Арманистон, Россия ва АҚШ: Пост-совет ҳудудидаги сўнгги инқилоб якунландими?

Пашинян

Сурат манбаси, AFP

    • Author, Нина Ахметели
    • Role, Би-би-си Рус хизмати

Арманистон парламентига муддатидан олдин бўлиб ўтган сайловда вақтинчалик Бош вазир вазифасини бажариб келаётган Никол Пашиняннинг "Менинг қадамим" блоги ғалаба қозонмоқда. Пашинян бошчилигидаги сиёсий альянс 70 фоиздан ортиқ овоз олмоқда.

Шу билан Арманистон парламентига 70 фоиз олган "Менинг қадамим" блоги ҳамда "Яшнаётган Арманистон" (8,37%) ва "Ёрқин Арманистон" (6,37) кириши мумкин. Бу ҳақда 2010 сайлов участкасидаги барча овозларни санаб чиққан Марказий сайлов комиссияси маълум қилди.

Мамлакат тарихида илк маротаба муддатидан олдин ўтказилган парламент сайловида 2 блок ва 9 партия иштирок этди. Парламентдан жой олиш учун партия камида 5 , блок эса 7 фоиз овоз олиши керак эди.

Қонун бўйича парламентда камида 3 сиёсий куч бўлиши лозим.

Шу вақтгача мамлакатни бошқарган ва ҳозир мухолифатга айланган Республика партияси илк маротаба парламентга кира олмаяпти. 4,7 фоиз овоз олга партия парламентга асос солинган 1995 йилдан бери иштирок этиб келаётганди.

Бу сафарги сайловда 48,63 фоиз одам овоз берган. 2017 йилги сайловда 60 фоиздан кўпроқ сайловчи иштирок этган эди.

Муддатидан олдин ўтказилган парламент сайловини шу йилнинг апрел-май ойларида Арманистон бўлиб ўтган йирик намойишлар ва натижада Бош вазир Серж Саргсяннинг истеъфосига олиб келган бахмал рангли инқилобнинг якуний нуқтаси дейилмоқда.

Намойишлар манзарасида 8 май куни парламент мухолифат лидери Никол Пашинянни Бош вазир этиб маъқуллаганди.

Бироқ Арманистонни бошқарган Республика партиясининг парламентда деярли ярмини ташкил қиларди ва энг йирик фракция эди.

Баҳорда бўлиб ўтган намойишлардан Никол Пашинян муддатидан олдин парламент сайловлари ўтказишга ваъда берганди.

Амалдаги парламентни тарқатиб юбориш ва муддатидан олдин сайловни белгилаш учун Пашинян 16 октябр куни истеъфога чиқди. Аммо мамлакат Бош вазири вазифасини вақтинча бошқарувчи бўлиб қолаверди.

Энди мухолифатга айланган Республика партияси муддатидан аввал ўтиши керак бўлган сайловни келаси йилнинг май-июн ойларида бўлиши кераклигини айтганди.

Партия сайловлар қонун бузилишлари билан ўтганини ва Пашинянни ҳокимиятидан фойдаланиб рақибларига босим ўтказганида айблади.

Уларга кўра, собиқ президент Роберт Кочаряннинг маҳкама томонидан сайлов арафасида ҳибсга олиниши ана шундай босимлардан биридир.

Баҳорда Пашинян Бош вазир бўлиб сайланган сўнг кўплаб собиқ амалдорлар ва уларнинг қариндошларига айблов эълон қилинди.

Кочарянга 2008 йил 1 мартда намойишчиларни куч билан тарқатгани учун конституцион тузумни ағдариш айби қўйилмоқда.

Ўшанда тартибсизликлар ва намойишчилар ҳамда куч тизими ходимлари билан тўқнашувда 10 киши ҳалок бўлганди. Кочарян ўша вақти Арманистон Президенти эди.

Пашинян бу жиноят ишлари билан Арманистон парламентига сайловларда боғлиқлик борлигини рад этади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek