You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Трамп Эрдўғонни ғалабаси билан табриклади
АҚШ Президенти Дональд Трамп Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғонни 16 апрелдаги референдумдаги ғалабаси билан табриклаган.
Америка ва Туркия президентлари телефон орқали суҳбатлашганлар.
Хабар қилинишича, Президент Трамп мулоқот чоғи Президент Эрдўғонга 7 апрелдаги Суриянинг "Шайрат" авиабазасини АҚШ ракеталари билан бомбардимон қилиш қарорини қўллаб-қувватлагани учун ҳам ўз миннатдорлигини изҳор этган.
Туркияни парламент республикасидан президентлик республикасига айлантиришга изн берадиган конституциявий ўзгартиришларни ёқлаб 51,4 фоиз сайловчи овоз бергани эълон қилинди.
Туркия референдумини Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти "нотенг кампания" деб таърифлади.
Халқаро кузатувчиларга кўра, референдумдаги икки томонга ҳам баробар имконият берилмаган.
Қатор расмийларнинг "йўқ" кампанияси тарафдорларини террорчиларга хайрихоҳлар деб таърифлаганлари қабул қилиб бўлмасдир.
Туркияда ҳозир фавқулодда вазият амалда бўлгани боис ҳаётий муҳим эркинликлар чекланган, бу эса "йўқ" кампанияси тарафдорларига талаб қилинганидек ташвиқот-тарғибот ва намойишлар ўтказишга йўл бермаган.
Бу танқидларни рад этган Президент Эрдўғон халқаро кузатувчиларга "ўз жойингизни билинг" дея маслаҳат берди.
Мухолифат референдумдаги овоз бериш пайти қонун бузилишлари юз берганидан шикоят қилди.
Мамлакат аҳолисининг чорак қисми яшайдиган Туркиянинг уч йирик шаҳри - пойтахт Анқара, Истанбул ва Измир яшовчилари конституцияга ўзгартиришлар киритилишига қарши овоз берганлари маълум бўлди.
Референдумдан бир кун ўтиб Туркиядаги фавқулодда вазият муддати яна узайтирилган.
Ўтган йили 16 июлида юз берган ҳарбий давлат тўнтаришига уриниш ортидан мамлакатда фавқулодда вазият эълон қилинган ва бир неча марта узайтирилган эди.
Сўнгги тартиб муддати яна икки кундан кейин тугаши лозим эди.
Мамлакат раҳбарияти фавқулодда вазият муддатини яна уч ойга чўзишга қарор қилган.
Туркия хавфсизлик кенгаши қарорида айтилишича, фавқулодда вазият тартибининг узайтирилиши "ҳуқуқий давлат тамойилларини муҳофаза қилиш"га рухсат беради.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
Instagram - BBC UZBEK
Twitter - BBC UZBEK
Odnoklassniki - BBC UZBEK
Facebook - BBC UZBEK
Google+BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - uzbekbbclondon
bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг