Дунё, янгиликлар: БМТ - 'Суриядаги жангари фуқароларингизни қайтариб олинг'

БМТ: ИШИД собиқ жангарилари ё суд қилиниши ё озод этилиши лозим

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Мишел Бачелет мамлакатларни Сурия ва Ироқда сақланаётган ИШИД собиқ аъзолари бўлмиш ўз фуқаролари тақдири юзасидан масъулиятни бўйнига олишга чақирган.

Бачелет хонимнинг айтишича, агар собиқ жангариларга Ироқ ва Сурияда бирор айблов илгари сурилмаётган бўлса, унда уларни ўз давлатлари ортга қайтариб олиб кетиши лозим.

Айни дамда, 55 мингга яқин одам март ойида сўнгги қароргоҳларидан айрилган Исломий Давлатга аъзоликда гумонланиб, ушлаб турилгани айтилади.

Аксар мамлакатлар ўз фуқароларини қайтариб олиб кетишга рўйхушлик билдирмаётир. Айрим давлатлар эса Сурия ва Ироқда ўз ватандошларидан дунёга келган фарзандларни ҳам фуқаро, дея тан олмаган.

БМТ ИШИДнинг хорижлик аъзоларидан туғилган 29 минг нафар боланинг тақдири Ироқ ва Сурия жамлоқларида номаълумлигича қолаётганидан ташвиш билдирган. Мишел Бачелет эса бундай ноаниқ вазиятдан, айниқса, болалар азоб чекаётганини таъкидлаган.

Тадқиқотчилар 2013 йил апрелидан 2018 йил июнь ойига қадар Сурия ва Ироқдаги Исломий Давлат сафларига 80 мамлакатдан 40 мингдан зиёд хорижлик келиб қўшилганини тахмин қилади.

АҚШ Оятуллоҳ Хоманаийга нисбатан қаттиққўл санкция жорий этди

АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон, жумладан, мамлакат Оятуллоҳ Али Хоманаийга қарши ўта қаттиқ санкциялар қўйилишини маълум қилди.

Жаноб Трамп ушбу санкциялар АҚШ дронининг Эрон томонидан уриб туширилиши дохил «кўплаб бошқа амаллар»га жавобан қўлланилаётганини таъкидлаган.

Мазкур хабардан сўнг Эрон ташқи ишлар вазири Жавад Зариф Трамп маъмуриятини «урушга ташналик»да айблаб чиққан.

Санкциялар Эрон Исломий Инқилоб Муҳофазачилари Корпусининг саккиз нафар юқори рутбали раҳбарларининг молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятини чеклашга қаратилган. Оятуллоҳ Али Хоманаий 1979 йил инқилобидан сўнг эгасиз қолган мулкларни ўзлаштириб, $95 миллиард долларлик йирик бизнесга айланган Седат номли ташкилотни бошқариб келади.

АҚШга кўра, Седат Олий Раҳнамога «соядаги ҳукумат»ни молиялашга имкон яратади. Шу сабабдан Вашингтон Оятуллоҳ Али Хоманаийга алоқадор ҳар қандай шахс ва компанияни санкциялар билан нишонга олиб, Эроннинг минтақавий ҳарбий ҳаракатларни амалга оширишидан тийишни кўзламоқда, дейди таҳлилчилар.

Нидерландияда йирик телекоммуникация узилиши юзага келди

Нидерландияда сўнгги йиллардаги энг йирик телеком узилиши кузатилиб, мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолатлар хизматлари рақамлари ишламай қолган.

Тўрт соат давом этган узилиш Royal KPN миллий телеком провайдеридан бошланган ва унинг тармоғига уланган бошқа провайдерлар ҳам зарар кўрган.

KPN узилишнинг аниқ сабаблари ҳали номаълум бўлсада, бу хакерлар иши, дейишга асос йўқлигини маълум қилган.

Ҳукумат фавқулодда хизматлар билан боғлана олмаётган одамларга бирор ҳолат юз берганда тўғри касалхоналар, полиция маҳкамалари ёки ўт ўчириш станцияларига боришни тавсия этган. Узилиш вақтида одамларга ёрдам бериш учун мамлакат бўйлаб қўшимча полиция кучлари кўчаларга чиқарилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Тelegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek