Америкадаги маҳкама ишига илк бор Каримова номи олиб чиқилди

Сурат манбаси, Getty

АҚШдаги бизнес янгиликларига ихтисослашган Блумберг ахборот агентлиги хабар тарқатишича, Адлия департаменти Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова ва бошқаларга йўллаган расмий сўровларига жавоб олмаганидан кейин Каримова хонимни маҳкамага тортишни талаб қилган.

Блумберг агентлиги АҚШ Адлия департаменти Манхеттен федерал маҳкамасига мактуб билан 21 апрел, пайшанба куни мурожаат қилгани ҳақида хабар тарқатмоқда.

"Ўзбекистон президентининг Ҳарвардда таҳсил олган қизи ва унинг бир неча яқин шериклари АҚШ ҳукуматининг Швейцария банк ҳисобларида сақланаётган халқаро пул ювиш фитнасига алоқадор 550 миллион долларни топшириш талабини рад этган. Энди АҚШ Адлия департаменти Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова ва бошқаларни тўлов учун масъулиятли қилишни хоҳлайди. Прокурорлар Манхеттен федерал маҳкамаси ҳакамига сўров мактубини пайшанба куни топширган, унда Каримова ва гуруҳи уч банк ҳисобини мусодара қилиш борасидаги шикоятга жавоб бермаганини айтганлар. Февралда қўзғатилганда ишда Каримова номи тилга олинмаган, фақат "юқори мансабли Ўзбек давлат расмийсига яқин ҳукумат расмийси А" деб ёзилган. Янги талабномада унинг номи ва бошқалар номи, жумладан, яқин иттифоқчиси ва собиқ хуштори тилга олинган", дейилади Блумберг хабарида.

Шу йил февралида АҚШ маҳкамаси Ўзбекистон ҳукуматига музлатилган пулларнинг тақдирини бевосита АҚШ билан муҳокама этиш учун йўл очиб бергани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

АҚШ талаби билан коррупция терговлари юзасидан 300 миллион доллардан ортиқ маблағ турли банкларда ҳибс қилинган.

Ўтган йили июн ойида АҚШ Адлия департаменти ҳибс этилган маблағларни ўз тасарруфига ўтказиш учун қонуний чора кўришни бошлаганди. АҚШ мулозимлари музлатилган маблағнинг коррупция тўловларини ювиш билан боғлиқ халқаро даражада уюштирилган фитнанинг бир қисми бўлганини даъво қиладилар.

Америка томонининг таъкидлашича, Ўзбекистон мобил алоқа бозорига кириш учун икки халқаро ширкат – “МТС” билан “Вимпелком” йирик поралар беришга мажбур бўлган.

Ўзбекистон ўзини коррупцион можарода жабрланган томон бўлганини таъкидлаган, ва бунга жавобгар бўлган бир неча Ўзбекистон фуқаросини жазолаганини айтган.

Ўзбекистон Адлия вазири Америка томонига мактуб йўллаган, бу мактубда жазога тортилган шахснинг содир этган жинояти учун иккинчи марта маҳкамага тортилиб жазоланмаслиги лозимлиги урғуланган.

2 феврал куни Нью-Йорк Жанубий Дистрикт маҳкамасининг қабул қилган қарорига биноан, ҳакам ушбу иш юзасидан АҚШ ва Ўзбекистон расмийларига ўзаро музокара олиб бориш ва мумкин ечимга келишиш учун дастлабки уч ойлик муддатни белгилаган.

Мазкур ҳужжатда баҳснинг “маҳкамадан ташқари қарор топиш эҳтимоли” мавжудлиги алоҳида айтиб ўтилган.

Бу дегани уч ой давомида Америка ва Ўзбекистон расмийлари пулларнинг тақдири юзасидан музокара олиб бориб, маълум бир ечимга келишлари мумкин. Агарда ечим топилмас экан, ҳакам томонидан бу муддат узайтирилиши ҳам мумкин.

Ўтган йилнинг 29 июнида АҚШ Адлия департаменти АҚШнинг порахўрликка қарши қонунлари асосида тергов ҳужжатларида тилга олинган мол-мулкни музлатишни сўраган.

Америка Адлия томони New York Mellon банкининг Бельгия, Ирландия ва Люксембургдаги филиаллари ҳисобларида сақланаётган пулларни қайтариб олишга ҳаракат қилмоқда.

Америка биржаларида ҳиссалари савдога қўйилгани боис “МТС” ва “Вимпелком” мобил ширкатларининг фаолияти АҚШ ҳудудида ҳам тергов остига тушган.

Сўнг АҚШ Адлия департаментининг адвокатлари мусодара этилиши мумкин бўлган мол-мулкнинг эгаларига мактуб йўллаб, уларга ўз режалари борасида маълумот берганлар.

Мактуб юборилган шахслар орасида Президент Каримовнинг қизи Гулнора Каримова ҳамда унинг икки шериги - Гаянэ Авакян ва Рустам Мадумаров ҳам бўлганлар.

Авакян билан Мадумаров 2014 йили Ўзбекистонда маҳкамага тортилиб, узоқ муддат қамоққа ҳукм этилганлари хабар қилинган. Гулнора Каримова уй қамоғида деб ишонилади.

Ўтмишда Каримова хоним ўзига нисбатан илгари сурилган айбловларни рад этган.

Мактублар коррупцияга аралашган деб гумон қилинган уч ширкатга ҳам юборилган, жумладан, Гибралтардаги Takilant Ltd ва Swisdorn Ltd ҳамда Ҳонг Конгда жойлашган Expoline Ltd ширкатларига ҳам.

Ўтган йилнинг ноябрида АҚШ ҳукумати вакиллари ўзлари юборган мактубларга жавоб олмаганларини маълум қилишади ва шу боис АҚШ манфаатига қарор қабул қилишни Нью-Йоркдаги маҳкамадан сўрашади.

Шундан бироз вақт ўтиб Ўзбекистон ҳукуматидан маҳкамага хат келиб тушади.

Ўзбекистон Адлия вазири тўғридан-тўғри Нью-Йорк маҳкамаси ҳакамига мактуб ёзади, АҚШдаги адвокатлик ширкатини ёллайди, пуллар Ўзбекистонга қайтарилиши керак, деган талабни илгари суради.

Аввалига, ўзбек томони ўз мақсадига эришади: Нью-Йорк суди маблағларни мусодара этиш бўйича ишдан Ўзбекистонни жавобгар сифатида чиқариб юборади.

Бироқ тергов ҳужжатларида номлари зикр этилган бир неча ўзбек фуқаросининг номлари қолдирилади.

Ўзбекистон Адлия вазири Музраф Икромов 2016 йили 26 январ куни маҳкамага бошқа хат юборади. Унда у ўзини пулларни олиш учун ҳукумат томонидан ваколат берилган шахс деб тақдим қилади.

Пуллар унга қайтариб бериладими-йўқми - бу суд томонидан белгиланган уч ой мобайнида ҳал этилиши мумкин.

АҚШ маҳкамаси Америка ва ўзбек расмийларига бевосита музокара олиб бориш учун муҳлат берган ва бу муддат, айтилгандек, ҳакам томонидан узайтирилиши мумкин.

Ўзбекистон адлия вазири ўзининг биринчи хатида америкалик ҳамкасбларидан бу ҳақдаги маълумотларни сир сақлашни сўраган.

Яъни, вазирнинг ушбу илтимоси ўзбек томони келишувга жараённи хаспўшлаш эвазига эришмоқчи деган тахминларга етаклаган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг