БМТ: Яман дунёнинг энг йирик очарчилик кулфатига дучор бўлмоқда

Яман бандаргоҳи

Сурат манбаси, AFP/Getty

Сурат тагсўзи, Яман бандаргоҳи

Агар ёрдам ҳаракатлари қайта тикланмаса Яман яқин тарихда мисли кўрилмаган очарчилик билан рўпара келади, деб огоҳлантирган БМТ мулозими.

БМТ Бош котибининг инсонпарварлик масалаларида ўринбосари Марк Лоукок Саудия Арабистони бошчилигидаги иттифоқдан Яман қамалини бекор қилишни талаб қилган.

Хўсий жангарилар Риёдга ракета отиши ортидан душанба куни Саудия Арабистони бошчилик қилаётган иттифоқ Яманга ҳаво, ер ва денгиз йўлларини ёпиб қўйганди.

Қанотли ракета Саудия пойтахтига яқин минтақада йўқ қилинганди.

Саудияга кўра, Эроннинг жангариларга қурол еткизиб беришини олдини олиш учун ҳам бу қамал зарурдир.

Эрон эса бу айбловларни рад этади.

Жангарилар 2015 йилдан бери Саудия бошчилигидаги иттифоққа қарши курашишмоқда.

Очлик билан юзма-юз

Сурат манбаси, Screengrab

Сурат тагсўзи, Очлик билан юзма-юз

БМТ мулозими ёпиқ эшиклар ортида Хавфсизлик кенгашига ҳисобот берганидан кейин айни огоҳлантириш билан чиққан.

"Мен Кенгашга агар сўнгги чоралар бекор қилинмаса, Яман очарчилик билан рўпара келади", деб айтдим.

"Бу эса яқин тарихда мисли кўрилмаган очарчилик бўлади, миллионлаб инсонлар озор чекишлари мумкин".

Аввалроқ, ҳам БМТ ва ҳам Қизил Хоч миллионлаб яманликлар халқаро ёрдам эвазига кун кўришаётгани ва агар бу тўхтаса, унда ҳалокатли вазият юзага келиши билан огоҳлантиришганди.

Қизил Хочнинг вабога қарши воситалари етказилиши ҳам тўхтатиб қўйилган.

900 000 яманлик вабодан азият чекаётгани айтилади.

БМТга кўра, 7 миллион яманлик очарчилик хавфи қаршисида қолган.

Мамлакат деярли барча маҳсулотларни ташқаридан олиб келган.

Ҳозир Яманга озиқ-овқат, ёқилғи ва дори-дармон киритилиши тўхтаб қолган.

Ҳозирга қадар, 8,670 яманлик қурбон бўлган.

Уларнинг 60 фоизи тинч аҳоли бўлгани айтилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02