Дунё, янгиликлар: Араблар Исроил аннексиясига қарши, Хашоқжининг сўнгги сўзлари

Сурат манбаси, AFP
Араблар Исроил аннексиясига қарши
Араб давлатлари Исроил Бош вазири Бенжамин Нетаняхунинг Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилида учинчи ҳудудни аннексия қилиш режасини қоралаб чиқдилар.
17 сентябрда Исроил парламентига сайлов белгиланган, сайловолди кампанияси доирасида телевизион чиқиш қилган Бенжамин Нетаняху, агар ўнг қанот Ликуд партияси ғалаба қозониб, бош вазирликни қўлга киритса, Ғарбий соҳилдаги Иордан водийси ва Шимолий Ўлик денгизни ҳам Исроил ҳудудига қўшиб олиши ҳақида айтган.
Омма фикри сўровларига кўра, Нетаняху етакчилик қилаётган Ликуд ва Ликудга мухолиф "Мовий ва Оқ" партияси елкама-елка бормоқда, сайлов натижасига кўра, Кнессетда бошқа партиялар билан коалиция барпо этиш мушкул бўлиши мумкин.
Шу боис, кузатувчилар фикрича, жаноб Нетаняху ушбу баёноти сайловчилар томонидан катта дастак келтиришига умид қилган.
Иордания, Саудия Арабистони, Туркия Исроил бош вазири баёнотини кескин танқид қилиб чиқдилар.
Фаластин билан Исроил ўртасидаги тинчлик музокараларидаги Фаластиннинг бош музокарачиси Соиб Эрекат, аннексия "тинчликка бўлган ҳар қандай имкониятни дафн этади", деб айтган.
Исроил Фаластинга тегишли бўлган Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилини 1967 йили босиб олган, бироқ Исроил ҳудудига аннексия қилмаган.
Фаластинликлар бутун ҳудуд ўзларининг келажакдаги давлати ҳудуди бўлишини айтиб келадилар.
Бундан олдин Исроил Бош вазири Бенжамин Нетаняху, "Исроил Иордан водийсида доим хавфсизлик мақсадида ҳозирлигини сақлаб қолади", деб айтган.
БМТ сўзчиси таклиф қилинаётган аннексия "халқаро ҳуқуқий эффектга эга бўлмайди", деб айтган.

Сурат манбаси, Reuters
Фукусима АЭСининг радиоактив сувини Тинч океанига қуймоқчилар
Япония Атроф-муҳит вазири Ёсиаки Харада айтишича, ҳойнаҳой, Фукусима АЭСининг ифлосланган сувини Тинч океанига оқизишга тўғри келади, чунки ҳозир реакторлардан олинаётган радиоактив сувни сақлаш учун 2022 йилга бориб жой қолмайди.
Ҳозир АЭС реакторларини совутиш учун қуйилган бир миллион тоннадан зиёд сув махсус идишларда сақлаб турилибди.
Япония ҳукумати ҳозирча бу борада якуний қарор берилгани йўқлигини айтмоқда.
Олти реакторли "Фукусима-1" АЭСи 2011 йил 11 мартдаги кучли зилзила ва зилзила ортидан юзага келган цунами оқибатида қисман вайрон бўлган эди.
Реакторларни совутиш тизими ишдан чиққани оқибатида портлаш рўй берган ва Атом электр станциясининг тўрт реакторини ишдан чиқарган.
Охирги 8 йилда ҳар куни ишдан чиққан реакторлар атрофидаги радиация билан ифлосланган 200 тонна сув сўриб чиқариб олинмоқда.
Олимлар бу ифлосланган сувни денгизга қуйишни маслаҳат беришади, радиоактив сувнинг денгиздаги жониворларга зарари кам дейишади.
Аммо балиқчилар АЭС сувини уммонга қуйилишига қарши чиқиб келадилар.
Шунингдек, Япония билан муносабати таранг Жанубий Корея ҳам радиация билан ифлосланган сувнинг денгизга оқизилишига қаршилигини билдириб келади.

Сурат манбаси, Reuters
Жамол Хашоқжининг сўнгги сўзлари
Туркияда нашр этиладиган Sabah рўзномаси саудиялик журналист Жамол Хашоқжи ҳаётининг энг сўнгги сониялари ёзиб олинган аудио ёзувнинг янги тафсилотини эълон қилди.
Ўзининг Саудия Арабистони раҳбариятига қарши кескин танқидий фикрлари билан танилган Жамол Хашоқжи 2018 йил октябрида Туркиянинг Истанбул шаҳридаги Саудия консуллиги биносида ўлдирилган эди.
Sabah ёзишича, аудио ёзув консуллик биносининг ичкарисида ёзиб олинган ва Туркия махсус хизматлари қўлига келиб тушган.
Аудио ёзувда журналист айтган энг сўнгги сўзлар эшитилади.
Туркия газетаси ёзишича, Саудия Арабистони консуллиги биноси ичкарисига кирганидан кейин Жамол Хашоқжига Интерпол ордери учун Ар-Риёдга бориши лозимлигини айтишади.
- Жамол Хашоқжи ўлими бўйича БМТ терговчиси: Саудия валиаҳд шаҳзодаси тергов қилинсин!
- Толибон Ўзбек туманини эгаллади, Apple нима тақдим этмоқчи, Роҳинжа қишлоқлари бузиб ташланган
- Moskvadagi saylovlarda muxolifat gʻalaba qozondimi? Rossiya va Ukraina oʻzaro asirlarni almashdi
- Яман уруши учун Ғарб жавоб бериши мумкин, террорчи олашақшақ ўлдирилди
- Исроил ва Ҳизбуллоҳ: Парда ортидаги қақшатқич уруш
Бу гапдан Хашоқжи дарҳол шубҳаланади.
У ўғлига SMS-хабар юоришга ҳаракат қилади.
Хашоқжидан эса телефонни ишлатмасликни талаб қилишади, у эса бу талабга бўйсунмайди.
Шундан сўнг унга наркотикли укол қилишади.
Sabahдаги мақолада айтилишича, у қотилларидан оғзини ёпмасликни сўраган, астмаси борлигини айтган.
Бу Хашоқжининг охирги сўзлари бўлган.
Шундан кейин у ҳушини йўқотган.
Газета ёзишича, Хашоқжининг бошига пакет кийгизиб бўғиб ўлдирганлар - аудио ёзувда олишув овозлари ёзилиб қолган.
Sabahга кўра, журналистнинг жасади Саудия Арабистонидан махсус келган криминалист томонидан чопиб бўлакланган, жасад майдаланиши овози ҳам аудиода эшитилади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek
















