You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Сурия бўҳронини англашга ёрдам берувчи 10 савол
Деярли 400 минг суриялик исёнчилар назорати остидаги Шарқий Ғута анклавида қолмоқда.
Ҳудуддан тинч аҳолини олиб чиқиш учун келишилган оташкесимга қарамай, анклавни бомбалаш тўхтамаяпти.
Сурия сиёсий тадқиқотлар маркази (SCPR)нинг маълумотларига кўра, 2011 йилдан буён мамлакатда давом этаётган инқироз 470 мингдан зиёд инсоннинг ҳаётига зомин бўлган.
Мазкур ташкилот сўнгги бир неча ҳафта ичида Шарқий Ғутада 719 нафар инсон ҳалок бўлганини айтади.
БМТнинг Қочқинлик ишлари бўйича агентлиги шу вақтга қадар Сурияни 5 миллион одам ташлаб чиқишга мажбур бўлгани ҳақида хабар бермоқда.
Қуйидаги 10 саволга берилган жавоблар ҳозирда Сурияда рўй бераётган жараёнларни англашда ёрдам беради.
1. Шарқий Ғутада нима рўй бермоқда?
Жорий йилнинг февраль ойида Сурия ҳукумати ва унга иттифоқчи кучлар исёнчилар назорати остидаги ҳудудларда, жумладан, Шарқий Ғутада ҳарбий ҳаракатларни кучайтирдилар. Шарқий Ғута анклави 2012 йилдан бери президент Ассадга қарши бўлган мухолиф кучлар қўл остида эди.
Ҳудуд бир неча бор бомбалангани сабабли мингдан ортиқ инсон ҳаётдан кўз юмган. БМТнинг ҳисоб-китобларига кўра, Шарқий Ғутадаги турар-жой биноларининг 76 фоизи вайрон этилган, 400 мингли аҳолининг катта қисми ерости бомбапаноҳларда жон сақлашга мажбур қолмоқда.
Ҳукумат қўшинлари қуролли зарбалар пайти кимёвий қуролларни қўллашда айбланмоқда. Февраль ойининг сўнггида бир гўдак ҳалок бўлди ва 13 нафар одамда бош айланиши, нафас олишда қийналиш кузатилди - булар хлор газидан заҳарланганда кўз ташланадиган ҳолатлардир.
Ҳукумат мазкур айбловларни рад этмоқда. Президент Ассад кучлари кимёвий қуролдан фойдаланишда биринчи марта айбланаётгани йўқ. 2013 йил августида ҳукумат қўшинлари Ғутада асабни фалажловчи заррин моддасидан фойдаланишда айбланган ва ўшанда ушбу заҳар юзлаб инсонлар ҳаётига зомин бўлган, деб тахмин қилинган эди.
Башар Ассад эса бу даъволарни рад этиб, айбни исёнчиларга юклаган, лекин, бир вақтнинг ўзида, Сурияда мавжуд кимёвий қуроллар захирасини йўқ қилишга рози бўлган эди. Шунга қарамай, Сурияда кимёвий қурол қўлланилаётгани ҳақида хабарлар бот-бот кўзга ташланмоқда.
Шунингдек, Шарқий Ғутада инсонпарварлик ёрдами билан ҳам оғир муаммолар мавжуд. Ҳудудга инсонпарварлик кўмаги фақатгина 5 март куни борган. Айни вақтда эса гуруч ва нон каби асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи кескин ошиб кетгани ҳақида хабар қилинмоқда.
Болалар ўртасида тўйиб овқатланмаслик ҳам рекорд даражага етган: беш ёшдан кичик болаларнинг деярли 12 фоизи тўйиб овқатланиш имкониятидан маҳрум.
2. Жараёнларга халқаро ҳамжамият қандай муносабат билдирмоқда?
БМТ 24 февралдан Шарқий Ғутада 30 кунлик оташкесим эълон қилган эди ва бу тартиб шу заҳоти бузилди. Халқаро босим остида Ассаднинг асосий иттифоқдоши бўлмиш Россия инсонпарварлик танаффуси жорий қилишга мажбур бўлганди, лекин Ғутани ўққа тутиш ҳамон тўхтамаётир.
Россия ҳудудда кун давомида беш соатдан ўт очишни тўхтатиш режасини ишлаб чиққан эди. Режага кўра, ушбу беш соатли тинчлик тинч аҳолини халқаро инсонпарварлик ташкилотлари ходимлари томонидан ташкил этилган махсус коридор орқали ҳудудни тарк этишига имкон яратиши лозим.
Шарқий Ғута аҳлига юборилган инсонпарварлик кўмаги фақат 5 март куни манзилга етиб келди. 46 юк машинасидан иборат карвон одамларга озиқ-овқат ва дори-дармон маҳсулотлари олиб келган эди. Бироқ давом этаётган ҳарбий ҳаракатлар туфайли машиналардан юкларни охиригача тушира олмаганлар.
3. Инқирозда Россиянинг роли қандай?
Ғутада инсонпарварлик танаффуси жорий қилиш режасини Россия президенти Владимир Путин эълон қилди. Бу эса Суриядаги вазият бўйича Ассад ҳукуматидан олдин расмий Москва қарор қабул қилишидан далолат бермоқда.
Россия Суриядаги фуқаролар урушида асосий роль ўйнайди - айнан Россиянинг ҳаводан ҳужумлари исёнчиларни тийилиб туришга мажбур қилмоқда ва Ассад қўшинларига янги ҳудудларни эгаллашга имкон яратмоқда.
Эълон қилинган инсонпарварлик танаффусига қарамай, Россия «жиҳодчилар»га ҳужум уюштиришда давом этишини маълум қилган.
4. Урушга чек қўйишнинг қандай имкони бор?
Расмий Дамашқ исёнчилар назоратидаги ҳудудларни босиб олишни янада кучайтириши ортидан февраль ойида уруш авж олиб кетди.
Баъзи мутахассисларнинг фикрича, урушнинг илк сабаби бўлган президент Ассад ҳокимиятига нисбатан қаршилик аста-секин заифлашиб бормоқда.
Бундан ташқари Исломий Давлат тўлиқ йўқ қилинмаган бўлсада, парчалаб юборилган.
Ҳукумат ўз назоратини қайта ўрнатишга уринаётган бир пайтда мамлакатда бошқа урушлар ҳам давом этмоқда.
Мисол учун мамлакат шимолий-ғарбида жойлашган Африн ҳудуди январдан буён Туркия қуролли кучлари томонидан бомбаланмоқда. Турклар у ердаги курдларни тийиб туриш ниятида.
Суриянинг Туркия билан чегарасининг бир қисми курдлар томонидан назорат қилинади ва расмий Анқара ўз ҳудудига яқин жойда мустақил курдлар давлати пайдо бўлишидан хавотирда. Туркия аҳолининг 15-20 фоизини эса курдлар ташкил қилади.
Мамлакат жанубий-ғарбида эса Исроил «билвосита уруш»лар билан банд.
5. Сурия Инқирозига қадар вазият қандай эди?
Ассад режимига қарши кескин намойишлар бошлангунга қадар сурияликлар юқори даражали ишсизлик, коррупция ва сиёсий эркинликлар йўқлигидан шикоятда эдилар.
2011 йилнинг март ойида қўшни араб давлатларидаги намойишлардан руҳланган ўқувчилар Дера шаҳридаги мактаб деворида аксил-ҳукумат руҳидаги шиорларни ёзиб қолдирадилар. Улар кейинроқ хавфсизлик кучлари томонидан ҳибсга олинади.
Мазкур ҳолат бутун мамлакат бўйлаб норозилик намойишлари бошланишига туртки бўлди. Ҳукумат намойишларни шафқатсизларча бостиришга ҳаракат қилди, жумладан, намойишчиларга қарши қурол қўлланиш ҳолатлари ҳам кузатилди. Бу фақат намойишчиларнинг ғазабига сабаб бўлди ва янада кўпроқ одам кўчага чиқди.
6. Уруш қандай бошланди?
Намойишчиларнинг шафқатсизларча қатағон қилиниши ортидан мухолифат кучлари 2011 йил июль ойидан қарши ҳужумга ўтдилар.
Президент Ассад қуролли мухолиф кучларни «хориждан кўмак олаётган террорчилар» деб атади ва уларни йўқ қилишга сўз берди. Бироқ бу қаршилик ҳаракатини сўндира олмади: исёнчилар юзлаб гуруҳларга бирлашиб, қишлоқлар ва шаҳарлар устидан назоратни бирин-кетин қўлга ола бошлади.
2012 йилда ҳарбий ҳаракатлар пойтахт Дамашқ ва мамлакатдаги иккинчи йирик шаҳар - Халабга қадар етиб борди.
Бу вақтга келиб инқироз фақат ҳукумат ва мухолифат ўртасидаги кураш эмас, балки халқаро тусдаги можарога айлана бошлади. Суннийлар ҳокимиятни эгаллаб олган алавий озчилигига қарши бош кўтарди.
Бу ҳолат инқирозга бошқа давлатларни ҳам жалб қилди.
2013 йил июнида БМТ инқирозда 90 минг одам ҳалок бўлганини маълум қилди.
7. Ким кимга қарши жанг қилмоқда?
Ҳозирга келиб, қуролли исёнчилар инқироз бошларига нисбатан кескин ўзгарган. Мўътадил ва дунёвий мухолифат Исломий Давлат ва «Ан-Нусра Фронти» каби радикал-жиҳодий гуруҳлар фойдасига таъсир кучини бой берди.
Исломий Давлат мўътадил исёнчилар ва «Ан-Нусра Фронти»га қарши жангга кириб, «уруш ичида уруш» ҳолатини юзага келтирди.
Шимолий Суриядаги курдларга эса АҚШ қуроллар ва ҳаво ҳужумлари билан ёрдам бера бошлади.
Заифлашиб қолган Ассад ҳукуматини дастаклаш мақсадида Россия 2015 йилдан Сурияда ҳарбий ҳаракатлар бошлади. Натижада бу ва Эрон томонидан дастакланадиган «Ҳезболлаҳ» ёрдамида Ассад ҳукумати қайта оёққа тура бошлади.
Россия кўмагида Ассад ҳукумати қўлга киритган энг катта ғалабалардан бири - бу мухолифат кучларининг асосий таянчларидан бўлган Халабнинг 2016 йилда қайта эгалланиши бўлди.
8. Халқаро ҳамжамиятнинг инқироздаги иштироки қандай?
Барак Обама президентлиги даврида АҚШ Ассад режимини уруш жиноятларида айблаб чиққан эди.
Доналд Трамп президентликни эгаллагандан сўнг АҚШнинг инқирозга муносабати ўзгара бошлади. Трамп ҳукумати асосий эътиборни Исломий Давлатни йўқ қилишга қаратди. Бироқ исёнчилар назорати остидаги Хан-Шайхун шаҳрида кимёвий қурол қўлланилиши ва бунда ҳукумат қўли борлиги тахмин қилингандан кейин Трамп Ассад ҳукуматига нисбатан муносабатини кескинлаштирди, ҳаттоки, мухолиф кучларга ёрдам бера бошлади.
Ҳозирда ҳарбий манфаатлар ила Ассадни қўллаб-қувватлаётган Россия инқироздаги энг катта таъсир кучига эга ўйинчи бўлиб қолмоқда. Сурияда Россиянинг ҳарбий денгиз ва ҳаво базалари мавжуд.
Аҳолисининг асосий қисмини шиалар ташкил қиладиган Эрон ҳам Ассад ҳукуматини дастаклайди. Эроннинг Ливандаги иттифоқдоши бўлмиш «Ҳезболлаҳ»га юборадиган ёрдамининг асосий қисми Сурия ҳудудидан ўтади. Ўз навбатида «Ҳезболлаҳ» Ассад ҳукуматини дастаклаш мақсадида Сурияга минглаб жангчиларини юборган.
Шу вақтга қадар расмий Теҳрон Ассад кучларини қўллаш учун миллиардлаб доллар сарф қилгани тахмин қилинади.
Бошқа томондан Эроннинг минтақадаги асосий рақиби ҳисобланмиш Саудия Арабистони исёнчи кучлар, ҳаттоки, радикал гуруҳларни ҳам ёрдам билан таъминлайди.
Туркия, баъзи мухолиф гуруҳларни дастакласада, Ассад режимига қарши бўлган курдларга қарши курашмоқда. Уларни Курдистон Ишчи Партияси иттифоқдошлари ҳисоблаб, ҳужум қилмоқда. Мазкур партиянинг қуролли кучлари ўнлаб йиллардан буён Туркияга қарши курашиб келади.
9. Нега уруш бунчалик чўзилиб кетди?
Асосий сабаб - инқирозга ташқи кучларнинг фаол аралашуви.
Мухолифат ёки ҳукуматнинг ташқи кучлар томонидан ҳарбий, сиёсий ва молиявий томондан дастакланиши инқирознинг чўзилиб кетиши ҳамда авж олишига сабаб бўлмоқда.
Мутахассислар, шунингдек, ташқи аралашув динлараро ихтилофларнинг кучайишига ҳам таъсир қилаётганини таъкидламоқдалар.
Суннийлар ва алавийлар ўртасидаги ихтилоф ҳар икки томоннинг ваҳшийлашига сабаб бўлмоқда. Оқибатда нафақат одамлар ҳаёти хазон бўлиб, балки ижтимоий алоқалар ҳам бузилиб кетмоқда. Бунинг ортидан инқирознинг тинч ечим топишига бўлган умид борган сайин камайиб бормоқда.
10. Урушнинг оқибатлари қандай?
Урушда ҳалок бўлганларнинг аниқ сони маълум эмас, лекин Сурия сиёсий тадқиқотлар маркази 470 минг қурбон, БМТ эса 400 минг нафар инсон ҳаётдан кўз юмганлиги ҳақида гапирмоқда.
БМТга кўра, 5 миллион одам Сурияни ташлаб чиққан, камида 12 миллион одам эса мамлакат ичида қочқинга айланган.
Суриялик қочқинлар, асосан, Ливан, Иордания, Туркия ва бошқа давлатларга йўл олмоқда.
Суриялик қочқинларнинг камида 10 фоизи Европадан паноҳ топишга уринмоқда. Бунинг оқибатида эса Европада миграция масаласи бўйича тортишувлар авж оляпти.
БМТнинг прогнозига кўра, Сурияда 13,5 миллион одам инсонпарварлик кўмагига муҳтож. Уларнинг 6 миллионини болалар ташкил қилади. Ушбу ёрдамни амалга ошириш учун 3,2 миллиард доллар маблағ зарур.
Бундан ташқари 70 фоиз суриялик тоза ичимлик сувидан фойдаланиш имконига эга эмаслиги, ҳар учинчи суриялик эса қашшоқлик чизиғидан пастда яшашга маҳкум эканлиги айтилади. Камида 2 миллион нафар бола мактабга бормайди.
Уришаётган томонлар инсонпарварлик ёрдами йўлига тўсқинлик қилаётгани сабабли бир қанча ҳудудларда вазият абгор ҳолатда қолмоқда.
- BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek