Қуёш тизимидан ташқаридаги илк ‘Ойʼ ҳақида нималарни биламиз?

Сурат манбаси, Dan Durda
- Author, Раул Ринкон
- Role, BBC
Астрономлар Қуёш тизимидан ташқаридаги бизга маълум биринчи Ойни кашф қилган бўлишлари мумкинлигини айтмоқдалар.
Бу «Ой» бизнинг Қуёш тизимимиздаги бирор жисмга ўхшамайди: унинг ҳажми Нептунники билан тенг ва Юпитер катталигидаги, аммо ундан 10 баробар оғир бўлган сайёра атрофида айланади.
Мазкур табиий йўлдош НАСАнинг Кеплер космик кемаси жўнатган маълумотлар асосида аниқланган, кейинроқ Ҳабл телескопи орқали кузатилган. Бундан 9 йил олдин фазога чиқарилган Кеплер кемасининг вазифаси бошқа юлдузлар атрофида айланаётган ерсимон сайёраларни аниқлашдан иборатдир.
Астрономлар Девид Киппинг ва Алекс Тичей янги осмон жисми юзасидан кузатув натижаларини Science Advances журналида чоп эттирдилар.
Уларга кўра, эндиликда, олимлар олдида олисдаги бу сайёра тизимини ўрганиш вазифаси турибди.
Олимлар янги юлдуз тизими фаолиятини тушунишда қийинчиликларга юзлашаётганини маълум қилган.
«Биз кема билан боғлиқ аномалиялар, тизимдаги бошқа сайёралар ва юлдуз ҳаракатини истисно қилишга уринишимизга қарамай, ихтиёримизда мавжуд барча маълумотни изоҳлаб берувчи бирор гипотеза топа олмаяпмиз,» дейди доктор Киппинг.
Шу пайтга қадар астрономлар 3,500 зиёд экзосайёрани кашф этишга муваффақ бўлганлар. Экзосайёра - Қуёшдан ўзга юлдузлар атрофида айланувчи дунёлардир.
Олис сайёралар атрофини айланиб юрувчи экзоойларни излаб топиш ишлари ҳам бир вақтнинг ўзида амалга ошириб келинмоқда. Бироқ шу пайтгача олимлар қўл остида мавжуд техника ва технологиялар билан бундай табиий йўлдошларни топиш салоҳиятига эга бўлмай келаётган эдилар.
Тадқиқотчилар Kepler 1625b номи билан маълум сайёранинг ўз юлдузи рўпарасидан ўтишини кузатиб кўрдилар.
Ердан 8,000 ёруғлик йили узоқликда 19 соат этган бу жараён давомида юлдуздан келаётган ёруғликнинг бир қисми маълум вақт тўсилиб қолди.

Сурат манбаси, Dan Durda
Фурсатдан фойдаланиб қолишга уринган Киппинг ва Тичей космик кемадан жўнатилган экзоой мавжудлигига ишора қилувчи икки сигнални излаб кўрдилар.
Шунда ўз сайёраси ортидан эргашиб бораётган жисм кўзга ташланди.
«Бу ҳодисанинг жойлашуви шакли ва мураккаблиги юлдузнинг олдидан ўтаётган Нептун билан тенг ойнинг мавжудлигига ишора қилмоқда,» дейди доктор Киппинг.
Kepler 1625b-i номи берилган эҳтимолий экзоой ўз сайёрасидан уч миллион километр йироқда айланиб юради.
Доктор Киппингга кўра, эҳтимолий ой «эгасини ортидан шошилиб бораётган арқондаги итдек» ҳаракатланади.
Экзоойнинг кашф қилиниш аҳамияти шундаки, шу чоққа қадар олимлар ўз юлдузига жуда яқин айланиб юрадиган Юпитердек улкан сайёралар атрофида табиий йўлдошлар пайдо бўлмайди, деган фикрда эдилар. Мавжуд назариялар юлдуз тизими шаклланиши жараёнида кучли гравитация ҳар қандай табиий йўлдошнинг ҳосил бўлишига имкон қолдирмайди, сайёра ўз атрофидаги ҳар қандай жисмни «ютиб юборади», деган фаразни илгари сурар эди.
Бироқ тадқиқотчилар бу жисмни ҳали экзоой, деб аташга шошилмаслик лозимлигини таъкидламоқдалар.

Сурат манбаси, NASA
«Мавжуд маълумотларни ўрганиб чиқиб, хулоса қилсак, бу жисм учун энг мос изоҳ - бу Ой,» дейди Алекс Тичей.
"Аммо биз ҳали ҳам эҳтиёткорлик билан хулоса чиқаришга чақирамиз. Илк экзоойнинг кашф этилиши мисли кўрилмаган воқеа, лекин у мисли кўрилмаган далиллар ҳам талаб этади."
Шундай бўлса ҳам, далиллар экзосайёра атрофида айланаётган илк табиий йўлдош топилганига қатъий ишора қилмоқда.
Девид Киппинг 10 йилга яқин умрини олис фазодаги кўздан панада жойлашган сайёравий тизимларни топишга сарфлаган.
Олдин ҳам бир қанча экзоойлар топилган, кейинроқ эса, ўрганилган маълумотлар уларнинг табиий йўлдош эмаслигини кўрсатган.
Доктор Киппинг ҳамкасблари Алекс Тичей ва Аллан Шмит билан биргаликда мазкур эҳтимолий Ойни 2017 йил июлидан бери кузатаётганини айтади.
Унинг сўзлашича, у "илк экзоой дейиш учун энг яхши номзод."
Улар аллақачон бу улкан осмон жисмини норасман "Непт-ой" дея атай бошлаганлар.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












