Ғарб ва Ўзбекистон қамоқхоналари: Норвегия жиноятчиларни қандай қилиб яхши одамларга айлантирмоқда?

Сурат манбаси, Reuters

Бирор шахсни қамоққа ташлашдан кўзланган асосий мақсад нима - уни тавбасига таянтириш ёки қайта тарбиялаш? Йигирма йил муқаддам Норвегия панжара ортидаги одамларни жазога тортиш ёндашувидан воз кечган ва уларнинг қайта жиноятга қўл уриши кескин камайган. Би-би-си мухбири Эмма Жейн Кирби ходимлар жазоловчи эмас, балки тарбиячи бўлиб ишлайдиган тизимни бориб кўрди.
«ОК, энди оёқларингизни бирлаштиринг ва бўксангизни орқага ташланг!» инглиз тилида кўрсатма беради йога бўйича мураббий аёл эрта тонгда майсалар устида машқ қилаётган 20 чоғли маҳбусларга.
Дунёнинг исталган бурчагида йога соғлиғига беэътибор бўлмаган инсонларнинг севимли машғулотидир.
Норвегиянинг қаттиқ тартибдаги Ҳалден қамоқхонасида жазо ўтаётган қотиллар, зўравонлар ва наркосавдогарлар эса маскан ходимлари билан ёнма-ён машқ қиладилар.
«Бу уларни тинчлантиради,» дейди маҳбуслар машқини четдан кузатиб турган қамоқхона бошлиғи Аре Ҳойдал.
"Биз бу масканда ғазаб ва зўравонликка ўрин бўлишини истамаймиз. Истагимиз - хотиржамлик ва дўстона кайфиятли маҳбуслар."

Қамоқхоналарда тинчликни сақлаш арзон эмас. Ҳалден қамоқхонасидаги бир маҳбус учун жой йилига $122,000 маблағ талаб этади.
Ёнимиздан бир ходим скутерда бизга қўл кўтариб ўтиб кетади. Унинг ёнидаги икки маҳбус эса хотиржам салмоқли қадам ташлашда давом этади.
Жаноб Ҳойдал ҳайратдан қотиб қолган юзимни кўриб, кулади.
«Бу фаол хавфсизлик, деб аталади. Соқчилар ва маҳбуслар ҳар доим бирга ҳаракатланадилар. Бирга овқатланадилар, бирга волейбол ўйнайдилар, ҳордиқ чиқарадилар ва бу бизга маҳкумлар ғайратига ғайрат қўшишда ёрдам беради.»
Аре Ҳойдал жазони ижро этиш тизимида 1980 йиллардан бери ишлаши, масканлардаги олдинги ва ҳозирги манзара бир-биридан буткул фарқ этиши ҳақида сўзлайди.
«Олдин аҳвол жуда оғир эди. Асосий эътибор эркак соқчиларга қаратилганди. Ўта оғир жиноятчилик даражаси, худди АҚШдагига ўхшаб, 60-70 фоиз эди.»


Бироқ 1990 йиллар бошида Норвегия маҳкумларни «тавбасига таянтириш» ёндашувдан воз кечиб, уларни қайта тарбиялашга кўпроқ эътибор қарата бошлаган. Асосий вақтини ёпиқ камераларда ўтказишга маҳкум жиноятчилар турли таълим дастурларига жалб этилган.
Қамоқхона соқчиларининг вазифаси ҳам тубдан қайта ўзгартирилган.
«Соқчилар эмас,» гапимни бўлади жаноб Ҳойдал шу сўзни тилга олганимда.
"Биз қамоқхона «ходимлари»миз ва, албатта, биз маҳкумнинг ўз жазосини ўташини таъминлаймиз, аммо, шунингдек, уларнинг яхши инсонга айланган ҳолда жамиятга қўшилишига ҳам ҳаракат қиламиз. Биз ўқитувчи, мураббий ва тарбиячимиз. Биз жиноятчиларга намуна бўлишга интиламиз. Ислоҳотлар амалга оширилгандан атиги икки йил ўтиб, Норвегиядаги ўта оғир жиноятчилик даражаси атиги 20 фоизни ташкил қилган. Шундай экан, бу усул иш бермоқда!"
Ҳалден қамоқхонаси маҳбусларнинг руҳий тушкунлигини имкон қадар енгиллаштиришга имкон берувчи услубда бунёд этилган.


Қурилиши $138 миллионга тушган бу маскан дарахтлар, ёғочдан барпо этилган одатий қишлоқ уйларига ўхшаш биноларга тўла. Бу ерга кирган одам ўзини қамоқхона эмас, балки нуфузли университетларнинг кампусига тушиб қолгандек ҳис этади.
Қамоқхона атрофи 7 метр баландликдаги бетон девор билан ўраб чиқилган. Бироқ деворлар устида бирор симтикан ёки ток уланган тўсиқ кўзга ташланмайди. Кузатув камералари ҳам кўздан пана жойларга ўрнатилган.
Жаноб Ҳойдал деворнинг ҳар икки томонига ҳаракатни қайд этувчи сенсорлар ўрнатилганини айтади.
«Лекин ҳали ҳеч ким қочишга ҳаракат қилмаган,» ишонтиради у мени.

Оддий уй хоналарини эслатувчи камералар ҳожатхона, душ, музлаткич ва каттакон телевизор билан жиҳозланган. Оммавий хоналарда эса юмшоқ диванлар ва замонавий ошхоналарни кўриб, ҳайрон бўламан.
Мен қамоқхона бошлиғидан бу ердаги қулайликлар маҳбуслар учун ҳаддан ортиқ эмасми, дея сўрайман.
Жаноб Ҳойдал мулойимлик билан «йўқ» жавобини беради. У хориждан келган бўладими ёки Норвегиянинг ўзиданми - ҳар бир журналист шу саволни беришини айтиб, жилмаяди.
«Бировнинг эркини тортиб олиш осон эмас,» дейди у.
«Норвегияда жазо - бу шунчаки кимнингдир эркинлигини чеклаш. Бошқа ҳуқуқларга тегилмайди. Маҳбуслар сайловда овоз бериши, мактабга бориши, тиббий хизматдан фойдаланиши мумкин. Уларнинг ҳуқуқлари оддий фуқароларники билан бир хил. Сабаби маҳкумлар ҳам одам. Улар нотўғри ишга қўл урган, бу учун жазоланиши шарт, лекин улар барибир инсон.»
Қамоқхонадаги гаражда икки маҳбус машина таъмири билан банд. Бу ердаги бошқа маҳкумлар каби улар ҳам ўз камерасидан эрталаб 07:30 да ишга чиқади ва 20:15 га қадар меҳнат қилади. Тушда бир соатлик ҳордиқдан ташқари улар кун бўйи вақтини камерада ўтказмайди.

Бундан мақсад - уларнинг одатий ҳаёт ҳиссини туйишига имкон бериш ва жазодан сўнг янги ҳаёт бошлашига кўмаклашиш.
Аксар маҳбуслар Ҳалдендан малакали механик, дурадгор ва ошпаз ўлароқ озодликка чиқади.
«Биринчи кунданоқ биз уларни жамиятга қайта қўшилишини режалаймиз,» тушунтиради жаноб Ҳойдал.

Ёнимизда бир қанча маҳбуслар Норвегия жанубида қурилаётган янги қамоқхона учун ёғоч ўриндиқлар ясаш билан бандлигини кўрамиз.
«Норвегияда ҳамма маҳбуслар озодликка чиқади - умрбод қамоқ жазоси мавжуд эмас,» эслатади жаноб Ҳойдал.
«Уларнинг бири сизнинг қўшнингизга айланиши мумкин. Агар биз уларга ҳайвондек муносабатда бўлсак, озодликка чиққандан сўнг сизнинг кўчангизни ҳайвондек вайрон этади.»
График дизайн студиясида сокин овозда сўзловчи Фредерик қамоқхона ошхонаси учун китоб муқоваси устида ишламоқда. Қотиллик учун 15 йилга озодликдан маҳрум этилган Фредерик ўтган вақт давомида қўл урган жиноятини ўйлайвериб, қаттиқ пушаймон чекканини айтади.


У қамоққа тушганидан бери график дизайн бўйича дипломни қўлга киритгани ёки математик ва физика имтиҳонларини аъло баҳоларга топширганидан мақтанмаслиги, шунчаки девор ортидаги вақтидан яхши келажак қуриш йўлида унумли фойдаланишга уринаётганини билдиради.
«Агар панжара ортида бирор имкониятга эга бўлмасангиз, ҳеч қачон яхши инсонга айлана олмайсиз,» таъкидлайди Фредерик.
«Бу ерда имкониятлар яхши: дипломни қўлга киритишингиз ва чиққанингиздан кейин бирор яхши иш топишингиз мумкин. Бу жуда муҳим.»



Фредерикни имтиҳонларни яхши топширгани билан табриклаган вақтим тортиниб, раҳмат, дейди. У очиқ қамоқхонага ўтказилгандан кейин магистрлик ё, ҳатто, докторлик даражасини олишдан умидвор эканини айтади.
Панжара ортидаги умрни яхшилаш (Ҳалден қамоқхонаси деразаларида бирор панжара мавжуд эмас) Норвегия илгари сураётган бирламчи фалсафадир.
Ҳалденда бу нафақат маҳбусларни одатий ҳаёт юмушлари билан банд қилиш, балки оила аъзолари билан муносабатларни давом эттиришни ҳам англатади.
Ҳар уч ойда маҳбуслар ўз фарзандлари билан «Қамоқхонадаги ота» дастурига ариза топшириши мумкин. Бунинг маъноси агар хавфсизлик тестларидан ўта олса, ота-фарзандлар маскан ҳудудидаги алоҳида ёғоч уйчада икки кечани бирга ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритади.

"Бу уйчаларда бир дунё ўйинчоқлар ва болалар китоблари бор," маълум қилади қамоқхона ходими Лин Андриссен.
Уйчаларда икки кишилик ётоққа кўзим тушади.
Қотмадан келган Лин энди 30 ёшдан ўтган. У 11 йиллик фаолиятининг 10 йилини Ҳалденда ўтказган. Маскан ходимларининг деярли ярми аёллардан иборат.
Лин бу ерда бирор марта ўзига нисбатан жинсий тегажоғликка учрамаганини таъкидлайди.

"Маҳбуслар формани эмас, балки инсоннинг ўзини, шунингдек, аёлларни ҳурмат қилиши лозим. Биз уларни ҳурмат қиламиз, улар эса бизни", сўзлайди Лин.
Наркотик сотишда айбланган Жон узоқ муддатли қамоқ жазосини олган. Ундан Ҳалденда сизга нима кўпроқ ёқади, деб сўраганимда, унинг биринчи жавоби «аёл ходимлар» бўлди.
"Улар мачо эркакларни жойига ўтқазиб қўя олади. Аёл ходимлар тўғрисида бошқача ўйлашга ҳаракат қилиш керак."
"Кейин улар футбол ўйинларини ҳакам сифатида ҳам яхши бошқара олади", қўшимча қилади Жон.

Бошқа бир маҳбус - Хон бизнинг суҳбатимизга қизиқиб, қўшилади.
«Соқчилик тизимида аёллар борлиги бизнинг омадимиз. Бу вазиятни яхшилайди,» дейди у.
Норвегияда қамоқхона соқчиларини тайёрлаш икки йилдан уч йилга қадар вақт олади. Пойтахт Ослодан саккиз чақирим наридаги Лиллестром шаҳрида ана шундай ўқув даргоҳи жойлашган.
Даргоҳ ходими Ҳанс-Ёрген Брукер кампус бўйлаб менга ҳамроҳлик қилади. Омборхоналардан бирида ҳимоя дубулғалари ва нимчаларини пайқайман. Жаноб Брукер қамоқхона ходимлари барибир маҳбусларнинг эҳтимолий исёнига қарши тайёргарликдан ўтишини билдиради, аммо бундай ҳол деярли кузатилмаслигини таъкидлайди.
"Ўқувчиларим қонунлар, этика, криминалистика, инглиз тили ва ижтимоий масалаларни ўрганадилар. Сўнг улар бир йил қамоқхонада малака ошириб, якуний имтиҳонни топшириш учун коллежга қайтиб келадилар".

Сурат манбаси, Reuters
Мен ундан атиги уч ой тайёргарлик кўрган шахсни қамоқхона ходими сифатида ишга олган бўлармидингиз, дея сўрайман.
"Қисқа муддатли тайёргарлик ҳолатида коррупция эҳтимоли юқори бўлади", дейди у.
"Бизнинг тизимда ходимлар анча яхши маош олади ва улар қонунни яхши билсалар, маҳбуслар билан қандай муносабатда бўлиш ҳамда зўравонлик олдини олишни яхши биладилар".
Жаноб Брукернинг талабалари ҳар йили бир кун Буюк Британия қамоқхоналарида бўладилар. Мен ундан талабалари инглиз қамоқхоналари ҳақида қандай фикрда эканини билишга қизиқаман.

"Талабаларим у ердаги шовқин, маҳбусларнинг кўплиги ва ходимларнинг озлигидан доим ҳайрон бўлади".
Ҳалдендаги ягона шовқин телевизор ўрнатилган хонадан чиқаётганини кўраман.
Мен Ҳалден бошлиғи Аре Ҳойдалдан қамоқхонадаги зўравонлик даражаси борасида сўраганимда, у менга ҳайрат тўла кўзлар билан қарайди. Унга Англия ва Уэлс қамоқхоналарида ходимларга нисбатан ҳужумлар ўтган беш йил ичида уч баробарга ошганини билдираман.
"Албатта, янги услубга ўтмаган айрим қамоқхоналарда вақти-вақти билан зўравонлик ҳолатлари содир бўлиб туради, лекин бу ерда охирги марта қачон жанжал бўлганини эслолмайман".
Ҳалден қамоқхонасида 258 маҳбус сақланиб, уларга 290 нафар ходим кўз қулоқ бўлиб туради. Шулардан 190 нафари соқчилар, қолганлари меҳнат мураббийлари, ўқитувчилар ва маъмурий тизим ишчиларидир.
Олдин машина сотувчиси бўлиб ишлаган 28 яшар зобит Жон Фредерик Андорсен хавфсиз эмас, деб ўйлагани учун ҳеч қачон қамоқхона тизимида ишлашни ҳаёлига келтирмаганини билдиради.
"Шу пайтгача Ҳалденда ҳеч ким менга ҳужум қилмади," дейди у.
"Менинг биринчи ҳимоя воситам овозим ва маҳбуслар билан яқин муносабатимдир".
Ҳалден соқчилари ўзи билан кўзни ёшлантирувчи газ тўлдирилган баллончалар кўтариб юрмайди.
Лин эса Буюк Британиядаги бир қамоқхонага борганда ўзи гувоҳ бўлган манзарадан даҳшатга тушганини ҳикоя қилади.
Унинг айтишича, британиялик ҳамкасблари маҳбуслар бирор нарса отиши мумкинлигидан Линга улар сақланадиган жойларга яқинлашмасликни тавсия қилган экан.
Бошлиқ Ҳойдал наркотик истеъмоли имкониятларини камайтириб юборганидан барча маҳбуслар ҳам соқчиларнинг ҳамма вақт ўз ёнида бўлишидан хурсанд эмаслигини маълум қилади. У Ҳалденга яширинча наркотик моддалар олиб кирилиши, аммо улар героин ва наша каби кучли воситалар эмас, психотроп дорилар эканини тан олади.
Жаноб Ҳойдал қамоқхонада амалга оширилиши кўзланаётган янги лойиҳаларни очиқлайди. Унга кўра, янги режалар билан маҳбусларнинг маданий савиясини ошириш кўзланмоқда.
Аммо Шимолий денгиздаги нефть қазиб олишдан келаётган даромадлар камайиб кетаётганидан Норвегия ҳукумати қамоқхоналарга ажратилаётган маблағнинг чекланиши эҳтимолидан огоҳлантирмоқда.
- Ўзбекистон: Маҳкумларни сақлаш тартибларига ўзгартиришлар киритилди. Уларнинг аҳволи қай даражада ўзгариши мумкин?
- Ўзбекистон: Қамоқхона фаолиятидан арз қилиш мумкин бўлади
- Эртаклар ўқиш қамоқхонадан омон чиқиб олишимга ёрдам берди
- Гулнора Каримова сақланаётган қамоқхонадан аёллар озод этилиши нимани англатади?
- Тожикистон: ИШИД маҳбуслари қамоқхонада исён кўтарди, 32 киши ҳалок бўлди
"Агар сифат ва юқори натижа талаб этилса, бунинг учун бизга пул керак бўлади", таъкидлайди Аре Ҳойдал.
Бошқа қамоқхонага ўтказилган маҳбуснинг камерасида бир ёзувга кўзим тушади. Ўз камерасини эгалловчи шахс учун собиқ маҳбус ташлаб кетган қоғозчадаги ёзувда қуйидаги сўзларни ўқиш мумкин:
"Севиш - бу бирор нарсадан умидвор бўлмай кўрсатиладиган туйғу. Севиш сени озод этади. Ўзингни ўзингдан озод эт, дўстим".
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















