсмайди ва улғайгани сайин тортилиб, ёрилиб, чидаб бўлмас оғриқларга сабаб бўлади.
Яхши одамлар

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Бахтиёрнинг дадаси Қозоғистонда қурилишда ишлаб юрганида, болакайни кўрган қозоғистонликлар хайрия қилишади, даволангани учун уни Ҳиндистонга жўнатишади.
Аммо Бахтиёрнинг аҳволи оғирлашиб бораверади.
Шунда Жанубий Кореядаги фаоллар ёрдамга келишади.
Улар ёнғинда жароҳатланганлар учун дунёдаги энг кучли марказлардан бири -Ҳаллим клиникасини топишади.
Бу клиника операцияни бепул ўтказишга рози бўлади.
Аммо ҳали яна бир қанча мушкул амалиётлар олдинда...
Жанубий Кореядаги шифокорларнинг тадқиқотларига кўра, ёнғин чоғида Бахтиёрнинг миясини ҳимоя қилиб турадиган иккита калла суяги эриб кетган.
Бу жуда хатарли.
Ҳозир жарроҳлик амалиётини ўтказиш хавфли, чунки яралари ҳали ҳам битмаган.
Шифокорларга кўра, мия ва тери ораси жуда яқин бўлгани учун ҳам барибир жарроҳлик амалиёти ўтказилиши керак.
Бахтиёр эса жарроҳлик амалиётидан қўрқмаслигини айтади.
Бахтиёрнинг орзуси
Улғайсам, доктор бўламан, дейди.
"Кичкиналарнинг доктори", деб қўшиб қўяди.
Кореялик шифокорга кўра, улар аввалига кўз ва бурунга эътибор қаратишган.
Чунки Бахтиёрнинг кўзи бутунлай кўринмай қолганди.
" Бурун кўринмасди. Кўзни очиш учун уни бироз тортиш керак эди. Бурун тешикларини ҳам очдик. Энди бурун шаклини тиклаш учун ҳаракат қиламиз", дейди шифокор.
Бу жарроҳлик амалиётига Бахтиёрнинг онаси пул сарфламаган бўлса ҳам, Жанубий Кореядаги харажатлар ва даволаниш учун 40 минг долларга яқин пул кетди.
Бу пулни кореяликлар, Ҳаллим шифохонаси, Кореядаги "Янги ҳаёт "жамғармаси ва оддий одамлар тўлаб беришди.
Бахтиёр ҳақида эшитганлар шифохонага совға саломлар ташлаб кетишади.
Иккала жарроҳлик амалиёти ҳам яхши ўтди. Бахтиёр энди енгил нафас олади, кўзларини очиб атрофга қарайди... Очади, юмади...
Ҳозир Бахтиёр Ўзбекистон қайтган. Аммо ҳали даволаш давом этади ва уни яна жарроҳлик амалиётлари кутмоқда...
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












