Россия: Чеченлар Рамзан Қодировдан қаерга қочишмоқда?

Чеченский беженец показывает свои шрамы в поезде у Бреста. Декабрь 2016 года

Сурат манбаси, SERGEI GAPON/AFP/Getty Images

Сурат тагсўзи, Чечен қочқини ўз чандиқларини кўрсатмоқда. Декабрь, 2016

Сўнгги ўн йилларда Чеченистон ҳукуматидан Европага қочиб бориш чеченлар учун асосий нажот чорасига айланди. Бироқ 2018 йилда ҳаммаси ўзгариб кетди: Рамзан Қодиров ҳукумати ватанда терроризмда айбланаётган чеченларни ортга қайтариш учун Европа мамлакатларига экстрадиция сўрови жўнатишни кўпайтирди, аммо бу ҳолат ҳам чеченларни бош олиб кетишдан тўхтатиб қола олмаётир.

Би-би-сининг Рус Хизмати Европа Иттифоқининг баъзи давлатларида бўлиб, нега чеченларни экстрадиция қилиш ишлари кўпайгани ва шунга қарамай, мамлакатдан қочқинлар оқими тўхтамаётганини ўрганиб кўрди.

Салом ва Али

Берлин вокзалида бир эркак 32 ёшли танишини кутиб олмоқда.

- Ассалому алайкум, Али.

- Ва алайкум ассалом. Қандай етиб келдинг?

- Яхши. Чеченистондан қариндошлар қўнғироқ қилишдими? Уларнинг

олдига бошқа келишмабдими?

-Охирги марта келишган бўйича - йўқ ҳали. Умуман олганда, ватанда деярли ҳеч ким қолмади. Бобом ўтган йили вафот этди. Фақат биргина холам у ерда.

- Тушунарли. Масжидга борамизми? Намоз вақти деярли бўлиб қолди.

Салом Витаев ва Али Магомедов (Алининг исми ўзгартирилган) 2017 йилда танишганлар. Уларнинг иккиси ҳам Германия ҳукуматидан бошпана бериш сўровига жавоб кутмоқда. Улар Чеченистонда Исломий Давлатга алоқадорликда айбланган.

Намозхона, Берлин
Сурат тагсўзи, Намозхона, Берлин

«Олти сонияда сени қамоққа ташлашимиз мумкин»

Салом 2015 йилда Москвадаги Маймонид номли давлат академиясининг ҳуқуқшунослик йўналишини тамомлаган. Таҳсилдан сўнг у Чеченистонга қайтади, аммо мутахассислиги бўйича иш топа олмай, ўз қишлоғида қурувчилик билан шуғуллана бошлайди. Кунлардан бирида у охири пичоқбозлик билан якунлаган маиший можарога аралашиб қолади ва полиция томонидан ҳибсга олинади.

У икки ойни ҳуқуқ тартибот органлари назорати остида ўтказади. Саломнинг сўзига кўра, унинг ҳибсга олиниши расман рўйхатга олинмаган. Би-би-си ихтиёрида мавжуд баённомада айтилишича, Салом инсон соғлигига кичик ва ўрта даражада зарар етказган ҳамда ўз ихтиёри билан полицияга бориб, айбига иқрор бўлган. Жабрланувчи томон унга қарши арз қилмаган.

Салом полицияда уни қулоқликка ёллашга уринганлари ҳақида айтади. Унинг сўзларига кўра, полициячилар Саломнинг «экстремизмга мойиллиги бор» қишлоқдошлари тўғрисида ҳисобот бериб туришини исташган.

Салом полициячилар бу хизмат эвазига яхши ҳақ таклиф қилишгани айтади.

«Аниқ бир миқдорни айтишмади, лекин хурсанд қиламиз, дейишди. Рози бўлмаганимдан кейин таҳдид қилишга ўтдилар, оиланг шу ерда, истасак, сени олти сонияда қамоққа тиқамиз, деб қўрқитдилар.»

Би-би-си Рус Хизмати Витаев иши юзасидан Чеченистон ҳуқуқ тартибот органларига изоҳ сўраб, мурожаат қилди, лекин мақола эълон қилингунга қадар улардан ҳеч қандай жавоб бўлмади.

Таҳдидлардан чарчаган Салом уларнинг таклифига рози бўлиб, ҳибсдан чиқади ва икки ҳафта ичида ҳужжатларини тўғрилаб, Туркияга бош олиб кетади.

«Тез орада ҳаммаси изга тушиб кетади, мен ҳақимда унутадилар, деб умид қилгандим. Қишлоқдошларимни сотишни истамагандим,» дейди у.

Салом Туркияга кетганини ўзининг энг катта хатоси, деб ҳисоблайди.

«Полициядагилар келишувни бузганимни англаганлардан сўнг турли йўллар билан менга таҳдидни кучайтира бошладилар. Туркия орқали Сурияга ўтиб, Исломий Давлат сафларида жанг қилган, деган ҳисобот ёзсак, сени бир кунда қайтариб олиб келишади, дедилар,» ҳикоя қилади чечен йигит.

Чеченистон Ички ишлар вазирлиги тарқатган маълумотларда ёзилишича, шимолий кавказликлар, аксар ҳолларда, Сурияга Туркия, баъзан, Озарбайжон орқали боради.

Орадан уч ҳафта ўтиб, Салом Туркиядан ҳам кетади ва Белорус орқали Полшада жойлашган қочқинлар жамлоғига етиб боради. Қочқин мақомини олиш бўйича Полша ҳукумати жавобини кутмасдан, Германия томон йўлга чиқади. Салом Германияда шароит яхши, деб эшитгани учун бу қарорга келгани ҳақида сўзлайди.

Бу вақтда чечен ҳуқуқ тартибот органларидан таҳдид қўнғироқлари ҳали ҳам тинмаётган эди. Салом телефон рақамини бир неча бор ўзгартиради, аммо полициячилар ҳар сафар унинг онасидан янги рақамини билиб олаверади.

Чеченистон Ички ишлар вазирлигининг бир мулозими Саломга ёрдам бериш важи билан ундан Германиядаги банклар ва Полшадаги вокзаллардан бирида суратга тушиш ҳамда Европа давлатлари чегарасини кесиб ўтганда паспортига урилган муҳрларни ҳам расмга олиб, жўнатишни сўрайди. Мулозим бу Сурияда бўлмаганингга исбот бўлади, деб Саломни ишонтиради.

Кейинроқ чечен терговчилари қўлга киритилган суратларни Интерполга тақдим этиб, Витаевнинг ноқонуний қуролли гуруҳда иштирок этгани учун Чеченистонда қидирувда эканини маълум қиладилар. Сўнг Саломни Германия полицияси Нюренберг шаҳрида Интерпол сўрови билан ҳибсга олади. Витаев Россия ҳукумати унинг Исломий Давлатга ҳақиқатан алоқадорлиги бўйича ишончли далилларни тақдим этмагунча, бу ердаги ҳибсхонада тутиб турилиши керак эди.

"Чеченистондан юборилган ҳужжатлар жуда нўноқлик ва шошма-шошарлик билан тайёрланган эди. Унда менинг Сурияда бўлганим саналар кўрсатилган вақтда мен қочқинлар жамлоғида эдим. Бундан ташқари ҳужжатларнинг бирида менинг Исломий Давлат сафларида жанг қилганим айтилса, бошқасида унга қарши курашган қуролли гуруҳлар таркибида бўлганим даъво қилинади."

Би-би-си Рус Хизмати Витаев иши бўйича Чеченистон юборган ҳужжатларни кўриб чиқиб, уларда чиндан ҳам ноаниқликлар ва қўпол хатолар мавжудлигини аниқлади.

Нюренберг суди далиллар етарли бўлмагани учун Саломни шартли равишда озодликка чиқарган. Бу борадаги ҳукм хулосаси Би-би-си ихтиёрида мавжуд. Салом ҳозирда сиёсий бошпана сўровчи мақомида Германияда яшаб келмоқда, аммо унинг Россияга экстрадиция қилиниши масаласи ҳали тўлиқ ҳал бўлмаган. Агар Россия унинг ростдан ҳам Сурияда бўлганини исбот бера олса, у ҳолда уни ортга юборишлари мумкин.

Унинг ўзи уйга қайтишни истамайди. У Нюренбергдан унча узоқ бўлмаган кичик қишлоқда яшайди. Қишлоққа келганидан икки ой ўтиб, у рафиқасини ҳам чақириб олган ва улар бу ерда икки фарзанд кўрганлар. Тўрт кишидан иборат оила Германия ҳукумати тўлайдиган 1000 евро нафақа эвазига кун кечиради. Салом шифокорликка ўқишни ва ишга жойлашишни орзу қилади.

«Немис тилини ўрганишга ҳаракат қиляпман. Телевизорда Чеченистон, рус каналларини кўраман. Уларнинг қандай бахтли яшаётгани, Европанинг эса чириб бораётганидан хабардор бўлиб тураман. Ҳаёт шундай давом этмоқда,» жилмаяди у.

Салам Витаев
Сурат тагсўзи, Салом Витаев

Одамлар қарғиши

«Урушни эслолмайман, фақат Путинга садоқатли бўлган чечен амалдорлари бошлаган ички уруш эсимда,» дейди Берлиндаги қочқинлар ётоқхонасида яшаб келаётган Али Магомедов.

Али 1995 йили Чеченистонда туғилган. Мактабдан сўнг ўқимаган, уйда кураш спорти билан шуғулланган. Ҳудудий ва халқаро мусобақаларда иштирок этган. Мусобақалардан келган пул қорин ва майда харажатлардан бошқасига ярамаган.

2013 йилда Алининг яқин қариндошларидан бири уйдан чиқиб кетади ва бироз ўтиб, чечен ҳукумати унинг Сурияга ўтиб кетгани ҳақида хабар беради. Шундан сўнг хавфсизлик ходимлари Алининг уйига серқатнов бўлиб қолади, ёш спортчини тез-тез бўлимга олиб кетиб, қариндошига алоқаси бўйича сўроққа тутадилар.

Хавфсизлик кучлари Алининг йўқолиб қолган қариндошини пойтахт Грознийда полицияга нисбатан уюштирилган навбатдаги ҳужумларнинг бири ташкилотчиси сифатида эълон қилади. Бу хабар ортидан Алининг уйи ўраб олинади.

«Анча пайтгача бизни ташқарига чиқаришмади. Ҳозир ҳаммамизни отиб ташлашса керак, кейин жасадларимиз ёнига қурол ташлаб, телевизордан бизни террорчилар сифатида кўрсатишади, деб ўйлагандим,» дейди Али Би-би-си билан суҳбатда.

Чеченистон муфтийсининг ўринбосарларидан бири Алининг оиласини омма олдида қарғайди. Қишлоқдошлари уларни уйидан кўчага олиб чиқиб, халқ ва Аллоҳга хиёнат қилиш, «фарзандга ёмон тарбия бериш» ҳамда ғойиб бўлган қариндошни яширинча дастаклашда айблайдилар. Али Би-би-сига на ўзи, на яқинлари бу қариндошни 2013 йилдан буён кўрмаганини таъкидлайди.

Чеченистондаги диний раҳнамолардан бири оломон қилинаётган оилага мамлакатдан чиқиб кетиш имкониятини беради.

"Чиқиб кетиш учун роппа-роса бир соат вақтингиз бор, дейишди. Биз жон сақлаб қолиш илинжида турли ҳудудлар бўйлаб тарқаб кетдик. Қиш эди. Устимда бирор кийим, чўнтагимда сариқ чақа йўқ эди. Совуқдан оёқларим музлаб қолганди," хотирлайди Али.

Аввалига Али номини тилга олишни истамаган қўшни ҳудудлардан бирига боради. Бир ҳафта давомида вокзаллар, кафеларда тунаб юради. Сўнг узоқ бир қариндошини излаб боради, аммо чечен ҳукумати билан муаммо чиқишини истамаган қариндош уни уйга қўймайди. Али бошқа бир қариндошини топади. У аввал Алига, сўнг унинг оиласига жой беради. Европага бош олиб кетган чеченлардан ҳам ёрдам кела бошлайди.

Ҳуқуқ фаоллари билан маслаҳатлашган Алининг оиласи ҳужжатларни тўғрилаб, Полшага жўнаб кетади, у ердан Германияга ўтади. Али немисчани билмайди, бу ерда нима билан шуғулланиши мумкинлиги тўғрисида ҳам боши қотган. Унга ва оиласига сиёсий бошпана бериш масаласи ҳали ҳал бўлмаган. У онаси, икки синглиси, аёли ва фарзанди билан Берлиннинг четроғида жойлашган икки хоналик ётоқхонада истиқомат қилмоқда.

Али яқинлари ёнида эканидан хурсанд, лекин ватанни ҳам кўп қўмсайди.

У Германияда ўзини хавфсиз ҳис қилишини тан олади.

«Бу ерда ҳеч ким мендан соқолинг нега бундай, нега бунақа кийим кийгансан, нега бу ерда юрибсан, деб сўрамайди. Ҳукумат менга тегмайди. Масжидда намоз ўқиганимда, нега ундай эмас, бундай ўқидинг, деб сўроқ қилмайди.»

Демонстрация в Кракове 17 сентября 2018 года

Сурат манбаси, Beata Zawrzel/NurPhoto via Getty Images

Сурат тагсўзи, Чечен қочқинларини депортация қилишга қарши намойиш. Польша, Краков. 17 сентябрь, 2018 йил

Қидирувдаги 200 чечен

Россия экстрадицияси учун сўров йўллаган Европадаги чеченларга Вайфонд (чечендан таржима қилганда, Бизнинг Фонд) ташкилоти ёрдам бериб келмоқда. Швецияда жойлашган ушбу фонд бундан бир ярим йил муқаддам ташкил этилган. Аввалига Европадаги ночор аҳволда қолган чеченларга молиявий кўмак берган мазкур фонд экстрадиция бўйича ишлар сони кескин ортиб кетгандан сўнг юридик ёрдам кўрсатиш билан ҳам шуғуллана бошлаган.

Вайфонд раҳбари Мансур Саъдуллаев фонднинг хайрия эвазига фаолият юритишини айтади. Унга кўра, хайриялар миқдори доим ҳам етарли эмас.

2017 йилда фондга экстрадиция масаласида ёрдам сўраб, атиги икки чечен мурожаат қилган. 2018 йилда - 20 нафар. Уларнинг бештаси аллақачон Россияга бериб юборилган. Бугунги кунда Интерполнинг очиқ маълумотлар базасида қидирувдаги 200 га яқин чеченни кўриш мумкин.

Вайфонднинг асосий адвокати Алексей Оболенецга кўра, Чеченистонда терроризм айби билан ҳибсга олинган бир кишига мажбурлаб, кўрсатма ёздиришади. Кўрсатмада бошқа шахсларнинг номлари ҳам келтирилган бўлади. Шу тариқа терроризм бўйича ишлар сони кўпайиб бораверади.

Адвокат бу ерда Интерполнинг рус бўлими ходимларини кўпроқ айбдор кўради. Унга кўра, ходимлар Чеченистон Ички ишлар вазирлиги берган маълумотларни текшириб ҳам ўтирмай, номи келтирилган шахсларни қидирувга бериб юборади.

Алексей Оболенец олдин Европа давлатлари экстрадиция қилиниши сўралган шахснинг қочқинлик мақоми бўлса, уни Россияга бериб юбормагани ҳақида гапиради. Ҳозир бу мақом қайта кўриб чиқилиши ҳам мумкин.

Интерполнинг рус бўлими қидирувда бўлган чеченларнинг аниқ сони ва қидирув эълон қилишдан олдин уларнинг ишлари қай даражада текшириб чиқилиши юзасидан Би-би-си йўллаган сўровга жавоб бермади.

Олдин Чеченистон фуқароларини экстрадиция қилиш бўйича сўровларнинг деярли барига рад жавоби берилган, дейди Гражданское Содействие жамоатчилик ташкилоти раҳбари Светлана Ганнушкина.

Европада қочқинлар бўйича муаммолар кўпайиши ва Иттифоқнинг Россия билан алоқалари бироз юмшаши ортидан вазият ўзгара бошлаган.

«Ҳозир Чеченистонда қариндошинг Сурияга кетган, деб одамларни уйидан ҳайдаб чиқаришса, бошқа чеченларни Европадан олиб келиш учун зўр бермоқдалар. Умуман, Чеченистонда терроризмга қарши кураш тақлиди кетмоқда,» дейди ҳуқуқ фаоли.

Россия қийноққа солмаслик кафолати билан чеченларни ортга қайтариб олиб келади, аммо Ганнушкинанинг иддао қилишича, бундай кафолатлар бирор нимага ярамайди.

Рамзан Қодиров Чеченистондаги эмас, балки Европада яшаётган чеченларни Сурияга ўтиб кетишда тез-тез айблаб чиқади.

«У ерда [Сурияда] бўлган чеченларни аксарият қисми Европада яшаган. Ўша ердан жанг қилишга кетган,» деган эди у Россия 1 канали билан суҳбатда.

Брест в декабре 2016

Сурат манбаси, SERGEI GAPON/AFP/Getty Images

Сурат тагсўзи, Брест вокзали

"Қодировчилар қўлига тушгандан Европада ўлган афзал"

33 яшар блогер Тумсо Абдураҳмонов чечен амалдорлари билан юзага келган зиддиятлардан қочиб, Полшага кетиб қолган.

Унга кўра, 2015 йилда пойтахт Грознийда президент маъмурияти ва мамлакат ҳукумати собиқ раҳбари Ислом Қодиров билан тўқнаш келиб қолади. Амалдорга Тумсонинг соқоли ёқмайди. Бу воқеадан сўнг бир неча бор мени амалдорнинг уйига олиб бордилар, дейди у.

Тумсо ўзининг видео блогларида Шимолий Кавказдаги воқеаларни ёритади, чечен амалдорлари билан мунозаралар олиб боради. Унинг видеолари YouTube'да миллионлаб одамлар томонидан кўрилади.

У сўнгги вақтларда экстрадиция ишларини олиб чиқиш бўйича обуначилари томонидан илтимослар кўпайиб кетганини маълум қилади.

«Мен инсон қандай жиноятга қўл урган бўлмасин, унинг Россияга бериб юборилишига мутлақо қаршиман. Яхшиси, уни турган мамлакатида суд қилган, адолат билан жазолаган маъқул. Бироқ инсонни Россия қўлига топшириш - бу оғир қийноқлар остида кечувчи аниқ ўлимдир,» дейди блогер.

Шу йилнинг сентябр ойида Полша ҳукумати «мамлакат хавфсизлигига таҳдид солиши» важи билан Абдураҳмоновга сиёсий бошпана бермасликка қарор қилди. Бунга Тумсонинг акаси бўйича Германияда текширув ишлари кетаётгани сабаб бўлди.

Германия полицияси блогернинг акаси Моҳмад Абдураҳмоновни Исломий Давлат рамзини ижтимоий тармоқларда тарқатгани учун текширмоқда. Тумсога кўра, Моҳмад шунчаки Deutsche Welle нашрида чиққан мақолани ўз саҳифасида улашган, холос.

Агар блогернинг акаси айбдорлиги исботланса, у жаримага тортилиши ёки шартли жазога ҳукм қилиниши мумкин.

Аммо Тумсо қайта ва қайта сиёсий бошпана олиш учун ариза топшираверишини айтади.

У Чеченистондан келаётган қочқинлар оқимини «золимдан қочиш» деб атайди.

«Кўпчилик бу мавзуни жуда жўн, деб ўйлайди. Яқинларинг, она ерингни шундай ташлаб кетиш осон эмас. Тарихимизда бундан аянчли даврлар бўлган, лекин ҳеч ким ватандан чиқиб кетиш ҳақида ўйламаган,» сўзлайди Тумсо.

Комната чеченского беженца в лагере беженцев в деревне Дебак, недалеко от Варшавы, 16 января 2008 года

Сурат манбаси, WOJTEK RADWANSKI/AFP/Getty Images

Сурат тагсўзи, Қочқин хонаси, Варшава яқинидаги Дебак қишлоғи.

Исломчилар ҳақида стереотиплар

Чеченлар - Германиядан сиёсий бошпана сўраш бўйича тўртинчи ўринда, дейди Берлиндаги русийзабонлар кўп бўлган Мартсан муниципал раёнидан депутат Дмитрий Гейдел.

Депутатга кўра, Германияда чеченларга нисбатан якдил қараш шаклланмаган. Кимдир уларни террорчи, дейди, яна кимдир чечен мафияси ҳақида гапиради.

Сўнгги беш йил ичида 37 мингга яқин чечен Германиядан бошпана олиш учун ариза берган, аммо уларнинг ҳаммаси ҳам чечен миллатига мансуб ё йўқлигини аниқлаш имконсиз.

20 та аризадан фақат биттаси ижобий қондирилади, қолган чеченларни Германия ҳукумати Европа Иттифоқига қайси давлат орқали ўтиб келган бўлса, ўша ерга қайтариб юборади. Бироқ қайтарилганларнинг кўпчилиги яна Германияга келади, маълум қилади депутат Гейдел.

2016-2018 йиллар ўртасида Европа ҳудудида 35 та террор хуружи амалга оширилди. Улардан фақат биттасида чечен миллатига мансуб шахс аралашгани аниқланган.

Берлиндаги Ксенион ижтимоий кўмак маркази ходимаси Доротея Брух ҳозирги келаётган чечен қочқинлари олдингиларидан анча фарқланиши ҳақида гапиради.

"Улар махсус масжидлар, кийимлар талаб қилади. Исломлаштириш кетмоқда. Маҳаллий аҳолининг айнан чеченларга нисбатан норозилиги юқорилиги бўйича ҳисоботлар бор. Афсуски, чеченлар исломистлар тўғрисида мавжуд стереотипларга учрамоқда."

Чеченские беженцы на коммунальной кухне приюта для просителей убежища в деревне Воссберг в Германии. Октябрь 2015

Сурат манбаси, Sean Gallup/Getty Images

Сурат тагсўзи, Чечен қочқинлари, Германия, октябрь, 2015 йил

Аҳмад - куч, Германия - иккинчи ватан

Германияда нафақат Қодировдан қочган чеченлар, балки унинг тарафдорлари ҳам яшайди.

Тимур Дугазаев - Рамзан Қодировнинг Европадаги вакили. У Чеченистонга кўп бориб туради, у ерда Қодиров ва унинг атрофидагилар билан учрашади.

Унинг вакил сифатидаги фаолияти чечен спортчилари номини Европада тарғиб қилиш, шунингдек, Қодиров фонди орқали амалга ошириладиган хайрия ишларини ташкиллашдан иборат. Европада истиқомат қилувчи чеченлар Дугазаевга имкон қадар яқинлашмасликка интиладилар, унинг ўзлари ҳақидаги маълумотларни ҳукуматга бериши мумкинлигидан қўрқадилар. Дугазаевнинг ўзи бундай иддаоларни рад этади.

Тимур Дугазаев 32 ёшда. У 2002 йилгача Чеченистонда яшаган.

«1999 йилдан 2002 йил ўрталарига қадар она қишлоғимни жангарилар ва маст аскарлардан ҳимоя қилганман,» ҳикоя қилади Тимур.

"Уруш ҳаракатлари вақтида ўз жойингни қўриқлаш жуда қийин. Ҳатто, бирор урушаётган томонга алоқанг бўлмаса ҳам. Баъзида федерал ҳукумат мени жангарилар билан алоқа қилишда айбларди, жангарилар эса аксини даъво қиларди. Шу туфайли Россияни тарк этишга қарор қилгандим."

Германияда Тимур профессионал спорт билан шуғуллана бошлаган. 2011 йилда у Германия байроғи остида майдонга тушиб, самбо бўйича Европа чемпиони номини қўлга киритади.Шундан сўнг унга Германия фуқаролигини беришади. Ўша йилнинг ўзида Дугазаев Чеченистон раҳбари билан танишиб қолади.

Тимур ўзини қодировчи ҳисоблайди. У Германиядаги Россия консуллиги ва элчихонаси билан бирга ишлайди. Дугазаев элчихонадаги танишлари орқали қийин вазиятга тушиб қолган юртдошларига ёрдам бериб келишини айтади.

«Кўпинча одамлар менга ижтимоий тармоқлар орқали чиқиб, ёрдам сўрайди. Биз уларнинг муаммоларни ҳал қилиб берамиз. Асосан, янги паспорт тайёрлаб бериш, уйга қайтишга кўмаклашамиз.»

Тимур ва унинг ёрдамчилари тез-тез турли тадбирлар ўтказиб туради, хайрия ишларини ташкиллайди. Буларнинг бари Аҳмад Қодиров номидаги фонд пуллари эвазига амалга оширилади. Тимур қилаётган ишлари учун Чеченистондан ҳеч қандай маош олмаслиги, Гамбургда ўзи очган спорт клубларидан келадиган даромад ҳисобига яшашини таъкидлайди.

Дугазаевга кўра, унинг асосий бурчи - чеченларнинг Европадаги обрўсини мустаҳкамлаш.

Дугазаевнинг ишонишича, Рамзан Қодиров «халқ хизматкори»дир. У Қодировга нисбатан илгари сурилган бирор айблов судда ўз исботини топмаган, дейди.

Гамбургдаги Рамзан Қодировнинг ваколатхонасида унинг ва отасининг суратлари илинган. Вакил Дугазаев Германияни иккинчи ватани ҳисоблайди.

Бу ваколатхонани бутун чечен диаспораси яхши билади. Европадаги қочқинлар мазкур ваколатхонада ўзлари ҳақида маълумот тўпланишидан гумон қиладилар.

Дугазаевнинг ўзи ҳам қочқинлар орасидаги бундай кайфиятдан яхши хабардор. Қодировнинг Европадаги ўнг қўлига айлангандан сўнг у билан бирор қочқин, ҳатто, суратга тушишни ҳам истамай қолган.

"Мен Европада бирор чеченнинг ортидан кузатмайман, Чеченистоннинг бу ердаги кўзи эмасман. Агар мен туфайли кимгадир зарар етганда, бу аллақачон овоза бўлиб кетган бўлар эди."

Али

Германияга келган чеченларни Дугазаев икки синфга таснифлайди: сиёсий - Россияга қарши курашганлар - ва иқтисодий - Германияда ҳаёт яхши эканлигидан хабардорлар. Иқтисодий сабаблар асосида келаётганлар кўпчиликни ташкил қилади, дейди Дугазаев. Бироқ улар яхши ҳаёт излаб келганини айтса, ҳеч ким уларни қабул қилмайди.

«Шу сабабли қочқинлар ватанда сиёсий қатағонга учрагани, яқинлари босим остига олинаётганини баҳона қилади, яъни аксарият чеченлар ўзининг қийин аҳволда қолгани ҳақида уйдирмалар тўқийди,» сўзлайди Дугазаев.

Мечеть в Гамбурге
Сурат тагсўзи, Гамбург, масжид

2016 йилда Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров телевидение орқали Европага кетган ва у ердан туриб, ўзини танқид қилаётган чеченларга мурожаат билан чиққан эди.

Мигрант из Чеченской Республики в центре беженцев в Линине, примерно в 40 км к югу от Варшавы, 26 ноября 2015 года

Сурат манбаси, WOJTEK RADWANSKI/AFP/Getty Images

Сурат тагсўзи, Польша, қочқинлар хонаси, 2015 йил

«Беш, ўн йилдан сўнг сизни Европадан ҳайдашганда ва бош уриб боришга жойингиз қолмаганда сизнинг ҳар битта сўзингиз учун сўроққа тутамиз. Мен Европадаги чеченларга алоқадор ҳар бир сайтни биламан. Ижтимоий тармоқларда ёзилаётган ҳар бир сўздан хабардормиз, уларни қайд этиб борамиз. Ҳозир замонавий дунё. Шундай экан, ўзингизга зиён етказманг,» огоҳлантирган эди у.

Берлин

Дугазаев бу сўзларни таҳдид эмас, балки эслатма, деб атайди. У Қодировдан ҳеч қачон бирор танқидчини топиш бўйича буйруқ олмаганини айтади.

Берлин
Сурат тагсўзи, Берлинда қийнлоқлар қарши акция

Би-би-си билан суҳбатдан сўнг Дугазаев ваколатхонанинг спортзал жойлашган иккинчи қаватига тушади. Бироз вақт зўр бериб шуғуллангандан сўнг Чеченистоннинг бугунги кундаги асосий шиорига айланган жумлаларни камерага қараб, баланд овозда айтади: «Аҳмад - куч!»

У ёнида турган катта ёшли немисни ҳам шунга ундайди. "Аҳмад - куйч," дейди ғалати талаффуз билан немис бош бармоғини юқори кўтариб. У ёнида турган катта ёшли немисни ҳам шунга ундайди. "Аҳмад - куйч," дейди ғалати талаффуз билан немис бош бармоғини юқори кўтариб.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek