Ажиб дунё: Интернетда нуқта билан суҳбатдошнинг жиғига тегиш мумкинми?

Сурат манбаси, Getty Images
Нуқта ёзувдаги энг муҳим тиниш белгиларидан бири ҳисобланади. Бироқ интернет замонида гап охирига қўйилган нуқта суҳбатдош томонидан дағаллик ёки тажовуз аломати ўлароқ қабул қилиниши мумкин. Бунинг сабаби нимада?
Яхши режа.
Яхши режа
Яхши режа!!!11!
Интернетдаги вазиятни яхши тадқиқ этган тилшунос Гретхен Маккалловнинг сўзлашича, одамлар ушбу биргина гапни тиниш белгиларига қараб, турлича мазмунда қабул қилиши мумкин.
«Агар сиз бирор кимга хабар юбораётган бўлсангиз, одатий равишда, ҳар бир гапни алоҳида-алоҳида жўнатасиз. Зарурий маълумот гапнинг ўзида мужассамлашган бўлади, аммо у бошқа белгиларга қараб турлича талқин қилиниши мумкин,» тушунтиради у.
Тадқиқотлар натижаларига кўра, мессенжерлар орқали юборилган хабарлардаги нуқта билан тугалланган гаплар, аксар ҳолларда, самимий мазмунга эга, дея кўрилмайди.
Маккаллох хоним нуқта билан тугалланган гаплар расмиятчилик ёки жиддий оҳангда қабул қилиниши мумкинлигини айтади.
«Агар сиз юбораётган хабар ҳақиқатан жиддий бўлса, унда нуқтадан фойдаланиш яхши қарор бўлади,» дейди у.

Сурат манбаси, Yvon Huynh
«Муаммо шундаки, сиз юбораётган ижобий оҳангли жиддий хабар охирига қўйилган нуқта суҳбатдошда заиф тажовузкорликни юзага келтириши мумкин.»
Хўш, охирига нуқта қўйилган хабарни юбораётган одам чиндан ҳам асабийлашаётгани ёки шунчаки тиниш белгиларини қўллаш қоидаларига амал қилаётганини қандай фарқлаб олиш мумкин?
Астон Университетидан тилшунос Эрика Дарикс бунинг ҳаммаси гапнинг мазмунига боғлиқ эканини таъкидлайди.
Шунингдек, у ёш ва мессенжерлардан қанчалик кўп фойдаланиш даражаси тиниш белгиларини қўллаш одатига таъсир кўрсатишини билдиради.
Дангасалик ёки ижодкорлик?
Хабарларда кўча сўзлашувидан фойдаланиш ёки сленгларни қўллаш айрим «адабий тил софлигини сақлаш тарафдорлари»га суҳбатдошни тил нормаларини бузишда айблаш имконини бериши мумкин.
Тилшунос Маккаллох мессенжерлар одамларни ўз ҳиссиётини овоз ва имо-ишораларсиз етказишнинг янгича усулларини ўйлаб топишга мажбурлаши ҳақида сўзлайди.

Сурат манбаси, Getty Images
Масалан, LOL (баланд овозда кулмоқ) қисқартмаси ёки пичинг ё ҳайратланиш маъносини англатиши мумкин.
Тилшунос Эрика Дарикснинг сўзлашича, смайл ҳам суҳбатдошга билдирилаётган фикрнинг нозик маьноларни элтишга хизмат қилади.
2013 йилда Пенсилвания Университетидан тилшунос профессор Марк Либерман ўзининг ўсмир ўғли гап охирида қўйилган нуқтадан жаҳли чиқишини билдирган эди.
«Менинг ҳар бир гапим сўнггида нуқта қўйишимни ўғлим ҳаддан ошиқ қўполлик, ҳатто, тажовузкорлик белгиси сифатида кўради,» деган эди у.
Тил қоидаларига амал қилиш одамлар томонидан ўта даражадаги калондимоғлик ўлароқ қабул қилинишини Би-би-си Рус Хизмати таржимони Елена Янова ҳам таъкидлайди.

Сурат манбаси, Getty Images
Фалсафа фанлари доктори Максим Кронгауз онлайн мулоқотларда нуқтанинг янги вазифаси пайдо бўлганини маълум қилади.
«Нуқта, эндиликда, гапнинг тугалланганини билдирмай қўйди. У хабар жўнатувчининг хафа ёки жазавага тушганидан дарак бера бошлади,» дея ишонч билдиради тадқиқотчи.
Совуққон, манман, қўпол
Би-би-си Рус Хизмати билан суҳбатлашган тилшунос Мария Трубицина мессенжерлар янги имло қоидаларининг дунёга келишига хизмат қилаётганини билдиради.
«Адабий тилда гап охирига қўйиладиган тиниш белгилари ўзида аниқ бир мақсадни ифода этади - улар ёзувни қулай ўқишга ёрдам беради. Мессенжерларда эса хабарлар алоҳида юборилади, яъни уларда тиниш белгиларига эҳтиёж йўқ. Шу сабабдан ҳам нуқта ўзининг янги вазифасини кашф этмоқда.»
Унинг фикрига кўра, одамлар хабарлар охирига смайллар ёки эможилар қўйишга одатланиб бўлган. Шунинг учун адабий тил нормаларига амал қилиб ёзилган ва охирига нуқта қўйилган гаплар «совуққонлик, манманлик ёки қўполлик аломати» сифатида кўрилиши мумкин.
Telegram'даги Цифровой Этикет канали асосчиси Олга Лукинова мессенжерлардаги мулоқотнинг энг муҳим ўзига хослиги - бу вақтни тежаш, дея ҳисоблайди.
"Фойдаланувчилар вақтни тежаш имкони бор ҳар бир ҳолатдан фойдаланиб қолади. Масалан, «бу жуда ҳам кулгили» дейиш ўрнига смайл ёки қавс юборадилар. Борган сари нуқта кераксиз белги сифатида истеъмолдан чиқиб кетмоқда - чунки алоҳида жўнатилган хабарда гапнинг тугаллангани шундоқ ҳам аён."

Сурат манбаси, Getty Images
"Шу тариқа нуқта «Суҳбатимиз тугади» маъносини англата бошламоқда. Аксар одамлар нуқтали хабарларни кўрганда, суҳбатдошининг сўзлашувга истаги йўқ, деган хаёлга боради. Тиниш белгилари ичида энг нейтрал кўринган нуқта, шундай қилиб, салбий ҳиссиёт ифодасига айланиб қолди," фикрини давом эттиради Лукинова хоним.
Шунингдек, у интернетдан у қадар кўп фойдаланмайдиган одамлар имло қоидаларига амал қилишга интилиши, шу туфайли ҳам ҳар бир нуқтали хабарни қўполлик мазмунига эга, деб кўриш тўғри эмаслигини таъкидлайди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












