Жазоир, намойишлар: Сохта хабарлар ижтимоий тармоқда қандай тарқалмоқда?

- Author, Марко Силва
- Role, BBC Trending
- Ўқилиш вақти: 3 дақ
Жазоирда Президент Абдулазиз Бутефликанинг узоқ йиллик ҳукмронлигига қарши февраль ойида бошланган намойишлар ҳозирга қадар тинмаётир. Ойлардан бери давом этиб келаётган сиёсий бўҳронга халқ «электрон пашшалар» номини берган интернет троллари ҳам бош қўшган.
Президент Бутефлика халқ норозилиги ортидан апрель ойида истеъфога чиққан ва муваққат давлат раҳбари шу йилнинг декабрь ойида президентликка сайлов бўлишини эълон қилган эди, аммо янада кўпроқ ислоҳот истаган жазоирликлар кўчаларни эгаллаганча қолмоқда.
Мамлакат келажаги учун кураш кетаётган бир пайтда ижтимоий тармоқлар дезинформация ва фейк хабарларга тўлиб тошган.
Айнан нималар содир бўлмоқда?
1999 йилдан бери мамлакатни бошқариб келган президент Абдулазиз Бутефлика бешинчи муддатга номзодини илгари суришини маълум қилгандан сўнг - 22 февраль куни - сабр косаси тўлган жазоирликлар намойишларни бошлаб юборган эди.
Оқибатда, Бутефлика тузуми қийин аҳволда қолган эди.
Айни мақолада X томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз X ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири X пост
Апрель ойига келганда жаноб Бутефлика истеъфо беришдан ўзга чора топа олмаган. Бироқ бу қарор халқни тинчлантирмаган. Одамлар, эндиликда, президентни йиллар давомида қўллаб келган генераллар, бизнесменлар ва сиёсатчиларнинг қудратдан кетишини талаб қила бошлаган.
"Шунда кибер урушнинг иккинчи босқичи бошланди," сўзлайди намойишларда қатнашган Рауф Фарраҳ исмли ёш фаол.
У намойишчиларга қарши мухолиф кучлар "интернет троллари, фейк хабар ва ахборотлар, фейк аккаунтлар"ни ишга солганини айтади.
«Электрон пашшалар»
Намойишчилар ҳукуматни ёқлаб изоҳлар қолдирувчи троллсимон аккаунтларни шундай ном билан атайди.

Сурат манбаси, Facebook
Намойишчилар тарафида бўлган Фаол Ёшлар Жамоаси ҳаракати интернет тролларининг асосий нишонларидан биридир.
Ҳаракат аъзоси бўлмиш Рауф Фараҳ интернет «электрон пашшалар»нинг умумий хос белгилари мавжудлигини билдиради.
"Улар намойишлар бошлангандан сўнг очилган, уларнинг дўстлари 100 тадан кам ва улар битта изоҳни бир қанча пост остида такрорлайдилар."

Сурат манбаси, Getty Images
BBC Monitoring ходими Каролин Лемболей «электрон пашшалар»нинг ахборот маконини «заҳарлантириш» мақсадида яратилганини тахмин қилади.
Би-би-си хатти-ҳаракати тролларга монанд бир қанча аккаунтларни аниқлади. Бироқ бу аккаунтлар ортида турган одамлар ўз ташаббуси билан иш кўрмоқдами ёки улар мақсадли кампаниянинг бир қисмими, деган савол очиқлигича қолмоқда.
«Электрон пашшалар» нима ҳақида ёзади?
Бундай аккаунтлар қолдирган пост ва изоҳларнинг аксарияти норозилик ҳаракатига рахна солишга қаратилган.
Лемболей хоним улар анъанавий фитна назарияларини тарқатиш билан шуғулланишини маълум қилади.
«Улар намойишчилар ортида хорижий ҳомийлар турибди, ташқи кучлар уларни қўлламоқда, деб ёзадилар», сўзлайди мутахассис.
Жазоирнинг собиқ мустамлакачаси бўлган Франция «электрон пашшалар»нинг тилидан тушмайдиган асосий «қора куч»дир.
Шунингдек, бундай аккаунтлар жаноб Бутефлика ва армияни ҳали ҳам халқнинг катта қисми дастаклаши тўғрисида ёлғон хабарларни тарқатади.

Сурат манбаси, Getty Images
Бошқа хабарлар эса Жазоирдаги элатлар орасига нифоқ солишга уринади.
Улар фейк хабарлар ҳам тарқатадими?
«Электрон пашшалар» пайдо бўлиши билан бир вақтда ҳадсиз фейк хабарлар ҳам ижтимоий тармоққа ўрлай бошлаган.
"Жазоирликлар асосий янгиликларни Facebook'дан олганидан ижтимоий тармоқ ҳукумат ва намойишчилар ўртасидаги жанг майдонига айланиб қолган", Лондон Иқтисодиёт Мактабидан медиа ва коммуникация бўйича профессор ёрдамчиси Омар Ал-Ғаззи.
Бундай ноаниқ вазият фонида Facebook'да фейк хабарларни фош этишни мақсад этган Fake News DZ саҳифаси яратилган.

Сурат манбаси, Facebook
Парижда истиқомат қилувчи асли жазоирлик IT мутахассиси Нассим саҳифа асосчиларидан бири. У журналистлик малакасига эга бўлмасада, бўш вақтларида фейк янгиликларни фош этиш ўта жўн иш эканини айтади.
Нассим апрель ойида очилган саҳифа шу вақтга қадар 300 дан зиёд фейк хабарни фош этганини айтади.
У сиёсий фейк хабарларнинг катта қисми «намойишчиларни гуруҳларга бўлиб юбориш»га қаратилганини ҳақида сўзлайди.
Бундан ташқари баъзи намойишчилар тарафдорлари ҳам дезинформация тактикаларини қўллагани тўғрисида маълумотлар мавжуд.
"Намойишлар камайган ёз ойларида биз одамлар «Бугун бу ерда шундай намойиш бўлди», дея суратлар тарқатганини кўрдик, бу суратлар эски эди", дейди у Би-би-сига.

Сурат манбаси, Getty Images
Бунинг ортида ким турибди?
Айрим жазоирлик сиёсатчилар намойишчиларга қарши ахборот уруши олиб боришни қоралаб чиққан.
Интернет троллари ортида ҳукумат ёки армия турганини исботловчи бирор ишончли далил мавжуд эмас.
На Буюк Британиядаги Жазоир элчихонаси, на Жазоир Коммуникациялар вазирлиги Би-би-сининг бу борада йўллаган саволларига жавоб берди.
Қудратдаги партия расмийлари Жазоир матбуотини «ўз ихтиёри билан дезинформация тарқатиш»га уринишда бир неча бор айблаб чиққан. Мамлакат эса Жаҳон Матбуот Эркинлиги индексида 141-ўринни эгаллайди.
Facebook сўзчиси Би-би-сига компания фейк аккаунтларга қарши кураш олиб бораётганини маълум қилди.
Facebook жорий йилнинг уч ойлик муддати давомида мақсадли дезинформация тарқатишга йўналтирилган 2.2 миллиард фейк аккаунтни ўчириб ташлаганини таъкидлайди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












