Ўзбекистон матбуоти: Гулнора Каримова сақланаётган қамоқхонадан аёллар озод этилиши нимани англатади?

Зангиота аёллар қамоқхонаси

Сурат манбаси, ЎзА

Гулнора Каримова сақланаётган қамоқхонадан бир қанча аёллар озод этилди, Зокиржон Алматов ёшлар учун мастер-класс ўтаб берди, Kun.uz'га арз қилган фермер босим остида қолди, Тошкент шаҳар ҳокимлиги солиқ тўловчиларга раҳмат айтиб чиқди - Ўзбекистон матбуоти ана шундай мавзуларни ёзмоқда.

Зангиота қамоқхонасидан аёллар озод этилди; Гулнорачи?

Ўзбекистон Миллий Ахборот Агентлиги веб-сайтида эълон қилинган "Зангиотада жойлашган қамоқхонадан бир гуруҳ аёллар озод этилди" номли мақолада Тошкент вилояти Зангиота туманидаги аёллар колонияси маҳкумаларига кўрсатилаётган меҳр-шафқат тўғрисида сўз боради.

Ушбу қамоқхона ўзининг машҳур маҳкумаси - Гулнора Каримова номи ортидан танилган.

Марҳум Ислом Каримовнинг тўнғичи шу йилнинг март ойидан бери мазкур қамоқхонада сақланиб келинади.

Мақолада "Олий суд ва Хотин-қизлар қўмитаси ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандум шарофати билан жорий йилнинг ўтган даврида юз нафардан зиёд хотин-қиз озодликка чиқарилиб, оиласи бағрига қайтган"и таъкидланади.

Шунингдек, мақолада президент Мирзиёевнинг яқинда Сенатда сўзлаган нутқи ортидан «жамиятда аёлга бўлган муносабат тубдан ўзгаргани, умуман, ҳар бир аёлни қўллаб-қувватлаш бўйича нимаики талаб қилинса, амалга оширилиши» алоҳида тилга олинади.

«Шу ернинг ўзида Олий суд раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоров раислигида суд мажлиси бўлиб ўтди. Суд жараёнида қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган, тузалиш йўлига ўтган, жазо муддатини қисқартиришларини сўраб судга мурожаат қилган аёллардан олти нафарига оид иш кўриб чиқилди,» дейилади мақолада.

Бундан бир неча кун аввал айнан шу қамоқхонадан мурожаатнома чиқарган Гулнора Каримова ҳам мамлакат қонунларига ишониши ва ўзининг тез орада озод этилишидан умид қилаётганини билдирган эди.

Айнан Каримова хоним ҳибсда ушлаб турилган қамоқхонадан жиноятга қўл урган аёлларнинг афв этиш йўли билан озод этилишини алоҳида кўз-кўз этиш нимани англатиши мумкин? Буниси ҳозирча қоронғи.

Зокиржон Алматов ёшларга насиҳат қилди

Зокиржон Алматов

Сурат манбаси, Postda.uz

Ички ишлар вазирлигига тегишли "Постда" нашрининг ёзишича, собиқ Ички ишлар вазири, айни вақтда Ички ишлар вазири маслаҳатчиси лавозимида ишлаётган генерал-полковник Зокиржон Алматов Олмалиқ шаҳрида ҳуқуқ-тартибот органларининг ёш вакиллари билан учрашган.

Мақолада ёзилишича, собиқ вазир мамлакат ички ишлар органларининг ташкил этилиши ва ривожланиш тарихини сўзлаб берган. Шунингдек, у "оғир ва таҳликали дамларида тинчлик-осойишталикни сақлаш, фуқаролар хавфсизлиги, қонун устуворлигини таъминлашда ҳуқуқ-тартибот идоралари, хусусан, ички ишлар органлари ходимларининг машаққатли хизматлари ҳамда бугунги кунда тизимда амалга оширилаётган ислоҳотларга алоҳида тўхталиб ўтган".

Ислом Каримов даврида жамоатчилик олдида деярли кўриниш бермаган жаноб Алматов шу йилнинг аввалида матбуот билан илк бор суҳбатлашган эди. Ўшанда, Qalampir.uz нашрига берган интервьюсида собиқ вазир Бўка, Паркент, мустақилликнинг илк йилларидаги сиёсий қаршилик, 16 февраль воқеалари ва Андижон қатлиоми каби узоқ йиллар муҳокама этиш қаттиқ таъқиб этилган мавзуларни тилга олган.

Вазир: Ёшларни олий таълим билан таъминлай олмаяпмиз

Иномжон Мажидов

Сурат манбаси, ЎзА

30 июнь - Ёшлар куни муносабати билан мурожаат эълон қилган Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов мамлакатдаги таълим аҳволи тўғрисида фикрларини билдирди.

ЎзА веб-сайтида чоп этилган мурожаатда жаноб Мажидов ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси ҳамон паст ҳолда қолаётганини таъкидлаган.

"Юртимизда битирувчиларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини ошириш йўлида барча саъй-ҳаракатлар қилинаяпти. Лекин дунёдаги ривожланган давлатлар тажрибасидаги 60-70 фоиз кўрсаткичга ҳали етмадик. Шунинг учун бу борадаги ишларни янада жадаллаштириш муҳим вазифага айланди," дейди вазир.

Ўзбекистонда ёшларни олий таълим билан таъминлаш узоқ йиллардан буён оғриқли масала бўлиб келмоқда. Масалан, биргина ўтган йилнинг ўзида 675 мингдан зиёд ёшлар атиги 79 мингга яқин талабалик ўрни учун ҳаракат қилишга мажбур бўлган.

Жорий йилда олий ўқув юртлари учун қабул квоталари 120 мингга қадар оширилган бўлсада, бу етарли эмаслиги, олий таълим олиш имкониятидан мосуво қолаётган юз минглаб ёшлар ноаниқ келажак билан юзлашаётгани юзасидан хавотирлар билдирилмоқда.

Kun.uz'га арз қилган фермер босимга учради

Абдуманноб Қосимов

Сурат манбаси, kun.uz

Kun.uz нашрининг ёзишича, Фарғона вилояти, Қўштепа туманида фаолият юритувчи «Олимбой ҳожи» чорвачилик фермер хўжалиги 2018 йилда банкдан катта миқдорда кредит олиб, Германиядан ҳар бири 2,070 евро бўлган 99 бош наслдор қорамол олиб келган. Бу воқеа телевидение ва интернет сайтларида олқишлар билан ёритилган.

Бироқ туман ҳокимлиги озуқа етиштириш учун нобоп ер ажратиши ортидан 36 бош қорамол ем-хашак етишмаслигидан нобуд бўлган ва фермер Абдуманноб Қосимов бу ҳақида Kun.uz'га арз қилган.

Арздан деярли етти ой вақт ўтгач, туман ҳокимлиги фермерга ёрдам бериш ўрнига унга босим ўтказишга киришиб кетди, дея ёзмоқда интернет нашри.

"Қўштепа тумани ҳокимлиги ҳам фермернинг ҳолатини тўғри тушуниб, вазиятни ўнглашда ёрдам беради, деб ўйлагандик. Афсуски, ҳаммаси бунинг тескариси бўлиб чиқди. Яъни, туман ҳокими И. Новиков тадбиркор фермернинг оғирини енгиллатиш учун енг шимариш ўрнига унга босим ўтказишга киришиб кетди. Текшир-текширлар бошланди. «Пичоққа илинадиган» айб топилмагач, шахсан туман ҳокимининг ўзи фермер устидан маъмурий судга арз қилди!" дейилади Kun.uz мақоласида.

Мақоладан англанилишича, туман ҳокими И.Новиков қорамолларнинг ўлимида ўзини айблаган фермер Қосимовни туҳматчига чиқарган.

Шунингдек, мақолада Қўштепа туман маъмурий судининг ҳоким И.Новиков аризасини қаноатлантириб, Абдуманноб Қосимовни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 40-моддаси ("Туҳмат")га асосан энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баробари (405460 сўм) миқдорида жаримага тортиш тўғрисидаги қарори нусхаси ҳам эълон қилинган.

Kun.uz нашри дардини ёрган тадбиркорнинг бундай маъмурий-буйруқбозлик тўсиқлари ва адолатсизликка дуч келиши ҳуқуқий-демократик давлат тамойилларига путур етказишига ишора қилади.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги: Солиқ тўловчиларга раҳмат

Раҳмат, Тошкент!

Сурат манбаси, Tashkent.uz

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ўз веб-сайтида пойтахт солиқ тўловчиларига ташаккурнома эълон қилди. Хабар билдирилишича, жорий йилнинг дастлабки олти ойи якуни бўйича пойтахт учун белгиланган бюджет даромадлари прогноз кўрсаткичлари ортиғи билан бажарилган.

"Бу натижага эришишда ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшган шаҳримизнинг ҳар бир йирик корхонаси, ўрта ва кичик бизнес вакиллари, хусусий ишбилармонлар, оилавий тадбиркорлар ҳамда барча солиқ тўловчи фаол меҳнат билан шуғулланаётган фуқароларга ўз миннатдорлигимизни изҳор этамиз," дейилади ташаккурномада.

Бундан ташқари, ҳокимлик "давлат бюджетига кираётган ҳар бир сўмни солиқ тўловчиларга минг карра зиёд бўлиб қайтишини исташини билдирган ҳолда, барча маблағларнинг мақсадли ва самарали ишлатилишини таъминлаш"га солиқ тўловчиларни ишонтиради.

Хабарда бюджет тушумларига оид рақамлар келтирилмаган. 2018 йилнинг октябрь ойида ўша йилнинг 9 ойи учун Тошкент шаҳри бюджет тушуми 9,7 триллион сўмни ташкил этгани маълум қилинган эди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek